Жаҳон адиблари адабиёт ҳақида

Яхши танқидчи нафақат ўқиган асарларини таҳлил қилади, балки у ўз қалбининг кечинмалари — саргузаштларини ҳам баён қилади.

Анатол Франс

* * *

Фақат ўзинг яхши ўрганган, яхши биладиган нарсалар ҳақида ёзиш, ёзганда ҳам самимий ва рост ёзиш керак; тасвирланган ҳолат инсон қалбини ўртаб юборсин, воқеликни баҳолашга ёрдам берсин, ўқувчи бошидан кечирган воқеликнинг бир қисмига айланиб қолсин.

Эрнест Хемингуэй

* * *

Дорилфунунлардаги, корхоналардаги, биржалардаги ва кўнгилхушлик қиладиган жойлардаги “реал” ҳаёт ҳар қанча ҳаяжонли бўлмасин, биз ҳар куни икки соат вақтимизни ўтган замонларнинг фалсафасини ва адабий асарларини мутолаа қилиш билан ўтказмасак, ҳақиқий ҳаётга яқинроқ бўла олмаймиз.

Ҳерман Ҳессе

* * *

Романнинг келажаги ёзувчилик услубидаги муайян бир урф­га эргашишга боғлиқ эмас; бирор-бир иқтисодий шароитга ҳам боғлиқ эмас. Романнинг келажаги фақат иккита хусусиятга боғлиқ. Бу хусусиятлар Улуғворлик ва Жозибадорликдир.

Жон Голсуорси

* * *

Ҳар бир авлод ўзини дунёни қайта қуришга масъул, деб ҳисоблайди. Мен мансуб бўлган авлод эса бундай қилолмаслигини билади. Бироқ унинг вазифаси, эҳтимол, ундан-да каттароқдир. Бу вазифа ер курраси йўқ бўлиб кетишига халал беришдан иборат.

Альбер КАМЮ

* * *

Санъат фақатгина ҳаётни қаламга олиш эмас, шунингдек, борлиқнинг бирлигини айтиш ҳам… Ўз даврининг эътиборга лойиқ ёзувчиси номаълум, бетакрор, ягона тирик ҳаёт ҳақиқатини тасвирга олишга қодир кашфиётчидир.

Борис Пастернак

* * *

Поэзия нафақат дунёни билиш, балки у ҳаётнинг ўзи ҳамдир, бутун борлиғи билан ҳаётнинг ўзи. Шоирлик қабилачилик замонида ертўлаларда яшаган одамнинг қалбида ҳам бор эди, у атом асри одамининг руҳида ҳам яшайди… Борки мавжудотга садоқати билан шоир бизга бизнинг дунёмизнинг боқийлиги ва бирлигини ҳис этишимизга ёрдам беради… Ва агар шоир ўз даврининг хасталанган виждонини гавдалантира олса, унга бошқа талаб йўқ.

Сен-Жон Перс

* * *

Адабиёт муаллифга инсоний онгни сақлаб қолиш имконини беради, адабиёт бизнинг ўзимиз билан ўзимиз гаплашадиган нарсалардан бошланади. Бу ўринда ўзаро алоқа иккиламчи вазифа. Адабиётни бизнинг ички ҳис-туйғуларимизнинг амалга ошишига бўлган эҳтиёжимиз пайдо қилади. Китоб, жамиятга таъсир этадими, йўқми — бу бошқа масала, бу саволнинг жавоби унинг муаллифига мутлақо боғлиқ эмас.

Гао Синцзян

* * *

Мен шунга ишонаманки, инсон нафақат бардош беради — у енгади. Унинг ўлмаслиги тирик мавжудотлар орасида ақл-идрокка эгалигида эмас, балки қалби, руҳи, изтироб чекишга қобиллиги, ўзини қурбон қила олиши ва сабр-тоқатли эканида. Шоирнинг, ёзувчининг бурчи шу ҳақда ёзиши зарурлигидадир… Шоир шунчаки инсон ҳаётининг солномасини ёзмаслиги керак; унинг асари инсонни қўллаб-қувватлайдиган, унинг бардошига куч берадиган ва енгишига кўмаклашадиган таянч, устун бўлиши лозим.

Уилям Фолкнер

* * *

Адабиёт туфайли, адабиёт уйғотган тафаккур, интилиш ва истаклар туфайли, хаёлот салтанатига сафар чоғи кўнгилда бош кўтарган кечинмалар туфайли бугунги цивилизация одамийлашди, нажот топди. Адабиёт аҳли ўйлаб топган бадиий тўқима қумга сингиган сувдек изсиз кетмади, билъакс тошга айланган юракларни мумдек эритди. Яхши китоблар бўлмаганида эди, инсониятнинг бугунги ҳолига маймунлар йиғлаган бўларди, мустақил фикрдан маҳрум лаббайчилар урчиб кетарди, кўнгил бирлиги йўқоларди, мутелик кайфияти кенг тарқалиб, ўз-ўзини англаш туйғуси — тараққиётнинг етакчи омили — йўқоларди.

Марио Варгас Лоса

* * *

Тарихимизнинг ақлдан озган йигирма-ўттиз йилида ҳамма тенгдошларим қатори давр талвасаси олдида буткул эсанкираб ва ожиз ҳолда қоларканман, бу кунларда ёзувчи бўлиш шараф деган элас-элас ҳиссиётдан ўзимга таянч топдим, шунга кўра бу таянч менга мажбурият юклади. Хусусан, менга бизнинг умумий тарихимиз зарбаларини ўзига қаратганлар тақсимлаб олган бахтсизлик ва умидлар юкини кучим ва имконим қадар зиммамга олиш мажбуриятини юклади.

Албер Камю

* * *

Хабар ёзишни биладиган ижодкор роман ёзишни ҳам уддалайди.

Эрнест Хемингуэй

* * *

Ҳозирги пайтда трагедияни бахтсизлик, деб тушунишади. Қадимда юнонлар бошқача тушунишган. Трагедия кишига кўтаринки руҳ бағишлашини ҳис этишган. Бу турдаги асарлар таъсирида улар кундалик одатдаги тирикчликнинг майда ташвишларидан юқори туришган. Трагедия кишиларни эзгуликка йўллайди, деб ҳисоблашган. Зотан, чинакам санъат асари, қайси тур ва жанрда яратилганига қарамай, барча замонларда одамларга хушбахтлик бағишлайди.

Юджин О’нил

* * *

Тўғри, ёзувчи оддийгина сўзларни ишлатади, лекин уларнинг ўзига яраша қанча қонунлари, қоидалари бор! Сўзларда у яратаётган дунёларнинг юрак уруши эшитилади. Улар ёғоч каби, метал каби товуш чиқаради, жаранглайди. Улар товушларга тақлид қилади. Бизнинг ишимизда энг аввал мана шуни — товушга тақлидни ҳисобга олиш лозим.

Мигел Анхел Астуриас

* * *

Тез-тез сўз санъатидаги дурдона асарнинг табиати борасида баҳс-мунозаралар бўлиб туради. Агар адашмасам, Пол Валери чинакам дурдона асарни қуйидаги хусусиятидан шак-шубҳасиз билиб олиш мумкин деган, яъни бундай асарда ҳеч нарсани ўзгартириб бўлмайди. Чинакам дурдона асар жуда мукаммал қурилган бўлади, унда ҳаракат тўхтовсиз ривожланиб туради, ундаги ҳамма нарса, ҳатто зиддиятлар ҳам ҳайратланарли даражада яхлитлик касб этган бўлади; тўқимада хом, салқи иплар учрамайди, у муҳташам тарзда яратилган, мумтоз шаклга эга бўлади. “Бовари хоним” — дурдона асарнинг юксак намунаси.

Андре Моруа

* * *

Шоири бўлмаган халқ мисоли руҳсиз тана.

Габриела Мистрал

* * *

Ёзиш ва профессионал ёзувчи бўлиш мутлақо бошқа-бошқа нарса. Мен шеърлар, кичик-кичик ҳикоялар ёзишни жуда эрта бошлаганман, аммо ҳақиқий ёзувчи даражасига урушдан кейинги йилларда етиб келдим.

Генрих Бёлл

* * *

Ёзишни хоҳлаган асарингни ёзилиши зарур бўлган асарга қурбон қилишни билиш керак.

Раул Дюрфи

* * *

Сўз туйғуси, нутқ оҳанглари ва рангларини ҳис этишни шеър ўқиш ва яхши проза асарини мутолаа қилиш орқали ўстирса бўлади, аммо бу хусусиятлар, яхлит оҳангда, туғма дид ва мусиқий туйғуга боғлиқ… Ҳеч ким ёзувчини ҳаётни бундай кузатмасликка ва бундай ҳис этмасликка, балки бошқача ҳис қилиб, бошқача кўришга мажбурлай олмайди. Ўқиш ва ёзишни ўрганганидан сўнг ижодкор бошқалардан фақат бир нарсани, яъни қандай ёзмаслик кераклигини ўрганмоғи мумкин. Ёзувчининг ҳақиқий устози ҳаётнинг ўзидир.

Жон Голсуорси

* * *

Ёзув санъатига мурожаат қилган, бирор сабаб билан қалам тебратган ҳар қандай одамни “ёзувчи”, деб аташ жоиз эмас. Ёзувчининг сўз санъаткори сифатидаги характерли белгиларини унинг хаёлотидан, илҳомидан, оламни жуда теран идрок этишидан изламоқ керак. Ёзувчининг ёзувчилиги у танлайдиган бадиий воситаларда намоён бўлади. Бу воситалар ёзувчи тасвирлайдиган воқеа-ҳодисалар китобхонда имкон қадар кенг ва теран таассурот уйғотмоғи талаб этилади.

Ян Парандовский

* * *

 

Тарихчи олим билан шоир ўз асарларини бири вазнсиз, иккинчиси вазнга солиб ёзиши туфайлигина бир-биридан фарқланмайди. Агар Геродотнинг асарлари шеърий вазнга солиб ёзиб чиқилса ҳам барибир тарихий асарлигича қолади.

Арасту

* * *

Агар Луцилий бизнинг давримизда яшаганда эди, ўзининг шеърий тўпламларини қайта кўриб чиққан ва улардаги аксарият шеърлардан воз кечган бўларди…

Истеъдодли шоир оломонни қойил қилиш учун уринмагани маъқул.

Гораций

* * *

Буюк адиблар, алломалар, шоирларнинг асарлари фақат чиройли сўзлари, тилининг жозибалилиги билангина эмас, балки мардона руҳи билан гўзал ва қимматлидир. Улуғ адиблар асарларидаги маъноларни бир ўқишда илғаб олиш мушкул, бунинг учун уларнинг ижодини чуқур ўрганиш лозим бўлади.

Сенека

* * *

Тафаккур ва тасаввур меваси бўлган адабиёт ғорлардан осмон­ўпар биноларга қадар, сўйилдан оммавий қирғин қуролига қадар, қабилавий ҳаётдан глобаллашув даврига қадар инсониятга муаллимлик қилди, уни ғафлат уйқусига кетишдан, қирғин ва ҳалокатлардан сақлади… Зотан, адабиёт бизга реал ҳаёт бера олмайдиган қизғин саргузаштлар, оташин туйғуларни туҳфа этади… Демак, биз орзу қилиш, ўқиш, ёзишдан бир сония ҳам тўхтамаслигимиз керак. Зеро, фонийни боқийга айлантирувчи, асов вақт устидан ҳукм юритишга имкон берувчи энг самарали йўл — шу!

Марио Варгас Лоса

* * *

Шу нарса аёнки, агар роман кўнгилни овласа ўқувчига манзур бўлади. Бир пайтлар: агар роман кўпчиликка манзур бўлса, бу яхши асар эмас; ўқувчилар олқишини олган романда ҳеч қандай янгилик бўлмайди, чунки бундай асар ўқувчига у кутаётган ва истаётган нарсани беради, дейишган. Менингча эса, агар роман ўқувчига кутилган ниманидир бераётган экан, демак, унга маъ­қул; агар роман ўқувчига манзур экан, демак, у кутилган асардир.

Умберт Эко

* * *

Ҳеч нарса тил каби инсонга ўзини англашида катта ёрдам бера олмайди. Модомики мен ўзимга нисбатан аниқликни англар эканман, демак, бу менинг ўз тилимда яхши ёза билишимдан далолатдир. Мен фойдаланадиган сўзлар мени адаштирмайди, мен шу сўзларни ёзаётиб ҳеч кимни алдамаётганимни яхши биламан.

Иосиф Бродский

* * *

Адабиётни бизнинг ички ҳис-туйғуларимизнинг амалга ошишига бўлган эҳтиёжимиз пайдо қилади. Китоб жамиятга таъсир кўрсатадими, йўқми — бу бошқа масала, бу саволнинг жавоби унинг муаллифига мутлақо боғлиқ эмас.

Гао Синцзян

* * *

Инсон қўлидаги турли-туман қурол-яроқ, асбоб-ускуналар орасида энг ғаройиби, шубҳасиз, китоб саналади. Қолганларини унинг жисмоний давоми, дейиш мумкин. Микроскоп ва телескоп — кўзнинг давоми, телефон — овознинг, омоч ва қилич — қўлнинг. Бироқ китоб — бутунлай бошқа нарса, китоблар — хотиралар ва тасаввурларнинг давомидир.

Шоунинг “Цезар ва Клеопатра”сида Александрия кутубхонаси ҳақида сўз боради ва уни инсоният хотираси жамланган кошона, дейишади. Дарҳақиқат, китоб одамзотнинг хотираси хазинасидир.

Хорхе Луис Борхес

* * *

Ижоднинг илк босқичида асарнинг умумий оҳанги қулоғимга чалинади. Муҳими, дастлабки ёзилган жумланинг асар тақдирини ҳал этувчи аҳамиятга эгалигида. Илк жумла асар жанрини, маромини белгилаб беради… Модомики, қулоққа чалинган ўша оҳанг ривож топмаса, шубҳасиз, чалғиб кетасан, бошлаган асарингни бир четга суриб қўясан ёки ундан бир нарса чиқмайди, ташлаб юборасан.

Иван Бунин

* * *

Ҳозирги дунёда адабиёт мураккаб шароитга тушиб қолган. Фав­қулодда у кераксиз буюмга айлангандек, зеро, қизиқишлар ҳам, ҳис-ҳаяжонлар ҳам олдингидай эмас, бўлакча. Бурунги китобхонларимизнинг ўй-хаёллари энди бошқа нарсалар билан банд. Бугунги китобхонлар эса асл мутолаанинг завқ-шавқидан, афтидан, бехабар. Шундан келиб чиқиб энди нима қилиш лозимлигини биргалашиб ўйлаб кўришимиз керак.

Чингиз Айтматов

* * *

Ҳатто оддий капалакнинг парвози учун ҳам бутун бир осмон керак.

Пол Клодел

* * *

Табиатдан, худди фотографлардек, нусха кўчирмаслик керак. Одам юришга тақлид қилишни ўйлаб ғилдиракни кашф этди. Бу билан у, ўзи билмаган ҳолда, сюрреалистик ҳаракатни амалга оширди.

Гийом Аполлинер

* * *

Сиз тушунмайман, деб айтяпсизми? Сабабини фақат ўзингиздан қидиринг. Сиз нақадар камбағалсиз, модомики, туйғуни ақл билан боғлай олмас экансиз.

Пабло Пикассо

* * *

Шеърда янгилик қарийб ҳар доим шоирнинг қай даражада янги эканига боғлиқ… Услуб — бу темирчининг дастгоҳи эмас, балки унинг қалби, руҳи.

Рене-Ги Каду

* * *

Шоирнинг шахси китобхонга тегишли эмас. Китобхон, дарахтдан ажратиб олинган ёғоч каби, муаллифдан ажралиб чиққан асар ҳақида ҳукм чиқаришга ҳақли, холос. Модомики, мунаққид асардан сиёсатчи шахсини қидираркан, бу ўта мантиқсиз ҳаракатдир.

Сен-Жон Перс

* * *

Реализм, олдига қўйилган талабларга жавоб бериши учун, бугунги куннинг реаллигига эмас, балки келажак реаллигига асосланмоғи лозим. У башорат реализми бўлмоғи керак.

* * *

Қофиядан безиш уни ҳуда-беҳуда, меъёридан ортиқ даражада қўллайвериш, соф гимнастика машқларига айлантириб юбориш оқибатида юзага келди. Аслида қофиянинг сийқаси чиққани йўқ, балки қофияланмаган, шеърий мисралар охирида соф, жарангдор товуш таратадиган сўз қолмади, деганларнинг юрагининг сийқаси чиққан, холос.

Луи Арагон

* * *

Поэзия бизнинг маданий ҳаётимизда муҳим ўринга эга. Шеърият нафақат одамлар билан чин дилдан гаплашиш имкониятини яратади, шунингдек, биз поэзия тилидан турли хавф-хатарлардан бекинадиган макон сифатида фойдаланамиз.

Ярослав Сейферт

* * *

Поэзия бу — овоз. Уни тинглай билиш керак. Худди мусиқани тинглагандек. У, камонча ишга тушиши билан ғижжакка жон киргандек, товуш пардалари ҳаракати билангина жонланади. Кўз қоғоздаги босма ҳарфлар навосини тинглаши лозим.

Лео Ферре

* * *

Чиндан ҳам, биз ижодий изланишлар чоғида ўзимиз англай олмаган нарса-ҳодисаларга оид фикрларимиздан тўғри хулосаларга келишимиз зарур. Бунинг учун ҳар бир сўзнинг исбот талаб қилмайдиган бирламчи, асл моҳиятини билишимиз зарур. Шундагина сезги-туйғуларимизга, фавқулодда фикрий портлаш имкониятларига, таассуротларга ва бошқа мезонларга таянса бўлади.

Эпикур

* * *

Шоир бизни юрак ютиб ботинимизга — руҳиятимиз қаърига назар солишга ва унда сийратимизни ўзимиз тасаввур этгандек эмас, балки аслида ўзимизнинг ким эканимизни аниқ кўришга даъват этади.

Жак Брел

* * *

Мард ёки қўрқоқ одамнинг ҳаракатлари ва қўшиқларига келсак, адолат юзасидан шуни тан олиб айтиш жоизки, мардларда улар гўзал ва жозибали, қўрқоқларда эса хунук ва жирканчлидир.

Афлотун

* * *

Бахтсизлик бир ўзи келмайди, унинг ортидан қувонч кўриниш беради.

Жак Превер

* * *

Сиз Уйғониш нималигини биласизми? Бу ҳаёт қувончи, уйғунлик замони. Олам тағин одам кўз ўнгида жаннатдек гавдаланади. Орзу-истаклар ва ҳаёт-шароит бир-бирига тўла-тўкис мос, мувофиқ келади.

Хосе Ортега-и-Гассет

* * *

Назардан қочирмаслик керак: символистик поэзия — французларнинг кенг довруғ қозонган кашфиётидир.

Рэмон Кено

* * *

Уйдан ташқарига чиқишингга ҳожат йўқ. Ёзув столингдан жилма ва тингла. Ҳатто тинглама ҳам, фақат кут. Ҳатто кутма ҳам, шунчаки сукут сақла ва ёлғиз бўл. Шунда олам ўзини ошкор этишни бошлайди, у бошқача бўла олмайди, у сенинг қошингда иложсиз ўзининг арзу жамолини намоён этади.

Франц Кафка

* * *

Кўп вақтдан бери мен шеър ёзмай қўйганман. Бир вақтлар бу санъатда анча ютуқларга эришганман. Энди бу ишда бошқалар мендан устун келишаётир. Ақл-идроким менга маслаҳат беради: Байрон даҳоси олдида бошингни эгиброқ, елкаларингни қисиброқ тургин, дейди.

Вальтер Скотт

* * *

Менинг ишим ёзиш, танқидчиларнинг вазифаси эса танқид қилиш. Танқидчилар ҳамма вақт ёзувчиларга ёрдам беришган. Мен романларим ҳақидаги танқидчиларнинг фикрларидан хафа бўлганим йўқ. Содда, барчага бирдек тушунарли усулда ёзганим сабабли улар мени яхши ёзмайди, деб танқид қилишади. Назаримда бадиий асар ёзишнинг аниқ бир йўл-йўриғи бўлмаса керак. Ҳар қайси ёзувчи ўзи алоҳида шахс, ўзига хос хислатлари, ўзига мос ўқувчилари бор. Шу кунгача кўнглимда бирор-бир танқидчига кек сақламаганман. Машҳурлигимдан мағрурланиб кетмадим ҳам. Ҳар доимгидек очиқкўнгил, самимий инсонларга дўст-биродар бўлишга интиламан.

Пауло Коэло

* * *

Гарчи асрлар мобайнида турли-туман механизмлар ясашни ўрганиб олган бўлсак-да, аммо адабиёт қандай яратилишини тушуниб етганимизга шубҳам бор.

Виржиния Вулф

* * *

Бугун барчага бирдек маъқул бўлаётган фикр-мулоҳазалар — бу кечаги баҳс-мунозаралар, холос.

Томас Элиот

* * *

Бир гал Бернард Шоудан сиз Инжилни Муқаддас Руҳ ёзган деб ҳисоблайсизми, дея сўрашганда у: “Барча замонларда ўқиладиган ҳар қандай китоб Руҳ томонидан яратилган бўлади”, деб жавоб берган экан. Яъни китоб унинг муаллифидан кейин ҳам умрини давом эттириши керак. Муаллифнинг мақсади — бу инсоний мақсад, холос, ёзувчи адашиши мумкин, бироқ асарда улкан умуминсоний мақсадлар бўлиши керак. Чунончи, “Дон Кихот” — фақат рицарлик романларига киноя эмас. Бу мутлақ мукаммал, яхлит матн, унда тасодифларга ўрин қолмаган.

Хорхе Луис Борхес

* * *

Заковатли инсонни ҳаётга буюк эҳтиромидан ҳам таниб олса бўлади.

Виктор Гюго

* * *

Адабиётшуносликнинг вазифаси бадиий асардан айнан қайси ғояни, маънони излаш лозимлигини кўрсатиш, деган фикрдан воз кечиш керак. Адабиётшунос бадиий асарга ҳеч қандай маъно “бағишламайди”, балки асардаги ҳар қандай маъно-мазмуннинг пайдо бўлиши, юзага келиши билан боғлиқ мантиқни таҳлил этади, таърифлайди.

Ролан Барт

* * *

Фалсафа орқали инсон ўзини танийди ва Тангри билан мулоқот қилади, халқ билан эса сўз санъати (риторика) кўмагида мулоқотда бўлади… Риторикани ва поэзияни ёқтирмайдиганлар ожиз одамлар, Тангри уларни истеъдоддан бенасиб қолдирган. Улар кўнглидагини сўз орқали ифодалай олмайди ва шу боисдан ҳам ўзларини сирли кўрсатишга уринади. Аслида эса, уларда ҳеч қандай сир йўқ.

Синесий

* * *

Нима учун биз ижодкорлар жону жаҳонимизни санъатга бахшида этамиз? Бу саволга фақат битта тўғри жавоб бор:

— Инсоннинг фаровонлиги ва улуғворлиги учун!

 

Жон Голсуорси

* * *

Ҳаёт у ҳақда ёзиш учун эмас, балки уни яшаб ўтиш учун берилганини мен ёддан чиқармасликка ҳаракат қилдим. Табиат менга нимани раво кўрган бўлса, барчасини синаб кўришга уриндим. Ижодга эса, ўзимнинг бирдан-бир мақсадим деб эмас, инсониятга хос бошқа фаолият турлари билан уйғунликда олиб бориладиган бир соҳа сифатида қарадим.

Сомерсет МОЭМ

* * *

Мени ишқ сайқаллади, инсон бўлдим. Дунёнинг улуғворлиги ва ожизлигини билдим.

Муҳаммад Иқбол

* * *

Японияда бўлганимда менга “Чўмилади аёл дарёда” шеърини ёзган шоир — Қайсин Қулиев юртидан келган меҳмон сифатида иззат-икром кўрсатишди. Улар шоир ҳамон нозик дид ва теран тафаккур билан инсон гўзаллигини васф этадиган шеърлар битаётганига ишонишларини айтишди. Япон аёллари “Чўмилади аёл дарёда” шеъри муаллифига қизғин саломларини етказишимни сўрашди.

Давид Қўғилтинов

* * *

Жеймс Жойс адабий ҳодиса, энди у такрорланмайди, у мутлақо беназир. Жойснинг мактаби бўлмаслиги мумкин, бироқ унинг жаҳон маданияти ва адабиётидаги мавқеи беқиёс.

Дмитрий Лихачёв

* * *

Қайсидир бир қайғули, ғамгин нарсага кулган бўлсам, бунинг сабаби йиғлай олмаганимдандир.

Жорж Байрон

* * *

Менингча, ҳозирги ёшлар мақсадларини йўқотмаган, улар мақсадларини парчалаб юборганлар. Фикримча, бугунги дунёда бу муқаррар ҳолат. Мен қадриятларга эътибор сусайган шароитда ноаниқ мақсад кетидан юрган одамлар ҳақидаги воқеаларни ёзаман. Эҳтимол, китобхонларим орасида ёшларнинг кўплиги шундандир.

* * *

Мукаммал матн деганлари, аслида, йўқ нарса. Худди буткул умидсизлик бўлмаганидек.

Харуки Мураками

* * *

“Инсонни излаган” Диоген бошқа ҳақиқат изловчилардан донороқдир. Негаки фақат инсонни топибгина ҳақиқатга эришиш мумкин.

Бернар Дадье

* * *

Назаримда, ҳозирги замон япон ёзувчилари руҳий эркинлигини йўқотиб қўйгандек. Бу мени ташвишлантиради. Улар кўпроқ боши билан ёзади, юраги билан эмас.

Куникида Доппо

* * *

Ҳомер замонларидан бери адабиётнинг олдига иккита талаб қўйиб келинади — биринчидан, асарда сюжет бўлиши керак, иккинчидан, характер яратилмоғи шарт. Инсон табиати ниҳоятда секинлик билан ўзгарадиган хилқатки, минг йил илгари рўй берган воқеа тасвири куни кеча содир бўлгандек қабул қилинади.

Жон Голсуорси

* * *

Момиқдай оппоқ қор ёки кумушдай ярқираган ой чиройига маҳлиё бўлганингда… гўзаллик билан учрашиб завқ ва ҳузурга тўлиб-тошганда беихтиёр дўстингни соғинасан, уни кўргинг келади: севинчингни у билан баҳам кўрмоқ истайсан. Гўзаллик билан учрашув кучли ҳамдардлик ҳиссини, меҳр-шафқат туйғусини уйғотади ва шунда “дўст” сўзи “инсон”дек жаранглайди.

Ясунари Кавабата

* * *

Бахтли, саодатли ҳаёт шароитига эришганда ҳатто даҳо ижодкорнинг ҳам фаолияти сусаяди, дейишади. Йўқ, яратилган кўплаб гўзал асарлар фаровонлик самараларидир. Масалан, Рабле фақат истироҳат чоғларида ижод қилган бўлса, Рафаэл Рим хазинасидан баҳраманд бўлган. Монтескье, Бюффон, Вольтер бой-бадавлат эди. Файласуф Бэкон давлатда юқори лавозимда ўтирган.

Оноре де Бальзак

* * *

Поэзия воқеликка тақлид эмас, воқеликнинг талқини, тафсири ҳам эмас. Поэзия — ўз-ўзича воқеликдир, ҳаётий воқеликдан кўра юксакроқ даражадаги воқеликдир… яхши шеър — китобхон шуурида портлайдиган сиқиқ воқеликдир.

Эрлинг Кристи

* * *

Ишончим комилки, гўзаллик сирини кашф этиш насиб қилганда, табиатнинг иродасини англаш имкони туғилганда — ана шунда яшашдан мақсад ҳам тўла ойдинлашади.

Мусякодзи Санэасу

«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетаси, 2014 йил 39-52-сонларидан


Зиё истаган қалблар Telegram каналига марҳамат!