Неъмат Аминов. Туғилган куним қани? (ҳикоя)

Ойиси Хуршидни боғчадан вақтли оларкан, тарбиячисига: «Бугун болаганамнинг туғилган куни!» — деди. Кундузги уйқудан вақтли уйғотилган Хуршид «туғилган кун»нинг нима эканлигига ақли етмаса-да, қувнаб ирғишлай бошлади.
— Туғийган куним, туғийган куним! — дея қичқирганча олдинга тушди. Ойиси уни зўрға тутиб туриб, майкаси устидан оқ шойи кўйлакчасини аранг кийгизди. Хуршид баттар ирғишлар, лабларида музикага ўхшатиб, турли овозлар чиқарарди.
— Дуввув… туғийган куним…
Хуршид йўл бўйи ойисига бидирлаб келди, ҳовлига яқинлашганда чопа-чопа дарвозадан биринчи бўлиб кирди, атрофга аланглаб, бир нималарни излаган бўлди. Кўзига ҳеч нарса илинмади. У югурганча катта уйга ўтди: уйнинг ўртасида узун стол қўйилган. Стол устида турли хилдаги емишлар. Хуршиднинг кўзи ўртаси қип-қизил гулли тортга тушди. Мазза! У тортга қўлини чўзган эди — етмади. Яқингинадаги стулни қўйиб, чаққонлик билан ўрмалаб чиқди, тортнинг гулли жойига чангал урди. Биттасининг гулини тамомлаб, иккинчисига қўл чўзаётганда ойисининг овозини эшитди.
— Вой ўлмасам, нима қилиб қўйдинг! — ойиси югурганча келиб, уни стулдан олиб, ташқари судради. Улар эшиқдан чиқаверишда Хуршиднинг кўзи тошойнага тушди: бурни, юзлари оппоқ. Худди цирқдаги амакидай. Ойнага қайта ўгирилиб қараркан, билаги билан бурнини артди. Ойиси ҳамон жаврарди: — Энди ман нима қиламан, бирпас шошилмасанг-ку, ўзим кесиб берардим.
Ойиси уни чўмилтирди. Патли сочиққа ўраб, ўзи ўйнайдиган уйга олиб кирди. Хуршид гилам устида бир думалаб, ўрнидан турди-да, очилиб кетган сочиқни оёқчалари билан тепа бошлади. У семизгина, думдумалоқ. Ойиси уни зўрға қувиб тутаркан, киқир-қиқир кулар, лабчаларини чўччайтириб, аллақандай овозлар чиқарарди. Янги кийим кийдираётганда Хуршид баттар қувнаб, ойисининг бўйнидан ачомлаб олди. Матросча кўйлак ва калта шимининг чўнтакларига қўлини тиқиб кўрди. Ойиси унинг энсиз елкаларидан тутиб, пушти, намчил, нуқра юзчаларига ширин бир меҳр билан боқди. Шу пайт Хуршиднинг бурни билан қош оралиғида майин ажинлар пайдо бўлди, оғзи ярим очилди… аксирди. Ойиси: «Ўҳ, урди!» дея сочиқнинг учи билан унинг бурнини қаттиқ артди. Хуршиднинг бурни ости қип-қизариб, кўзларида ёш айланди.
— Қани сизлар? — уйга отаси кирди. Хуршид бурун остининг оғриганини ҳам унутиб, отасига қараб югурди, отаси чўнқайган эди, унинг бўйнидан ачомлаб олди. «Сизни туғилган кунингиз билан чин қалбдан табриклайман, ҳурматли Хуршид Савриевич!» — деди отаси йўғон овозда унинг бетларидан «чўлп-чўлп» ўпаркан. Хуршид ўзини отасининг билагига ташлаб, яйради. Отаси ўрнидан турганда унинг кўлларига осилиб, оёқлари орасида арғимчоқ учди.
Ота хурсанд, она шод, бола бахтиёр.
— Қани онаси, тезроқ бўлинг, ҳализамон меҳмонлар келиб қолишади, — деди отаси. Хуршид «меҳмонлай, меҳмонлай!» деганча ирғишлаб, ташқарига отилди. У қўшни болаларга бориб қўшиларкан: «Мани туғийган куним бой!» — деди мақтаниб. Унга ҳеч ким эътибор бермагач, ҳафсаласи пир бўлиб, уйга қайтди. Ойиси ошхонада экан.
— Оййи… туғийган куним тани? — дея сўради ойисининг оёкларига ёпишиб. Ойиси қаҳ-қаҳ уриб кудди.
— Тугилган кунинг кечқурун бўлади… меҳмонлар келганда! — деди унинг бошини силаб. — Бор энди, болам.
Хуршид қўшни хонага кириб, кеч бўлишини кута бошлади. Уй бурчида тўнтарилиб ётган пачоқ «самосвал»га ип боғлаб, уйнинг у бошидан, бу бошига «пириллатганча» бориб кела бошлади. Кейин биқинига «Молоко» деб ёзилган сариқ машинасини «самосвал»га кўндаланг қилиб юклаб, оҳиста судрай бошлади. Тезда бундан ҳам зерикди. Катта уйга яна бир бор кирмоқчи бўлди. Борса, эшик очилмади. Узоқ уннади. Очилмади. Ўтириб олиб, бор овозда йиғлашга тушди. Отаси келиб:
— Нега йиғлайсан? — деб сўраган эди, оёқларини типирчилатиб, баттар йиғлади. Шу аснода дарвоза қўнғироғи жиринглади. У ҳам кўзларидаги ёш билан отасига эргашиб, дарвозага югурди. Ҳовлига учта амаки кирди. Иккитасининг бўйи отасиникидан баланд, биттасиники отасиники билан баравар. Олдинги амакининг қорни катта. Ҳар учала амакининг ҳам қўлтиқларида қоғозга ўралган нарса. Нима бўлди экан? Ошхонадан ойиси югуриб чиқиб, меҳмонларни хурсанд қарши олди. Қорни катта амаки, кейин бошқалари ҳам қоғозга ўралган нарсаларини ойисига беришди. Ойиси ошхонага, отаси билан меҳмонлар катта уйга йўл олишди. Улардан кейин яна битта амаки, иккита хола келди. Уларни ҳам онаси «Хуш келдийизлар», деб қарши олди. Хуршид уларга ағрайиб турар, ўзига эътибор бермаганларидан ўксиниб, бир четда мунғайиб турарди. Чунки, уларнинг уйларига бундан олдин келган меҳмонлар доим уни ўпиб, юзига секин уриб қўйишарди. У ҳам меҳмонларга эргашиб, катта уйга кирди. Ҳамма ўзича гапиради. Отаси радио ёнида. Мусиқа янграйди. Қорни катта амаки тўрда, гулдираб кулади. Хуршид бурчакка қисилиб, уларга ер остидан қарайди. Ён томондаги хола унга қараб жилмайди. Тишлари тилла. Ярақ-ярақ қилади.
Хуршид ғизиллаб ташқари чиқиб кетди. Бир оздан кейин қайтиб келиб, аввалги жойини эгаллади. Тилла тишли хола унга қараб, такрор жилмайганда, у ҳам жилмайди. Унинг тишига чойнинг ялтироқ қоғози қопланган эди. Хола бир қаради-ю, кейин қовоғини солиб, четга бурилди. Хуршид «аччиғи чиқди» деб ўйлади, секин оғзидан сохта тишини олиб, бармоқлари орасида эзғилаб, шарикча ясай бошлади. Шу орада уйга меҳмонлардан яна беш-олти киши келди. Столнинг охирроғида ўтирган .сочи кўп тоға унга қараб туриб жилмайди, кейин ўнг кўзини қисиб қўйди. Хуршид ҳам унинг қилиғини такрорларкан: «Яхши тоға…» дея кўнглидан кечирди.
Бир оздан кейин корни катта амаки ўрнидан туриб, йўғон овозда бир нималар деди. Хуршид ўзининг отини эшитганда, дикқат билан қулоқ сола бошлади.
— …Вот так, Хуршиджон бизнинг энг талантли укамиз, ўзи ёш бўлишига қарамай республикада хизмат кўрсатган артист деган шарафли унвонга сазовор бўлган Саврижон Салимовнинг нури дийдалари, тўнғич фарзандлари… тўғри, агар ўтган йили туғилган фарзандлари ҳам бўлганда эди… хўп, бунинг зарари йўқ, бундақа неудачнийликлар ҳаётда бўлиб туради… мен имкониятдан фойдаланиб, Саврижон Салимовнинг талантлари ҳақида икки оғиз гапирмоқчиман. Дарҳақикат, у киши театримизнинг ёш, умидли ва истиқболли актёрларидан. У киши бошқа баъзи артистларга хос бир-бирини кўра олмаслик, жиззакилик, борингки, ичиқоралик ҳислатларидан тамоман тоза ва мусаффо. Мен у киши билан илк марта театршунослик институтининг фойесида…
Хуршид бу сўзларнинг фарқига бормайди, боши оғирлашиб, гувиллайди. Пойгакка яқин жойдаги стулда ўтирган отасининг оёқларига суйканади. Отаси уни кўтариб, тиззасига ўтказаркан: «Жим ўтир!» деб ўпиб қўяди. Меҳмонлар қадаҳларни уриштириб, ичишади. Тилла тишли холанинг юзи худди «дори» ичгандек буришиб кетади. «Аччиқ экан…» ўйлади Хуршид. Бир қарсакдан кейин отаси уни ерга тушириб, ойиси узатган олача тўнни «қорни катта амаки»га кийдиради. Ҳамма қарсак чалади. Отаси «қорни катта амаки»ни зўрға қучоқлаб, ўпади. Яна чапак, «Ҳе-ҳей, қизиқ бўлди…» ўйлади Хуршид. Отасиям, ойисиям ташқари чиқиб кетгач, Хуршид нимагадир ўзини ноқулай, якка ҳис этади, бошини эгганича уялиб туради. Қулоғига вилкаларнинг товоқларга бир маромда тегиб турган «шиқ-шиқ»и эшитилади. Хуршид ер тагидан меҳмоштарга қарайди. Ҳамма кулиб турибди, у бир оз дадиллашади. Ҳамма ўз гапи билан овора.
У стол қиррасига осилиб, вазадаги олмага интилади. Боядан бери унга икки-уч марта кўз қисиб, кулиб қўйган «яхши тоға» битта олма олиб беради. Хуршид «яна, яна» дея столга сакрайди. «Яхши тоға» яна битта олма беради. Хуршид иккала олмани икки қўлида кўксига қисганча эшикка томон бурилади. Ойиси келарди. У чопқиллаб, ойисига ташланади ва битта олмани унга тутқизади. Хуршид ойиси билан келиб ўтираркан, яна ўз номини эшитиб қолади. Дераза ёнида бир амаки сўзларди.
— …Хуршиджоннинг туғилган кунлари шундай бир даврда ўтаяптики, шонли халқимиз, шу жумладан, бизнинг театримиз ҳаётида жуда катта воқеалар содир бўлаётган бир пайтда… бу пайтда ҳали сўзга чиққан театримизнинг отахони, ҳурматли Шодмонхон акамиз ҳам жуда яхши гапларни айтдилар. Азиз дўстлар, мана қаранг, бугунга юбилей, тоес, именина дастурхонини товуқдан тортиб тортгача, ароқдан тортиб коньяккача безаб турибди, турли хилдаги закускалар, ҳаммаси муҳайё…
Хуршиднинг боши тағин чувиллай бошлади. У гапираётган амакининг бошида уй шифтида осилган люстранинг ғужум чироқларини кўради… Қизиқ! Ойисидан секин сўрайди.
— Ойи, ану амакимми чочлайи тани? — Ойиси пешонаси ялтироқ, ориқ театр суфлёри Шоназар акага қарайди, кулгисини билдирмаслик учун қуйи лабини тишлаб, Хуршидни жеркийди.
Хуршид кўзларини очиб, юма бошлайди. Дастурхонга янгидан келтириб қўйилган кабобдан унинг ҳам егиси келади. Хайрият, онаси ташқари чиқди. Хуршид ўзига олма берган «яхши тоға»га қарайди, у ёнидаги хола билан гаплашиб ўтирарди. Нима қилиш керак? Столнинг тўридан қўйиб келинаётган кабобдан буғ кўтарилади, сочи йўқ амаки бўлса ҳамон сўзлар, чамаси, ҳозиргина қўйилаётган кабоб ҳақида гапирарди. Ана, ниҳоят, «яхши тоға» ўз олдида товоқ учун жой очади. Хуршид бир оз мулоҳазали қараб туради, сўнг эркаланиб бориб, «яхши тоға»нинг тиззаларига суйканади. Меҳмон битта суяк олиб, болага тутқизади. Хуршид суякни олади-ю, икки қўллаб, оғзига элтади, бошини эгри килиб, узоқ мижийди. Чандир экан. У қўлидагини секин стол устига ташлайди ва «яхши тоға»нинг тиззасига ёпишиб, энди ўзи столга кўтарилмоқчи бўлади.
— Ана холос, ҳамма жойимни ёғ қилиб юбординг-ку! — дейди «яхши тоға» унинг билакчаларидан қаттиқ ушлаб. У қайтиб ерга тушади, «яхши тоға» бўлса рўмолчаси билан шимини тозалайди. Бу воқеадан хабар топган ойиси уни қаттиқ жеркиганча судраб, аввалги жойи — эшик ёнидаги бўш стулга ўтқазади.
— Ана шу ерда кўмилиб ўтир! — дейди паст, шиддатли овозда. Хуршид бошини кўксига солганча бирпас пишиллаб ўтиради, ҳамма ўзи билан овора. Ҳеч ким унга эътибор бермайди. У нима қилишини билмай, бош бармоғини сўра бошлайди. Зерикади. Оёқларини ўйнатади. Бир вақт яна у ўз отини эшитиб қолади.
— …Мен Хуршиджоннинг ойилари ҳақида гапирмоқчиман, — дея сиполик билан сўзларди «тилла тишли хола». — Ҳақиқатан ҳам Шоҳистахон ўз номларига яраша, исмлари жисмларига монанд жувон. У киши менинг қизликдаги дугонам. Ҳали эсимда, биз институтда ўқиб юрган вақтимизда мен атлас кўйлак тикдирсам, иккита тикдирардим, у киши бирор туфли олсалар битта эмас, иккита олардилар. Иккаламизнинг ҳам размеримиз бир эди-да. Ҳали баъзи бировлар мени кўриб қолишса, сиз Шоҳистанинг синглисимисиз, деб сўрашади.
Ойиси пойгакда туриб қичқиради.
— Синглиси эмас, опасимисиз, деб сўрашса керак?!
Ҳамма кулади. Хуршид ҳам ўз-ўзидан жилмаяди, ер остидан «яхши тоға»га қарайди. У ҳам кулиб ўтирибди. Меҳмонлар «тилла тишли хола»нинг гапидан кейин ўз қадаҳларидагини ичишади. Ойиси ҳам ичади. Уларга мазза. Хуршиднинг ҳам сув ичгиси келиб кетади, чаққонлик билан стулдан тушиб, ҳуркибгина «яхши тоға»нинг биқинига бориб тиқилади. Лекин «яхши тоға» ундан хафа — четга бурилиб олган. Хуршид кичкина кафтчаси билан «яхши тоға»нинг тиззаси устида қовуштирилган ўнг қўлини оҳиста сийпалайди. «Яхши тоға» эътибор бермасдан, ёнидаги киши билан сўзлашади. Хуршиднинг юрага сиқилади. Сув ичкиси келади. У оёқлари учида туриб, шишага қўл чўзади — қўли етмайди. Дик этиб сакрайди — яна етмайди. Иккинчи марта сакраганда сув тўла шиша тарелка устига ағдарилади. Даҳшатли овоздан Хуршид чўчиб тушади, сўнг апил-тапил стол остига биқинади. «Яхши тоға» ўрнидан туриб кетади.
— Оббо… энди буниси бормиди?! — дерди у шимига тўкилган сувни дастрўмоли билан сидираркан.
Меҳмонларнинг «сув — равшанлик» дейишларига қарамай, ойиси Хуршидни стол остидан судраб чиқаради, унинг кўзлари ёшли, ойисига илтижоли қарар, меҳмонлардан мадад сўраб жавдирарди. Хайрият, ойиси урмади.
— Юр энди, уйқунг келди! — дея уни судрагандек қилиб, нариги уйга олиб ўтади. Бурчақцан бир уюм қўғирчоқларни олиб, унинг олдига ташлайди: — Ма, мана буларингни ўйнаб ўтир, меҳмонлар уят қилишади… уйга ўта кўрмаки…
Хуршид тескари қараб ғингшийди:
— Туғийган куним тани? Ойиси эшикка йўналаркан:
— Эрта топиб бераман! — дейди ишонтириб.
Хуршид қўғирчоқларига қиё ҳам боқмай, узоқ ўтиради. Зерикади, юраги тўлишиб, кўзларига ўз-ўзидан ёш келади. Хўрсинади. Унсиз йиғлайди. Шу ҳолича кичкина гавдаси эгила-эгила оҳиста бикинга ағдарилади. У оёкларини чўзиб, қўлларини ёнга ташлайди. Унинг бир оз синиққан, лўппи юзчаларида кўз ёшлари қотиб қолган, пишиллаб нафас олади.
Қўшни хонада ҳамон унинг туғилган куни нишонланар, меҳмонларнинг бири отасини мақтаса, иккинчиси онасини мақтарди. Аҳён-аҳёнда у уйқу аралаш ўз номини эшитганда:
— Туғийган кунимми бей… бей! — дея ғингшиб қўяр, чамаси аллақандай қўрқинчли, мавҳум тушлар кўрарди.