Отаули. Сув (ҳикоя)

Кўпни кўрган ота-боболаримиз бутун олам ҳам, бани одам ҳам тўрт унсур – олов, ҳаво, тупроқ, сувдан таркиб топган дейдилар. Бу тўрт унсурдан ҳар бирининг ўзигагина хос энг бирламчи сифатлари бор: олов – муқаддас, ҳаво – беминнат, тупроқ – табаррук, сув эса, сероб! Агар форс тилидаги “об” нинг ўрнига туркий тилимиздаги “сув”ни қўйсангиз, мазмун-моҳият яна-да ойдинлашади: олам шу қадар серсувки, у бошқа уч унсур, ҳатто энг беминнат неъмати илоҳий – ҳаводан минг карра сероброқ! Зотан, инсон жисмининг ҳам, ер куррасининг ҳам тўқсон фоизи сувдан иборат! Булоқ, қудуқ ва ҳакозо ер ости сувлари, уммон, наҳр, баҳр, денгиз, дарё, сой, ариқ ва бошқа ер усти сувлари, қор, ёмғир, дўлдек осмондан ёғилувчи сув – оби раҳматлар!.. Хуллас, ер усти ҳам, ер ости ҳам, осмон ҳам сув, сув, сув! Оқар сув, кўлмак сув, қайнар сув, чучук сув, аччиқ сув, шўр сув, жилға, шаршара, шовва… Буёғи яна Қорасув, Оқсув, Бўзсув!.. Еттисувни айтинг, Еттисувни! Бу жаҳон айвонида қадимий Туронзаминимиздан бошқа бирон жойда яна бир “Еттисув” борми экан?! Бор бўлса Панжоб, яъни, Бешсув бордир, лекин Еттисув!.. Ҳойнаҳой фақат бизнинг Улуғ Туркистонимиз – Буюк Туронзаминимизда!..
Сувнинг ўзидан унинг хоссаларига ўтсангиз, ҳар қадамда яна-да ажойиб-ғаройиб манзараларни кўраверасиз: қовун, тарвуз, ўрик, узум, анор, нок, олхўри ва ҳакозо “ҳўл мевалар” деб аталувчи ноз-неъматларнинг асл моҳиятига қарасангиз, уларнинг барчаси шунчаки сувдан иборатлигини кўрасиз! Бир хил чучук сувдан сархил, сархил бўлганда ҳам, шунчаки чучук эмас, бири биридан ширин-шакар беҳад-беҳисоб меваларни яратиб қўйган Парвардигори Оламнинг яратувчилик қудратига қойил қолмасдан иложингиз йўқ! Биз хом сут эмган бандалар-чи? Бу кўзимизга аён кўриниб турган илоҳий мўъжизадан зиғирча ибрат оламизми? Сувдан нима ярата оламиз-у сувнинг ўзини нима қиламиз? Кўп ҳолларда тиниқ сувни лойқалатиш-у тоза сувни булғалашдан бошқа қўлимиздан нима келади, қани, очиғини айтинг! Бир томчи сувдан, дейлик, бир дона тут мевасини ярата оламизми?! Қанчалик қудратли, қанчалик бунёдкор бўлмайлик, бир қарашда энг оддийдек туюлувчи ишларда шунақанги ожиз-нотавонмизки, шунинг учун ҳам бизнинг энг бирламчи таърифимиз – “бандаи ожиз”! Шу ҳолимизга қарамай яна бир-биримизнинг бошимиздан мағзава ағдариб, тагимизга сув қуйишни хуш кўришимизга нима дейсиз!
Ҳикоямиз бутун умр сувнинг сифатлари-ю ҳоссаларини илмий ўрганиб яшаган бандаи ожизлардан бири ҳақида, унинг умри, кўргиликлари, инсоний қисмати ҳақида.
“Умр – оқар сув” дейди донишманд халқ. Ҳа, одам боласининг умри не бир шовва-ю шаршаралардан ҳам жадалроқ равишда шунақанги шиддат билан шовиллаб-шариллаб оқувчи сув эканки, вақти келиб шаштига энг қудратли зоти олийлар ҳам тоб беролмай қолади. Ахир, мана, қаҳрамонимизнинг ҳам болалик кезларида Орол денгизи сувида чўмилиб юргани куни кечагина эмасмиди?! Холбуки кўз очиб юмгунча бўлмай пайғамбар ёшини қоралаб турибди-я, буни қаранг! Олтмиш икки йиллик умрини қандай яшаб қўйди ўзи?! Намунча тезоқар сув экан одам боласининг умри?!.
Бировники ўтдан, бировники сувдан деганларидек, ҳар бир инсон ўз умри, бутун фаолияти, борлиғи, хонумонини нимагадир бағишлайди-да, ўз толеини ана ўшандан кўраверади. Бизнинг қаҳрамонимизнинг етти пушти қадимий Хоразм воҳасида от суриб ўтган мироб бўлганидан кейин, табиийки, у ўз умрини ўтга, тупроққа, ҳавога эмас, сувга бағишлади. Яхшиликни ҳам, ёмонликни ҳам – нимаики кўрган бўлса – ана ўша сувдан кўрди! Худога шукур, ҳам асли-наслига мос, ҳам сўзнинг туб луғавий маъносидаги МИРОБ бўлди. Не бир мирларнинг энг сўнггиси, “кенжа ботир” деса бўладиган мироб! Қирқ йил мобайнида Орол денгизидан бошлаб то Чорвоқ сув омборига қадар жамики сув ҳавзаларидаги ичимлик сув миқдорининг хисоб-китоблари-ю унинг аҳоли жон бошига тақсимоти масалалари билан муттасил шуғулланаверганидан кейин… Тўғри, улкан сувшунос олим атанди-ю, лекин… мана, сувдек оқиб ўтган умрининг ҳам шарти кетиб парти қолиб турибди-да! Ана шуниси чатоқ-да! Энди қолган умрида мўлжаллаган ишларини амалга ошириб улгурса эди! Не бир ҳамкасб биродарларига ўхшаб, нақ аросатда ер тишлаб кетмай, мурод-мақсад манзилларига омон-эсон етиб, паймонаси лимо-лим тўлиб кетса эди бу ёруғ оламдан!..
Ўзингиздан қолар гап йўқ, бугунги кунда сув бўйича мутахассис “мироб” деб аталмайдиган бўлиб қолди. Сўзнинг ярми туркийлашиб, айни чоғда, “мир” деган қадим туркий сўздан йироқлашиб, “сувсоз” деб юртиладиган бўлди! Асли юнонча “гидролог” сўзининг ҳозирги ўзбек тилига айнан таржимаси шунақа-да! Холбуки бу сўзни фақатгина “сувсоз” эмас, “сувшунос” дея таржима қилиш ҳам мумкин. Тилимизнинг ифода қудратини кўрингки, далага сув тараётган деҳқон – “сувчи”, сув билан иш кўраётган қурувчи – “сувоқчи”, оҳорли буюм – “сув янги”, оламдаги энг арзон неъмат – сув текин, сувни махсус қурилмалар орқали керакли жойларга етказиб берувчи мутахассис – “сувсоз”, сувнинг таркиби-ю сув ҳавзаларининг хоссаларини илмий тадқиқ қилаётган олим эса, “сувшунос”, русча айтадиган бўлсак, “водник”!.. Бизнинг қаҳрамонимиз, гарчи асли-насли мироб бўлса-да, аслида сувнинг эгаси эмас, ниҳояти сувшуносгина. Аниқроқ айтганда, бугунги кунда мамлакат қишлоқ хўжалигининг ирригацияси ва мелиорацияси масалалари билан машғул қишлоқ хўжалик фанлари доктори. Бинобарин, бу сувшуносни истасангиз – сувчи, истасангиз – сувоқчи, истасангиз – сув янги соҳанинг асосчиси дейверасиз. Шундайликка шундай-у, лекин… “Сув оқар-у тош қолар, ўсма кетар, қош қолар” деганларидек, мана, кейинги йилларда нақ юрагида бир тошдеккина тугун… нимагадир ечилмайди, эримайди, оқмайди, тобора ҳувиллаб бораётган бўм-бўшгина юрагининг туб-тубида ҳарсангдек туради-қўяди. Тошга айланган кўнглини юмшатиш йўлларини қидиради. “Кўнгли қаттиқ дилозордан худо безор!” У-ку, ҳеч қачон ҳеч кимга дилозорлик қилмаган. Дилозорлик қиладиганлар бошқа! Бас шундай экан, нега бағритошлар эмас, айнан унинг кўнгли тобора қаттиқлашиб, дилидаги меҳр-муҳаббат-у кўнгилчанликнинг ўрнини нафрат-у қаҳр-ғазаб ҳислари тобора мустаҳкамроқ ишғол қилиб бормоқда?!.
Одатда улкан шаҳарнинг қоқ марказида яшаб турган аксарият мардум истаган пайтида жўмракни бураб, хоҳласа – иссиқ сув, хоҳласа – совуқ сувдан баҳузур-бамайлихотир фойдаланаверади. Лекин шу серобгина неъматнинг қаерларда қандай чиғириқлардан ўтиб, қанчалик узоқ йўл босиб, қўл остига қандай етиб келаётгани билан қизиқиб ўтирмайди. Буни билишни истамайди ҳам! Холбуки бу “оби ҳаёт” – “тириклик манбаи” деб аталувчи энг бирламчи неъмат, айниқса, улкан шаҳарда яшайдиган одамлар учун… ҳар бир томчиси тиллога тенг! Дарё соҳилида яшаб турган одамлар учун балки “Олдингдан оққан сувнинг қадри йўқ” деганлари тўғри бўлса тўғридир. Лекин миллионлаб одамлар ғуж бўлиб яшайдиган улкан шаҳарда бу неъмат шунақанги қадрлики!.. Эътиборингиз учун, бундан қарийб бир ярим аср аввал чор Россиясининг қудратли қўшини Тошкентдек шаҳри азимни қамал қилиб, забт этолмай боши қотиб турганида бир сотқин – ўзингдан чиққан балонинг маслаҳати билан босқинчилар шаҳарга кириб келаётган Бўзсувни бошқа ўзанга буриб юборганлар! Қарабсизки, тириклик манбаидан маҳрум этилган шаҳар аҳли кўп ўтмай “ўз ихтиёри билан” босқинчига таслим-у озодликдан маҳрум бўлган-қўйган! “Ўт балоси, сув балоси, туҳмат балосидан асрагил худо!” деган ҳикматли гапни кўпни кўрган халқ бежиз яратмаган, албатта. Бу жаҳон айвонида ўт балоси-ю сув балосидан ҳам даҳшатлироқ туҳмат балоси, сувдан ҳам ўт чиқаришга устаси фаранг ўтёқар-балохўрларнинг кирдикорлари!.. Оҳ, улар озмунчами!.. Мана, узоққа бормай, шу бизнинг қаҳрамонимизни оладиган бўлсак, унинг ҳам олтмиш икки йиллик умри, бутун тоат-ибодати, куч-ғайрати, шиддат-шижоатининг ярмидан кўпи, баайни шамол тегирмонининг парраги билан курашаётган Дон Кихотдек, бундай кирдикорларга қарши курашиш, уларни имкон қадар “авра-астарини ағдариб”, кўрар кўзларга аниқ-равшан очиб кўрсатишга сарфланди – сарфланиб битаёзди!..
Эсида, бундан ўн йилча аввал балохўрлар ўзини саккиз тарафдан қаттиқ исканжага олиб қолганларида сувшунослик илмий тадқиқот институтининг собиқ директорларидан бирининг олдида бошини чанглаллаб ўтириб шундай арзи ҳол қилган эди: “Мана, ўн олти йилдан буён шу даргоҳда куч-қувватимнинг ярмидан кўпроғи бошимга қай тарафдан қандай бало ёғилар экан деб, улардан ўзимни ҳимоялашга сарфлаяпман! Мендан нима исташади анови янги пайдо бўлган навбатдаги балохўрлар ўзи, ҳеч тушунмаяпман?!.”
Худога шукур, ўшандан буён орадан ўн йилдан кўпроқ вақт ўтиб, 62 ёшга кирди! Шу бешафқат йиллар мобайнида ҳам озмунча балохўр кўрдими! Энди биридан қутулдим деб енгил нафас олиб турганида иккинчиси пайдо бўлади. Ундан ҳам қочиб қутулдим деб турганида яна бири олдида кўндаланг бўлади! “Ана, балохўр!”, “Мана, балохўр!”, “Ҳов ана, яна биттаси!” дея кўрар кўзларга нуқиб кўрсатавериб, балодан қочиб қутулиш умидида ҳаллослайвериб ҳолдан тойди, очиғи. Оқибат-натижада кейинги йилларда бирдан қариб-мункиллаб қолди, лекин… Бу атроф-жавонибда ўзингдан чиққан балолар-у балохўрлар сони… зиғирча бўлса ҳам камайдими экан?! Қанийди улар тинчига қўйиб, ўзи қариган чоғида тинчгина “аравасини судраб” яшай олса!
У компютер кўзгусига термулган кўйи ишини давом эттиришга ҳафсаласи бўлмай, мискинона хаёлларга чўмиб ўтирар экан, болаларининг онаси навбатдаги “хушхабар”ни кўтариб хонага кирди:
−Ҳозиргина катта қизимиз қўлимга қўнғироқ қилди, адаси! Нурободдаги икки хонали уйимизнинг Рафиқ деган янги оқсоқоли қўлига сим қоқиб, “Қўшнилар билан йўлак олдида турибмиз, уйингиздан биринчи қаватга сув оқяпти экан. Агар тез келиб тўхтатмасангиз сизларни судга берамиз. Кейин биздан ўпкаламай ўзларингиздан кўрингизлар!” депти. Қизимиз “Уйимизга қўнғироқ қилиб, адам билан гаплашинг” деган экан. Ҳали-замон қўнғироқ қилиб қолса керак, адаси, нима дейишингизни ўйлаб, тайёр бўлиб туринг!
Беихтиёр қони қайнаган бўлса-да, ўзини ўтакетган совуққон-боқибеғамдек тутди. Гўё ҳеч нима бўлмагандек хотинига кулиб қараб “Хўп, онаси, хўп!” деди-ю ёлғиз қолганида… табассуми аччиқ заҳархандага айланди. “Тайёр бўлиб туринг!” эмиш! Худди бир пайтлар Ленин деган устаси фаранг тарбия қилган пионерлардек, “доим тайёр”-ку у! Ўзи ҳам, сўзи ҳам, асаби ҳам, бутун хонумони ҳам тап-тайёр! Мана, навбатдаги дилхиралигу дилозорлик, наинки оддийгина дилозорлик, ошкора дағдаға-пўписа, таҳдид-тааддини даъф қилишга тап-тайёргина бўлиб шайланиб турибди!
Ё фалак! Бу тағин нимаси, а? Ўттиз йилдан буён шаҳри азимнинг қоқ марказидаги сувшунослар учун қурилган махсус уйда сувшунос қўшнилари билан ёнма-ён яшайди. Мана, ўттиз йилдирки, шундоққина бош устида бир ҳамкасби қулай пайт пойлаб, кутилмаганда бошидан сув қуяди-туради. Ўттиз йил аввал шу уйга энди кўчиб келиб, уй тўйи ўтказганидан кейин, ёзги таътилдан қайтиб келсалар, тўрт хонали уйнинг бутун шипидан қайноққина шиптир сув томчилаб-сизиб-жилдираб турибди. Уйнинг заҳ ҳавоси буғ билан шунақанги тўйинганки, нақ ҳаммомнинг буғхонаси дейсиз! Чопқиллаб устки қаватга чиқди. Маълум бўлдики, иссиқ сувнинг қувури кутилмаганда ёрилиб кетибди! Ўзлари ҳам кечроқ билиб қолишибди!.. Ҳали ғайрати танига сиғмайди, тоғни талқон қилгудек ўттиз уч ёшдаги эркак, кўнглида ўзининг порлоқ келажаги-ю битмас-туганмасдек туюлувчи куч-ғайратига, қолаверса, одам боласининг табиатан олижаноблигига ишончи мустаҳкам! Қўшнига “Ҳа, энди шунақасиям бўлиб туради-да! Кутилмаган офат-да бу, табиий офат! Бутун бошли одам ўлиб кетяпти-ю, темир қувур ёрилмасинми!” дея ҳазил-ҳузул қилиб… болалари билан бирор ҳафта чироқ ёқолмай шам ёруғида амал-тақал кун ўтказди. Шип билан деворлар қуригач, отнинг калласидек пулга бутун чироқ тизимини янгилатганидан кейингина бир муддат енгил тортди.
Лекин “бир муддат”гина, холос. Йиллар ўтиши билан шунга тобора қатъийроқ амин бўлдики, ўқтин-ўқтин бошидан сув қуйилиши… аслини олиб қаралганда, тасодиф эмас, ўзига хос қонуният экан! Аввал-бошда “Шунинг бошидан сув қуйиб қақшатаверасан!” деган кўрсатма билан кўчиб келганми шу уйга бу қўшниси, нима бало! Бутун уйини таъмирдан чиқариб бўлиб, эндигина енгил нафас олиб турганида… Кунлардан бир куни эрталаб туриб қарайдики, бутун шипдан баайни жилға жилдираб, янги бўёқларни алвон рангларга “бежаб” турибди! Бошидан сув қуйиш учун таъмирни тугатишини муштоқлик билан кутиб турганмидинг, ҳой ноинсоф, дея сўраб бўлса кошки! Шайтонга ҳай бериб, тишни тишга қўйиб, қўшнига Худодан инсоф тилаган кўйи уйини қайта таъмирдан чиқариб, тўй тараддудини кўрар экан, “Эртага меҳмон кутамиз!” деб турганида… “Эски ҳаммом, эски тос” деганларидек, яна ўша аҳвол! Бош усти-ю тўрт девор сув, сув, сув!.. Бундай “Тўфон сувига ғарқ қилиш усули”нинг тасодиф эмас, қонуният эканига, жумладан, шу бир гапга қараб ишонч ҳосил қилдики, ўша бош устидаги қўшнисининг хотини кунлардан бир куни болаларининг онасига оғзидан гуллабди: “Эски уйимизда тўққизинчи қаватда яшайдиган бизнинг дастимиздан биринчи қаватда яшайдиган қўшнимиз ахийри қочиб қутулган!..”
Гап тагидаги гапни тушуняпсизми?!. Начора, унинг қочиб қутуладиган жойи йўқ! Бинобарин, қўшниси билан муроса-мадора, яхши муомала қилиб, ёмонликни яхшилик билан енгишдан ўзга чораси йўқ! Лекин дам ошхонанинг, дам ҳожатхонанинг йўғон-ингичка қувурлари устидан, дам ҳаммомнинг шипидан ўқтин-ўқтин мағзава сув оқавергач… нима қилса бўлади?! “Жон қўшни” билан қандай ади-бади айтишмай, ҳақ-ҳуқуқ талашмай, сан-манга бормай, “масала”ни тинч йўл билан ҳал қилиш мумкин?! Аввалига “Сувшунос сифатида ўзингиз ҳам яхши билсангиз керак, қўшни, бу сув деган жонивор қувурнинг сиртидан эмас, ичидан оқиши керак, қоидаси шунақа!” қабилидаги ҳазил-ҳузул гаплар қилди. Пастки қаватдаги қўшнилари шикоят қилиб чиққанларида уларга ҳам “Сизларга оқиб тушаётган сувнинг бош манбаи, эътиборингиз учун, менинг қўл остимда эмас, бош устимда, бир қават юқорида!” сингари ҳазиломуз гаплар билан “масала”ни аниқлаштирди. Лекин… унисининг бошидан сув қуйишлари, буларининг ниҳояти шикоят ё танбеҳ эмас, ошкора дўқ-пўписалари, дағдаға-маломатлари тобора кучайиб ҳам сурункали тус олавергач, бошқа қўни-қўшнилар билан маҳалла фаолларини уйига бошлаб кириб, кўзларига кўрсатди-да, ёлворди: “Илтимос, жон акалар, бир қўшним – тепамда, бир қўшним – пастимда яшаб, иккови ўзаро тил бириктириб олиб, икки ўртада мени сиқувга олишяпти: униси бошимдан сув қуяди, буниси айблайди, хуллас, тинчгина яшагани қўймайди. Одам боласини ўз ҳолига қўйиш шу-унчалик қийинми?! Мени шу балодан қутқарингизлар, жон акалар!..” Бари беҳуда! Йиллар ўтиши билан дилозорликлар-у дилхираликлар ошса ошиб бордики, асло камаймади. Бу ғалвадан қандай қутулиш мумкин?!.
Етти йилча аввал – ўзи роппа-роса эллик беш ёшга тўлганида ҳорижда ўқиб келган ўғлининг шарофати билан тоғ ичкарисида жойлашган сўлим бир маскандаги тўрт қаватли уйнинг иккинчи қаватидан яхши ниятлар билан икки хонали уй сотиб олди: шоядки эрта бир кун нафақага чиққанида шаҳри азимнинг қоқ марказидаги тўрт хонали уйини ўғлига бутунлай топшириб, ўзи болаларининг онаси билан қариган чоғида баҳаво жойда соғлигига қараб тинч-хотиржам, баҳузур-бамайлихотир, балодан овлоқ яшаса! Ўттиз йил мобайнида роса қақшаган, балки кимлардир – дасти узун кимсалар томонидан атайин қақшатилган асабини қариган чоғида бамайлихотир тиниқтирса!..
Мана, ўшандан буён, ўзи олтмишдан ошиб нафақага чиқди, лекин, ё фалак, шу вақт ичида дилхираликлар-у дилозорликларнинг қоқ ярми шаҳри азим марказидан тоғнинг ичкарисига кўчди. Бир ташвиши икки бўлди! Кўпинча асабимни тиниқтириб баҳузур дам олиб қайтаман деган умидда тоққа бориб, асаби баттар қақшаб қайтадиган бўлиб қолди. Худди атайин қилгандек, у ёқда ҳам ўқтин-ўқтин бошидан сув қуйилади-туради, бунисига нима дейсиз! Гўё кимлардир – ана ўша дасти узун кимсалар “Овора бўласан! Осмонга чиқсанг – оёғингдан, ерга кирсанг – қулоғингдан тортиб, қақшаганни баттар қақшатавериб адойи тамом қиламиз!” дея қаттиқ қасдланиб тугандек. Ҳатто бир борганида, не кўз билан кўрсинки, қувурлар устидан сизиб оққан сув ҳожатхона деворини ўпириб, пастки қаватга каттагина туйнук очиб қўйибди! “Томчи тошни тешар” деганлари шу бўлса керак-да! Унча-мунча куч қўпоролмайдиган тош-метин деворни, агар ишқор бўлмаса, оддийгина сув қандай ўйиб ташлаши мумкин?! Оқар сувнинг кучини қаранг-а! Пастдаги қўшнисига “Бошимиздан сув эмас, тош ёғилишга ўтдими энди?” дея ўзича кулиб “аския” қилган бўлди. Устки қаватлардаги уй эгаларини базўр топтириб, оқар сувни тўхтаттириб хотиржам бўлгач, икковлон баҳамжиҳат туйнукка ямоқ солдилар. Шу билан ҳам, минг афсуски, олам гулистон бўлиб қолмади. “Тоғ бағрига сафар-саёҳат”нинг ҳар иккисидан бирида биронта ишкал чиқади-туради! Мана, бир ҳафтагина аввал, азбаройи ўғил уйлаб-қиз чиқариш олдидан бу уйни бўшатиш, у уйни тузукроқ жиҳозлаш учун бир юк машинасида лиқ тўла темир эшик, панжара, юмшоқ ўриндиқ ва ҳакозо ашқол-дашқолларни обориб жойлаштириб, чироғини қайта ёқтиргач, биринчи қаватдаги қўшнисига “тантанали эълон қилди”: “Ёз чилласида бирор ой шу уйимизда яшамоқчи бўлиб турибмиз-да энди, қўшни!” Орадан уч кунгина ўтиб ёнида бир уста билан темир эшикни ўрнаттиргани борса, не кўз билан кўрсинки, бу ерда ҳам тағин эски ҳаммом-эски тос: қувурлар устидан яна сув сизиб бошлабди! Темир эшик ташвиши билан андармон бўлиб кетар чоғидагина сўраб-суриштирган эди, на остки қават, на устки қаватда қўшни йўқ, уйнинг оқсоқоли ҳам! Ночор-ноилож шаҳарга қайтиб кетди. Мана, энди…
Маҳалланинг янги оқсоқоли уйига қўнғироқ қилганида имкон қадар шайтонга ҳай бериб босиқлик билан аҳволини тушунтирди-да, унинг олдига биргина саволни кўндаланг қўйди: “Оқсоқол сифатида бош устимдан қуйилаётган сувни тўхтатишга кучингиз етадими, ака, токи мен уйимни яна бир марта қайта таъмирдан чиқариб, сўнг тинч-хотиржам яшасам?,.” Оқсоқол хушмуомалагина экан, қизига қилган дағдағаларини унга ҳам такрорламади, аксинча, “Ҳаракат қиламан, ака!” деб ишонтирди.
Оқсоқолнинг ваъдасига ишонишга ишонди-ю лекин, барибир, хотиржам бўлолмади. Кимлардир бошидан сув қуйишга қаноат қилмай, темир эшикни ўрнатиб улгуролмаганидан усталик билан фойдаланиб, “Ана энди ўзингдан кўр!” дея оқаётган сувни тўхтатиш баҳонасида ўз гумашталарини уйига бостириб киритиш, бир машина юкини талон-тарож қилдириб, ўзлари зимдан ҳолини томоша қилиш иштиёқида ёниб турган бўлса-чи? “Камбағални урма-сўкма, чопонини йирт” деган истеҳзоли гапни шуларга ўхшаганлар айтган бўлсалар эҳтимол, ахир!.. Яхшиямки, эртасига шанба – ўғлининг қўли бўш эди! Онаси учовлон машиналарига ўтириб, юрак ҳовучлаган кўйи “сўнгги манзил”га етиб бордилар.
Худога шукур, уйда тинчлик-осойишталик! Ёғоч эшикнинг қулф-калити ҳам жойида! Кўнгли бир нави таскин топди. Лекин ичкарида ўша-ўша манзара: ҳожатхонанинг йўғон-у ингичка қувурлари устидан бир маромда сув сизиб турибди! Оқсоқолнинг ваъдасига вафо қилишига неччи кун керак?! Ўзи бошида турмагунича бу лаънати қувурлар қуриб, оқар сув балосидан қутулолмайди, шекилли?.. Қўшнидан манзилини олиб, ўғли иккови янги оқсоқолнинг уйини базўр қидириб топиб бордилар. Машиналарига ўтқазиб олиб келиб, пастдаги қўшни икковининг кўзларига яхшигина кўрсатдилар: “Мана, аҳволимиз! Биз айбдор эмас, пастдаги қўшнимизга ўхшаш жабрдийдамиз, холос! Ўз кўзингиз билан кўриб ишонч ҳосил қилдингизми?..” “Ишонч ҳосил қилдим-у, лекин энди сиздан бир илтимос, ука! – деди оқсоқол унга синовчан тикилиб. – Энди сиз бир ариза ёзиб беринг, биз айбдорни судга бериб жазолаганимиз бўлсин!”
Бу гапнинг замиридаги асл муддаони яхшигина тушунган одамнинг асаби қанақасига қақшамаслик мумкин?! Эсида, бир пайтлар ўзи билан бир тенгдошининг номзодлари бараварига бир унвонга қўйилган эди, у ўзига эмас, тенгдошига раво кўрилди. Буниси етмагандек, унвон бериладиган тантанали мажлисга махсус таклифномани ўша тенгдошига топшириш, одам қуригандек, келиб-келиб ўзига топширилса бўладими! Таклифномани обориб берган чоғида ўша тенгдошидан ўзи эшитган ҳақоратлар!.. Бу қанақаси? Яхшиликка ёмонлик, хизматга туҳмат бундан ортиқ бўлмас!.. Энг қизиғи кейинроқ чиқди: гап нимадалиги – нима гаплигини роса сўраб-суриштирган раҳбари кутилмаганда таклиф қилиб қолди: “Ўша тенгдошингиз сизни нима деб ҳақорат қилганини бизга ёзиб беринг, унинг танобини тортиб қўяйлик!” Таклиф замиридаги пировард мақсадни яхшигина тушунгани боис ўшанда бўғилиб уқтирди: “Сиз нима бўлганини сўрадингиз, мен жавоб бердим – шу билан тамом. Мен ҳеч кимга ҳеч кимнинг устидан ёзма шикоят қилмоқчи эмасман. Бир ками қадрдон биродарларимдан бири билан судлашиб юришим қолувди! Қолаверса, шикоятимни ўқиганлар “У еб, бу қуруқ қолгани учун ғайирлиги келганидан ёзибди!” деб ўйлашлари аниқ!..”
Шундай тушунтиришлар билан бир балони эндигина даъф қилиб турганида яна бир бало чиқиб қолса бўладими: тағин бир ҳамкасб биродари ёнида иш бошлади-да, орадан тўрт-беш ой ўтар-ўтмас бошқа ишга “кўтарилиб кетди”. Кета туриб унга айтдики, “Манови қўлёзмани сизга қолдириб кетяпман, эгаси сўраса қайтариб берарсиз!” Илтимос замиридаги шумликни сезгани боис темирни қизиғида босди: “Қўлёзмани кимдан олган бўлсангиз ўшанга топшириб, орани очиқ қилиб кетинг, дўстим, майлими, мени бу ишга аралаштирмашанингиз маъқул!” Асли ишга келиш-кетишдан асосий муддао шугина бўлганми, қайдам, ҳамкасби унинг илтимосини инобатга олмай, хайр-маъзурни нася қилиб кетиб қолибди! Орадан салгина ўтиб юқори маҳкамаларга ёзилган шикоят хатлари бирин-кетин келаверди, қўлёзма эса, учди-куйди – йўқ бўлди! Уни айблаб бошлаганларида яхшигина тушунтириш берди: “Ўша ҳамкасбим бошқа қитъага кўчиб кетгани йўқ, мана, телефон рақами, қўлёзмани нима қилганини марҳамат қилиб аниқлаштираверинг-да! Мендан нима истайсизлар ўзи, тушунмаяпман?!.”
Орадан бирор ой ўтиб, йўқолган, балки атайин йўқотилган қўлёзманинг эгаси судга шикоят ёзган экан, ўша ҳамкасби билан яна бир биродари икковлашиб қисталанг қилишди: “Суд йиғилишига кетяпмиз, масалага дахлдор масъул ходим сифатида, қани, сиз ҳам бирга юринг-да энди!” Таклифни эшитиб кулишингни ҳам, йиғлашингни ҳам билмайсан киши! “Деҳлавий била Жомий тутиб икки қўлум, Низомий сори бошладилар йўлум”. Бу иккови – Деҳлавий билан Жомий, “суд” деганлари – Низомий бўлса эканки, ҳазрат Навоийга ўхшаб, хурсанд ҳолда ўртага тушиб йўлга равона бўлаверсанг киши! Ночор-ноилож кулиб туриб чап берди: “Сизлар бемалол бориб истаганча судлашаверингизлар! Лекин менинг йўқолган қўлёзмага ҳам, судга ҳам ҳеч бир алоқам йўқ!..”
Бир амаллаб тупуклаб бўлса-да ёпиштиришга қаратилган “суд” деган балодан бир эмас, икки карра қочиб қутулганида, энди… манови янги оқсоқол билан эски қўшни “Сени жабрдийда сифатида бўлса ҳам судга обормай қўймаймиз!” дея ўзларича қасдланиб туришибдими, нима бало! Ўша тенгдоши-ю қўлёзма эгаси билан судлаштирмоқчи бўлаётганларнинг кимлиги унга беш қўлдек маълум – туғма балохўрлар эди! Лекин энди… тепа қаватдаги кимлигини ҳеч қачон кўрмаган-билмаган аллақандай мубҳам одам билан судлашиши қолувди! Жанжални пулга сотиб олиш учун қулай пайт пойлаб ётган уришқоқ кимса бўлса-чи?.. Беихтиёр асаби қақшади: “Шу гапни ўйлаб гапиряпсизми, акажон?! Мен ҳеч кимнинг устидан шикоятбозлик қилган эмасман, бундан кейин ҳам қилмоқчи эмасман! Нима, ўзим танимайдиган-билмайдиган одамлар билан пачакилашишдан бошқа ишим йўқми менинг?! Ё сиз ҳам мени ўтдек куйдириш учун махсус топшириқ билан янги ишга келганмисиз? Айб кимдалигини кўзингизга кўрсатдим – ўз кўзингиз билан кўрдингиз, бўлди-да, икки ўртада ариза ёзишга бало борми энди! Оқсоқол сифатида айбдорни тартиб-интизомга, муроса-мадорага чақираверинг-да! Сизнинг ишингиз муросаси келишмай қолган қўшниларни яраштиришми, ё аксинча, икки ўртада ўт ёқиб уларни уриштиришми?!.”
Янги оқсоқол бундай дангал гапларни кутмаган, шекилли, бирдан шаштидан тушиб, “Бўпти, ука, энди буёғини менга қўйиб бераверинг, тепадаги қўшниларингиз билан ўзим гаплашиб, ноҳақликка чек қўяман!” деди.
Икковлон пастки қаватда яшайдиган қўшни билан қуюқ хайрлашиб, бирга-бирга уйдан чиқар эканлар, кўнгли ёришди. Маҳалла оқсоқолини қўлтиқлаган кўйи унга миннатдорчилик билдирди: “Шу охирги гапингиз асл эркакларча гап бўлди, очиғини айтсам, ака! “Эр бошига иш тушса этик билан сув кечар” дейдилар. Бир умр этик билан сув кечиб яшаётган фидойининг бошида ёнғоқ чақиб, ўқтин-ўқтин бошидан сув қуйиб қақшатавериш… чинакам эркакнинг ишими, умуман, шу иш инсофданми, ўзингиз ҳақлигингизни айтинг?! Ғаламисликнинг ҳам чеки-чегараси бордир, ахир?.. Начора, сиз мени асаби қақшаган ҳолатда кўриб-таниб турибсиз! Аслида мен ҳам бу дунёнинг ишларига куйиниб эмас, кулиб қарашни жуда-жуда истайман, чунки табиатан хушчақчақ одамман! Ахир, мен Хўжа Насриддин афандининг қариндошиман! Хоҳласангиз, ҳали кайфиятим яхши бўлганида унинг латифаларини истаганингизча айтиб бераман, хўпми? Энди бир-биримиз билан хурсанд ҳолда кулиб кўришиб турайлик майлими, акажон?..”