Ашурали Жўраев. Оқсоқол (ҳикоя)

Фидоий инсон Бобоқул Турдиевнинг порлоқ хотирасига бағишлайман

Дарвоза бугун ҳам тонг отар-отмасдан тақиллади. Аллақачон уйқудан уйғониб покланиб, калима қайтариб ўтирган Бекназар тоға оёғига калишини илиб, дарвозахона томон илдам юрди.
— Кираверинг, дарвоза очиқ, — деди у.
Ҳақиқатан дарвоза очиқ эди. У кишининг дарвозаси ҳеч қачон на ичкари, на ташқаридан бекилмаган. Ичкарига кирган уста Расул тез-тез юриб келиб, Бекназар тоға билан қўл бериб саломлашди.
— Ассалому алайкум, оқсоқол. Кечирасиз, эрталабдан безовта қилдим, — деди у кўришаётиб.
Ҳеч ким Бекназар тоғани исми билан чақирмасди. Қишлоқдагилар бирдек у кишини оқсоқол дерди. Аслида оқсоқол бировнинг фатвоси ёки тавсияси билан расман сайланмаган эди. Одамлар меҳрини қозонгани учун ҳам уни меҳр билан шундай аташарди…
— Ҳечқиси йўқ, Расулбой. Келинг, марҳамат, — деб ўнг томондаги эшиги очиқ, меҳмонхонага таклиф қилди.
Тонгнинг тоза ва нурафшон нурлари аллақачон хонани ёрита бошлаган эди. Оқсоқол уста Расулнинг бирор жиддий юмуш билан келганини унинг безовта хатти-ҳаракатларидан пайқади.
Оқсоқол хона ўртасидаги хонтахтада турган гуллик дастурхонни ёзди. Ҳаял ўтмай қизи салом бериб, чой олиб кирди. Уста Расул нуқул оғиз жуфтларди-ю, гапни қандай ва нимадан бошлашни билмасди. Нуқул “кечирасиз, оқсоқол”, “безовта қилдим, оқсоқол”дан нарига ўтмасди. Дарди бўғзида эди-ю, айтолмай қийналарди.
— Тинчликми, Расулбой? — деди оқсоқол чой узата туриб.
— Тинчлик, оқсоқол, шу… — чайналди уста Расул.
— Тинчлик бўлса, нега эрталабдан безовта бўлиб юрибсиз?
— Кеча ҳў, Дархондаги Фозил дўхтирнинг янги уйини томини ёпиб бердим. Бир пиёла чой ичайлик, деб қўймади. Бир маҳал анови шайтоннинг “суви”дан ҳам иккитами, учтами олиб келди. Шу сабилдан бир-икки пиёла тортиб юборибмиз денг. Уйга қандай келганимни билмайман. Нима сабаб бўлиб, хотинни бир-икки тарсаки урибман. Кечаси билан йиғлаб чиқди бечора. Эрталаб турсам, оқсоқолга бораман, деб йиғлаб ўтирибди. Шунга ўзим келдим. Жуда уят иш бўлди.
— Хотин урадиган қилиғингиз йўқ эди-ку, Расулбой? — деди оқсоқол овозини сал кўтариб.
— Энди бир аҳмоқчилик қилдик-да, кечиринг оқсоқол.
— Уни хурмачангизга сиқса ичинг. Иложи бўлса, шу сабилни ичманг, ташланг, Расулбой. Ичиб ҳеч ким барака топмаган, ука. Сиз иморат соладиган устасиз. Уста ҳамиша ҳалол-пок юриши, тешани ҳалол қўл билан ушлаши керак. Ичкилик имондан айиради.
— Кеча бир бўлиб қолди-да. Энди такрорланмайди, оқсоқол. Тавба қилдим. Уйимизга ўтиб келинга ҳам тушунтирсангиз. Бўлган воқеани қўни-қўшнилар ҳам эшитиб юрмасин. Келинингизнинг уйига ҳам етиб бормасин. Эшитиб қолса, қайнота билан қайнона ҳам хафа бўлади. Ўртага совуқчилик тушади.
— Ожиз эркак хотинни уради. Жуфту ҳалолига қўл кўтарган эркакнинг охирати куяди, ука. Оиладан фаришта қочади. Нотўғри қилибсиз! — деди оқсоқол кескин. Сўнг бироз юмшаб. — Сиз бораверинг. Мен ҳам бир пасдан сўнг ўтаман. Келинга яхши гапириб туринг.
Фотиҳадан сўнг, уста Расул “Раҳмат, оқсоқол” деб ўрнидан турди.
Оқсоқол уни кузатиб уйга кириб улгурмай, яна дарвоза тақиллади. Очса, пастқорақошлик Худойберди деган қовунчи деҳқон турибди.
— Келинг, келинг, Худойбердижон,— деб кўришди оқсоқол. Ва уни ҳам меҳмонхонага таклиф қилди. Ҳол-аҳвол сўрашгач, ҳали совумаган чойдан бир пиёла қуйиб узатди.
— Эрталабдан безовта қилганим учун узр, оқсоқол. Тағин у ер-бу ерга кетиб қолманг, деб вақтлироқ келдим, — деб шартта мақсадга ўта қолди Худойберди. — Кеча денг, катта ўғлимиз Эргашникида озгина кўнгил хиралик бўлибди. Хабарингиз бор, шу хотини билан бироз келишолмаяпти. Қанча гапириб, тушунтирсак ҳам бўлмаяпти, оқсоқол. Ўғлимни мақтасам ноқулай бўлар, ўзи меҳнаткаш, оилам дейдиган бола. Топганини чумолидай рўзғорга ташийди. Келинимиз озгина латтапараст чиқиб қолди. Бунинг устига тили ҳам чатоқ. Бир гапдан қолмайди, чаёндай узиб олади. Кеча денг, ҳар хил латта-путта сотиб юрадиган савдогар хотинлар қишлоқ оралаган экан. Эргашникига ҳам киришибди. Эрининг, иморат қиламан, деб йиғиб қўйган пулларига келин қурғур сўрамасдан анча-мунча нарса олибди. Шунга жанжал чиққан. Мен далада эдим. Қайнонаси бориб тушунтираман, деса, боласини кўтариб отасиникига кетиб қолибди. Уятларга ўлдик, оқсоқол? Шунга маслаҳатга келдим, ўртага ўзингиз тушмасангиз бўлмайди, оқсоқол.
— Келинингиз Собир миробнинг қизими? — сўради оқсоқол.
Худойберди “ҳа” деган маънода бошини қимирлатиб тасдиқлади.
— Худойбердижон, хафа бўлманг. Энди ҳаётда ҳар хил тарбия кўрган келинлар учрайди. Сиз ишингизни қилаверинг. Мен Собирникига ўтиб, ҳаммасини тушунтираман. Худо хоҳласа яхши бўлади. Қани чойдан олинг, Худойбердижон, — деб Бекназар тоға яна унга чой қуймоқчи бўлди.
— Раҳмат, оқсоқол. Мен борай, дуо қилинг, — деди Худойберди жойидан қўзғалиб, қўлларини фотиҳага очиб.
Оқсоқол фотиҳа ўқиди. Яна бир бор ҳаммаси яхши бўлишини таъкидлаб, Худойбердининг кўнглини кўтариб, кузатиб қўйди.
Шундай қилиб оқсоқолнинг навбатдаги иш куни жадал бошланиб кетди. Дастлаб хўжалик идорасига борди. Бўлим бошлиғига учраб янги топшириқларни олди. Олди-ю далага отланди. Қўли бўшаса уста Комилникига ўтиб, соч-соқолини олдиришни ҳам режалаштирди. Агар устанинг вақти бўлса, бирга ўтиб, кўпдан буён касал ётган Сайфи бободан ҳол-аҳвол сўрамоқчи.
Туркманариқ ёқалаб ўтиб, ғўзаларга сув тараётган сувчилардан бирров хабар олиб, қўшни даладаги тракторчилар ёнига борди. Сўнг чопиқ қилаётган бригада аъзоларининг ишларини кўздан кечирди. Улар билан ҳол-аҳвол сўрашди. Чала-чулпа кетмон ураётганларга оҳиста танбеҳ берди.
Дастлаб уста Расулникига бораётиб, йўл-йўлакай яқинда операциядан чиққан Тўра тоғадан бирров хабар олди. Бу кекса сувчи яқинда бир ўлимдан қолди. Шўрликнинг ичаклари буралиб қолибди. Унинг операциясини ҳам оқсоқол Самарқандга ўзи бориб, таниш дўхтир билан гаплашиб берди.
Тўрақул тоға дарвозахонадаги чорпояда ётган экан.
— Келинг, келинг, Бекназар, — деб ўрнидан турмоқчи бўлди у.
— Қимирламанг, тоға, қимирламанг, — деб оқсоқол тез бориб, унинг қўлини олди.
Чорпоянинг четига чўкиб, фотиҳа қилиб, ҳол-аҳвол сўради.
— Барака топинг, Бекназар. Дунё тургунча туринг. Сиз бўлмаганда аҳволим нима кечарди, билмадим? Дўхтирлар билан гаплашиб бериб, кўп улуғ иш қилдингиз. Биздан қайтмаса, худодан қайтсин, ука, — деди Тўрақул тоға яна бир бор миннатдорлик билдириб.
Унинг аҳволи анча яхшилигини кўриб, оқсоқол ўрнидан турди. Уста Расулникига борса, унинг болалари энди мактабга кетаётган экан. Уста оқсоқолни кутиб олиб, меҳмонхонага бошлади. Бир пасдан сўнг устанинг аёли дастурхон, чой кўтариб кирди. Жанжал жиддийга ўхшайди, аёлнинг кўзлари кўкарган, шекилли, рўмол билан юзларини ўраб олган.
— Ўтиринг, келин, — деди оқсоқол эшик томон юрган аёлга. Аёл эшикка яқин жойда тўхтаб, юзини рўмоли билан яна бир бор бекитиб секингина ўтирди.
— Неччи йил бўлди турмуш қурганларингга, Расулбой, — деб сўради оқсоқол. Уста Расул хотинига қаради. Сўнг тилга кирди:
— Ёз келса, ўн беш йил бўлади.
— Нима, ўн беш йилда бир-бирларингни тушунмадиларингми? Уят, Расулбой, жуда уят! Эшитган қулоққа яхшимас. Аёлингиз яхши, покдомон, меҳнаткаш. Бола-чақам, рўзғорим дейдиган аёллардан. Авлоди ҳам яхши одамлар. Қўл кўтариб нотўғри қилгансиз, — оқсоқол шундай деб дастурхондан бир бўлак нон олиб, уста Расулга узатиб, деди: — Мана, нонни ушлаб қасам ичинг. Энди шу ҳаром нарсани қайтиб оғзимга олмайман денг. Хотинимга қўл кўтармайман, денг.
Уста Расул бир зум оқсоқолнинг қўлидаги нонга қараб индамай турди. Сўнг оқсоқолнинг важоҳат аралаш порлаб турган нурли кўзларига тикилиб, иложи йўқлигини тушуниб, дарҳол нонни қўлларига олиб, қасам ичиб юборганини ўзи ҳам билмай қолди. Бир лаҳзадан сўнг тилга кирди:
— Кечиринг, оқсоқол, энди сиз айтгандай бўлади.
— Билиб қўйинг, Расулбой энди қасамни бузиб бўлмайди. Қасамни бузганни Худоям хушламайди, — деди қатъий қилиб оқсоқол. Сўнг аёлга юзланиб сўради: — Келин, сиз ҳам кечирдингизми?
Уста Расулнинг хотини “кечирдим”, деган маънода бошини қимирлатди.
— Ука, аёлни асранг. Оила қўрғонини бузманг. Бу муқаддас қўрғоннинг бирор бир ғиштига путур етмасин. Эртага кунингизга шу аёл ярайди, Расулбой, — деб оқсоқол ўрнидан қўзғалди…
Оқсоқол Собир миробникига борса, у оқсоқолнинг келишини эшитиб, эрталаб қизини уйига элтиб қўйиб, қудалар билан гаплашиб қайтган экан. Хотинининг айтишича, ўзи Қасоба каналининг сувига қарагани кетибди…
Оқсоқол пешинда уста Комилникига бориб, соч-соқолини олдирди. Бироз гурунг қилди. Ўтган-қайтганни эслашди. Оғир касал ётган Сайфи бобони кўргани икковлари гангур-гунгур қилиб йўлга тушишди. Сайфи бобо дарди бедаво касалга йўлиққан эди. Фарзандлари Самарқанду Тошкентга ҳам олиб бориб, зўр дўхтирларга кўрсатишди. Улар ҳам аниқ бир гапни айтишмади. Тўшакка михланганича ётибди. Фарзандлари-ю келинларига раҳмат, бобони оқ ювиб, оқ тараб ўтиришибди.
Сайфи бобо уларни кўриб, қаддини бироз кўтарди, хурсанд бўлиб чеҳраси ёришди.
— Димоғлар чоғми, суяклар енгилми, Сайфи ака, — деб уста Комил унинг ҳолсиз қўлларини маҳкам сиқди.
— Бекназарбой, тўрга ўтинг, тўрга,— деди ҳансираб Сайфи бобо.
— Майли, сиз безовта бўлманг, ака. Соғлиғингиз яхшими? — деб аҳвол сўради оқсоқол.
Бир пиёла чойдан сўнг уста Комил Сайфи бобонинг қаддини кўтариб, белига ёстиқ қўйиб, аста-секин соч-соқолини қиртишлаб қўйди. Қўлларини уқаламоқчи бўлиб ушлаган эди, Сайфи бобо ажинларини нурсиз кўзлари атрофида йиғиб, инграб юборди. Сўнг уста чолнинг қулоқ-бошини тортиб қўйди.
Дастурхонга овқат тортилди. Сайфи бобога бир пиёла қайнатилган гуруч олиб келишди. У киши гуручдан оз-оз олиб, секин-аста чайнаб, оқсоқолга юзланди.
— Бекназарбой, сизнинг борингизга шукур. Қишлоғимизга сиздай оқсоқол жуда муносиб. Ҳамманинг аҳволидан хабар оласиз, ҳаммага тенг қарайсиз, илоё, барака топинг. Оқсоқол қишлоқнинг имони бўлиши керак. Имон бор жойда тотувлик, аҳиллик, оила мустаҳкам бўлади, — деди Сайфи бобо.
Ҳақиқатан оқсоқол ёшларнинг самимий дўсти, болалар ва ўсмирларнинг яқин ўртоғи, катталарнинг туғишгандай яқин биродари эди. У кишида ҳар қандай одам билан бир суҳбатлашгандаёқ тил топа оладиган, гаплашиш жараёнида уни тушунадиган ва ўша заҳоти қалбини англайдиган фавқулодда бир илоҳий истеъдод бор эди. У Бухоро мадрасаларида ўқиб келган бобосидан тарбия топиб, бобоси қатағонга учрагач, оиласидагилар кўп азоб-уқубатлар тортди. Бу кулфатлардан Бекназар ҳам бебаҳра қолмади. Лекин бобосидан олган тарбия, уни эл-юртда азиз қилиб, умрини безаб, келмоқда…
Оқсоқол камгап эди. У суҳбатдошини жимгина тинглашни, тинглаб мулоҳаза қилишни хуш кўрарди. Ҳатто бўлар-бўлмасга кулмасди. Баъзан кулса, мириқиб юракдан куларди. У киши ниҳоятда жиддий инсон эди. Жиддийлигида ҳикмат ва самимият бор эди. Унинг хатти-ҳаракатида, юриш-туришида ва салобатида одамларни қандайдир ўзига тортадиган оҳанрабоси, яъни инсоний меҳр балқиб турарди.
Оқсоқол одамларни бениҳоя яхши кўрарди. Уларнинг қувончу дардларини, шодлигу изтиробларини худди ўзиникидай қабул қиларди. Шу боис одамлар унга гўё авлиёга талпингандай талпинарди, ҳеч кимга очмаган сирларини, яқинларига айтмаган дардларини унга ишониб айтишарди.
Сайфи бобо айтганидек, у қишлоқнинг виждони эди…
— Тўғри айтасиз, Сайфи ака, Бекназар акадай имонли оқсоқол борлиги учун ҳам Жалойир тинч, бир-бирига меҳрибон, аҳил, — деди уста Комил.
Бу мақтовлардан Бекназар оқсоқол бироз хижолат бўлди.
— Энди қишлоқ ҳаммамизники. Қишлоқ ҳам бир оиладай гап. Унинг ҳам паст-баланд жиҳатлари, турфа одамлари бўлиши табиий. Қишлоқнинг обрўси, яхши-ёмони ҳам ўзимизники. Энди, Сайфи ака, сизни ҳам уринтириб қўймайлик, — деди оқсоқол.
Сайфи бобо ҳолсизланиб бораётган қўлларини зўрға жуфтлаб фотиҳа ўқиди. Оқсоқолни ҳам дуо қилди. Кейин уни бағрига босишга интилди…
Бу уларнинг сўнгги кўришуви эканлигини Худодан бошқа ҳеч бири билмади.
Эртаси куни Сайфи бобо оламдан ўтди. Оқсоқол бу оғир хабарни эшитиши билан дарҳол отланди…
Ҳар куни бобоcи билан олдинма-кейин уйғонадиган кичик набираcи, уни дарвозадан кўчага кузатар экан, кутилмаганда шундай деди:
— Бобожон, cиз оқcоқолми?..
У нима дейишини билмай, бурро-бурро гапираётган набираcини даc кўтариб пешонаcидан ўпди. Набиранинг ўзидай, мунчоқдай кўзларидай беғубор ва пок шу биргина cўз Бекназар оқcоқолга янада куч-ғайрат, шижоат бағишлади. У қадамини тезлатди…

“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси, 2012 йил, 4-сон