Уйғун Рўзиев. Робия (ҳикоя)

Қўлида офтоба кўтариб, маъюсгина бош эгганча оёқ судраб келаётган аёлни кўрганлар унга ачиниш билан қарашар, саломига меҳрибонлик билан алик олишар, кейин ортидан қараб: “Эссизгина, шундай аёл бахт нималигини билмай ўтаяпти”, – дея пичирлаб қўйишар эди.
Бир кун кайвони кампирлардан бири уни йўлда тўхтатиб: “Робия, қизгинам, ҳадеб қабристонга бораверсанг одамлар сени эси оғиб қолибди, деб ўйлашади. Ғам-ташвиш ўткинчи, ўзингни қўлга ол, болам. Тўрт кунлик дунёда фақат ҳасратга тўлиб қолма”, – деди. Робия бош ирғаб қўйди-да, индамай йўлида давом этди.
У эри билан ўн беш йил бирга яшади. Ҳаётнинг аччиқ-чучугини бирга тотди. Оилаларда бўлиб турадиган одатий жанжаллар уларга бегона эди. Шундоққина бир девор қўшни яшайдиган Султоналиникида ҳақоратли сўзларга тўла бақир-чақирлар тинмасди, лекин буларнинг уйида эса мудом жимжитлик, пашша учса, эшитгулик эди. Шу боисданми, эр-хотин секин овозда гаплашиб ўтиришарди. Зотан, фарзандсизлик икковини ҳам изтироблар гирдобига солиб қўйган, буни бир-бирига сездирмасликка уринишса-да, иккаласининг ҳам ич-этини ана шу дард тимдалаб ётарди. Шунинг учун ҳам иккаласи бир-бирини ниҳоятда авайлар ва шунинг баробарида бир-биридан хавотир ҳам олар, энг сўнгги сўз қачон айтилишини изтироб билан кутишар эди. Аммо эри “кет” демади, Робия “кетаман” демади, шу тахлит сўнгги сўз то улар бир-бирларидан жудо бўлгунга қадар ҳам айтилмасдан қолаверди.
Эри кутилмаганда жигари хасталаниб бу дунёни тарк этди. Ана ўшанда Робия ёлғизлик қанчалар азоб эканлигини юрак-юракдан ҳис қилди. Ҳайҳотдек ҳовлида якка ўзи қолди. Уйга кирса ҳар бир буюмдан эрининг нафасини сезиб, кўзига жиққа ёш қуйиларди. Кечалари кўзларига уйқу келмай, юзини ёстиққа босиб юм-юм йиғларди. Дил ёрай деса дардини тинглайдиган, ҳасратига қулоқ тутадиган бирор кимса йўқ. Иш билан овунай деса, шу тобда қишлоқда иш тайёр турганмиди? Кундузи ҳовли этагидаги экин-тикинларга сув тараб, бегона ўтлардан тозалаб ўзини овутгандай бўларди. Лекин тун уни беаёв қийноққа соларди. Бош олиб кетай деса, ота-онаси ҳам аллақачон оламдан ўтиб кетишган. Акаси Бердимурод билан укаси Турдимурод эса бир ота-онадан туғилган жигарларга сира ўхшамас, кунда-кунора ораларида жанжал чиқиб турар, ҳай демаса бир-бирига болта кўтариб қолишдан ҳам қайтмас эди. Ёнма-ён ҳовлида яшашса-да, бир-бирининг ҳовлисига адашиб битта чўп ўтиб қолгудай бўлса ҳам аввал хотинлари даҳанаки
жанжални бошлаб беришар, ортидан ака-ука енг шимариб бир-бирига мушт ўқталиб, жиққамушт бўлишар эди. Одамлар уларни муросага чақиравериб чарчашди, охири уларнинг жанжалларига аралашмай қўйишди. Узоқдаги кишнашар, яқиндаги тишлашар, деганлари шу экан-да, дея қўлларини ювиб, қўлтиқларига уриб қўя қолишди. Ана шундай аҳволда яшайдиган ака-укасиникига Робия қайси юрак билан кириб борсин?
Эрининг акаси Султонали эса ичкиликка муккасидан кетган. Хотини Ойзода уззукун қарғанишдан жағи чарчамайдиган аёл. Уларнинг саккиз нафар фарзанди бор, лекин ҳаммаси қиз. Биринчиси қиз бўлиб туғилганидаёқ Султонали хотинини сўккан, иккинчиси ҳам қиз бўлиб туғилганда эса қулоғи остига тарсаки ҳам туширган эди. Берганига шукр қилишни билмаган бандасининг феълидан худонинг ҳам қаҳри келган шекилли, уларнинг кейинги болалари ҳам қиз туғилаверди. Ойзода ҳар гал қорин боғлаганида ўғил туғаман, деб ният қилади. Аммо мана, саккизинчиси ҳам қиз бўлди. Ҳар гал чақалоқлар туғилганда, Султоналини қўятуринг, Ойзоданинг ҳам уларга қарагиси келмас, кўкрагини ҳам мажбурликдан уларга тутқазарди. Саккизинчисига Ўғилой деб ном қўйишди. Бу Ойзоданинг, ҳали яна туғаман, буниси бўлмаса кейингиси ўғил бўлар, деган илинжи борлигидан дарак берарди.
Робия картошка экилган эгатни чопиқ қилиб ерни юмшатаркан, юраги сиқилганидан кетмонни зўрға кўтариб ташлади. Султонали келди-ю, унинг сиқилган юрагини баттар вайрон қилиб кетди.
– Келин, – деди у маст бўлса-да, аллақандай босиқлик билан, – укам-ку бу дунёдан армон билан ўтиб кетди. Энди кўриб турибман, сен ҳам қийналаяпсан. Якка ўзинг бир ҳовлида яшасанг, баттар эзиласан. Ундан кўра, ана, бизникига ўтиб яшайверсанг ҳам бўлаверади. Ойзода овсинингга қарашиб юрасан. Бу ҳовлини энди сотсакмикан, деган режам ҳам йўқ эмас.
Робия ялт этиб унга қаради. Кейин ёш қуйилиб кела бошлаган кўзини олиб қочиб, қўлидаги кетмонга суяниб қолди.
– Йўқ, тағин сен кўнглингга олма, бу бир режа, холос. Хоҳласанг, шу ерда яшайвер. Лекин аёл бошинг билан бир ўзингга оғир бўлармикан дейман-да.
Робия индамади. Султонали бир муддат ерга қараб каловланиб турди-да, кейин судралган кўйи изи-га қайтди. Робия кетмонга суянган кўйи узоқ йиғлади. Унсиз йиғлаганидан елкалари учиб тушар, кўрган киши уни ич-ичидан завқланиб кулаяпти деб ўйлаши мумкин эди. Ҳа, у унсиз йиғлаганида гўёки кулганга ўхшаб кетарди. Бир гал у одатдагидай сув тўла офтобани кўтариб қабристонга кетаётганида Ойзода минг бир шубҳага бориб, катта қизига унинг ортидан пойлаб боришини тайинлаган, қиз эса бу ишни партизанлардек қойилмақом қилиб бажарган, дўмпайган қабрлардан бирининг ортига яшириниб уни роса кузатган эди. Робия эрининг қабри бошига келиб, тиловат қилган, чўккалаб ўтирган кўйи сассиз йиғлаган, сўнг қабр атрофини супуриб-сидириб, майсалар устига офтобадан сув қуйиб келган эди. Унинг елкалари силкиниб-силкиниб йиғлаганини кўрган қиз онасига: “Робия янга овоз чиқармай роса кулдилар”, – деб айтиб берди. “Овсар бўлиб қолибсан, одам қабристонда ҳам куладими, тағин бир умр суйиб ўтган э
рининг қабр бошида-я?” – деди Ойзода. “Билмадим, балки чайқалиб-чайқалиб дуо ўқигандир. Кўзимга бу кулгандек кўринган бўлиши ҳам мумкин. Ахир, у ерда юрагим ёрилай деди-да. Қабристон жуда қўрқинчли жой экан. Энди ҳадемай лабларимга учуқ тошиб чиқса ҳам керак. Қаёқданам гапингизга кириб ўша ерга бора қолдим-а”, – дея қиз титраб-қақшаб гапирди.
Робия чала қолган эгатни чопиқ қилиб бўлай деганида кеч кирган эди. У кетмонни бир четга қўйиб, ариқдаги сувга юз-қўлларини чайди. Муздеккина зилол сув юзига хуш ёқди. У кафтига сув олиб юзини қайта-қайта чаяверди. Гўё шу сув унга таскин бераётгандек, шу сув юзига қалқиб чиққан армонларни, алам ва изтиробларни юваётгандек туюларди унга. Бироқ дунёнинг дардини ювиб келаётган мана шу сув ҳам унинг ҳасратларини бутунлай пароканда қилолмади.
Нонуштага дастурхон ёзди-ю, томоғидан бир пиёла чой ҳам ўтмади. Кўзига уйқу келмагач, чироқ шуъласига термулиб узоқ ўтирди. Хаёллар уни тўрт томонга тортқиларди. Қўшни ҳовлидаги кечки шовқин-сурон ҳам аллақачон тинган, чигирткаларнинг чириллаши бир маромда давом этар, ариқ бўйидаги қурбақалар ҳам уларга жўр бўлаётган эди. У ана шу овозларга сеҳрланиб қулоқ соларкан, уйнинг тўрт бурчагига бир-бир назар ташлади. Мана шу тўрт девор ҳам, уни кўтариб турган мана шу ер, анави буюмлар, ҳатто чигирткаларнинг чириллаши-ю, қурбақаларнинг қуриллашлари ҳам унга омонат туюла бошлади. “Бу уйга келиб нимаики топган бўлсам, баридан айрилаяпман, – дея ўйларди у. – Ҳадемай мана шу тўрт деворни ҳам мендан тортиб олишади. Икки жоннинг иссиқ нафаси, қувончу ташвишлари, олам-олам орзулари сиққан шу уйга энди якка ўзим ҳам сиғмай қолаяпман. О, менинг ўтган кунларим. Бахтсизман деб ўйлаган кезларимда ҳам бахт менинг теграмда парвона экан. Мана эндигина мен бутунлай ёлғизм
ан. Энди қайга борай, қайси остонага бошимни урай?”
У елкасига рўмолини ташлаб, ҳовлига чиқди. Оҳиста эсаётган шабада ариқ бўйидаги райҳон ва ялпизларнинг майин ифорини атрофга ёймоқда эди. Кўкда юлдузлар чарақлар, қўл чўзса етгудек пастлаганга ҳам ўхшарди. Робия хушбўй ҳаводан нафас олиб, юлдузларга узоқ термулиб қолди. Чигирткаю қурбақаларга жўр бўлиб юлдузлар ҳам “сим-сим” куй чалаётгандек туюлмоқда эди. Шу пайт гўдакнинг йиғлагани барча сеҳрли овозларни босиб кетди. Робия шартта йиғи келаётган томонга қаради. Ойзоданинг бешигидаги чақалоғи одатдагидек ярим тунда йиғисини бошлаган эди. Робия ўша томонга бир неча қадам ташлади ва девор оша қўшни ҳовлига қаради. Ҳамма уйқуда, қимир этган шарпа кўринмайди. У алламаҳалгача деворга суяниб турди. Гўдак ҳамон чинқириб йиғларди. Йиғи авжига чиққан сайин Робия тоқатсизланаверди. Ўтирди, турди, ҳовлида у ёқдан-бу ёққа юрди. Чақалоқ зор йиғлаб уни чақираётгандек эди.
Робия қўшни ҳовлига ўтиб, уй олдига борди. Қия очиқ турган деразадан ичкарига мўралади. Ойзода ҳам, қизлари ҳам ҳеч нарсани парвойига келтирмай пишиллаб ухлашарди. Султонали эса чақалоқ йиғисига тоқати йўқлигидан бошқа хонада ухлар эди. Робия деразани оҳиста чертди. Титроқ овоз билан Ойзодани бир-икки чақирди. Гўдакнинг чириллаб йиғлашини эшитмаган аёл бунинг синиқ овозини қаёқданам эшитсин. Чақалоқ бир жойи оғригандек зорланиб-зорланиб йиғлади. Робия ташвишланиб, оёғи куйган товуқдай у ёқдан-бу ёққа юраверди. Чақалоқ йиғлай-йиғлай бўғилди. Кейин овози хириллаб, йиғиси тинди. “Гўдаккина чарчади, ичи куйиб кетди бечоранинг”, – дея ўйлади Робия ва ундан хавотирланиб яна деразадан ичкарига мўралади. Ҳамма бир зайлда ухлар, чақалоқни ҳам уйқу элитган, лекин кўп йиғлагани боис тез-тез ҳиқилламоқда эди. Робия ўз соясидан қўрқиб кетди. Уни шу алфозда Султонали ёки Ойзода кўриб қолгудек бўлса қиёмат қойим бўлиши турган гап эди. У астагина дераза таги
га чўкди. Тиззаларини қучоқлаб, бошини деворга суяганча мудради.
Мана шу дераза тагида у кўпдан-кўп тунларни ўтказган. Боиси, Ойзоданинг қизлари бундан аввал ҳам кўп йиғлаган. Ярим тунда чақалоқнинг йиғиси учун бу уйқупарвар хотин ширингина оромидан сира ҳам кечгиси келмас эди. Шунда Робия чақалоқнинг йиғлашига тоқат қилолмай ўрнидан туриб, гўдак ётган уй олдига борарди. Бир гал тоқати тоқ бўлиб, ниҳоят деразани қаттиқ тақиллатиб, Ойзодани зўрға уйғотди. Ойзода уйғонишга уйғонди-ю, лекин Робиянинг деразадан мўралаб турганини кўриб юраги тарс ёрилай деди. У биғиллаб йиғлаётган чақалоғи бир ёқда қолиб, бемаврид ҳаловати бузилган девдек Робияга ўшқира кетди. Жанжал-тўполон кўтарилди. Шовқин-сурондан эри ҳам уйғониб кетиб, шоша-пиша етиб келди-да Робияни Ойзоданинг чангалидан қутқариб олди. “Бола уларники, қандай қараса ихтиёр ўзларида. Сен кўпам жонсарак бўлавера. Мана кўрасан, Тангрим бизга ҳам фарзанд беради ҳали. Ўшанда болангни ҳумордан чиққунча парваришлайсан”, – деган эди эри. “Улар қиз болани фарзанд ўрнид
а кўришмётган бўлишса, айтинг, чақалоғини бизга беришсин. Ўзимиз катта қиламиз”, – деди Робия. Эри узоқ ўйланиб юрди ва ниҳоят янгаси билан акасига маслаҳат солиб кўрди. Бу гапни эшитиб Ойзода тарашадек ловуллаб ёнди. Шундан сўнг бу мавзуда қайтиб оғиз очилмади. Аммо тунлари чақалоқ йиғиси эшитилганда Робия барибир дераза остида мук тушиб, унинг тинчланишини кутадиган, унга қўшилиб ўзи ҳам йиғлайверадиган одатини канда қилолмади.
Гўдак яна ингради. Робиянинг қайрилма киприкларини майин патлари билан оҳиста сийпалаб ўйнаётган уйқу қушлари яна учиб кетди. Туннинг ҳам сийи битай деб қолган, ҳадемай тонг фаришталари эшик қоқиб қоладиган палла эди. Боягина чарчаб ухлаган гўдак яна куч ғамлади шекилли, бор овозда йиғламоққа тушди. Робиянинг юраги яна ҳаприқди. Таваккал қилиб деразадан мўралади-да, Ойзодани чақирди, деразани тақиллатди. Жавоб бўлмади. У деворга бошини тираганча чора ахтара бошлади. Шунда кутилмаганда хаёлига бир фикр келди-ю, аввалига сесканиб кетди, кейин эса зум ўтмай, шу фикр унинг қатъий қарорига айланди. “Шундай бўлиши шарт”, – деди у ва очиқ турган деразадан юрак ютиб ичкарига кирди. Бешик ёнига энгашиб, эҳтиёткорлик билан чақалоқнинг юзини очди. Унинг қўл-оёқларини бўшатиб, эгнидаги кўйлакчасини ечди. Кўйлаги жиққа ҳўл бўлиб кетган эди. У чақалоқни бешик ёнида ётган латта-путталарга ўради-да, бағрига маҳкам босиб, ташқарига чиқди.
Тонг маҳали Султоналининг уйида тўс-тўполон бошланди. Ҳаммалари йиғи-сиғи қилиб чақалоқни қидира бошлади. Аввал уй ичини, ҳовлини обдон қараб чиқишди. Кейин қўни-қўшнилардан суриштиришди. Чақалоқнинг бир кечада бешикдан ўғирлаб кетилиши бутун қишлоқни қўрқувга солиб қўйди. Ҳамма ҳайрон, ҳамма лол. Ниҳоят Робиянинг уйига кириб қарашганда ҳаммаси аён бўлди: бу ерда энди уни боғлаб турадиган ҳеч кими ва ҳеч нарсаси қолмаган аёл гўдакни бешикдан ўғирлаган-у, боши оққан томонга қочган. Уйқуси сийрак бир-икки одам саҳар чоғи бола кўтарган аёлнинг қуёшчиқар томонга қараб кетаётганини кўрганликларини айтишди. Миш-мишлар, ғийбатлар болалагандан-болалади. Ҳар ким хаёлига келганини ўйлайди, оғзига келганини гапирди. Бола ўғирлаган аёл эл оғзида достон бўлди. Бу достоннинг овозаси эса бу ерлардан жудаям олислаб кетган, сершовқин шаҳарнинг гадойтопмас жинкўчасида яшаётган Робиянинг қулоғига етиб бормади.
Қишлоқда эса ақл бовар қилмас ушбу воқеани одамлар бир неча йиллар кўпиртириб, семиртириб гапириб юришди. Аста-секин бўёғини йўқотиб, одамлар бутунлай гапирмай қўйганида орадан ўн етти йил ўтиб кетган эди. Бир куни чошгоҳ маҳали қишлоққа кириб келадиган йўл бошида одамлар оппоқ рўмол ўраб олган бир аёлни кўришди. Ёнида ой мисоли хушсурат қиз ҳам бор эди. Улар қишлоққа кираверишда аввал қабристонга йўл олишди. Майсалари қовжираб, қаровсиз қолган эски бир қабр атрофини супириб-сидиришди, қўлларини дуога очиб, узоқ тиловат қилишди. Аёл кафтлари билан юзини беркитиб йиғлади. Йиғлаганда елкалари учиб-учиб тушди. Бир қарашда у гўёки ич-ичидан кулаётганга ўхшаб кетарди.
Кейин улар қишлоққа оралаб кетишди. Султоналининг уйига етганда бир муддат тўхтаб, ўйланиб туришди. Бир-бирига далда бериб, ҳовлига астагина қадам қўйишди. Ерга тушган ўрикларни қарғаниб-қарғаниб тераётган Ойзода ҳовли ўртасида туриб қолган аёлни ва бу ерликларга сира ўхшамаган қизни кўриб, бир пас анграйиб қолди. Қаддини кўтариб, улар томонга аста-секин қадам ташларкан, хира торта бошлаган кўзларини қисиб тикилди.
– Робия! – дея бақириб юборди у ҳовли ўртасида мунғайиб турган аёлни таниб. Қўлидаги челак ерга тарақлаб тушди. – Қайтиб келдингми? Қизим қаёқда? – деди титраб-қақшаб.
– Ўғилой қаршингизда. Мана қизингиз, омонатингиз, – деди Робия кўзларидан ёш қуйилиб.
Султоналининг уйи бир зумда тўйхонага айланиб кетди. Унинг шаҳарлик бўлиб кетган таърифда тенги йўқ гўзал қизини кўргани бутун қишлоқ ёпирилиб келаверди.
– Тушимми, ўнгимми, азбаройи Худо, кенжамдан айрилдим деб, умидимни бутунлай узган эдим, – дея тинмай жаврар эди Ойзода.
– Болаларингиз яна кўпайгандир? – деди Робия.
– Йўқ, кенжамни ўғирлатиб қўйганимдан кейин Худо бизга бошқа фарзанд бермади. Лекин, ана, невараларимиз кўпайиб қолди.
Қизлар кенжа сингилларини бири олиб бири қўйиб қучоқлаб бағриларига босишар, ялаб-юлқашар эди.
– Ё Худоё қудратингдан, Робия, қизимни нима билан боқдинг-а? Бошқа қизларимга сира ҳам ўхшамайди. Кўз тегмасин, бунча гўзал бўлмаса бу қиз? – деб Ойзода терисига сиғмай қувонарди.
– Мен унга фақатгина меҳр бердим, холос. Бундан ортиқ ҳеч нарсам ҳам йўқ эди, – деди Робия. – Ўғилой – менинг бахтим, ҳаётим парчаси. Уни оқ ювиб, оқ тарадим. Ўқитиб, ҳунар ўргатдим. Бундай қўли гул чеварни бутун шаҳарни айланиб ҳам тополмайди ҳеч ким. У билан овундим, дардларимга таскин топдим, ҳаётимга мазмун кирди. Лекин энди у вояга етди. Қиз бола бировнинг хасми дейдилар. У ҳадемай турмушга чиқади, ўз мақсади, ўз ҳаёти балан яшайди. Обдон ўйлаб кўрдим, ота-онаси тирик бўлатуриб худди етимчадек турмушга узатсам, ўзимни у дунёю бу дунё кечира олмас эканман. Шунинг учун остонангизга бош уриб қайтиб келдим. У энди ҳамма сирдан хабардор. Ўшанда уни ўғирлашга қандай журъат топдим, олиб қочиб тўғри қилдимми ёки йўқми, ҳанузгача ўйлаб ўйимга етолмайман. Илтимос, бир қошиқ қонимдан кечинглар. Нима бўлганда ҳам мен ҳар лаҳзада фақат унинг бахтини ўйлаб яшадим. У албатта бахтли бўлиши керак. Мен борманми, йўқми, сизлар ҳам унинг фақатгина бахтли бўлишиг
а ёрдам беринглар.
– Сен оқила аёлсан, Робия, – дейишди ҳамқишлоқлар. – Ўшанда чақалоқнинг ўғирланганини эшитиб, ваҳимага тушган эдик. Бироқ уни сен олиб қочганингни билганимиздан сўнг асло ҳавотирланмадик.
Қиз ҳовлига чиққанида кимдир доира олиб келиб чала бошлади. Ўйин-кулги бошланиб кетди. Ўғилой бениҳоя чиройли рақсга тушди, опалари унга қўшилиб қийқиришди. Атрофга қоронғулик чўкканда эса қиз одамлар орасидан Робияни қидириб қолди.
– Онам қани? Робия онамни топинглар, – деди у жонсарак бўлиб.
Робияни ҳеч қаердан топишолмади. У бу ерлардан бутунлай бош олиб кетганини эрталаб билишди. Қишлоқ чўпонлари кеча шом маҳали оппоқ рўмолли бир аёлни қуёшботар томонга қараб кетиб бораётганида ғира-шира кўрганликларини айтишди.