Тасодифий кашфиётлар

Ҳаётда ҳамма нарса бўлиши мумкин. Бугун бутун дунёда оммалашган, турмушимизда, фан-техника соҳасида улкан бурилиш ясаган кашфиётлардан баъзилари тасодифан ёки турли хатолар туфайли содир бўлган экан. Уларнинг айримлари билан танишинг.

Микротўлқинли печка

120 дан ортиқ кашфиётлар учун патент олган машҳур олим Перси Спенсер тасодифан микротўлқин асосида ишловчи печканинг яратувчисига айланган. 1945 йилда, яъни Иккинчи жаҳон урушининг тугаши арафасида у радарлар сифатини ошириш устида иш олиб борган. Тажрибалар пайтида Спенсер столдаги тўлқин чиқарувчи мослама ёнида турган шоколад эриб кетаётганини сезиб қолади. Кўплаб синовлардан сўнг эса 400 кг оғирликдаги биринчи микротўлқинли печка яратилади. Дастлаб бу печкадан овқатни тезда пишириш зарур бўлган йирик ресторанлар, самолётлар ва кемаларда фойдаланилган. Ҳозирга келиб эса микротўлқинли печкалар бутун дунёга тарқалиб улгурди.

Ёпишқоқ қоғозлар

Ёпишқоқ қоғозлар елимнинг мустаҳкамлигини ошириш мақсадида амалга оширилган муваффақиятсиз уринишларнинг оқибатидир. 1968 йилда 3М компанияси тадқиқот лабораторияси ходими ёпишқоқ лента (скотч) нинг мустаҳкамлигини оширишга ҳаракат қилади. Натижада у ўзи ёпишган юзада из қолдирмайдиган ғалати елим яратади. Кашфиётчи скотч учун кераксиз бўлган бу елимни нима қилишни билмайди. Орадан 4 йил ўтгач, унинг ҳамкасби китобларга изоҳ ёпиштириш мақсадида ана шу елимдан фойдаланади ва бугун ҳаммамиз яхши биладиган Пост-ит-Нотес яратилади. ёпишқоқ қоғозлар биринчи марта 1980 йилда сотувга чиқарилган.

Супермаркетдаги аравача

Оклахома-Сити шаҳрида сотувчилик билан шуғулланган Силван Голдман харид аравачасини 1936 йилда ихтиро қилган. У озиқ-овқат дўконининг эгаси бўлган ва харидорлар негадир айрим маҳсулотларни сотиб олмаётганини узоқ ўйлаган. Эътибор бериб қараса, бу маҳсулотлар кўтариб юриш учун оғир бўлганлиги боис харидорлар уларни сотиб олмас экан. Кашфиёт тасодифан юз берган: Голдман бир аёл оғир халтани ўйинчоқ машина устига қўйиб олганини ва уни ўғли ип билан тортиб кетаётганини кўриб қолади.

Савдогар аввалига оддий халтага ғилдираклар ўрнаттиради, кейинроқ эса механиклар ёрдамида ҳозирги аравачаларнинг биринчи нусхаси яратилади. Аравачаларни оммавий ишлаб чиқариш 1947 йилдан йўлга қўйилган ва бу дўконларнинг янги кўриниши — супермаркетлар юзага келишига сабаб бўлган.

Резинка

1844 йилда ихтирочи Чарлз Гудийр (Гоодеар) тасодифан иссиқда бўшашиб кетмайдиган, аёзда эса қотиб қолмайдиган резина тайёрлаш усулини кашф қилади. Бу технологияга Гудийрнинг вулканизатсияси номи берилади. Ўша пайт ишлатиш жуда қийин бўлган материал сифатини ошириш мақсадида роса уринган Гудийр кунларнинг бирида каучук ва қалайни ошхона печкасида қиздириб, аралаштиради ва резина моддаси ҳосил бўлади. Резинани исталган шаклга киритиш йўлининг кашф этилиши электроника саноатининг ривожида улкан инқилоб ясаган. Чунки бу модда ток ўтказмайдиган жуда қулай восита бўлиб, электр симларининг ҳаммаси резина билан ўралади. Гудийрнинг кашфиёти замонавий автомобилнинг дунёга келишига ҳам имконият берди.

Кардиостимулятор (юракка сун-ъий импулс берувчи мослама)

Юрак хасталигига чалинган миллионлаб инсонларнинг ҳаётини сақлаб қолишга ёрдам бериб келаётган бу ускуна ҳам тасодифан кашф қилинган. 1941 йилда муҳандис Жон Хоппс ҳарбий денгиз флоти буюртмаси билан гипотермия (тананинг ҳароратини тиббий йўл билан ўзгартириш) соҳасида тадқиқотлар ўтказади. Унинг олдига узоқ вақт аёзда қолган ёки совуқда жанг қилган инсон танасини зудлик билан иситиш йўлини топиш вазифаси қўйилган эди. Хоппс бунинг учун юқори частотали радиотўлқинлардан фойдаланган ва совуқ туфайли тўхтаб қолган юрак электр импулслари ёрдамида яна «ишга тушиб кетиши» мумкинлигини тасодифан сезиб қолган. 1950 йилда Хоппс ихтироси асосида биринчи кардиостимулятор яратилди. У жуда катта ва ишлатишга ноқулай бўлган ва баъзан бемор танасининг куйиш ҳоллари ҳам содир бўлган.

Тиббиётчи Уилсон Грейбетч эса бу соҳадаги иккинчи ихтирони амалга оширди. Энг қизиғи, у ҳам тасодифан рўй берган. Грейбетч юрак уриш тезлигини ёзиб борувчи мослама яратиш устида иш олиб бораётган эди. Бир куни у синовдаги ускунага тасодифан бошқа резисторни жойлаб қўяди ва электр занжирда юрак уришини эслатувчи тебранишлар бўлаётганини сезиб қолади. Икки йилдан сўнг Грейбетч юрак ишлаши учун сунъий импулсларни мунтазам бера оладиган биринчи электр кардиостимуляторни яратди.

Антибиотиклар

1928 йилда олим Александр Флеминг замбуруғдаги пенитсиллин моддаси у синов ўтказаётган бактерияли моддага тушиб қолганини кўради. Микроскоп ёрдамида кузатиб, Флеминг пенитсиллин бактерияларни ўлдириб бораётганини англайди. Флеминг кашфиётининг аҳамияти 1940 йилда — бутун дунёда антибиотик-дорилар яратиш устида тадқиқотлар бошлангандан сўнг маълум бўлди. Бугунги кунда пенитсиллин антибиотиги тиббиётда энг кенг қўлланиладиган восита бўлиб, бутун дунё бўйича ишлаб чиқариладиган дориларнинг 15 фоизини ташкил этади.

Ахлат учун халта

Биринчи шундай халта 1950 йилда Гарри Василик томонидан ўйлаб топилган. Василик ихтирочи-муҳандис бўлган ва кунларнинг бирида шаҳар ҳокимияти унга мурожаат қилади. Унинг олдига бир вазифа қўйилади: маиший чиқиндиларни ахлат ташувчи машиналарга юклаш пайтида уларнинг сочилиб кетмаслиги йўлини топиш. Василик узоқ вақт чангютгични эслатувчи ускуна ясамоқчи бўлади. Бироқ масаланинг ечими мутлақо бошқа ёқдан топилади. У оила аъзоларидан бирининг оғзидан «Менга ахлат учун фойдаланиладиган сумка керак эмас!» деган сўзларни эшитиб қолади. Василик ўйлай-ўйлай ахлатни йиғиш учун бир марта ишлатиладиган халталардан фойдаланиш лозимлигини тушуниб етди ва уларни полиэтилендан ясаш таклифини берди. Целлофан халталар биринчи бўлиб Виннипег шаҳри касалхонасида ишлатила бошланган. Аҳоли учун мўлжалланган ахлат халталари эса илк бор 1960-йилларда пайдо бўлган. Бугун эса инсоният олдида турган энг катта муаммолардан бири чиқиндиларни қайта ишлаш масаласидир.

Йилнинг энг йирик кашфиётлари

Time журнали ўз анъанасига содиқ қолган ҳолда, йилнинг энг зўр кашфиётлари рўйхатини эълон қилди. Дунёнинг таниқли олимлари, академиклар ва ихтирочилар, журналистлар ҳамда илмий-тадқиқот муассасалари ўртасида ўтказилган сўров натижаларига кўра, кучукнинг клонлаштирилиши воқеаси 2005 йилнинг энг йирик кашфиёти деган номга сазовор бўлди.

Снупи лақабли афғон кучуги 6 ой муқаддам Жанубий Кореянинг Сеул миллий университети лабораториясида «дунёга келган» эди. Клонлаштириш жараёнида профессор Ву Сук Хван бошчилигидаги олимлар гуруҳи катта ёшдаги итнинг қулоғидан олинган ҳужайрадан фойдаланишди. Тадқиқотчилар бундан бир неча йил аввал сунъий равишда дунёга келтирилган Долли қўйини клонлаштиришдаги усулни қўллашган.

Шунингдек, водородли двигателда ҳаракатланувчи мотоцикл, бир марта ишлатилувчи видеокамера ҳамда овозни фарқлай олувчи робот-мушуклар ҳам ТИМE журнали томонидан эълон қилинган рўйхатдан ўрин олди.

Дарвоқе, 2005 йилда муваффақият билан амалга оширилган бошқа тадқиқот натижаларига кўра,

…физиклар ўта юқори аниқликдаги синовларга асосланиб, Эйнштейн формуласидаги хатони топишди.

…инглиз олимлари тишни 2 дақиқадан ортиқ ювиш тиш эмали ва милкларга зарар келтиришини аниқлашди.

…Шветсияда биогаз асосида ҳаракатланувчи биринчи поэзд яратилди. Ушбу поэзд ҳавога СО2ни деярли чиқармайди ва бир марта тўлдириш билан 600 км ҳаракатланишга етади. Поэзднинг энг юқори тезлиги 130 км/соат.

…САРС вируси ғайриоддий пневмония (2002 йил ноябр, 800 мингга яқин қурбон) вирусини кўршапалаклар олиб келган экан. Бу вирусологлар халқаро комиссиясининг сўнгги хулосаси. Сўнгги йилларда Жанубий-Шарқий Осиё мамлакатларида улардан дорилар ва баъзан озиқ-овқат маҳсулотлари ҳам тайёрланаётган, бу САРС вирусининг тез тарқашига сабаб бўлган эди.


Зиё истаган қалблар Telegram каналига марҳамат!