Асқад Мухтор: «Ёш ёзувчи бўлиш қийин»

Жаҳондаги фикр ва ахборотларни элаб, саралаб олиш ёшларнинг ўз қўлида. Бу эркинлик, инсонни бундай мустақилликка ўргатиш яхши, лекин ёшларнинг адашиши ҳам бор.

Ёш бўлиш яхши. Аммо бу ҳам қийин. Айниқса, ёш ёзувчи бўлиш қийин. Чунки ҳам ўзингни, ҳам бировларни тарбиялашинг керак. Ёш бўлиш қийин. Ҳамма сенга насиҳат беравергани учунгина эмас, ёш бўлиш аввало шунинг учун қи­йинки, ёшликнинг иши, масъулияти оғир бўлади: ўқиш, устозлардан ўрганиш керак, олдинги авлодлар яратган ҳамма билим ва маҳоратни эгаллаш керак, энг муҳими – устозларни қувиб етишгина эмас, ўтиб кетиш, улар яратган хазинага нимадир қўшиш керак. Акс ҳолда, тараққиёт бўлмайди. Баъзан шогирд устоздан ўтипти деб ҳайрон бўлишади, бу – нотўғри. Устоз­дан ўтмаса, шогирд бўлишнинг нима моҳияти бор?! Шогирдлар устозлардан ўтмаса, тараққиёт тўхтаб қолади-ку, ахир? Авлодлардан авлодларга ўтишнинг маъниси бўлмай қолади. Агар бирор оқсоқол ёшларга: “Сен биздан олдинга интилма, ўз жойингни бил!” деб таълим берса, бу мутлақо хато бўларди. Абдулла Қаҳҳор “Талант – халқ мулкидир” деган мақоласида бу масалада баъзи оқсоқолларнигина эмас, эски удумни догмага айлантириб, ўз журъатини тийиб юрган баъзи ҳуркович ёшларни ҳам танқид қилади. “Ҳурмат билан саломингни бер-да, ишинг зарур бўлса, ўтиб кетавер”, дейди Абдулла ака.

Бахтимизга, оқсоқолларимизнинг деярли ҳаммаси ёшларнинг дадил интилишларидан, кексалар қилиб улгуролмаган ишларни бажаришга уринишларидан доим хурсанд. Устозларимиз ҳам, Ёзувчилар уюшмаси ҳам ёшларнинг барча ижодий синовларини, журъатли интилиш­ларини, адабиётимизга қўшмоқчи бўлган янгиликларини жон-дилдан қўллаб-қувватлайди.

* * *

Адабиёт ҳавасга кириладиган шон-шуҳрат боғчаси ёки шунчаки, кўп қатори бажариб юриладиган касб эмас. Адабиётга одам бир умр ёнгани киради. Ҳар бир асарда бир ловиллаб ёнмаса, ёзувчининг бўлмагани маъқул. Ёзувчилик, менинг назаримда, энг қизиқ, энг эҳтиросли ҳаёт. Бунда фаолият натижаси – асарнинг ўзигина эмас, жараён, изланиш жараёни, излаб топиш, излаб яшашнинг ўзи қизиқ. Ҳар сафар ўзингга ҳам, китобхонга ҳам янги бир олам очишинг керак. Адабиёт жараёни узлуксиз; қанча ёзувчи бўлса шунча усул; ҳаёт мураккабликларининг мағзини ҳамма ўзича излайди, ҳамма ўз юрагида қайнатади, ўз илҳомини, ўз эҳтиросини тақдим этади. Озгина сўз айтиш учун у жуда кўп билиши, жуда кўп кўриши, воқеаларни, биографияларни, фактларни, ҳисларни, ўйларни, психологияни билиши керак. Муҳандис ёки академик билиши шарт бўлмаган соҳалар бор. Ёзувчида эса бундай соҳа йўқ. Ёзувчининг ҳаёт тажрибаси, биографияси – олтин фонд. Уни ҳозирдан ярата бошлаши керак.

Йигитликда йиғ илмнинг махзани,
Қарилик чоғи харж қилғил ани!

Ҳазрат Навоий буни бежиз айтмаган. Ишни кейинга қолдириш керак эмас. Қариганида одам юмшоқроқда ётгиси, ўнғайроқ ўтиргиси, фақат машинада юргиси кела бош­лайди, дарё кечиш, тоғ ошиш, саҳро кезиш – малол келади.

Ёзувчи талантли бўлиши керак – талантни қайдан олиш ҳақида маслаҳат беролмайман. Ёзувчи билимли, ўқимишли, баланд савияли одам бўлиши керак. Буни қайдан олишни, бир умр ўқиш-ўрганиш кераклигини биласизлар. Мутолаа қилиш керак деб, ишни алифбодан бошлаб ўтиргим келмайди.

Ёзувчи кўпни кўрган, аччиқ-чучукни татиган, хайру бадни таҳлил қила билувчи, тажрибали одам бўлиши шарт. Мана шунисига келганда бироз тўхталиб ўтиш керак деб ўйлайман. Яъни, гап муаллиф образи ҳақида. Аминманки, ҳар қандай бадиий асарда ҳамма нарсани бирлаштирувчи, бутун асарга ранг берувчи – “муаллиф образи”дир. Белинский ҳам “Евгений Онегин” ҳақида гапириб, романда бадиий марказ муаллиф образидир, деган эди. Асарнинг савияси муаллиф савиясидан ошиқ бўлмайди. Муаллифнинг завқи, билими, хулқи, қалби, қарашлари, таж­рибаси – асарга муҳр бўлиб босилади. Китоб бу жиҳатдан ниҳоятда субъектив нарса. Шунинг учун ёзувчи аввало ўзини халқ ҳаётидаги муайян, зарур ўринга қўя билиши керак. Халқ ҳаётининг ҳамма томонлари – оғир томонлари ҳам, гўзал томонлари ҳам яққол кўринадиган жойга қўя билиши керак.

* * *

Талант келиб чиқишидаги китобийлик халақит берар экан, талант ёш вақтида ҳаёт билан боғланолмай қийналиши бор гап. Афтидан, турмушни кўриш, билиш, мазмундор ҳаёт йўли – кифоя эмас. Булар ўзидан-ўзи асарга шундоққина кўчиб қўя қолмас экан. Оламни кўриш билан бирга, уни ёзувчи кўзи билан қабул этиш, идрок қилиш, юракдан ўтказиб қоғозга тушира билиш зарур экан. Адабиётнинг ҳаётий моҳиятини қаттиқ ўзлаштириб олиб, ижодни ҳаёт билан боғлай билиш жуда муҳим экан.

Мен айтмоқчи эмасманки, китобда персонажлар рашк қилмасин, касал бўлмасин, меҳмонга бормасин, деб. Аксинча, буларнинг ҳаммаси ҳаётий; лекин асар қаҳрамони ҳаётида уни бизнинг жамиятимиз кишиси сифатида улуғловчи мазмундор воқеалар бўлиши керак, ахир.

* * *

Классика бундай деб ўргатади: аввал тўлишиш керак. Бош фикр ўзи тўлишиб келади. Уни севиб қоласиз. Уни айтгингиз келади.

Шундай безовталик, истак, кучли эҳтиёж сезмай туриб ёза бошламаслик керак.

Ҳар бир чинакам асарнинг ўзига яраша фалсафаси бўлади. Бош фалсафий фикр асарни ёза бошлашдан олдин ҳам, ёзаётганда ҳам, ёзиб бўлгандан ке­йин ҳам сизни безовта қилиб, қийнаб, ўртаб туриши керак. Шусиз ёзилган асар дарров эътибордан қолади, асарда бош фикр, ҳаёт фалсафаси, чўғ бўлмагандан кейин, китобхон ҳам ёнмайди.

* * *

Кўпгина ўйчан, фалсафий шеърлар туркумига ўхшаган поэмаларимиз бор. Уларда баъзан ўнлаб лирик чекинишлар қилинади, бундай турлари ҳам керак, “Поэма фақат бундай бўлиши зарур”, деб рецепт бериб бўлмайди. Аммо инсон характери, жонли қиёфаси, исмли-жисмли, еб-ичиб, меҳнат қилиб ёнимизда юрадиган кишидай конкрет, прозадагидай кенг яшайдиган одам характерини кўргимиз келади.

Давр, тақдир, тарих, жамият, шахс, фожиа, фалсафа, кураш, қувонч – барини ўз ичига олган одам ҳаёти тасвирланса эди. Бундай лиро-эпик характердаги классик поэманинг имкониятлари тугаган эмас. Ёшлар шу имкониятларни ўз қўлларига олсалар эди. Ички монолог типидаги поэманинг имкониятлари эса, менинг назаримда, тугаб боряпти. Бу уларнинг кейинги вақтда бир-бирига ўхшаб қолаётганидан ҳам, бу соҳада кўп шоирларнинг муваффақиятсизлигидан ҳам билиняпти. Поэманинг кейинги тамойили назариячиларнинг фикрига муҳтож, танқидчилар бу бобдаги тажрибани якунласалар яхши бўларди.

Поэмадан бошқа жанрларда ёшлар поэзияси ажабтовур улғайиб келмоқда. Унда ўйлар, ёшликнинг мавқеи, ҳаёт йўлини белгилаб олиши ҳақидаги ташвиш, ички бир безовталик тобора кўпроқ ўрин эгаллаяпти. Ўй, ҳис, фалсафа тантанаворликни қувиб чиқармоқда.

* * *

Шуни қайд этиш муҳимки, ёшлар ижодининг, шу жумладан, ёш поэзиянинг умумий ғоявий-бадиий йўналиши соғлом. Энг ёрқин талантлар тинимсиз излаб, ажойиб образлар топмоқда, нозик ҳис-туйғулар қўзғатмоқда, давр ва инсон ҳақида ўйга солмоқда, юксак ғояларни – халқнинг эзгу тилакларини, интилиш ва курашларини бадиий ифодалашга интилмоқда… Булар ҳаётни бутун гўзаллиги, мураккаблиги, бутун ҳақиқати билан, янада чуқур ва кенг қамраб олишни ўрганишлари керак.

Поэзияда ҳикоя қилиш, тасвир этиш, кўрсатиш, ўргатишгина етмайди, поэзия сеҳрлаши керак, ўйлатиши, руҳни кўтариши, куч бағишлаши, ҳар бир образли сўзнинг бутун гўзаллигини очиб ташлаб, ҳайратга солиши керак.

Шу ўринда бир камчиликни айтиб ўтай. Бу – шеърнинг ниҳоятда кўп ёзилаётганлиги. Бемаза қовуннинг уруғи кўп дегандай, қайси таҳририятга, қайси нашриётга, қайси муҳокама кенгашига борманг – албатта 5-10 папка шеър топишингиз мумкин.

“Яхши шеърни ёзиш – осон иш эмас!”

Бу Пушкин сатри. Пушкин буни 14 ёшарлигида айтган.

“Яхши шеърга
ўх – шайди ҳаёт,
Яхши шеърни ёзиш
– осон иш эмас!”

Буни Степан Шипачев айтган. 60 ёшида.

Бу фикр ҳамма замонлар учун, ёшлар ва доно кексалар учун, ҳамма учун хос. Бугун уни биз такрорлаймиз. Инсоннинг гўзалликка интилиши чексиз. Шеърда, бадиий сўзда гўзаллик имкониятлари бениҳоя. Шунинг учун Лев Толстой буюк эпопеясини етти марта кўчиргани рост.

Шеърнинг кўп ёзилаётганини баъзи газеталар кўпириб мақтайди, айниқса, ёшларнинг шеърларига берилган таҳлилларда. Яъни, ёшларимиз серзавқ, меҳнаткашлар бахтиёрлигидан фик­рини шеърга солади ва ҳоказо.

Бир “муаллиф” бор. Унинг номини билмаган хатлар бўлими мудири бўлмаса керак. У ўн йилдан бери ҳамма таҳририятга мунтазам равишда кунига бештадан шеър юбориб туради. Ўн йилдан бери бирор шеъри босилиб чиққани йўқ. Уни таҳририятдагилар дастхатиданоқ танишади. Жавоб ёзмай қўйишди: фойдаси йўқ, “шоир” қофиялагани қофиялаган.

Менимча, бу – бахтиёрликдан эмас. Бу – сўзга ҳурматсизликдан, гўзаллик олдида ҳайратда қола билмасликдан, баъзан эса беорлик ва нодонликдан.

Азизлар, Лермонтов умрида биттагина китоб чиқарган.

Блок кўнгил дафтарига бундай деб ёзган экан: “Шеърни ёзмай қўйсаммикин, деган ўй келди бошимга. Чунки шеър ёзишга жуда уста бўлиб кетмадиммикин деб қўрқаман”.

Шу ўринда адабий танқид­чилигимизнинг ёшлар ижодига муносабати масаласига тўхтаб ўтгим келади. Ҳозирча танқидчиларимиз ёшлар ижоди билан махсус шуғулланаётгани йўқ. Ёшларнинг асарлари умумий мақолалардагина, кўпинча салбий мисол тариқасидагина тилга олинмоқда. Бунинг устига, баъзан асарнинг моҳиятини уқмасдан туриб, юзаки назар ташлабгина тилга олинмоқда. Юзаки қараганда эса, Навоий айтганидек, қанд ҳам оқ, туз ҳам.

Ёшларни танқидга соғлом муносабатда бўлиш руҳида тарбиялаш учун аввало танқиднинг ўзи оқилона, самимий ва ишонарли бўлиши керак. Танқидни ҳеч ким яхши кўрмайди, дейишади; лекин самимий, меҳрибон ва талабчан танқидни талантли ёшлар ҳурмат қиладилар. Мен қаердадир бир айтган эдим: фақат қоғоз гул ёмғирдан қўрқади.

* * *

Ёшлар ижодида яна бир муҳим масала шуки, биз ёш адабиётда жанрлар, услублар ранг-баранглигига етарли эътибор бермаяпмиз. Қисса, ҳикоя, шеър – жанрлар ҳозирча шулардангина иборат.

* * *

– Вақтнинг ўтишини қаранг-а! Янги йилни яқиндагина кутмаганмидик? Мана тағин остонага келиб турипти…

Айниқса, янги йил арафасида бу хилдаги гапни кўп эшитасиз. Биров буни шўхлик билан айтади, биров – фалсафий бир ўйчанлик билан. Лекин барибир маъноси битта: умр ўтяпти…

Янги йил байрамини зап ўйлаб чиқаришган-да! Шу байрам бўлмаса, одамлар тўпланишиб хушчақчақлик қилишмаса борми, ҳар ким ёлғиз қолиб, кўнгилсиз ўйларга толар, эзилиб кетар эди.

Борди-ю, у беҳуда ўтган бўлса-чи? Беҳуда ўтган умрни эслашдан ҳам катта фожеа борми!

Бекор ўтган соатларни-ку унча эсламаймиз, улар унутилади. Аслида улар ҳам ҳар бири кичик бир фожеа. Чунки уларни йиғиб келсангиз, умрнинг ўзи бўлмаса ҳам, унинг маълум бир қисми зое кетганини англайсиз. Умрнинг “маълум қисми”да кимдир илмий иш ёқлайди, кимдир жаҳонни кезиб чиқади, кимдир араб тилини ўрганиб олади, кимдир…

Кимлардир уни тун бўйи магнитофон атрофида “чақчақлашиб”, ёки чарчамаган бўлса ҳам куни билан “мириқиб” ухлаб, чойхонада кечгача лақиллашиб, ёки телевизорга томошабин эмас, унда нима кўрсатса қаторасига бепарво кўраверадиган телеқул бўлиб, бекорга ўтказиб юборади.

Ўзининг бой маънавий дунёси, зарур ўйлари бўлмаган одам тез зерикади, ёлғиз қолишдан қўрқади. У пулини ҳам, вақтини ҳам улфатчиликда баҳам кўришга уринади.

– Бир лақиллашиб келайлик бекорчиликда… – дейди ўзига ўхшаганларга.

Бир қарорга келишади-да, шиша-пиша олиб, вақтни “ўлдиргани” кетишади. Соатлаб фойдасиз гап, нархи-наво ҳақида, кимнингдир хотин қўйиши ҳақида…

Биз улфатчиликка, кўнгил очадиган учрашувларга, бир-бирининг маънавий таъсирига муҳтож одамларнинг самимий ўтиришларига қарши эмасмиз. Аммо вақтини қаёққа қўйишни билмайдиган одамлар борлиги ажаблантиради. Соатларни аямайдиган одамлар умрнинг шу соатлардан ташкил топишини ўйлармикин?

“Э, ўладиган дунёда…” дейиши мумкин баъзилар.

Афлотун отишга ҳукм қилинган куни кечаси билан ўтириб тор чалишни ўрганган эмиш. “Эрталаб ўладиган одам бу ҳунарни нима қиласиз?” дейишса, “Буни ўрганиш учун эртага вақтим бўлмайди, ахир”, деб жавоб берган экан.

Умр битта. Одамнинг биладиган, ўрганадиган, кашф этадиган нарсалари эса беҳисоб. Маъноли ўтган умр – бир мўъжизадир. Беҳуда ўтган умр эса… бу ҳақда Алишер Навоийдан ўтказиб айтиш қийин:

Камол эт касбким, олам уйидин
Сенга фарз ўлмағай ғамнок чиқмоқ.
Жаҳондин нотамом ўтмоқ биайниҳ
Эрур ҳаммомдин нопок чиқмоқ…

Адибнинг “Ёш дўстларимга” китоби асосида тайёрланди.

«Ёшлик» журнали, 2015 йил, 12-сон