Асқад Мухтор. Кўнгил кўзи билан…

Ботирнинг жасорати ва дононинг сўзи унутилмайди, дейдилар. Бу ҳикматнинг чинлигига халқимизнинг шонли тарихидан, аллома аждодларимиздан кўплаб ­далиллар келтириш мумкин.

“Опа-сингиллар”, “Туғилиш”, “Чинор” сингари романлари, “99 миниатюра”, “Карвон қўнғироғи” каби шеърий китоблари билан ўзбек адабиёти равнақига улкан ҳисса қўшган атоқли адиб Асқад Мухторнинг “Уйқу қочганда” рисоласида жамланган теран фалсафий ўйлари китобхон маънавий оламини бойитадиган қуйма фикрлардир.

Устоз адиб бу рисоласини “Тундаликлар” деб атаган. Унда жамланган битиклар қалбни бедорликка, тафаккурни фаолликка чорлайди, мавжудлигимиз моҳияти, ундан кўзланган мақсад-муддаодан сўз очади. Устоз адиб “Тундаликлар”идан танланган ушбу дурдона мушоҳадалар мутолааси теран ўй-хаёллар дунёсига етаклаши тайин.

* * *

Кичкина бир яхшилик қилиш учун ҳам одам (балки буюк одам) бўлиш керак; катта ёмонлик қилишга кичик одам ҳам қодир.

* * *

Тошнинг бардоши зўр.

* * *

Денгиз, гўё Ерни ҳушига келтирмоқчидек, ҳадеб қирғоққа сув сепарди…

* * *

Одиссей арвоҳларни ўзи билан суҳбатлашишга кўндириш учун уларга ўз қонидан бериб тирилтиради. Ёзувчи тарихий шахслар ҳақида ёзганида шундай қилиши керак.

* * *

“Муз ўчиб қолди!” деди бола сувда эриб кетган муз парчасини кўриб.

* * *

“Биз XII — XIV аср Дашти Қипчоқ (Олтин Ўрда) туркий адабиётини негадир яхши ўрганмаймиз. Ваҳоланки, бу адабиёт (Қутб, Сайфи Саройи, Ҳисом Котиб) соф туркий тил, халқчиллик жиҳатидангина эмас, умуминсоний мундарижаси билан ҳам катта эътиборга лойиқ. Биргина “Жумжума Султон” достонини олинг. Ҳисом Котиб уни Фаридиддин Атторга (“Жумжуманома”) тақлид қилиб ёзган. Замондоши Дантенинг “Инсон комедияси” билан таққосласангиз, жуда антиқа фикрларга келасиз. (Масалан, дунёни вертикал ҳолда олиб, яъни ҳамма замонларни бир вақтга жамлаб (хронотоп), абадиятда учраштириб тасвирлаш…) Бу икки муаллиф бир-бирини билмай туриб, маънан жуда оҳанг­дош асар ёзганига ҳайрон бўласиз.

Алишер Навоийдан олдинги туркий тилга қулоқ солинг:

Чун ки келдинг дунёя — кетмоқ керак,

Бор кучинг етганча хайр этмоқ керак!

(Ҳисом Котиб)

Сўнгакка иликдур, эранга билик,

Биликсиз эран ул — сўнгак беилик.

(Адиб Аҳмад, XII аср)

(Дарвоқе, “Инсон комедияси”нинг мотивлари Ал-Мааррийдан буён давом этиб келади.)

* * *

Ёзувчи ёлғонни тўқийди-ю, ҳақиқатни ёзади.

* * *

Шамол шамни ўчиради. Шунга ўхшаб, айрилиқ ҳам шунчаки хушторликни совитиши мумкин, чин муҳаббатни ўт олдиради.

* * *

Ҳақиқат — Худодир: уни ҳамма билади-ю, ўзини ҳеч ким кўрмаган.

* * *

Шоир бўлиш яхши, шоирлик даъво қилиш ёмон.

* * *

Даҳолар ўз касблари доирасидан чиқиб кетадилар. Фалончи — шоир, фалончи — олим, аммо Навоий — Навоийдир, Эйнштейн — ­Эйнштейн.

* * *

Қалам сўзнинг соясини чизади.

* * *

Китоб — бойлик. Лекин сотиб олингани эмас, ўқилгани.

* * *

— Сизга театр ёқадими, киноми? — деди мухбир.

— Сизга одам ёқадими ё унинг сояси? — деди адиб.

— …Баъзи одамлар бўладики, ўзидан ­сояси тузук, — деб ҳазил қилди мухбир ҳам.

Кулдилар.

* * *

Илгари мен абстракт санъатни тушунмас ва ҳазм қилолмас эдим. Инсон самога учиб, космос даври бошлангач, бу санъатга қизиқиб қолдим. Абстракт санъат Космос образининг эстетик ибтидоси бўлсамикан?

* * *

Талант ҳақида куюниб гапирганларнинг ҳаммаси ҳам талантли бўлавермайди. Чунки ҳеч ким ўзини талантсизман, деб ўйламайди.

* * *

Мих болғадан қочиб қутуламан деб, тахтага кириб кетди.

* * *

Бой бўлиш учун кўп нарсани қурбон қилиш керак: ҳаловат, саломатлик, гоҳо балки виждонни ҳам… Йўқ, менинг бунга қурбим келмайди, мен унчалик бадавлат эмасман.

* * *

Ҳаёт шундай ажойиб мўъжизаки, ўлим унинг эвазига берилган арзимас бождир.

* * *

Ишламаган тишламайди, дерди амалдор. Ўзи эса ҳамон тишларди. Чунки унинг иши шу.

* * *

Табиат — яхшилик ва гўзалликнинг бевосита ифодаси.

* * *

Деҳқон меҳнати — ҳаётнинг илоҳий ақидаси.

* * *

Одамлар сени билмаса ҳам, сен одамларни бил.

* * *

Қадимда бир донишманд айтган экан: “Мен вақтнинг нима эканини биламан. Аммо “Вақт нима?” деб сўрасалар, айтолмайман”.

Назаримда, шеърият ҳақида ҳам худди шуни айтиш мумкин. У бениҳоя, у битмас-туганмас…

* * *

У ўз сўзига ўзи хўжайин: бугун беради, эртасига қайтиб олади.

* * *

Шоир учун асосий иш — кўнгил кўзи билан кўриш; қоғозга тушириш эса — касб.

* * *

Ёлғончининг ёлғончилиги — унинг энг енгил гуноҳидир.

* * *

Худо инсонни бир умр бахт излаш азоби билан жазолаган.

* * *

Овидий “ёлғизлик бахти”ни мақтаган. Буюк шоир кечирсин, мен учун ёлғизликда кўрган ҳузур-ҳаловатнинг алами оғир.

* * *

Таржимондан аниқлик талаб қилинг. У чизмакаш эмас, рассом!

* * *

Қариликдан қўрқма, унга ҳали етиш керак.

* * *

Шундай йилларни кўрдикки, бахтли бўлиш уят эди.

* * *

Физикада оқибат сабабга тенг. Ахлоқда ҳам шундай.

* * *

“Вақт ўтяпти!” деймиз сал ҳазинлик билан. Бу гапни инсон ўзини овутиш учун ўйлаб топган. Аслида биз ўзимиз ўтяпмиз…

* * *

Истеъдод нималигини, таркибий қисмларини билмайман-у, тасаввур салоҳияти унинг жуда муҳим жиҳати эканига аминман. Биз қаҳрамонларимизни, уларнинг ҳаракат ва вазиятларини аввал тасаввур этамиз, кейин тасвирлаймиз. Жюль Верн ўзи кўрмаган шаҳарларни, масофаларни, ўлкаларни тасвирлаган, унинг бу тасвирлари ҳақиқатга яқин; Жонатан Свифт Марснинг йўлдошларини улар кашф қилинишидан 150 йил олдин тасвирлаган, Беруний Америка қитъасининг борлигини Колумбдан 450 йил аввал тахминлаган. Тасаввур салоҳияти адиб истеъдодини фан билан яқинлаштиради.

* * *

Суқротнинг “Республика”си, Форобийнинг “Мадинат ул-фозила”си, Томас Моорнинг “Утопия”си, Кампанелланинг “Қуёш шаҳри”, Беконнинг “Янги Атлантида”си, Кабекнинг “Икарияга саёҳати”… Дунёда шундай ўнлаб асарлар бор. Булар — ижтимоий утопиялардир. Диний-ахлоқий, фанний-техникавий ва севги-муҳаббат утопияларини айтмайсизми! Булар — инсон орзу-хаёлининг эзгу парвозлари. Бизнинг “утопия” — “хаёлпарастлик” деган атамаларимиз уларни ерга уради. Аслида, булар одамзоднинг идеал изланишидир. Идеал эса ҳар қандай тараққиётнинг гарови.

* * *

Донжуанлар, фаустлар, мажнунлар, прометейлар, искандарлар, жюльетталар кўп бўлган. Лекин уларни фақат Байрон ва Пушкин, Ҳёте ва Ҳайне, Навоий ва Низомий, Эсхил ва Шекспир номлари билан боғлаймиз. Бошқа муаллифларда булар ҳаётда ёки тарихда бўлган нарса каби қабул қилинади. Фақат даҳолар қўлига тушгандагина “факт” муаммога айланади. Биз энди буни классика деб атаймиз.

* * *

Шеърни таҳлил қила бошласалар, ғашимга тегади. Баҳорги соф ҳавонинг кимёвий таркибини ҳам текшириш мумкин. Аммо, ундан кўра, шундай кўкрак тўлатиб нафас олган яхшироқ эмасми?

* * *

Шарқ шеърияти — муҳаббат ва меҳр тўла, гўзал ва ҳассос, юксак бадиий рамз ва ташбеҳларга бой, эркин, инсоний, теран фалсафий, анъанавий романтик шеърият. Қадимдан шундай. У асрлар давомида Ғарб адабиётининг романтик руҳини бир неча бор қутқариб қолди.

* * *

Ёзувчи ўз шахси ва ўзгаларнинг шахси билан бирикиб кетган — асар унинг субъекти. У бошқа ишда ҳам ишлаши мумкин, аммо унинг моҳияти, эҳтироси — ижод. Қобилияти қанча катта бўлса, шунча катта куч сарф қилади. У — беихтиёр фидойи; ҳам бахтиёр, ҳам бахтсиз — бу унинг иродасига боғлиқ эмас.

«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетаси, 2014 йил 42-сон


Зиё истаган қалблар Telegram каналига марҳамат!