Пуллар, пуллар, эҳ, пуллар…

Пул форсча-тожикча сўз бўлиб, моҳиятан балиқ тангаси, ақча, сармоя, маблағ, маош, эскича китобий тилда кўприк, олди-сотди ва тўлов муомалаларида нарх-наво, қиймат рамзи бўлмиш металл ёки қоғоз белги, баъзи ерларда ярим ёки бир тийинга тенг пул ўлчови бирлиги ва шу миқдордаги майда валюта маъноларини англатади. Инсон ва жамият фаолиятида эса жамики товарлар қиёсланадиган ва хизматлар айирбошланадиган, уларнинг ўрнини боса оладиган ва баҳосини ифодалайдиган энг зарур умумий омил мақомига эга. У уч хил хусусиятга эга бўлиб, ҳамма нарсага алмаштириладиган муҳим харид усули, бойлик тимсоли, меҳнатни қиймат тарзида баҳоловчи мезон ҳисобланади. Муомала доираси кўламига кўра, асосан муайян мамлакат ҳудудида барқарор бўладиган миллий ҳамда халқаро ёки мамлакатлараро пулга бўлинади. Албатта, махсус чиқариладиган жаҳон пули йўқ. Аммо қадри энг баланд, эркин алмаштириладиган валюта кенг қамровли муштарак тўлов воситаси вазифасини ўтайди. Сўнгги пайтларда бу борада АҚШ доллари, Англия фунт стерлинги, Япония иенаси ва Европа Иттифоқи мамлакатларига тааллуқли евро етакчилик қилмоқда.

Пул белгилари, шакллари ва муомаласи

Пул белгилари умумий ва хусусий бўлади. Умумийлари қиймат миқдорини кўрсатувчи рақамлар, давлат герби, ўзига хос серияси ва рақами, махсус расм, чизма ва нақшлардан, хусусийлари қоғоз таркиби, ҳажми, эни ва бўйи, бошқа валюталардан фарқланувчи бетакрор аломатлардан ташкил топади. Пул қоғоз ва танга шаклида тайёрланади. Устига ёзилган баҳоси нақд ҳисоб-китоблар ва тўловларни оқилона олиб бориш имконини берадиган даражада белгиланади. Қадрсизланган чоғлари йирик қийматда чиқарилади.

Ҳар қайси мамлакатнинг қонуний пул белгиси давлат молия тизимининг асосий унсурларидан бўлмиш пул ҳисоб-китоби бирлиги саналади. Масалан, Ўзбекистоннинг пул бирлиги – сўм, АҚШники – АҚШ доллари, Буюк Британияники фунт стерлингдир. Ўз навбатида, пул бирлиги майда қисмларга бўлинади. Шу жиҳатдан қараганда, 1 сўм 100 тийинга, 1 рубль 100 копейкага, 1 АҚШ доллари 100 центга тенгдир.

Пулдан бажарилган ишлар, кўрсатилган хизматлар, харид қилинган товарлар ҳақини тўлашда, бошқа тўловлар ва турли ҳисоб-китобларни амалга оширишда, нафақаларни бериш ва қарзларни қайтаришда фойдаланилади. Унинг айни жараёнлардаги узлуксиз ҳаракати пул муомаласи деб аталади. Бу муомала ҳар бир мамлакат пул тизими доирасида рўёбга чиқади ҳамда нақд ва накд бўлмаган турларга бўлинади. Нақд пул банкдан чиққач, корхона-ташкилотлар кассаси ва аҳоли қўлига ўтади. Олди-сотдилар ва тўловлар адо этилгач, яна банкка қайтади. Мижозларнинг банкдаги ҳисоб рақамида турган сармоялари ҳаракати нақд бўлмаган пул муомаласига киради. У чек, кредит карточкаси, вексель, облигация, сертификат ва бошқа воситалар орқали олиб борилади.

Бу тизимнинг тарихан металл ва қоғоз пулларга оид кўринишлари мавжуд. Металл пул муомаласи эса биметаллизм ва монометаллизмга бўлинади. Биметаллизм деганда, қиймат ўлчови, яъни қонунлаштирилган умумий эквивалент вазифасини икки нодир металл  бажарадиган пул тизими ҳамда улардан ясалган тангаларнинг мамлакат бўйлаб муомалада юриши тушунилади. XVI-XIX асрларда у Ғарбий Европада олтин ва кумуш тангаларнинг ўзаро нисбати бозор қиймати бўйича стихияли равишда белгиланадиган параллел валюта ҳамда иккиси ўртасидаги нисбат давлат томонидан аниқланадиган қўш валюта тизими шаклида кенг тарқалган. Биметаллизм шароитида қоғоз пуллар эмиссия муассасалари хоҳиши билан олтинга ёки кумушга майдаланган. Талай давлатлар валюта захирасига шу металлар асос қилиб олинган. Бироқ Қўқон, Бухоро ва Хива хонликлари ҳудудида олтин (“тилла”), кумуш (“танга”) ва мис (“пул”) муомалада бўлган. Уларнинг қийматлариаро фарқ иқтисодий-сиёсий сабаблар туфайли тез-тез ўзгариб турган. Оқибатда товар-пул муносабатлари ўта қийинлашган.

Табиийки, пулнинг икки ёки уч металлга дахлдорлиги унинг умумий ягона муқобил сифатидаги табиатига зид эди. Шул боис янги олтин конлари очилган XIX аср ниҳоясида ривожланган мамлакатлар танга ва қоғоз пуллар ягона қимматбаҳо металлга алмаштириладиган монометаллизмга, аниқроғи, фақат тиллага асосланган пул тизимига ўтдилар. ХХ асрнинг 60-йиллари охирида қоғоз пулларнинг олтин таъминоти бекор қилингач, монометаллизм ҳам аҳамиятини йўқотди. Кўп ўтмай деярли барча давлатларда олтин монометаллизми олтин валюта стандартига алмаштирилди. Асримиз бошига келганда эса, монометалл пул муомаласи бутунлай барҳам топди. Инчунин, эндиликда турли мамлакатларнинг асосий пул бирлиги кредит банк билетлари (банкнотлар), давлат хазинаси билетлари ва танга пуллардан иборатдир.

Яна бир гап. Қоғоз пулларнинг ҳаммаси ёки бир қисми қадрсизланганда, ҳажми кўпайганда, пулнинг олтин қиймати ёки валюта курси ўзгарганда, қоғоз ёки металл шаклидаги янгисига алмаштириш, тизимга ўзгартириш киритиш зарурати туғилганда давлат томонидан пул ислоҳоти ўтказилади. Бу миллий валютани мустаҳкамлашга, пул бирлигини барқарорлаштириш ва муомаласини тартибга солишга, тизимни тўлиқ ёки қисман қайта ташкил этишга хизмат қилади. Амир Темур, Улуғбек ва шайбонийлар ҳукмронлиги даврида ўлкамиз ҳудудларида, охирги юз йилликда собиқ Иттифоқ, Германия, Греция, Бельгия, Франция, Дания, Голландия, Норвегия ва Австрияда ўтказилган пул ислоҳотлари фикримизга ёрқин мисол бўлади.

Мавқеини йўқотган тангалар

Узоқ ўтмишда савдо-сотиқ ишлари металл қуроллар ва қуймалар, чорва моллари, дон, чиғаноқ, матолар, тақинчоқлар ва бошқалар ёрдамида амалга оширилган. Милоддан аввалги VIII-VII асрларда Лидия давлати ва Юнонистонда танга (туркийча – “тамға”)лар пайдо бўлган. Уларда зарб қилинган санаси ва жойи номи, юрт ҳукмдорининг тасвири, исми, унвони ва герби акс эттирилган. Тахминларга кўра, Ўзбекистон ҳудудида илк бор бундан 2600 йилча бурун оғирлиги 8,4 граммлик “дарик” номли тилла тангалар тайёрланган. Милоддан аввалги III-I асрларда ва ундан кейин чиқарилган Антиох I, Евтидем I, Деметрий I, Евкратид I, Митридат II ва Гермей тангалари эса ҳозиргача ноёб ёдгорликлар сифатида сақланиб қолган. Марказий Осиёда араблар ҳукмронлиги ўрнатилган VIII аср ўрталарида вазни 4,3 граммлик олтин динорлар, 2,8 граммлик кумуш дирҳамлар ва мис тангалар муомалага киритилган.

Замонлар эврилиб, қоғоз пуллар вужудга келгач, тангаларнинг мавқеи кескин пасайди. ХХ асрдан эътиборан улар асосан қоғоз пулларни майдалаш ва кичик тўлов ёки асосий пул бирлигининг муайян қисмини ифодалашда ишлатила бошланди. Махсус сана ва юбилейларга бағишланганларини истисно этганда, олтин, кумуш, мис, платина тангалар чиқариш батамом тўхтатилди. Оддий тангалар эса миснинг турли қотишмалари, никель ва алюминийдан тухумсимон ёки думалоқ шаклда зарб қилинадиган бўлди.

Келинг, энди тарихий мавзудаги бадиий ва илмий асарларда кўп учрайдиган, кундалик мулоқотда тез-тез қулоққа чалинадиган пуллардан баъзилари ҳақида бирров сўз юритайлик.

Айрим пул бирликларининг “таржимаи ҳоли”

Чақа. Қадимда кўпинча мис, жез сингари арзон металлардан ясалган, қиймати 1 тийинлик танга. Ҳозир асосан майда тўловлар, қоғоз пулларни майдалаш ва қайтим беришда ишлатилади. Аксарият давлатларда миллий валютанинг юздан бир қисмига тенг танга сифатида чиқарилади.

Пайса. Форсча-ҳиндча сўз. Муқаддам 50 граммлик оғирлик ўлчови, Бухоро хонлигида беш тийинлик пул ҳисобланган. Ҳозир Ҳиндистон ва Покистонда чақа ўрнида қўлланилади.

Дирҳам ёки дирам. VII асрдан XIV асргача Осиё мусулмон давлатларида муомалада юрган танга. Шунингдек, Бухоро хонлиги, Эрон, Ироқ, Афғонистон ва Туркия пули бўлиб, баъзиларида 3,2 граммлик кумуш тангага чоғиштирилган. Эндиликда БАР ва Марокаш пули, Миср ва Суданда нодир металларнинг 3,12 граммга тенг ўлчов бирлиги.

Динор. Лотинчада – ўндан иборат, арабчада – тилла ёки ундан ясалган пул. Қадимий мусулмон ўлкаларининг қимматбаҳо тангаси. Шарқда дебочасига VII асрда 2,4 грамм вазнда зарб қилинган. Ҳозир Баҳрайн, Қувайт, Ироқ, Ливия, Югославия, Босния ва Герцеговина, Жазоир, Иордания, Тунис ва Судан пул бирлиги.

Пул. Марказий Осиё хонликлари ва Яқин Шарқдаги айрим давлатларда мис чақа вазифасини бажарган. Икки-уч асрча бурун Қўқон хонлигида “танга”нинг 45-60 дан, “тилла”нинг 40 дан, 1932 йилгача Эронда қироннинг 40 дан бир қисмига тўғри келган. Бугунги кунда Афғонистон миллий валютаси афғонийнинг юздан бир улушига тенг танга.

Фунт. Немисча pfund, лотинча pondus, яъни оғирлик ёки тарози тоши. Инглиз ва рус ўлчов тизимларида кичик масса бирлиги. MAP, Гибралтар Ирландия, Ливан, Сурия, Судан Кипр каби мамлакатлар пуллари.

Фунт стерлинг. Инглизча сўз. ХI асрдан эътиборан кумуш, XIV аср ўрталаридан олтин танга шаклида тайёрлаган. Банкнотларини 1694 йилдан Англия банки чиқара бошлаган. Ҳозир Буюк Британиянинг асосий пули. Жаҳонаро энг барқарор валюталардан.

Шиллинг. 1960 йилдан Сомали, 1966 йилдан Кения, Танзания, Уганда пул бирликлари. 1925-2001 йилларда Австриянинг ҳам крона ўрнини эгаллаган пули бўлган.

Доллар. Инглизча dollar, немисча taler – олтин ва кумуш танга. 1786 йилдан АҚШнинг асосий пули. Дастлаб кумуш тангалиси, сўнгра қоғозлиси муомалага киритилган. Халқаро миқёсда кенг тарқалган. Канада, Австралия, Барбадос, Канада, Малайзия, Сингапур, Фижи, Ямайка сингари ўттизга яқин катта-кичик давлатлар пуллари ҳам доллар деб аталади. Лекин уларнинг бошқа валюталарга нисбатан қиймати бир хил эмас.

Евро. Европа иқтисодий ва пул ҳамжамиятига аъзо Австрия, Бельгия, Германия, Греция, Ирландия, Испания, Италия, Люксембург, Нидерландия, Португалия, Финляндия, Франциянинг шу қитъа номидан олинган ва 1999 йил 1 январдан муомалага чиқарилган пул бирлиги. Аввалбошда нақд пулсиз тўловларда ишлатилди. У билан бирга, мазкур мамлакатлар валюталари ҳам амалда бўлди. Улар 2002 йил 1 январда ўз ўрнини 5,10, 20, 50, 100, 200, 500 евро қоғоз банкнотлари, 1,2 евро ва 1, 2, 5, 10, 20, 50 центли тангаларга бўшатиб берди.

Рубль. Асл маъноси – ғўла, кунда, тиқин. Бу атама ХIII асрда Новгородда гривна – узунлиги 20 сантиметр, оғирлиги 200 граммга яқин кумуш қуймасининг кесилган (русча “рубленный”) ярим бўлаги номидан олинган. 1704 йилдан бошлаб изчил равишда 28 граммлик вазнда зарб қилинган. Шунингдек, мис ва олтиндан ясалганларини чиқариш давом эттирилган. 1843 йили давлат хазинасининг қоғоз билетлари кўринишида тайёрлана бошланган. 1917 йилгача чор Россиясининг, 1919-91 йилларда шўро пули бўлди. Ўша кезлар Ўзбекистонда ҳам расмий пул бирлиги ҳисобланди ва “сўм” деб номланди. Мустабид тузум таназзулга учрагач, Россия ва Беларусь Республикасининг миллий валютаси сифатида сақланиб қолди.

Драҳма. Кўҳна Юнонистонда кумуш пул ва оғирлик ўлчови бирлиги. Милоддан аввалги VI асрдан бошлаб кумуш танга шаклида муомалага киритилган, вазни олдин 4,25 грамм, кейинчалик 4,32 грамм бўлган. 1954 йилдан буён Греция пули.

Вона. КХДР ва Корея Республикаси валюталари. 1947 йили Корея банкининг амалдаги иенаси ўрнига чиқарилган.

Иена. Аллазамонлар Япониянинг вазни 1,5 грамм соф олтинга ёки 2,3 грамм кумушга тенг бўлган тангаси. Ҳозир ушбу мамлакат пул бирлиги.

Крона. Немисча krone, славянча корона (тож). ХIV-ХVII асрларда Франция, ХVI-ХVII асрларда Англия ва бошқа мамлакатларнинг олтин тангаси ҳисобланган. 1924 йилгача Австрия ва Венгриянинг, бугунги кунда Чехия, Словакия, Скандивания, Дания, Исландия, Швеция, Норвегия (krona, krone), Эстония (kroon), Словакия ва Чехия (koruna)нинг асосий пули.

Сўнгсўз ўрнида эслатиш жоизки, динорнинг мингдан бир улуши Баҳрайн, Қувайт, Ироқда – филс, Ливияда – дирҳам, юздан бири Югославия, Босния ва Герцеговинада – пар, Жазоирда – сентим, Иорданияда – пиастр, Тунисда – франк, ўндан бири Суданда – фунт, лиранинг юздан бири Италияда – чентизимо, Туркияда – куруш, фунтники MAP, Кипр, Ливан, Сурия ва Суданда – пиастр, Гибралтар ва Ирландияда – пенс, кронаники Эстонияда – цент, Скандивания, Дания, Исландия, Швеция, Норвегияда – эйре, Словакия ва Чехияда – геллер деб юритилади. Фунт стерлингнинг юздан бири пенс, драҳманики лета, вонаники чон, иенаники сен номини олган. Евро ва шиллингнинг, АҚШ, Канада, Нидерландия ва бошқа айрим давлатлар долларларининг юздан бир улуши эса цент дейилади.

Абдунаби Ҳайдаров


Зиё истаган қалблар Telegram каналига марҳамат!