Қудрат Дўстмуҳаммад. Жаҳон ва ўзбек адабиётидаги энг сара асарлар

Хабарингиз бор, Ziyouz портали жаҳон ва ўзбек адабиётининг энг сара асарлари ҳақида ўзбек зиёлиларининг фикрларини ўрганмоқда. Ушбу сўровнома учун илк жавобларни ёзувчи Қудрат Дўстмуҳаммаддан олдик.

Қудрат Дўстмуҳаммад 1941 йилда Тошкент шаҳрида туғилган. Тошкент Политехника институтининг механика факултетини тугатган (1963). Иқтисод фанлари номзоди, профессор. Дастлабки китоби М. Раҳмоновнинг «Тунги телепатия» номли китоби билан бир муқова остида нашр этилган (1981). Шундан сўнг ёзувчининг «Темиртанлар» (1987), «Нолжон ва Биржон» (1991), «Нобел мукофоти олган адиблар» (2002), «Бил сайёраси» (2007) каби китоблари нашр этилган. Рей Бредбери, («Момоқаймоқ» қиссаси (2012) ва бир қанча ҳикоятлари), Ясунари Кавабата, Сюгоро Ямамото, Акутагава Рюнеске, Кобо Абэ, Генрих Бёллдан таржималар қилган.

Ziyouz сўрови: 1. Сизнингча, жаҳон адабиётининг энг сара 10 та асари қайси?

1. Александр Дюма. Қиролича Марго (роман)
2. Фёдор Достоевский. Жиноят ва жазо (роман)
4. Лев Толстой. Уруш ва тинчлик (эпопея)
4. Марк Твен. Том Сойер. Гекльберри Фин (қиссалар)
5. Михаил Шолохов. Тинч Дон (трилогия).
6. Борис Пастернак. Доктор Живаго (роман).
7. Чингиз Айтматов. Асрга татигулик кун (роман).
8. Габриэл Гарсиа Маркес. Ёлғизликнинг юз йили (Юз йил танҳолик; роман).
9. Ҳусайн Ниҳол Отсиз. Кўкбўриларнинг ўлими. Кўкбўриларнинг
тирилиши (тарихий романлар).
10. Аҳмад Лутфий Қозончи. Саодат асри қиссалари.

Қўшимча рўйхат:
1. Стефан Цвейг. Мария Стюарт (биографик роман).
2. Чингиз Айтматов. Қиёмат (роман).
3. Фёдор Достоевский. Ака-ука Карамазовлар (роман)
4. Габриэл Гарсиа Маркес. Бузрукнинг кузи (Қабилабошининг шоми; роман).

2. Жаҳон адабиётининг энг сара 10 та ҳикояси сифатида қайси асарларни эътироф этасиз?

1. Эрнест Хемингуэй. Чол ва денгиз.
2. Рей Бредбери. Армагеддон.
3. Рей Бредбери. Баҳор сеҳргари.
4. Рей Бредбери. Шамол.
5. Роберт Шекли ҳикоялари.
6. Генрих Бёлль. Менинг ғамгин юзим.
7. Стефан Цвейг. Номаълум аёлнинг хати.
8. Акутагава Рюноскэ. Ўргимчак ипи.
9. Ясунари Кавабата. Хол.
10. Сюгоро Ямомото. Қуриган дарахт.

3. Ўзбек адабиётининг энг сара 10 асарлари рўйхатига қайси китобларни киритган бўлардингиз?

Мумтоз адабиёт намуналарини қўшадиган бўлсак, Алишер Навоий асарларининг ўзиёқ ўндан ошиб кетади. Шунинг учун ХХ аср ва ундан кейинги давр адабиётини қамраб олишга ҳаракат қилдим.

1. Абдулла Қодирий. Ўтган кунлар (роман).
2. Чўлпон. Кеча ва кундуз (роман).
3. Ойбек. Навоий (роман).
4. Одил Ёқубов. Улуғбек ҳазинаси (роман).
5. Пиримқул Қодиров. Юлдузли тунлар (роман).
6. Ғафур Ғулом. Шум бола (қисса).
7. Эркин Воҳидов. Олтин девор (пьеса).
8. Тоҳир Малик. Шайтанат (роман).
9. Тоғай Мурод. Отамдан қолган далалар (роман).
10. Хуршид Дўстмуҳаммад. Бозор (роман).

Катта жанр бўйича келтирилган 10 та асардан биринчи еттитаси социалистик реализм деб аталган сохта услуб ҳукм сурган вақтларда битилган бўлишига қарамай, ўз қадр-қимматига эга. Улар ҳақида кўплаб фикр-мулоҳазалар билдирилган. Ҳозирги кунларда бу асарлар “классик” мақомига етиб қолган, деб айтиш мумкин.

Рўйхатнинг сўнгидаги учта асарни мустақиллик даври бошларидаги сара асарлар, деб ҳисоблайман. “Шайтанат” ва “Отамдан қолган далалар” реалистик (лекин социалистик эмас!) услубда, “Бозор” эса, модерн усулида битилган биринчи ўзбек романидир.

4. Ўзбек адабиётидаги энг ўқишли бўлган 10 та ҳикоя қайси?

1. Абдулла Қодирий. Жинлар базми.
2. Абдулла Қаҳҳор. Минг бир жон.
3. Ғафур Ғулом. Менинг ўғригина болам.
4. Ўткир Ҳошимов. Урушнинг сўнгги қурбони.
5. Нормурод Норқобилов. Қувончли кун.
6. Шукур Холмирзаев. Ўзбек характери.
7. Абдуқайюм Йўлдошев. Қудуқ.
8. Шаҳодат Исахонова. Катта “А”, кичкина “а”.
9. Олим Отахонов. Тўртинчи қаватдаги сарғиш дераза.
10. Хуршид Дўстмуҳаммад. Қичқириқ.

Қўшимча рўйхат:
1. Нормурод Норқобилов: Қиз ўғирлаш; Олим ўғил.
2. Шукур Холмирзаев: Чўлоқ турна; Банди бургут.
3. Абдуқаюм Йўлдошев: Айбдор; Ёлғон ва ҳақиқат.
4. Хуршид Дўстмуҳаммад: Жажман; Жоди.

Ҳикоялардан дастлабки 4 таси шўролар даврида, кейинги 4 таси, асосан мустақиллик даврида, реалистик услубда, охиридаги 2 таси модерн усулида ёзилган.

“Қувончли кун” ҳикояси, биринчи китоби нашр бўлган шоир йигитча ҳақида. У китобини “Муҳаббатим сизга, одамлар!” деб атабди. Мана, у китобчасидан эллик-олтмишини папкасига жойлаб, қишлоғига кетаяпти. Бу кун унга энг қувончли кунлардан бири! Бир неча соатлардан кейин ота-онасининг бағрига етиб борадию, китобини кўрсатади, улар хурсанд бўлишади. Кейин қўни-қўшнилар югуриб келишади: “Қани-қани, бизлар ҳам кўрайлик!” – дейишади. Шоир ҳаммасига биттадан китоб беради, кейин бутун қишлоққа тарқатади. Одамларга меҳр-муҳаббати қанақа эканлигини бир кўриб қўйишсин!

Бу гаплар шоирнинг кўнглидан ўтди, холос. Муаллиф ҳам буларни ёзиб ўтирмади.

Шоир йигитча қишлоғига қанот чиқаргудек учиб бораркан, район марказида автобус кутиб, сарғайиб ўтирган одамларга бир яхшилик қилади. Алламаҳалда етиб келган автобус шопири шоир қилган яхшилик учун, уни дўппослайди, лекин ҳеч ким уни ҳимоя қилмайди, аксинча, устидан кулишади. Бу ҳам етмагандек, боягина ундан китоб совға олган одам, бир варағини йиртиб, оғзидаги носини туфлаб, ташлайди.

Мана, сенга, одамларнинг жавоб “муҳаббати”!

Шоир “қувончли” деб хаёл қилган кун, амалда энг қоронғи кун бўлиб чиқди.

Оломон психологияси қизиқ: яхшиликни билмайди, яхшилик қилган одамга миннатдорлик изҳор қилишни, қўлидан келса, шунга муносиб жавоб қайтариш лозимлигини ҳам билмайди. Бу, афсуски, умумбашарий муаммолардан бири экан. Шундай бўлмаганда, “Қувончли кун” ҳикояси ҳам, “Дон Кихот” деган буюк асар ҳам ёзилмаган бўлар эди.

“Ўзбек характери” авом одамлар ҳақида. Авом одам яхшиликка яхшилик қайтариши мумкин, лекин оломон ичида бўлса, оломоннинг салбий хислати бешбаттар, деяверинг!

“Қудуқ” ҳикояси юқоридаги икки ҳикояга ҳамоҳанг. Авом оломон яхшиликни билмагани – билмаган, бошига тушаётган кўргуликларнинг асосий сабабчисини мушоҳада қилишдан ҳам ожиз. Натижада, кучи етган бир бечорани топиб олиб, ўшани булғалайверади. “Ғат-ғат қилган карнайчи, балога қолган сурнайчи”- дегани каби.

Одамлар қанчалик авом бўлса, қайсидир амалдорлар учун шунчалик яхши!

Модерн усулида ёзилган асар бошқаларидан кескин фарқ қилиб туради. Бунда асосий гап тимсоллар орқали, “коса тагида нимкоса” қабилида баён этилади. Тимсоллар ҳаётда ҳеч учрамайдиган нарса ёки ҳодиса бўлиши мумкин. Макон ва замон тушунчалари ҳам ўз аҳамиятини йўқотиб қўяди, баъзан. Асар воқеалари эса бир-бирига боғланмаётгандек, мантиқсиз туюлиши мумкин. Ҳар бир гапни турлича талқин қилиш имкониятлари бўлади…

Мана шундай тамойилларга таянган ҳолда қишлоқ ҳаётини бадиий сўз билан тасвирлаб кўринг-чи! Қанақа бўларкин?

Бир вақтлар Шукур Холмирзаев газетада “Модерн усули керакми?” деган маънода мақола эълон қилган эди. Ўшанда мен унинг фикрларига қўшилмаган эдим. Энди, ўйлаб қарасам, у, ўзича ҳақ экан! Чунки у, асосан, қишлоқ ҳаёти ҳақида ёзган.

Шаҳар ҳаёти эса, буткул бошқача! Аҳолининг кўплиги, дунёқарашлар, манфаатлар, зиддиятлар, шахслар ва гуруҳлар ўртасидаги мангу курашлар, маконлар қамрови, эҳ-ҳе, яна минглаб омиллар бирваракайига ёпирилиб, адибнинг елкасидан босиб турганда гапнинг тўппа-тўғрисини лўндагина айтиб бўлар эканми?! Кўнгилдагини айтиш эса, адиб учун маънавий эҳтиёж! Натижада адиб, беихтиёр, ўз-ўзидан санъаткор бўлиб кетади!

Модерн усули шу тарзда дунёга келган бўлса, ажаб эмас!