«Ҳозирги замон ўзбек шеърияти» туркуми (1985-1990)

Шавкат Раҳмон. Гуллаётган тош. Шеърлар. Т.: «Ёш гвардия», 1985.

Шавкат Раҳмон «Рангин лаҳзалар» (1978), «Юрак қирралари» (1981), «Очиқ кунлар», (1984) шеърий китоблари ва Лорка «Сайланма»сининг (1979) таржимаси
билан ўқувчиларга таниш.
«Гуллаётган тош» китоби Шавкат Раҳмоннинг янги лирик-фалсафий шеърларидан сайланди.
Шоир ўз шеърларида инсон маънавиятига, унинг табиат, вақт ва келажакка муносабатига поэтик кўз билан қарайди. Оддий кишилар қалбида юксак инсоний
фазилатларни кўришга интилади ва сизни ҳам шундай идрок сари ундайди.

Чўлпон Эргаш. Ой чодир тикмоқда. Шеърлар ва достон. Т.: «Ёш гвардия», 1985.

Чўлпон Эргашнинг мазкур китоби кейинги йилларда ёзилган янги шеърлари асосида тузилди. Шоир замондошларини ўзининг қувонч ва ташвишларига шерик бўлишга, ер юзидаги тараққийпарвар кучларга елкадош туриб, адолат ва ҳақиқат учун курашишга чорлайди.
«Ҳашарчилар» достонида мустақил ҳаёт бўсағасида хатога йўл қўйган ёш кизнинг изтироблари, яхши инсонларнинг меҳрибонлиги туфайли унинг ёрқин ҳаётга қайтиши ҳақида ҳикоя қилинади.

Сулаймон Раҳмон. Ойдин диёр. Шеърлар. Т.: «Ёш гвардия», 1985.

…Зеро,  тубсиз  осмон — ишончли бир том,
бехатар уй бўлса одамзодга Ер,
балки шунда шоир керак бўлмасди,
керак бўлмас эди балки шунда шеър!
Шоир шундай деб ёзади. Ҳа, шеърият ҳақиқий шоир учун кўнгил эрмаги эмас, одамзод бахти, инсоният иқболи учун курашдаги ўткир маънавий қуролдир.
Шоир Сулаймон Раҳмон зиммасидаги ана шу катта масъулиятни чуқур ҳис қилган ҳолда қалам тебратишга интилади.

Тоҳир Қаҳҳор. Юлдузлар — менинг боғим. Шеърлар. Т.: «Ёш гвардия», 1988.

Тоҳир Қаҳҳорни «Оқ ўрик», «Оқаётган дарё», «Осмон кимники», «Эшик тақиллаётир», «Кун кўзи» китоблари орқали яхши танийсиз. Қўлингиздаги тўпламга шоирнинг қадим дунё, башарият, она замин тақдири ҳақидаги ўйлари, бугунги инсон қалбидаги муҳаббат, дард, келажакка интилиш ва умид оҳанглари билан йўғрилган янги шеърлари киритилган.

Йўлдош Эшбек. Яхшиликка қарайман. Шеърлар. Т.: «Ёш гвардия», 1988.

Йўлдош Эшбек элнинг дарду қувончи кўнглига ҳамдам шоирларимиздан. Бизнингча тўпламдаги шеърларда бу туйғу бор бўй-басти билан назарга ташланади.
Ҳурматли шеърхон! Шоир кўнглидан кечиб қоғозга тушган самимият
сизга ҳам эл бўлади деган умиддамиз.

Шукур Қурбон. Ёри жоним. Шеърлар. Т.: «Ёш гвардия», 1988.

Истеъдодли шоир Шукур Қурбоиов «Оққушлар кўли», «Нафас», «Соғинч дарвозаси» ва бошқа тўпламлари билан шеърият ихлосмандларига яхши таниш.
«Ёри жоним» китобига шоирнинг кейинги йилларда ёзилган янги шеърлари ва «Тинчлик тўғрисида нотинч бир қўшиқ» деб номланган манзума-достони сайланди. Бу бағри ёниқ шоир сатрлари билан учрашув китобхонга қувонч бахш этишига, қалбини ажиб бир тилакка чулғашига ишончимиз комил.

Тилак Жўра. Руҳият. Шеърлар. Т.: «Ёш гвардия», 1990.

Тилак Жўра — фикри қуюқ, ўзига хос шоир. «Руҳият» тўпламидан унинг кейинги йилларда ёзилган шеърлари ўрин олган. Фидойи инсон интилишлари, руҳий кечинмалари, юрт манзаралари тўпламга ижтимоий-фалсафий салмоқ бағишлайди.
«Қонимнинг ҳар томчисидан, сени соғиниб кутаман — шеърият», дейди шоир. Чиндан ҳам, Тилак Жўра шеъриятга теран бир поклик, эҳтирос ва умид деб ёндошади. Шу боисдан тўпламдаги кўпгина шеърлар бадиий пишиқ, фикрий аниқ, тасвирий кўлами кенгдир.


Зиё истаган қалблар Telegram каналига марҳамат!