Қизил сайёра жумбоқлари

Европа космик агентлиги Марснинг Прометей деб аталаётган ҳудудидан Mars Express аппарати орқали туширилган суратларни эълон қилди. Суратларда қачонлардир тўлиб оққан дарёнинг қуриган ўзани яққол акс этиб турибди. Cақланиб қолган ўзаннинг эни 7 километр, чуқурлиги 300 метр ва узунлиги 1500 километрни ташкил этади. Дарё ўрнида оқим изи ва чўкинди қатламлар ҳам мавжуд.

Хўш, бу дарё қачон ва қанча муддат оққан? Ҳозирча бу саволларга аниқ жавоб йўқ. Икки миллиард йил муқаддам Марсда иссиқ ҳарорат, нам иқлим ва зич атмосфера бўлган. Ўшанда тоғлардан текислик томон обиҳаёт оққан бўлиши мумкин. Бироқ Reull Vallis деб аталаётган бу ўзан умуман дарё ўрни бўлмаслиги ҳам эҳтимолдан холи эмас. Яъни, сайёрадаги баланд тоғлар устига йирик метеорит урилиб, муз қатламларини эритиб юборгач, қисқа муддатли кучли оқим пайдо бўлган, Шундай узун ва чуқур ўзан ҳоcил қилгандир, эҳтимол. Cув муз қатламнинг тагидан оққан бўлиши ҳам мумкин, деб тахмин қилинмоқда.

Ўрни келганда айтиш керакки, бир неча йил аввал Хюстонда (АҚШ, Техас штати) ўтган Ой тадқиқига доир 39-конференцияда НАСА олимлари Марсда жуда катта сув заҳиралари мавжудлиги ҳақида шов-шувли маълумотни эълон қилишганди. Mars Reconnaissance Orbiter космик аппаратига ўрнатилган Sharad радари ёрдамида олинган маълумотлар Қизил сайёранинг ўрта кенгликлари юзаси бир неча юз метрли муз қатлами билан қопланганидан дарак берганди. Табиийки, сув бўлмаган жойда муз ҳам бўлмайди.

— Текширилган геологик қатламлардаги сув миқдори 50 фоиздан ошишига шубҳа йўқ, — деб ишонтирганди ўшанда Sharad радари бўйича бош мутахассис Жефф Плот.

— Марс юзасининг учдан бир қисмидан ярмигача бўлган ҳудудларда қумлар тагида музга айланган сув бўлиши мумкин, — дея унинг фикрини қувватлайди Аризона университети тадқиқотчиси Жошуа Бандфилд. — Бу қатлам бир сантиметрдан бир неча метргача.

Олимнинг фикрича, ёз, куз, қиш ва баҳорда бу зоналар иссиқ нурларни турлича акслантирар экан. Шунга кўра, муз қатлами қаерда яқин, қаерда узоқ жойлашганини кўрcа бўлади. Америкалик олимларнинг мазкур маълумотларини Европанинг Mars Express автоматик станцияси радарлари ёрдамида олинган маълумотлар тасдиқламоқда. Марснинг ўз Антарктидаси бор — Жанубий Қутбдаги муз қатлами деярли 4 километрга етади. Унинг 90 фоизи музлаган сувдан иборат экан. Ж. Плотнинг фикрича, сайёранинг Шимолий қутбида ҳам бундан кам бўлмаган миқдорда сув заҳиралари бор. Агар у эриса, сайёра юзасини бир неча ўнлаб метр қалинликда сув қоплайди.

НАСА тадқиқотчилари Марсдаги йирик cув ҳавзаcини Қуёш системасидаги энг катта кўл, деб таърифлашмоқда. Уларнинг тасдиқлашича, Марсдаги энг йирик кратер дастлаб ўн миллион куб километрлаб сув билан тўла бўлган. Бу гигант кўл Қизил сайёранинг Жанубий ярим шаридаги Эллада текислигида жойлашган. НАСА ҳузуридаги сайёрашунослик институти мутахассислари шундай хулосага келишди. Доктор Л. Блимастер ҳамкасблари билан мазкур текисликдаги қатламли чўкмаларни таҳлил этиб, улар кўлни қуршаган тоғлар ва қояларнинг аста-секинлик билан нураши туфайли ҳосил бўлган, деган фикрга келишди. Қолаверса, Марс орбитасидан олинган суратларда сайёра юзасининг айрим жойлари балчиқ билан қоплангандек кўринади.

Эллада текислиги улкан метеоритнинг сайёрага зарб билан урилишидан ҳосил бўлган. Эҳтимол, бу метеорит эмас, комета бўлиши ҳам мумкин экан. Пайдо бўлган кратер Қуёш системасидаги мавжуд кратерларнинг энг йириги. Унинг диаметри — 2 минг километр, чуқурлиги — 8 километрга яқин. Агар олимларнинг тахминларига ишонадиган бўлсак, ана шу улкан резервуар сув билан тўла бўлган, яъни кратер ўз бағрига бир неча миллион куб километр сувни сиғдирган.

Хўш, Марснинг иссиқ ва нам иқлими ҳозирги қуруқ ва совуқ иқлим билан алмашгунга қадар сайёра юзаси қандай бўлган? НАСА маълумотларидан фойдаланган британиялик программа тузувчи Кевин Гилл ўша олис даврни кўз олдига келтириб, cайёра таcвирини яратди. Cайёра юзасидан олинган суратлар ва жой рельефига доир маълумотлардан фойдаланиб, моделлаштириш асосида компьютер ёрдамида яратилган манзарадан Марсда қулай иқлим шароитлари мавжуд бўлган замонлар нафаси уфуриб тургандай. Унда тоғ ва саҳроларга туташ, олмалар гуллаган ям-яшил текисликлар, дарёлар, кўллар ва қизил қумли ажойиб пляжларга эга уммонлар акс этган. Энг сўнгги маълумотлардан аён бўлишича, Марсда обиҳаёт етарли даражада бўлган ва cайёра манзараси ҳам Ерникига жуда ўхшаб кетган. Ҳозир эса… унинг қиёфаcи бутунлай бошқача. Денгизлар ҳам, марс­ликлар ҳам уни тарк этишган.

«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2013 йил 5-сонидан олинди.