Коса тагида нимкоса… (Қўлбола ҳикматлар)

Ҳикматлар қадимдан мавжуд ва улар турличадир.Замона зайли билан ҳикматларнинг янгича тури, айтиш мумкинки сатирик адабиётнинг янги жанри пайдо бўлди. Гоҳо ним табассум, гоҳо аччиқ заҳархандага йўғрилган, қисқа, таъсирчан, мўлжалга бехато урадиган бундай қўлбола ҳикматларнинг доимий ижодкорлари ва мухлислари майдонга чиқди. Бундай битиклар шунчаки сўз ўйини ёки оддий ҳазил-мутойиба эмас, албатта. В.Маяковский, Э.Кроткий, М.Светлов каби машҳур кишиларнинг ҳозиржавоблик билан айтган ўткир ҳазиллари оғиздан-оғизга кўчиб юриши бежиз эмас.

Қуйида эътиборингизга ҳавола этилаётган қўлбола ҳикматлар Дон-Аминадо, Илья Ильф, Эмиль Кроткий, Цаль Меламед қаламига мансуб бўлиб, «Афористика ва карикатура» китобидан (Москва-2006) олинди.

Журналхон бу «нимкоса» гапларни шошилмай ўқиб чиқиб, олам-олам завқ-шавқ олиши шубҳасиз.

 

ДОН АМИНАДО

 

— Отишма – фикрни масофадан узатиш.

— Сочлар худди дўстларга ўхшайди: оқаради ва сийраклашади.

— Инсониятни истаганингча севавер, аммо жавоб севгисини кутма.

— Агар дунёдан ўтганимиздан кейин биз ҳақимизда нима деб гапиришларини билсак эди, аллақачон яшамаган бўлардик.

— Афсонавий ҳаёт учун ҳам ўлимдан бошқа якунни ўйлаб топиб бўлмайди.

— Сенга умрбоқийлик ҳақида гапиришаётганда соатингга қарайверма.

— Янгича ҳаётни душанбадан бошлаган маъқул.

— Ақлли одам алоҳида ажралиб туриш учун атрофига аҳмоқларни тўплайди.

— Барвақт қариб қолиш кечиккан ёшликчалик хавфли эмас.

— Оилавий ҳаётни ҳеч нарса шахсий котибачалик барбод қила олмайди.

— Ўзингдан кетганингда қайтиб келишни унутма.

— Чинакам дўстлик изҳори дил учун эмас, тинглаш учундир.

— Иқтибослар фақат бегона фикрни ифодалаб қолмай, ўзингнинг яланғоч фикрингни ҳам хаспўшлайди.

— Ғийбат – меҳмондўстлик учун тўлов.

— Охиригача айтилмаган фикргина эслаб қолишга арзийди.

— Ўликдан нусха кўчириш тирикнинг ниқобини олишдан кўра осон.

— Уйқусизликдан азоб чекмаган одам ўзининг таржимаи ҳолини билмайди.

— Севги қоидаси: муқаддима қанча узун бўлса, ишқий саргузашт шунча қисқа бўлади.

— Доҳийлар халқдан чиқади, аммо унга қайтмайди.

— Эркаклар шунчаки, аёллар эса кўзда ёш билан ёлғон сўзлайдилар.

— Илтифотли, ҳамиша ёрдамга шай одамларнинг битта камчилиги бор: уларни уйидан топиб бўлмайди.

— Биттаси хуррак отганда иккинчиси эшитмайдиган никоҳ бахтли никоҳдир.

— Ҳар бир одам ҳақида роман ёзиш мумкин, лекин ҳамма одам ҳам таъзияномага арзийвермайди.

— Ёзувчилар машҳурлар, машҳур бўлмаганлар ва бедарак йўқолганлар тоифасига бўлинади.

— Икки хил йўл орқали – ақллилар ёки аҳмоқлар билан ҳамтовоқ бўлиб ҳаётингни дўзахга айлантиришинг мумкин.

— Севгида учта тиниш белгиси бўлади: ундов, кўп нуқта ва нуқта.

— Севги абадий бўлиши учун совуққонлик икки томондан бўлиши лозим.

— Энг катта фил ватанини жимгина соғинади, энг кичик шоир эса ҳаммаёққа аюҳаннос солади.

— Содда болаларни лайлаклар олиб келади, ҳамма нарсани билишга қизиқадиган болалар ўзлари туғиладилар.

— Бўш қорин билан тўлақонли ҳаёт кечириш қийин.

— Жимгина гуноҳ қилиш мумкин бўлганда бақириб тавба қилишнинг нима ҳожати бор?

— Хотин иқлимни яратади, эр эса об-ҳавони белгилайди.

— Ўта ақлли бўлиб кўриниш учун узоқ хўмрайиб туриш керак.

— Яшаш учун ҳеч қандай натижа бермайдиган кураш ғоявий курашдир.

— Ҳайкал учун қаҳрамон, уни алмаштириш учун эса оломон керак.

— Ёрдам қўлини чўзаётганда уни муштга айлантирманг.

— Эшикни тарақлатиб ёпишдан олдин унинг тарақлашига ишонч ҳосил қил.

— Ўз сўзининг хўжайини бўлишдан кўра ғоянинг қули бўлиш осонроқ.

— Ўтмишдошларни деворга, замондошларни эса дуч келган жойга осадилар.

— Давлатманд ёзувчилар чойчақа, камбағалроқлари эса интервью берадилар.

— Ўтмиш афсонага айланганда замона бемаъниликка юз тутади.

— Сўз билан хафа қилиш, луғат билан эса майиб қилиш мумкин.

— Ҳар бир ароқхўр болалигида сутхўр бўлган.

— Ишонч мустаҳкам бўлиши учун алдов узоқ давом этиши лозим.

— Агар Диоген ўз вақтида уйланганда эди, бочкагача етолмасди.

 

ИЛЬЯ ИЛЬФ

 

— Почтачига ўчакишиб ўзига беҳисоб хатлар ёзди.

— Ёлғончилар мусобақасида тўғри гапни айтган одам биринчи ўринни олди.

— Ботир бўлиш буюрилди.

— У подшо ҳузурига ташриф буюрмоқчи бўлди. Бундан хабар топган подшо тахтидан воз кечди.

— Ҳозирча биронта йўловчи автомашинани босиб кетгани йўқ, аммо шунга қарамай негадир машина эгалари норози.

 

ЭМИЛ КРОТКИЙ

 

— Ҳар хил усулда сузадилар, бир хил усулда чўкадилар.

— Донишмандлар ва тиш дўхтирлари илдизга қарайдилар.

— Уни истеъдоддан маҳрум қилиб бўлмасди : чунки истеъдоднинг ўзи йўқ эди.

— Ҳатто ёмон кишилар тўғрисида ҳам яхши китоблар ёзиш керак.

— Эҳтиёткор муҳаррир ҳатто кўпайтириш жадвалини ҳам баҳс рукнида чоп этади.

— Трамвай ҳайдовчиси янги йўл қидирса, вагонлар издан чиқиб кетади.

— Ҳайкалтарош мармардаги ўз хатосини мангуликка муҳрлаб қўйди.

— Ҳеч бир масалада масъулиятни зиммасига олмасди. Ҳатто ер айланади деса ҳам, «Коперникнинг фикрича» деб қўшиб қўярди.

— Адабиётга худди имло хатосидек кириб олди.

— Соат занжирбанд бўлса-да, вақт югурик.

— У кек сақламасди : бошқаларга қилган ғаламислигини унутворарди.

— Қўшнисидан ташқари бутун инсониятни севарди.

— Яхши ёзувчи ўзини тушунмасликларидан қўрқади, ёмони эса тушуниб қолишларидан ҳадиксирайди.

— Электр лампочкасининг ҳаёти ҳамиша қил устида.

— Нуқтаи назарини ҳадеб ўзгартираверганидан у кўпнуқтага айланиб кетганди.

— Егулик қўзиқорин панада, заҳарлиси эса очиқ кўриниб туради.

— Унутилган фикр ҳамиша аҳамиятли туюлади.

— Тушини яхшироқ кўриш учун кўзойнак тақиб ухларди.

— Дарз кетган ойнадан қараётган одамга дунё парчалангандек туюлади.

— Микроскоп катталаштириб кўрсатганда микроблар хавфли бўлиб қолмайди.

— Юлдузлар кўкларга кўтаришга муҳтож эмас.

— Яхши ҳикоя қисқа бўлгани, ёмони – янада қисқа бўлгани маъқул.

— Юрак қони билан ёзиш керак. Бегонанинг эмас, ўз юрагинг қони билан.

— Одам аҳмоқлик ҳолатида худди куядори сепилган пўстиндай сақланади.

— Никоҳ – икки хил асаб тизимининг тинч-тотув яшашидир.

— Пьесада ва залда бўш жойлар кўп эди.

— Акс-садо ҳам жавоб беради, аммо ўзи учун эмас.

— Шахматдаги от ҳам қоқилиши мумкин.

— Тузланган балиқ сувни соғинмайди.

— Бунақа башарага фақат шапалоқ ярашади.

— Ҳеч нарса ўқимасди. У китобхон эмас, ёзувчи эди.

— Санчо Пансо билан бирга адабиётга унинг эшаги ҳам кирган.

— Балет – карлар учун опера.

— Ҳаёт – мактаб, аммо уни тугатишга ошиқмаслик керак.

— Эри шу қадар рашкчи эдики, ҳатто бегона эркакларнинг тушига киришига ҳам изн бермасди.

— Сувга кўпчилик сакрайди. Камдан-кам одамгина ундан қуруқ чиқади.

— Ҳаётида «Чин сўзим!» дея кўп марта ваъда бергани учун охири чин сўзнинг ўзи қолмаганди.

— Конфликтсизлик назариясини астойдил ҳимоя қиларкан, ҳамма дўстлари билан жанжаллашиб қолди.

— Шишадан ташқари ҳеч кимнинг бўғзидан олмасди.

— Жиддий кўринишдан қўрқиб ҳазил қиларди. Йиғлавормаслик учун куларди.

— Ўз хотинига хушомад қилиш унинг учун худди қовурилган қушни овлашдай бемаъни туюларди.

— Тоғларни ундан юксак бўлгани учун ёқтирмасди.

— Унинг калласи қабул соатларидан ташқари келган фикрларни қабул қилмасди.

— Калланг билан тўпни қайтараётиб буни ақлий меҳнат деб ҳисоблама.

— Севгида ва кинода у фақат қисқа метражлисини тан оларди.

— Ҳамма уни чўчқа дерди, аммо иштаҳа билан ейишарди.

— Бир умр ўзини ковлаштирди, аммо бу қазишмалар ҳеч қандай натижа бермади.

— Тарихчилар ва сатириклар учун ҳамма нарса ўтмишда бўлади.

— Агар одамлар айтадиган гапи бўлгандагина сўзласалар эди, бу дунёни ваҳимали сукунат чулғаган бўларди.

— Ер ҳақиқатан ҳам айланади, аммо шахсий ҳаётда буни ҳисобга олмаса ҳам бўлаверади.

— Ҳақ бўлишнинг ўзи кифоя эмас. Ўз вақтида ҳақ бўлиш керак.

— Хоним музқаймоқ каби совуқ эди, музқаймоқ каби осон эрирди.

— Хоним трамвайда жой бўшатишганда хафа бўларди.

— Булбулни масал билан боқмайдилар, китобхонни эса бўкиб қолгунча тўйдирадилар.

— Мен юз граммдан ортиқ ичмайман, аммо юз грамм ичгач, мен бошқа одамга айланаман, ана ўша одам кўп ичади.

— Ҳаётдан орқада қолмаслик учун ҳамма дафн маросимларида қатнашарди.

— Сичқонқопқон эмас, эркакқопқон.

— Шуҳрат ўлимга ўхшайди: одамни яқинларидан жудо қилади.

— Уйқудори ичишни унутиб ухлаб қолди.

 

ЦАЛЬ МЕЛАМЕД

 

— Ҳаётдан ҳамма нарсани олгач, уни қашшоқликда айблама.

— Гулханда ёқилганлар Прометейни алқашмагандир.

— Услуб бировники, аммо имлоси ўзига хос.

— Денгиз тиззасидан келар, балчиқ эса бўйи баробар эди.

— Бир умр ўзини шуҳратнинг синовига тайёрлаб борди, аммо имтиҳон бўлмади.

— Яхши шоирани мақтаб қўйишади, жуда яхшиларини чоп этишади.

— Вақт ажинлардан ташқари ҳамма нарсани силлиқлайди.

— Ҳақиқатни шу қадар қадрлардики, ундан ҳеч қачон фойдаланмасди.

— Шу қадар тушунарсиз ёзардики, уни даҳо дейишларига сал қолди.

— Ҳаётда янгичасига яшаш фақат мемуарларда насиб этади.

— Баҳсларда фақат ҳақиқат эмас, ғурралар ҳам пайдо бўлади.

— Ялқов одамга илҳом париси ҳам ортиқча юк.

— Қалб бойлигидан солиқ олинмайди.

— Руҳий озуқанинг фақат битта камчилиги бор, у газак бўлолмайди.

— Олийжаноблик ва юморни сарф қилмасдан туриб сақлаб бўлмайди.

— Тараққиёт аломати: илгари таҳқирланиш қон билан, эндиликда эса сиёҳ билан ювилади.

— Ҳеч нарса рақибнинг ожизлигичалик куч-қудрат ато этмайди.

— Катталар эртакни ҳақиқатга, болалар эса аксинча – ҳақиқатни эртакка айлантирадилар.

— Хотиндан маошдан ташқари ҳамма нарсани яшириш мумкин.

— Сенга тақлид қилувчига танбеҳ бераётиб холислик қил: унинг диди чакки эмаслигини писанда қилиб қўй.

— Роман қаҳрамони асар муаллифидан кўра ақллироқ бўлолмайди.

— Душманларини қучоғида, дўстона бўғиб ўлдирарди.

— Агар юбилейлар ўйлаб топилмаганда эди ажойиб одамларнинг сони анчага қисқариб кетган бўларди.

— Айрим шеърлар тушга ўхшайди : уларнинг таъбирини топишга тўғри келади.

— Уддалаш ўта мушкул вазифа : ўз қиёфангни бўлажак таъзияномага мослаш.

— Фақат таржимадагина ўзига хос жаранглайдиган шеърлар бўлади.

— Оилавий ҳаёт гоҳо одамни шу қадар тоблайдики, оқибатда у нариги дунёдаги ҳаётдан қўрқмай қўяди.

— Классиклар буйруқ билан тайинланмайди.

— Бошқаларнинг юрагини забт этиш босқинчилик ҳисобланмайди.

— Ниқобсиз таниб бўлмайдиган одамлар ҳам бўлади.

— Вақт шу қадар қадрсизки, ҳатто уни ўғирлаш жазоланмайди.

— Сўзбоши шу қадар батафсил эдики, романнинг ўзини чоп этмасликка қарор қилинди.

— Романнинг мақсади маълум, фақат унинг мазмуни мавҳум эди.

— Троя отининг қорни бўм-бўш бўлганда эди, тарихда айтарли рол ўйнамасди.

— Илҳом манбаи ҳамиша шуҳратга чанқоғликни қондиролмайди.

— Соғлом ақл устидан қозонилган ғалабани овоза қилмайдилар.

— Ёрдамингни унга муҳтож бўлмаганларга таклиф қилиш мароқлироқ.

— Ҳақиқат уятдан ўгирилиб олса, унинг кўзига қандай қарайсан?

— Ҳайратланарлиси – яхши одам ҳар бир одамдан яхшилик, ёмон одам эса қабоҳат қидирганида эмас. Ҳайратланарлиси – ҳар иккиси қидирганини топганида.

— Шунақа орзулар ҳам бўладики, уларнинг рўёбга чиқмаганини олқишлаш мумкин.

— Ўзингдаги ҳайвонни отиш учун лицензия шарт эмас.

— Ҳисоб-китоб қанчалик совуқ бўлса, изҳори дил шунчалик иссиқ бўлади.

— Бўридан қўрққанлар мультфильм кўришмайди.

— Эгизаклар ҳаётда қувонч бахш этади, аммо санъатда эмас.

— Ҳамманинг ички дунёси бор, аммо айримларнинг дунёсида яшаб бўлмайди.

— Узоқни кўра оладиган киши кучли одамни ҳали заифлик пайтида мақтаб қўяди.

— Ўз шажаранг билан фахрланаркансан, авлодингни ҳам шундай имкониятдан маҳрум қилма.

— Узоқ мўлжалга олган одам камдан- кам мўлжалга уради.

— Виждон билан тузилган битим нотариусда тасдиқланмайди.

— Айрим романлар бор-йўғи эпиграфга илова, холос.

— Қанақасига қўйлар ҳам бутун, бўриям тўқ бўларкан?.. Демак, чўпонни еб қўйишган.

— Сир – ҳаммага маълум бўлган, аммо шивирлаб айтиладиган нарса.

— Думнинг йўқлиги айримларни думини ликиллатишдан маҳрум қилолмайди.

— Атрофдагиларга юқоридан қарагани учун фақат жирафани кечирса бўлади.

— Қўрқоқлар олға кетишдими?.. Демак, душман орқадан ҳужум қилган.

— Одамни елкасига қоқиш билан ҳам эгиб қўйиш мумкин.

— Яхшиликнинг ёвузлик билан олишувида ҳамиша ҳам вазн тоифасига амал қилинавермайди.

— Дўст қидир, ҳамшишалар ўзи топилади.

— Кўкрагига муштлаётган одам нокаут бўлмайди.

— Столга муштлашини Морзе алифбосини ўрганаётгани билан изоҳларди.

— Фикрларини васият қиларкан, авлодини қашшоқликка маҳкум этди.

— Шон-шуҳратда чўмилиш ҳаммомнинг ўрнини босолмайди.

— Одамни характер эмас, характеристика безайди.

— Ҳаёт, шубҳасиз, ажойиб муаллим, аммо унинг сабоқлари учун жуда қиммат туради.

— Гигиенага риоя қилгани учунгина ёрдам қўлини чўзмасди.

— Шифобахш балчиқ касалликдан, ҳаётдагиси эса хом хаёллардан халос этади.

— У тўнкаликка тўнка, аммо илдизи бақувват эди.

— Олим билан тентак орасидаги фарқ жуда оддий: биринчиси кўп нарсани билмайди, иккинчиси ҳамма нарсани билади.

 

Русчадан Шодмон Отабек таржимаси

“Жаҳон адабиёти” журнали, 2008 йил, 5-сон