Ziyouz порталида энг кўп ўқилган китоблар 20 талиги

Ўзбек тилидаги энг катта электрон кутубхона – Ziyouz.com кутубхонасида ҳозирда 7959 та китоб мавжуд. Ушбу рўйхатда 2016 йил давомида порталимиз ўқувчилари томонидан энг кўп мутолаа қилинган китоблар 20 талиги ўрин олган:

1. Фёдор Достоевский. Жиноят ва жазо (роман). Иброҳим Ғафуров таржимаси. Тошкент, Адабиёт ва санъат нашриёти, 1977.

Буюк ёзувчи Ф. М. Достоевскийнинг «Жиноят ва жазо» романи (1866 йил) жаҳон адабиётининг мумтоз намуналаридан биридир.
Университетнинг ёш талабаси Родион Раскольников оғир ва аянчли қашшоқликдан қутулиш, зўр маблағ ва юксак мавқега эга бўлиш, сўнг инсониятнинг олижаноб мақсадлари йўлида хизмат қилишни кўзлаб, фоже ҳамда даҳшатли бир назарияни тўқиб чиқаради, ақл етмайдиган қотиллик қилади. Романда шу мудҳиш қотилликдан туғилган беҳад, бепоён уқубатлар, инсон руҳининг ҳайратомиз ғалаёнлари акс эттирилади.

2. Абдулла Қодирий. Ўткан кунлар (роман). Тошкент, Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриёти, 1994.

Абдулла Қодирий 1917-1918 йиллардан бошлаб «Ўтган кунлар» романи учун материал йиғишга киришди. 1922 йилда биринчи ўзбек романининг дастлабки боблари «Инқилоб» журналида чоп этила бошланди. 1925-1926 йилларда «Ўтган кунлар» уч бўлим ҳолида китоб бўлиб нашр этилди.
Абдулла Қодирийдек буюк сўз санъаткори тамал тошини қўйган Янги ўзбек адабиёти яратган, Замон синовига дош берган, Сўз сеҳрига ошуфта элга манзур бўлган ушбу асар халқнинг болакайдан тортиб турфа ёшдаги вакиллари маънавий ва маданий эҳтиёжларини қаноатлантиради, китоб жавонидан жой олади. «Ўткан кунлар» билан бошланишида ҳам маънавий ворислик намоён бўлади.

3. Саид Аҳмад. Уфқ. Трилогия. Тошкент, Адабиёт ва санъат нашриёти, 1976.

“Уфқ” халқимиз тарихи, меҳнатсеварлигини тасвирлаган трилогиядир.
Муаллиф трилогиянинг биринчи китоби бўлмиш “Қирқ беш кун”да ўзбек халқининг буюк меҳнатсеварлиги лавҳаларини қаламга олган бўлса, иккинчи китоб — “Ҳижрон кунлари” ҳамда учинчи китоби “Уфқ бўсағасида”да Иккинчи жаҳон уруши ва урушдан кейинги даврдаги фидокорона меҳнатини тасвирлайди.
Ёзувчи ҳар учала романда ҳам турли тақдирлар, ҳижрон аламлари, aйрилиқ кўз ёшларию висол энтикишларини ҳаяжон билан тасвирлайди.
“Уфқ” турли тақдирлар тўғрисидаги лирик проза асаридир.

4. Аҳмад Лутфий Қозончи. Саодат асри қиссалари. 1-4 китоблар: 1. Интизор кутилган тонг; 2. Ойдинликлар сари; 3. Оламга порлади қуёш; 4. Буюк фатҳ. Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон таҳрири остида. Туркчадан Наргиза Раҳмат қизи ва Нодирхон Ҳасан таржимаси. Тошкент, «Шарқ», 2003.

Аҳмад Лутфий ҳозирги замон адиби, тарихчи олим. Биз эътиборингизга ҳавола этаётган «Интизор кутилган тонг» қиссаси Саодат асридан ҳикоя қилувчи олти жилдли асарнинг биринчи китобидир. Китоб тўла ҳолида Жаноби Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг туғилишларидан то вафотларига қадар муборак ҳаётларини камраб олади.
Худди шу мавзуга бағишланган бошқа асарлардан фарқи муаллиф аниқ тарихий воқеа-ҳодисаларни ўзига хос бадиий йўсинда акс эттирганидир. Натижада у ғоят ўқишли чиққан. Бу китобларнинг машҳур бўлиб кетганини шундан ҳам билса бўладики, асар тўрт марта нашр килингандир. Иншааллоҳ, сизларга ҳам ёқади, деган умиддамиз.

5. Пиримқул Қодиров. Юлдузли тунлар. Бобур (роман). Тошкент, Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриёти, 1988.

«Юлдузли тунлар» (1979) романида ўзбек халқи тарихининг муҳим саҳифаларилан бири – буюк шоир ва давлат арбоби Заҳириддин Муҳаммад Бобур сиймосига мурожаат этилиб, унинг мураккаб ва машаққатли ҳаёт йўлини тарихан ҳаққоний гавдалантирилди.
Пиримқул Қодиров «Юлдузли тунлар» («Бобур») ва «Авлодлар довони» романларида Бобур, Ҳумоюн ва Акбарнинг ҳаёт йўлини кузатиш орқали Бобурийлар салтанатининг вужудга келиши ва равнақ топишини ёрқин тасвирлашга эришган. У узоқ ўтмишда ва ўзга мамлакатда рўй берган воқеаларни тасвирлашда ўз фантазиясига эмас, балки ўзи эътироф этганидек, «тарих фантазияси»га, яъни чиндан содир бўлган воқеаларга кўпроқ асосланган ҳар иккала асар ҳам кенг китобхонлар тарафидан самимий кутиб олинганига қарамасдан, шўро мафкураси томонидан кескин танқид қилиниб, муаллиф ўтмишни идеаллаштиришда айбланди.

6. Муҳаммад Юсуф. Сайланма: Шеърлар. Достонлар. Хотиралар. Тошкент, «Шарқ», 2007.

Ўзбекистон халқ шоири марҳум Муҳаммад Юсуф номини билмаган, лоақал у ёзган шеърларнинг бир сатрини хиргойи қилмаган юртдошимиз йўқ бўлса керак. «Сайланма»нинг ушбу тузатилган қайта нашрига шоирнинг китобхонлар томонидан самимий қаршиланган энг сара шеърлари, «Кўҳна қудуқ» ва «Қора қуёш» достонлари, шунингдек шоир ҳақида замондошлари ёзган хотиралар киритилди.

7. Чўлпон. Кеча ва кундуз (роман). Тошкент, «Шарқ», 2000.

Абдулҳамид Сулаймон Чўлпоннинг “Кеча ва кундуз” романининг “Кеча” қисми етиб келган. Асар миллатимизга хос ҳиммат, ибо-ҳаё, соддадиллик каби фазилатлар, халқимизнинг урф-одати, турмуш тарзи акс эттирилган воқеа ва ҳодисаларга бой.
Романда нафақат рус империясининг, балки шу империя туфайли яшашда давом этган феодал тузумнинг ҳам инқироз ҳолатида эканлиги тасвир этилган. Бу чириган ҳаёт тарзини, ижтимоий тузумни таг-томири билан ўзгартириш лозим. Ана шу фикр-ғоя асарда тасвирланган даҳшатли воқеалар силсиласи оша ёрқин юлдуз ўлароқ нур сочиб туради.

8. Эрнест Хемингуэй. Чол ва денгиз (қисса). Русчадан Иброҳим Ғафуров таржимаси. Тошкент, «Ёш гвардия», 1986.

Жаҳон китобхонига ўзининг «Фиеста», «Борлиқ ва йўқлик», «Алвидо, қурол», «Тушдан сўнгги ўлим» номли асарлари билан маълум ва машҳур бўлган Эрнест Хемингуэйнинг ўзбек тилига таржима қилинган «Чол ва денгиз» қиссаси ёзувчи ижодининг жуда кўп қирраларини узида мужассамлаштиради.
Инсоннинг улуғлиги, ундаги ирода ва матонатнинг, одиллик ва енгилмасликнинг чексиз эканлигидан далолат берувчи бу қиссадаги ҳар бир образ ўз бадиий камолоти билан мафтун этади.

9. Лев Толстой. танланган асарлар. 5 жилдлик. 2-жилд: Уруш ва тинчлик (роман). 1-2-китоблар; 3-жилд: Уруш ва тинчлик (роман). 3-4-китоблар. Рус тилидан Абдулла Қаҳҳор ва Кибриё Қаҳҳорова таржимаси. Тошкент, Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриёти, 1979-1980.

Рус ва жаҳон адабиёти хазинасидан мустаҳкам ўрин олган «Уруш ва тинчлик» (1863—69) эпопеяси Толстойнинг 60-йилларда ижодий камолотга эришганидан шаҳодат беради. Айрим совет адабиётшунослари гарчанд бу асарни Толстойнинг ўз даври муаммоларидан қочиши, деб баҳолаган бўлсалар-да, ёзувчи «Уруш ва тинчлик» романи билан ўз даврида рўй берган ва ўзи шахсан гувоҳ бўлган воқеаларга фаол муносабат билдирган. Энг муҳими, у Наполеоннинг 1805—07 ва 1812—14 йиллардаги ҳарбий юришлари мавзуига мурожаат этиб, кўплаб қаҳрамонлар иштирок этган эпик воқеалар билан бирга қаҳрамонларнинг руҳий тасвирлари илк бор катта маҳорат билан уйғунлашган тарихий роман жанрини яратди. Ҳолбуки, 19-аср ўрталарида эпик асарлар даври ўтди, деган фикрлар кенг тарқалган, 60-йилларда рус жамиятида куч ола бошлаган синфий зиддият ва курашлар эса «Уруш ва тинчлик»дек эпопеянинг майдонга келиши учун унумли замин бўла олмас эди. 1812 йилда Россиянинг Наполеон қўшинлари томонидан босиб олиниши мумкинлиги бир-бири билан келиша олмаган турли табақа ва синфларни душманга карши кураш шиори остида бирлаштирдики, Толстойнинг рус халқи онгидаги ана шу уйғонишга мурожаат этиши «Уруш ва тинчлик» романининг юзага келиши учун ҳаётбахш замин вазифасини ўтади.

10. Артур Конан Дойл. Йўқолган дунё (илмий-фантастик роман). Русчадан Маҳмуд Яҳёев таржимаси. Тошкент, «Ёш гвардия» нашриёти, 1983.

Машҳур инглиз ёзувчиси, ҳаммага таниш изқувар Шерлок Холмс образининг ижодкори Артур Конан Дойл (1859—1930) турли жанрлардаги етмиш жилдлик адабий мерос қолдирган. Унинг илмий тафаккур билан суғорилган ғаройиб воқеаларга бой саргузашт асарлари турли мамлакатларда севилиб ўқилади. Улар орасида адибнинг «Йўқолган дунё» романи жаҳон илмий-фантастикасининг энг яхши намуналаридан ҳисобланади. Жанубий Америка чангалзорлари орасида, Амазонка дарёсининг юқориларидаги одам оёғи етмаган ясситоғ бағрида сақланиб қолган бир гуруҳ маймунлар ва баҳайбат йиртқич махлуқлар билан учрашган, кўп қийинчиликларни енгиб, неча-неча ўлимдан қолиб, фанни янгиликлар билан бойитган фидойи кишиларнинг саргузаштлари ҳақида мароқли ҳикоя қилинади.

11. Рашод Нури Гунтекин. Чолиқуши (роман). Туркчадан Мирзакалон Исмоилий таржимаси. Тошкент, Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриёти, 1988.

Рашод Нури Гунтекин (1892, Истанбул — 1956, Лондон) — турк ёзувчиси, драматург, таржимон, адабиётшунос.
Ёзувчининг машҳур асарларидан бири «Чолиқуши» (1922) романида турк қишлоқларининг ёрқин манзараси чизилган, асар қаҳрамонлари ҳаёти, саргузаштлари тасвирланган.
Гунтекин асарлари кўп тилларга таржима қилинган. «Чолиқуши» (1959, 1965, 1968, 1988, 1999, Мирзакалон Исмоилий таржимаси) ва бошқа романлари ўзбек тилида нашр этилган.

12. Эркин Воҳидов. Яхшидир аччиқ ҳақиқат (янги шеърлар). Тошкент, Абдулла Қодирий номидаги халқ мероси нашриёти, 1992.

Ушбу тўплам машҳур шоир, жамоат арбоби Эркин Воҳидовнинг кейинги йилларда ёзилган шеърлари гулдастасидан иборатдир. Шоир, қалб булоғидан чиққан соф туйғулар ифодаси бўлмиш бу шеърларида ширин ёлғонни айтиб кимларгадир ёқишдан кўра, аччиқ ҳақиқатни айтишни афзал кўради. Китобхонга ушбу шеърий гулдаста манзур булади, деган умиддамиз.

13. Пауло Коэльо. Алкимёгар (роман). Русчадан Аҳмад Отабой таржимаси. Тошкент, “Ma’rifat-Madadkor” нашриёти, 2003.

Инсоннинг Ердаги умри мобайнида амалга оширадиган ишлари нималардан иборат? Ўз Тақдири йўлидан бориб, кўнглига туккан орзу-умидларини амалга ошириши учун инсонга энг зарур нарса нима?..
“Алкимёгар” романи мана шундай кўламли, мазмунан фалсафий, моҳиятан эса оддий инсоний муаммо ҳақида.
Асар муаллифи— ҳозирги замоннинг машҳур ёзувчиси бразилиялик Пауло Коэльо.
“Алкимёгар” Ричард Бахнинг “Оқчарлоқ Жонатан” ёки “Шарпалар” асарларига ўхшамайди. Экзюперининг “Кичик Шаҳзода”сига ҳам ўхшаш томонлари жуда кам. Бироқ негадир “Алкимёгар”ни ўқиганда беихтиёр ўша ривоят-қиссалар ёдга тушади. Зотан, бу асар айнан ҳозирги замон китобхонлари учун ёзилгандек ва “Алкимёгар”нинг турли давлатлар арбобларию, машҳур санъаткорлар ҳамда ҳозирча бир юз ўн етти мамлакатдаги миллионлаб адабиёт мухлислари томонидан севиб ўқилиши шундан далолатдир.
“Бизнинг сайёрамизда бир буюк ҳақиқат барқарор: агар сиз чиндан ниманидир орзу қилсангиз, унга албатта эришасиз. Зотан, бу орзу Олам Қалбида ҳам туғилади ва айни шунинг ўзи сизнинг Ерда мавжудлигингиз тасдиқи, сизнинг тақдирингиздир”, деб ёзади П. Коэло.

14. Габриэль Гарсиа Маркес. Ёлғизликнинг юз йили (роман). Русчадан Нурали Қобул ва Анвар Жўрабоев таржимаси. Тошкент, Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриёти, 1990.

Нобель мукофоти лауреати Габриэль Гарсиа Маркес жаҳон адабиёти равнақига «Ёлғизликнинг юз йили», «Мустабид паймонаси», «Ўлат изғиган кезларда муҳаббат», «Ойқиз, муҳаббат, авлиё, шайтон ва бошқалар» сингари дурдона романлари билан бетакрор ҳисса қўшган сўз санъаткоридир.
«Ёлғизликнинг юз йили» (1967—70) роман эпопеяси Колумбия тарихига бағишланган.

15. Рабиндранат Тагор. Асарлар. 8 жилдлик. 1-жилд: Ҳалокат (роман). Русчадан Тўхтасин Жалолов таржимаси. Тошкент, Ўзбекистон бадиий адабиёт нашриёти, 1958.

Рабиндранат Тагор 8 жилдлик асарларининг ушбу 1-жилдига адибнинг “Ҳалокат” романи киритилди.
Тагор ушбу романни 1902 йили ёзган эди. У 1993 йилнинг апрель-июнь ойларида
“Бонгодоршон” (“Бенгалия кўзгуси”) журналида нашр этилди 1906 йилда алоҳида китоб бўлиб чиқди.
Тагор “Ҳалокат” романининг сюжетига ажойиб шоирона ранг бериб, унга кўпгина янги оригинал фикрлар бахш этади ва бир қатор муҳим ижтимоий-маиший муаммоларни кўтаради.

16. Ҳикматнома: (Тўплам) / (Тўпловчи Норжон Эшонқулова; Араб, форс ва турк тилларидан Маҳмуд Ҳасаний таржимаси). Тошкент, Чўлпон, 1992.

Мазкур тўпламда шарқ донишмандларининг ахлоқ-одобга доир асарларидан намуналар жамланди. Уларда ота-онани ҳурматлаш, қариндош-уруғларни эъзозлаш, дўстликнинг фойдалари, бировларга яхшилик қилиш, ҳасад, гина, адоват, кўролмаслик каби иллатлардан қочиш баён қилинади. Тўплам ёшларни ахлоқий пок, ҳақиқий инсон бўлиб етишишга ундайди.

17. Оноре де Бальзак. Горио ота (роман). Русчадан Султон Муҳаммаджонов таржимаси. Тошкент, Ғафур Ғулом номидаги бадиий адабиёт нашриёти, 1968.

«Горио ота» романидаги воқеа Реставрация даврида бўлиб ўтади. Бу дунёнинг қонунлари шафқатсиз. Бу жамиятда одамнинг қадри-қиммати қанча даромад келтиришига қараб белгиланади.
Горио ота бадавлат бўлганда ҳамма унга хушомад қиларди, давлат, бойлик қўлдан кетиб, у камбағаллашиб қолгач, ҳамма уни унутади. Горио азоб-уқубатда ўлиб кетади. Ҳатто қизлари ҳам оталарининг ўлимига келмайди. Ёзувчи «Горио ота» романида оиланинг барбод булишини, инсоннинг энг эзгу ҳис-туйғуларининг секин-аста емирилишини кўрсатади.

18. Тоғай Мурод. Отамдан қолган далалар (роман). Тошкент, «Шарқ», 1994.

«Отамдан қолган далалар» — рамзий роман.
Муаллиф ўз романида бутун умр далада кетмон чопиб, серқуёш юртида елкаси офтоб кўрмаган, қут-баракот юртида косаси оқармаган мунис ўзбек халқи сиймосини Деҳқонқул тимсолида бадиий талқин этади.
«Отамдан қолган далалар» романида Ўзбекистоннинг мустамлакага айланиши ва туну кун меҳнат қилиб, яшаётган ўзбек деҳқонларининг мустабид тузум йилларидаги оғир ҳаёти, изтироблари ҳаётий лавҳаларда ҳаққоний чизиб берилган. Асардаги Деҳқонқул ўзбек меҳнаткашларининг умумлашган образи даражасига кўтарилган. У бошига ёғилган минглаб мусибатларга чидаб яшашга мажбур бўлса-да, ўз инсоний шаъни, қадр-қимматини баланд тутади, мустамлакачиларнинг югурдакларини аёвсиз фош этади. Асар асосида бадиий фильм яратилган (2001). Ёзувчи 1994 йил “Отамдан қолган далалар” романи учун Абдулла Қодирий номидаги Давлат мукофоти билан тақдирланган.

19. Чингиз Айтматов. Қиёмат (роман). Рус тилидан Иброҳим Ғафуров таржимаси. Тошкент, Ғафур Ғулом номидаги бадиий адабиёт нашриёти, 1989.

Чингиз Айтматовнинг ушбу романи маънавий-руҳий покланиш фасли палласига кирган халқимиз учун ўз-ўзини англаш дарсидан бир сабоқ бўлиши шубҳасиз. Ўзбек тилида илк бор китоб ҳолида нашр қилинаётган бу романдаги қаҳрамонлар – сизу биз, воқеалар эса — утмишимиз ва бугунимиз. Эртамиз-чи?.. Бу саволга жавобни ёзувчи ўз қалбингиздан излашга даъват этади.
Нашриёт бу китобни дунё халқларининг меҳрига сазовор бўлган адиб — Чингиз Айтматов таваллудининг 60 йиллигига тўёна сифатида чоп этмоқда.

20. Альбер Камю. Бегона (қисса). Рус тилидан Аҳмад Аъзам таржимаси. Тошкент, “Ёзувчи”, 1985.

Альбер Камю – нафақат ўз ватани Францияда, балки бутун дунёда шуҳрат топган буюк адиб ва файласуфдир. Унинг роман, қисса, ҳикоя, бадиа ва ҳатто кундаликларидаги ёзувлари ҳам бадииёт, фикр тафаккур, умуман, адабиётни қадрлайдиганлар учун доимий кунгил ҳамроҳидир.
Нобель мукофоти лауреатининг дунё китобхонларини тўлқинлантирган «Бегона» қиссасини тақдим этар эканмиз, Оврупода «уй-фикр ҳукмдори» сифатида донг таратган улкан ёзувчи ўзбек китобхонларимизнинг ҳам муҳаббатини албатта қозонишига ишонамиз.