“Титаник” ҳайбатининг сири

«Инсон аксарият ўзи илоҳлаштирган нарсаси билан жазолантирилади» (Э. Гурдоған).

Шу пайтгача ҳали бундай катта кема қурилмаган эди. Кемани тайёрлашда 17000 ишчи ишлаган, муҳандислар барча маҳоратларини ишга солиб, энг устун технологиясини ишлатган эдилар. Жуда ҳам дабдабали ва хавф-хатар учун ҳамма нарса ўйлаб қўйилган эди. Қурганлар кўкракларига уриб мақтанишган ва баҳайбат кемага ўзига мос ном ҳам топилди: ТИТАНИК.

Титаник номи Грек мифологиясида табиат ва денгизга қарши уруш очган уйдирма тангри номидан олинган. Ўзига ўта ишонган бу кеманинг океандаги илк сафари унинг сўнгги сафари бўлди. У айсбергга урилди ва океаннинг  чуқур   қоронғуликларига   кўмилди.   Ўйин-кулги,  хушчақчақ овозлар ўрнини ўлим ваҳималари эгаллади ва кема юзлаб йўловчиси билан бирга сувга чўкди.

Титаникнинг энг катта хусусияти ишончли эканлигида эди. Кема кутилмаган вазиятда зарар кўрса, бошқа қисмлар эвазига мувозанатини сақлаши мўлжалланган эди. Кема гавдасини тайёрлашда ишлатилган пўлат конструксия мукаммал ҳимоя камари эди. Бошқа бир кема билан тўқнашиш каби ўта ёмон ҳолатларда ҳам камида уч кун сув устида тура оладиган ва бу орада йўловчиларни қутқариш ўйлаб қўйилганди. Титаник тарихга ўзининг мукаммал ҳусусиятлари билан эмас, балки бошига келган аламли ҳалокати билан муҳрланди. Аммо инсонлар учун ибрат олиш қандай қийин! Мана сизга яқин замондан мисол: «Зилзилани енгдик, Тангри ва дуога эҳтиёжимиз йўқ», деган японларнинг Кобе шаҳридаги «муҳандислик мўъжизаси» дейилган «чидамли» бинолар қоғоз ўйинчоқлардай парчаланди. Бу зилзила японларга Аллоҳнинг қонунидан устун ҳеч бир қонун йўқлигини англашлари учун фойдали бўлгандир, балки…

Ҳалокатдан қутулганларнинг айтишича, ўша кеча жуда ҳам ғалати бўлган. Қисқа фурсатда ҳаво ҳам, ҳатто ой ҳам қорайиб кетган.

Титаникнинг капитани кемага бўлган чексиз ишончи билан радарига қаради ва йўлида давом этди. Титаник қоронғулик ичига қараб юради. Ҳаво ҳарорати музлаш даражасига келади. Орада кўриш масофаси шунчалик қисқарадики, ёрдамчиси капитанни қаттиқ огоҳлантиришга мажбур бўлади. Капитаннинг эса парвои фалак эди. Тун ярмига келганда кема назорат жойидан қаттиқ бақириш эшитилди:

— Айсбергга уриламиз!

Барча сигналлар ҳаракатлантирилди. Кема йўлида қусурсиз давом этарди. Кичик бир ҳаракатга улгурилмади ва Титаник айсбергга чап томони билан урилди. Капитан учун қўрқувга ҳожат йўқ эди. Нима бўлса ҳам муҳандислар ҳамма нарсани ўйлаб қўйган эдилар.

Аммо тақдир тушунчалар билан чегараланган эмас. Энг нозик ҳисоблар билан барпо қилинган ва «кичик бир ҳисоб хатоси» ҳамма нарсани остин-устун қилиб ташлади. Уйғоқ одамлар қайиқларга югурди. Бир соат ичида бир дона қайиқ сувга туширилди. Уч кунгача ботмайди дейилган Титаник уч соатлик чирпаниш орқасидан океаннинг 3128 метр чуқурликдаги қаърига кўмилиб кетди.

80 йилдан кейин (1992 йилда) топилган Титаник қолдиқлари сув остидан чиқарилди. Канадалик тадқиқотчиларни ҳайратда қолдирган нарса кемадаги пўлатнинг умуман зангламасдан туриши эди.

Сув остида қилинган тадқиқотлар Титаникнинг урилган томонида ажойиб нуқталарни аниқладилар. Кема айсбергга шундай нуқтадан урилгандики, ўша нуқтадан бошқа жойга урилса, зарар анча оз бўлиши мумкин эди.

Ҳалокатга сабаб бўлган «майда» шартлар кўп. Аммо охирги технология маҳсулоти бўлган бу «қусурсиз» кеманинг чўкишида тақдир тақозоси борлиги аниқ. Ўзини коинотда ягона куч деб эълон қилган инсон Титаник билан бирга океан тубига чўкди. Қоғоздан ясалгандек иккига бўлиниб, тезлик билан чўккан бу кема юзлаб йўловчиси билан: «Бу кемани Аллоҳ ҳам чўктиролмайди», деган йигирманчи аср фираъавнларини ҳам доғда қолдирди.

Канадалик мутахассислар тадқиқотларидан сўнг Титаникни «1912 Челенжери» деб номладилар.Чунки, икки ҳалокатнинг ҳам бир хил техник сабаблари бор эди. Улар фикрича, Титаник учун носоз пўлат, Челенжер учун эса нотўғри каучук ишлатилиши эди. Аммо Титаник ва Челенжернинг орасидаги ўхшашлик бу билан тугамайди.

Титаник қандай океанга кўкрак керган бўлса, Челенжер ҳам кўкларга шундай қилганди. Чунки Челенжер ҳам «Кўкрак кериш, катта кетиш» деган маънони англатади. Зафар ва шон-шуҳрат ишоралари билан кўтарилган коинот кемаси қисқа вақт орасида, миллионлаб инсоннинг кўз ўнгида ёнди ва ичидагилар билан бирга кулга айланди.

«Илоҳий мўжизалар-6» китобидан олинди.