Замонавий кўз микрожарроҳлиги асосчиси

Мустабид шўролар замонида бизнес билан тиббиёт бир-бирига мутлақо сингишмайдиган тушунчалар ҳисобланарди. Аммо ўтган асрнинг олтмишинчи йилларида фавқулодда ҳолат кузатилди. Ҳали кўпчилик дуруст танимайдиган, юзлари япасқи, сочлари доимо диккайиб турадиган Святослав Фёдоров исм-шарифли кўз доктори баҳс майдонига отилиб чиқиб, тиббиётни тижоратга айлантириш, у орқали даромад орттириш мумкинлигини уқтира бошлади.  Сўзининг исботи сифатида ўзи яратган муолажа усуллари ва эришган ютуқларини тарғиб қилишга киришди.

Баъзи кишилар “сафсатабоз маҳмадона”га йўйган бу инсон бора-бора кўз касалликлари ва уларни даволаш соҳасида инқилоб ясади, жумлаи жаҳонга тиббиёт фанлари академияси академиги, “Кўз микрожарроҳлиги” тармоқлараро илмий-техник мажмуасининг асосчиси сифатида танилди. Унинг шарофати билан Россияда бу соҳа янги босқичга кўтарилди. Хиралашган кўз гавҳарини сунъийсига алмаштириш усули амалиётга жорий этилди. Натижада бундай хасталикка мубтало бўлган миллионлаб одамларнинг кўзига қайтадан нур инди, ҳатто туғма кўрлар ҳам ёруғ дунёни кўриш бахтига муяссар бўлишди. Шу боис катта-кичик бу шифокор шаънига мақтовлар ёғдирар, унга ҳавас билан қарарди. Ҳолбуки, бундай мартабага эришгунга қадар у жуда оғир ва машаққатли ҳаёт йўлини босиб ўтганди.

Дарвоқе, Святослав 1927 йил 8 августда Украинанинг Проскуровье шаҳрида ҳарбий хизматчи оиласида туғилди. Бу пайтда унинг отаси генерал-лейтенант унвонига эга бўлиб, двизияга командирлик қилаётганди. Кейин хизмат юзасидан Каменск-Подольск шаҳрига юборилди. Святослав шу ердаги мактабда таълим ола бошлади. Бироқ 1938 йили оила бошига кулфат тушди. Николай Фёдоров қатағонга учраб, 17 йилга қамалди. Ўсмир ёшидаги Святослав “халқ душманлари”нинг жигаргўшалари шаънига неки маломат тошлари отилган, бўйнига неки тавқи лаънатлар илинган бўлса, барчасига гувоҳ бўлди, инсон қадр-қимматини камситувчи  талай таҳқирларни бошидан кечирди. Онаси иккиси Новочеркаскда дамини ичига ютиб, жимгина яшади. Иккинчи жаҳон уруши даврида кўпчилик қатори улар ҳам Арманистоннинг Цахкадзор шаҳрига кўчирилдилар. Святослав мактабни битиргач, ота касбини танлаб, Еревандаги артиллерия билим юртига ўқишга кирди. Орадан бир йил ўтар-ўтмас, учувчи бўлиш орзусига тушиб қолди. Шунга кўра, уни Ростов-Дондаги авиация билим юртига ўтказишди. Бу пайтда қирғинбарот авжига чиққанди, Святослав фронтга талпинарди. Аммо бир зумлик кутилмаган бахтсиз ҳодиса унинг жўшқин орзу-умидларини саробга айлантирди.

Зеро, ўша тонг у машғулотга кечикаётганди. Шу боис шоша-пиша бекатга етиб борди-ю, ўрнидан қўзғалаётган трамвайга ўзини урди. Назарида, зинапояга чиқиб олгандай, вагон тутқичини маҳкам ушлагандай эди. Аслида мўлжалдан адашганди. Оқибатда товони билан эшикка осилиб қолди. Тезлигини ошираётган трамвай унинг чап оёғини мажақлаб юборди. Навқирон йигитнинг ҳаётини сақлаб қолиш учун оёғини ва болдирининг пастки учдан бир қисмини кесиб ташлашга тўғри келди. Шу тариқа у ҳарбий хизматга яроқсиз бўлиб қолди.

Яхшиямки, Святослав отасига тортган экан. Шунданми, минбаъд руҳан тушкунликка берилмади, аксинча, тўрт мучаси соғ одамдек яшашга интилди. “Оёғимдан айрилганим қайсидир маънода менга омад келтирди, – деган эди у кейинчалик ортда қолган машъум кунларини эслаб. – Ўша фалокат содир бўлмаганида иродамни обдон чиниқтиришим, аниқ мақсад сари дадил интилиш қобилиятимни бу даражада шакллантиришим даргумон эди”.

Святослав 1945 йили Ростов тиббиёт олий ўқув юрти талабалари сафидан ўрин олди. Кўп ўтмай политехника институтида таҳсил кўраётган қизга уйланди. Афсуски, ўзаро муросаси келишмай, яна бўйдоқлар даврасига қайтди. Институтни тугатгач, тақсимот бўйича Тюменга отланди. Аммо, ҳарчанд тиришмасин, Сибирь об-ҳавосига кўниколмади. Алқисса, Москвага бориб, Соғлиқни сақлаш вазирлигига кирди-да, бошқа жойга йўлланма беришларини сўради.  Иккинчи сафар уни таниқли адиб – “Тинч Дон”, “Очилган қўриқ” сингари машҳур асарлар муаллифи Михаил Шолохов туғилган ва яшаган Вёшинский қишлоғидаги шифохонага юборишди. Бу ерда Ростов университетининг кимё факультети талабаси Лилия ҳам амалиёт ўтаётганди. Юлдузи юлдузига тўғри келиб, икковлон турмуш қуришди. Лилия дипломли бўлгач, Пермга яқин Лисев шаҳрига ишга тайинланди-ю, Святослав ҳам у билан бирга кетди.

Шундан сўнг бирин-сирин омади юриша бошлади. Аввало, унда “Катарактага учраган ҳамда операция қилиниб, жойида қолдирилган кўз гавҳари вақт ўтиши билан яна хиралашади ва тағин операция қилишга тўғри келади. Демак, уни ўзаги ва пардаси билан бирга олиб ташлаган маъқул”, деган ғоя пайдо бўлди. Ва бу борадаги илк тажрибаси ижобий самара берди. Иккинчидан, 1954 йили отаси озодликка чиқди. Ҳаял ўтмай, оилада қиз фарзанд туғилди. Келгусида кўз касалликлари бўйича тиббиёт фанлари номзоди бўлиб етишган бу гўдакка Ирина деб исм қўйишди. Учинчидан, Святослав қадрдон институти аспирантурасида сиртдан ўқий бошлади. Шу асно “Мия шиши жараёнида кўзда рўй берадиган ўзгаришлар” мавзусида изланишлар олиб бориб, 1958-1966 йиллар оралиғида номзодлик ва докторлик диссертацияларини  ёқлади. Тўртинчидан, беморларни эскича даволаш Фёдоров феъл-атворига ёт эди. У юксак ютуқларга эришиш иштиёқида ёнарди. Бунинг учун Москва кўз касалликлари илмий-тадқиқот институтининг катаракта хасталиги бўйича изчил тадқиқотлар олиб борилаётган Чебоксари шаҳридаги филиалида ишлаши лозимлигини шарт деб биларди. Нияти холис экан, вақти келиб, бу  орзуси ҳам ижобат топди.

Шу ўринда эслатиб ўтиш жоизки, катаракта туфайли хиралашган кўз гавҳарини сунъий аъзога алмаштириш борасида олдин ҳам кўплаб олимлар бош қотиришганди. Чунончи, 1949 йили инглиз шифокори Гарольд Ридли биринчилардан бўлиб, беморга сунъий кўз гавҳарини қўйган, фақат ўта мураккаблиги боис бу усул ривожланмай қолганди. Кейинроқ англиялик Чойс, голландиялик Хорст, испаниялик Бараккер ва бошқа офтальмологлар ҳам ушбу муаммо билан жиддий шуғулландилар. Собиқ Иттифоқда эса сунъий кўз гавҳарини имплантация қилишни 1960 йили таниқли шифокор М.Краснов амалга оширди. Лекин уришишлари зое кетгач, ундан воз кечди. Устига устак, шўро ҳукумати янги усулга шубҳа билан қарарди.

Ана шундай кунларнинг бирида Фёдоровнинг қўлига “Вестник офтальмологии” журнали тушиб қолди. Унда, одатдагидек, Ғарбда сунъий кўз гавҳарига қизиқиш кучаяётгани аёвсиз қораланганди. Бундан қаттиқ ранжиган Святослав Николаевич тараққиёт кушандаларига замонавий тиббиёт нималарга қодирлигини амалда исботлаб беришга аҳд қилди. Ишни, аввало, нозик ва мураккаб шаклли буюмлар қуйишда асқотадиган андазалар тайёрлайдиган моҳир уста излашдан бошлади. Ахийри, Чебоксаридаги агрегат заводида шунақа одам топилди. У технолог Семен Мильман эди, уч ҳафта ичида буюртмага биноан жажжигина шаффоф линза ясаб берди.

Святослав Фёдоров илк бор сунъий кўз гавҳарини туғма катаракта оқибатида батамом сўқир бўлиб қолган ўн ёшли Лена Петровага ўрнатди. Имплантациядан кейин қизалоқнинг бир кўзи  яхши кўра бошлади. Бу оламшумул янгилик эди. Святослав Николаевич  ўз ютуғи билан ҳар қанча фахрланса, арзирди. Амалда эса, тескариси бўлди. “Правда” газетасида бу операция физиологияга зид деган мазмунда танқидий мақола босилди-ю, заҳматкаш олимнинг йўллари тақа-тақ беркилди. Буям камлик қилгандек, у ишдан бўшатилди. Сўнгра нажот истаб, пойтахтга йўл олди. Бошқалардан сас-садо чиқмагач, “Известия” газетасида ишлаётган таниқли журналист Анатолий Аграновскийга учрашиб, бор дардини тўкиб солди. Аграновский Россия соғлиқни сақлаш вазири ўринбосарига сим қоқиб, можарога ойдинлик киритишни сўради. Мана шу биргина қўнғироқ аро йўлда қолган шифокорнинг ўз вазифасига тикланиши учун етарли бўлди. Газетанинг 1965 йилги 29 апрел сонида “Доктор Фёдоровнинг кашфиёти” сарлавҳали мақола ёритилгач, вазият тубдан ўзгарди. Святослав Николаевич Архангельск тиббиёт институтининг кўз касалликлари кафедраси мудири этиб тайинланди.

У янги иш жойида ҳам бор куч-ғайратини аямай ишлади. Сунъий кўз гавҳарини такомиллаштириш учун янада сифатли материаллар тайёрлаш, ҳайратомуз операцияларга қўл уриш билан шуғулланди. Икки йилдан кейин эса Москвага кўчиб бориб, Умумроссия кўрлар жамияти ажратган маблағ ҳисобига “Кўз микрожарроҳлиги” тармоқлараро илмий-техник мажмуасини қуриш ишларига бош-қош бўлди. Айни чоғда, илмий фаолиятини қизғин давом эттириб, мислсиз натижаларга эришди. У таклиф қилган сунъий кўз гавҳарининг янги тури асосида мамлакат миқёсида ўтказилган 30 мингдан ортиқ операция муваффақиятли якунланди. Нозик интраокуляр линзаларнинг юқори тиниқликка эга бетакрор намуналари кўпчиликнинг дардига дармон бўлди. Айниқса, сунъий мугузлар оғир иноперабиллик, яъни операция қилиш имкони йўқ кўзга оқ тушиши хасталигини даволашда муҳим аҳамият касб этди. Булардан ташқари, С.Фёдоров ойнадек шаффоф мучанинг жароҳат, яллиғланиш ва қон қуйилиши оқибатида хиралашишини муолажа қилишда сезиларли самара берувчи витреотон асбоби лойиҳасини ишлаб чиқди. Кўзда назла пайдо бўлиши, ушбу касалликнинг дастлабки босқичида унга ташхис қўйиш ва муолажа қилишда беқиёс ўрин тутувчи, аввалги жарроҳлик усули ва тартиб-қоидаларини тубдан ўзгартирувчи назария муаллифи сифатида донг таратди.

Офтальмологияда ўзгача ноёб йўналиш ҳисобланган, ҳавода ёруғлик нурларининг синиши ва товуш йўналишлари ўзгаришига дахдлор рефракцион жарроҳлик ҳам Фёдоров номи билан боғлиқ. Қолаверса, у яқиндан ва узоқдан кўриш, астигматизм (кўзнинг нурларни бир нуқтада синдира олмаслиги) хасталиклари кучайиши олдини олишга оид жарроҳлик  мажмуини, уларни амалиётда қўллаш учун зарур асбоб-ускуналарни яратди. Мамлакатда биринчи бўлиб, донорнинг бузилмайдиган ҳолатга келтирилмаган мугуз пардасини юпқа кератопластика (хиралашган кўз мугуз пардасини соғлом пардага алмаштириш)да қўллади ва унга тааллуқли жарроҳлик техникаларини такомиллаштирди. Лазер жарроҳлиги соҳасида эса тўрсимон пардалардаги вена тромбози – томир ичида қон лахтаси ҳосил бўлиши, иккиламчи катаракта ва назлани даволашнинг янги усулларига асос солди. Қандли диабет туфайли  қон томир тизимининг тарқоқ шикастланишини паст ҳарорат ва лазеркоагуляция (тўқималарни лазер нури билан куйдириш) орқали тузатиш йўл-йўриқларини кашф этди. Шунингдек, шифокорнинг иш унумдорлигини ўн бараварга оширадиган ва операция сифатини яхшилайдиган “конвейерли жарроҳлик” блокини ихтиро қилди.

Святослав Фёдоров 2000 йил 2 июнь куни “Кўз микрожарроҳлиги” мажмуаси Тамбов филиалининг ўн йиллигига бағишланган тантанада иштирок этди. Қайтишида у парвоз қилаётган тўрт ўринли самолёт ҳалокатга учради. Марҳумни Москвадан 60 чақиримча наридаги Митишинск районининг бир вақтлар машҳур саркарда Александар Суворовнинг мулкдор отаси яшаган ва мангу ором топган қишлоқ қабристонига дафн қилишди. Негаки, миллионлаб кишилар кўзига нур, қалбига қувонч ато этган буюк шифокор ушбу сўлим гўшани беҳад севарди. Шунинг учун ҳам ўша атрофда “Кўз микрожарроҳлиги” мажмуасининг соғломлаштириш шохобчаси қурилишига ва қишлоқдаги кўҳна черковнинг қайта тикланишига баҳолиқудрат ҳисса қўшганди.

…Ҳаётнинг бешафқатлигини-ю тақдир ўйинларининг қалтислигини қаранг: Святослав Фёдоровнинг болалиги ва ёшлиги азоб-уқубатларда ўтди. Ҳар томонлама камол топганида  унга омад кетма-кет кулиб боқди, номи тилларда достон бўлди. Охирида эса яна фалокатга рўбарў келиб,  фожиали ўлим топди.

Абдунаби Ҳайдаров


Зиё истаган қалблар Telegram каналига марҳамат!