Эрнест Хемингуэй тавсия этган китоблар

Ушбу тавсиялар ХХ асрнинг буюк сўз усталаридан бири Эрнест Хемингуэй ҳузурига узоқ йўл босиб келган бошловчи қаламкаш Арнольд Самюэльсонга қарата айтилган эди. Гарчи у келажакда машҳур ёзувчи бўлиб етишмаган эса-да, бу ҳол Хемингуэй рўйхатининг қадрини туширгани йўқ…

Стивен Крейн. “Мовий меҳмонхона”

Крейн нафақат Ҳемингуэйга ёққан,  Герберт Уэллс ҳам уни ўз авлодининг энг яхши ёзувчиси деб тан олган. Қўрқув, зўравонлик ва Ғарбий Американинг сирли ҳаётига бағишланган ушбу ҳикоя ёзувчининг энг яхши асарларидан саналади.

Стивен Крейн. “Очиқ денгиздаги қайиқ”

Кема ҳалокатидан сўнг омон қолган тўрт киши ҳақида ҳикоя қилувчи мазкур асар Крейнга катта шон-шуҳрат келтирди. Бу асар Ҳемингуэйнинг “Чол ва денгиз” қиссасига руҳан яқин бўлиб, унда ҳам инсоннинг Коинотдаги ўрни ва табиат кучларига қарши кураши акс эттирилган.

Эмилия Бронте. “Долғали довон”

Кўплаб режиссёрлар қатори Луис Бунюэлга ҳам илҳом бахш этган таъсирли воқеалар ривожи ушбу асарнинг ягона фазилати эмас, албатта. Образлилик, психологик таҳлил, готик мотивларнинг янгича инъикоси ҳамда персонажларнинг жонли қиёфалари нафақат қизларнинг қалбини, балки жиддий ёзувчилар эътиборини ҳам забт этади. “Бу жуда ярамас роман. Бу жуда яхши роман. У расво. Унда гўзаллик бор. Бу даҳшатли, уқубатли, кучли ва жўшқин китоб”,  деганди  Бронтенинг бу асари ҳақида Ҳемингуэй қадрлаган Моэм.

Жеймс Жойс. “Дублинликлар”

Жеймс Жойснинг импрессионистча руҳда ёзилган ҳикоялар тўпламида “Улисс” романида гавдаланадиган баъзи қаҳрамонлар ҳам кўзга ташланади. Ушбу тўплам мустақил ва композицион жиҳатдан якунланган шаклда тақдим этилган бўлиб, ҳикоя ихлосмандлари эътиборини тортиши шубҳасиз.

“Инглиз шеърияти: Оксфорд тўплами”

1900 йили Артур Квиллер-Кауч томонидан тузилган, инглиз шеъриятининг дурдоналари йиғилган антология бир неча эврилишлардан ўтиб, ниҳоят, оксфордлик профессор Кристофер Рикс қўлига тушади. Таниқли шоир Уистан Оден олимни “ҳар қандай шоир орзу қиладиган танқидчи” деб атаган эди.

Лев Толстой. “Анна Каренина”

Ҳемингуэйнинг рус адабиёти анъаналарига яқинлигини кўп танқидчилар қайд этган. Толстойнинг оилавий ва ишқий муносабатлар ўта нозик талқин этилган ушбу романи фақат мавзу жиҳатидан эмас, айни пайтда реализмдан модернизмга ўтишда кўприк вазифасини ўтагани билан ҳам аҳамиятга моликдир.

Лев Толстой. “Уруш ва тинчлик”

Қанчалик ғалати кўринмасин, “Уруш ва тинчлик” романидан Ҳемингуэй аниқ ва лўнда ёзишни ўрганади. “Халқни, ҳаётни қойилмақом тарзда, ич-ичдан, ҳаққоний равишда акс эттиргани учун “Уруш ва тинчлик” романини яхши кўраман. Лекин мен ҳеч қачон буюк графнинг мулоҳазакорлик қобилиятига ишонмаганман, – деб таъкидлайди ёзувчи. – Унинг тасаввур дунёси ниҳоятда ҳассос ва ҳаққоний эдики, бу дунёда яшаб ўтган инсонлар ичида ҳеч ким бу борада унга тенглаша олмасди. Лекин унинг залворли ва ақидавий мулоҳазалари ҳар қандай насронийлик тарихи профессорининг хулосаларидан афзалроқ эмасди ва шу боис ҳам мен ундан ўзимнинг бош ҳарфли Мулоҳазаларимга ишонмасликни ва иложи борича ҳаққоний, тўғри, объектив ва оддийроқ ёзишни ўргандим”.

Томас Манн. “Будденброклар”

Аслзода шажаранинг тўрт авлоди тарихи ва ҳалокати акс этган мазкур асарнинг даставвал бундай кенг қамровли бўлиши кўзда тутилмаган эди. Лекин Манн ўз қаҳрамонларига ишонди. Эҳтимол, шундай “эмин-эркинлиги” боис роман эълон қилингандан сўнг ўттиз йил ўтган бўлса-да, Нобель мукофотига лойиқ кўрилди.

Гюстав Флобер. “Бовари хоним”

Шифокорнинг ҳаётдан зериккан, ўзининг биқиқ дунёсидан чиқиб кетишга уринган хотини ҳақидаги бу роман воқеалар ривожи билан эмас, аввало, инсон ҳаётидаги ташқи ва ички унсурларни, руҳий манзараларни ўта синчковлик билан тасвирлагани учун ҳам диққатга сазовордир. Асар шу қадар таъсирчанки, ҳатто муаллиф ҳам Эмма Боварининг заҳарланиш саҳнасини ёзаётганда кўнгли айниб, ўзини нохуш ҳис қилган экан…

Жорж Мур. “Салом ва хайрлашув”

Ирландиянинг протестант инглиз-ирланд аслзодалари ва ўртаҳол католик табақа ўртасидаги кураш акс этган уч томлик автобиографик асар. Ёзувчининг кузатишлари ўта ўткир бўлиб, Мурнинг ўзи “Жамият аъзолари бўлиниб қолганди: кимлардир китобга кираман деб, яна бошқалар эса кирмай қоламан, деб қўрқар эди”, деб таъкидлаганди.

Фёдор Достоевский. “Ака-ука Карамазовлар”

“Мен ҳануз Достоевский ҳақида ўйлайман. Одам қандай қилиб бундай ёмон, ҳаддан ташқари ёмон ёзиши ва, айни пайтда, сенга бу қадар кучли таъсир ўтказиши мумкин?!” деб ёзганди Ҳемингуэй. Бу романни, шунингдек, Эйнштейн, Кафка, Жойс ва Воннегут ҳам юксак баҳолаган.

Стендаль. “Қизил ва қора”

Муҳаббат ва иззатталаблик талқинига бағишланган ажойиб роман  Стендални психологик реализмнинг асосчиларидан бирига айлантирди. Ҳемингуэй гарчи ундан ўзишни уддаладим, деса-да, Стендални ўзига устоз деб биларди…

Эдвард Эстлин Каммингс. “Улкан турмахона”

Тўрт ойга яқин француз қамоқхонасида ўтирган шоирнинг ўткир қочиримларга тўла ва қизиқарли руҳий чизгилар акс этган автобиографик романи.

Сомерсет Моэм. “Инсоний эҳтирослар жафоси”

Автобиографик жиҳатлар билан бойитилган асарда боёқиш етим инсон ҳаётининг бемаънилигини идрок этаркан, барибир ўз бахтини топади – ҳарҳолда, шунга яқин ҳис-туйғуларни яшайди.

Ҳенри Жеймс. “Америкалик”

Ҳаддан зиёд мелодраматик руҳда бўлса-да, Эски ва Янги дунё, буржуазия ва зодагонларнинг ўзаро қизиқиши ҳамда зиддиятларини акс эттирган бу асар танқидчиларнинг ҳам, китобхонларнинг ҳам олқишини олган..

Ҳенри Хадсон. “Олис ва қадим”

Хадсон таржимаи ҳоли ёзувчининг Аргентина даштларида ўтган болалиги ҳақида ҳикоя қилади.  Ёввойи табиат гўзалликлари таъсирчан болакайнинг кечинмалари, кузатишлари ва тарихий чизгилар билан қоришиб кетади. Ҳемингуэй Хадсоннинг бошқа асарларини ҳам ёқтирарди. У “Фиеста” романида ёзувчининг “Қирмизи ер” асарини эсга олади.

Санжар Жавлон тайёрлади.

“Ёшлик” журнали, 2015 йил, 8-сон