Оғриқсизлантиришнинг оғриқли заҳматлари

Инсон яралибдики, унга дард-иллат ҳамиша ҳамроҳ. Ҳатто ўзгалар наздида энг соғлом, бардам-бақувват туюлган одамнинг ҳам гоҳ у, гоҳ бу мучаси оғриб туради. Оғриқ эса, организмда ўта кучли ёки емирувчи таъсирлар туфайли рўй берадиган нохуш руҳий-физиологик ҳолат, тиббий тилда айтганда, ҳимояланиш реакцияси ҳисобланади. У кишини бутун вужудида касаллик бошлаганидан ёки айрим аъзолар вазифаси бузилганидан огоҳлантиради. Бу ўша хасталик ва нуқсонни тез аниқлаб, тўғри даволаш имконини яратади. Айни чоғда, оғриқ сезги ва ҳиссий кечинма сифатида одамни изтиробга солади, ороми ва уйқусини ўғрилаб, иш қобилиятини сусайтиради. Беҳад кучайганида, марказий асаб, қон айланиш, нафас олиш тизимлари фаолияти ва моддалар алмашинувига кескин  путур етказиб, танада қатор ўзгаришларни келтириб чиқаради. Оқибатда лўқилловчи, санчувчи, ловуллатувчи, симилловчи ва бошқа оғриқлар пайдо бўлади.

Турган гап, бундай нохушликлар тиббий операция жараёнида ҳар қачонгидан кучаяди. Шу боис ҳозир уларни бартараф этиш учун организмга айрим наркотик моддалар юборилиб ёки электр токи билан таъсир кўрсатилиб, бемор чуқур уйқу ҳолатига келтирилади. Натижада у эс-ҳушини бутунлай ёки қисман йўқотиб, ҳеч нарсани сезмайди, ихтиёрий ҳаракат қилолмайди. Бу тиббиётда наркоз (юнонча “карахтлик”,”гапиролмай, донг қотиб қолиш”) деб аталади.

Бинобарин, наркоз жарроҳлик операцияси пайтида танани оғриқсизлантириш учун ишлатилади. У бугунги мукаммал даражага етгунга қадар ўтмиш шифокорлари ва табиблари турли оғриқларни йўқотадиган, жилла қурса, бирмунча босадиган дори-дармонлар ва усулларни яратиш устида узлуксиз бош қотиришган. Ўз навбатида, бундай эзгу саъй-ҳаракатларнинг кушандалари ҳам исталганча топилган. Масалан, христан дини ақидапарастлигида “Оғриқ — хом сут эмган бандага гуноҳларини ювиш учун Худо томонидан берилган, танни тозаловчи ва руҳни покловчи жазо. Уни енгишга уриниш шаккокликдир!” деган тушунча ҳукмрон бўлган. Бу эътиқодга ружу қўйган лақмалар гуноҳлардан фориғ бўлиш илинжида аъзои баданларини темир чивиқлар билан тилимлаб, қонга ботиришган, ўта кетган мутаассиблар ўзларини оғир жанг араваси ғилдираклари остига отиб, жон таслим қилишган.

Ёки тағин-да мудҳишроқ бошқа далил. 1591 йили шотландиялик бир аслзода хоним табибдан тўлғоқ дардини имкон қадар енгиллатишни сўрайди. Шифокор унинг илтимосини рад этолмай, керакли дори-доримонларни қўллайди. Аёлнинг кўзи эсон-омон ёради-ю, қувончи узоққа чўзилмайди. Ҳаял ўтмай, қозилар уни гулханда ёқиш ҳақида ҳукм чиқаришади. Чунки ўша кезлар “Аёл зоти туғруқ азобларини албатта тортиши шарт, акс ҳолда, Яратганга шак келтирган саналади!” қабилидаги тамойил инсон қадр-қимматидан устун қўйиларди.   

Булардан қатъи назар, оғриқни йўқотиш борасидаги изланишлар тинимсиз давом этаверган. Фидойи шифокорлар дардманлар, айниқса, операция қилинадиганлар қийналмаслиги учун ҳар хил тадбирларни қўллашган. Баъзи жойларда операция арафасида беморга итнинг қатрон аралаштирилган қулоқ кири едирилган. Яна бир усул унинг бошига кучли зарба бериб, вақтинча ҳушсизлантиришдан иборат бўлган. Бу муолажага миянинг қай қисмига ва қандай куч билан уриш зарурлигини яхши биладиган мутахассислар жалб этилган. Лондондаги кўҳна шифохоналардан бирида эса тиғ остида ётганларнинг оҳ-воҳлари ўзгаларга эшитилмаслиги учун садоси узоқ-узоқларга таралувчи катта қўнғироқни чалиб туришган. У  бебаҳо ёдгорлик сифатида ҳозиргача сақланиб қолган.

Вақти-соати етиб, операция чоғи оғриқсизлантиришнинг мўътадилроқ йўллари жорий этилган. Кўпинча артерия қон томирларини қисиб, беморни вақтинча карахт қилиб қўйишган.  Шу зайл операцияни шовқин-суронсиз амалга оширишган. Артерия исканжадан бўшатилиши биланоқ хаста дарҳол ўзига келган. Қўзғалувчан асаб толаларига кучли босим ўтказиш орқали оғриқсизлантиришда эса операциядан, чунончи, қўл-оёқни кесишдан олдин қон оқишини тўхтатиш учун томирларни чўзилувчан боғич билан чирмаб боғлашган. Илло, қаттиқ азоб бергани туфайли даволанувчилар бу усулга қатъиян эътироз билдиришган.

Тўғри, ўрта асрларда этни оғриқни сезмайдиган қилувчи дори-дармонлар топилди. Жумладан, спиртли наркоз амалиётдан ўрин олди. Афсуски, дин пешволари уни ҳам ахлоққа зид, деб баҳоладилар. Алқисса, янги воситадан фақат сартарошлар ва синиқчи табиблар фойдалана бошлашди. ХV асрда таркибида кишини гангитувчи моддалар мавжуд, асосан маҳкумларни қатл этишда асқотадиган, халқона ибора билан айтганда, “лаънатланган ичимлик” пайдо бўлди. 1540 йили Парацельс ухлатиш хоссасига эга “ширин купорос“ни ихтиро қилди. У олтингугурт номини олди.

Қисқаси, оғриқсизлантиришнинг талай қадимги чоралари гоҳ эътироф этилди, гоҳ рад қилинди. Гоҳ қайта тикланди ва яна яроқсизга чиқарилди. Мана шундай беқарорликлар   оқибати ўлароқ, тиббиёт ХIХ аср бошларида ҳам бу дардни росманасига бартараф этиш имконига эга эмасди. Таъбир жоиз бўлса, фан оғриқ олдида ожиз эди. Жарроҳлар ўзлари тайёрлаган аралашмаларга баъзан афюн қорадорисини, мандрагора, зангпоя, мингдевона, ҳинд нашаси, цикута (заҳарли сув ўти), спирт қўшишарди-ю, шифоталаблар дардига том маънода малҳам қўя олишмасди.

Ва ниҳоят, инглиз кимёгари ва файласуфи Жозеф Пристли 1776 йили азот чала оксидини яратди. Унинг Клифтон шаҳрида туғилган ватандоши Хемфри Дэви бу моддадан  оғриқсизлантиришда фойдаланишга аҳд қилди. Шу мақсадда, эндигина йигирмага тўлганига ва  билими етарли эмаслигига қарамай, тадқиқотлар олиб боришга киришди. Ақл тиши милкини ёриб чиқаётганидан азоб чекаётгани сабабли аввал ўзида синов ўтказди. Азот чала оксидини нафас билан бирга ичига ютди. Мазкур тажрибани мушукда ҳам синаб кўрди. Пировардида 1799 йили бу газ одамни маст қилиб, унга хуш кайфият бағишлашдан ташқари, оғриқни ҳам йўқотишига қатъий ишонч ҳосил қилди. Шунга кўра, уни сархушлантирувчи газ деб атади.

Қарабсизки, ёш кимёгар ва физикнинг ғаройиб ихтироси яшин тезлигида бутун Европага тарқалди. Кўпчилик кайф берувчи антиқа неъмат мазасини “тотиб” кўришга ошиқар, афсонавий ҳаётбахш ичимлик – “оби-ҳаёт”ни топган, не-не кимёгарлар уддалай олмаган ишни қойиллатган навқирон йигит шаънига тасаннолар айтишарди. Аммо Дэви, гарчи бир муддат жарроҳга шогирд тутинган эса-да, ўз кашфиётидан мазкур соҳада ҳам бемалол фойдаланиш мумкинлиги хусусида ўйлаб кўрмаганди. Шунданми, “Эҳтимол, уни фақат салгина қон кетадиган кичик жарроҳлик операцияларида ишлатиш жоиздир” деган мужмал фикрни ўртага ташлади. Аҳли илм эса унинг сўзларини инобатга олмади.

1828 йил апрелида инглиз шифокори Генри Гикмен Франция қироли Карл Х га азот чала оксидини ўлим жазосига ҳукм қилинганларда қўллаш таклифини киритди. Наполеон армияси бош жарроҳи Ларрей уни қўллаб-қувватлади. Лекин мамлакат Фанлар академияси бу газнинг зарарли томонлари ҳам борлигини назарда тутиб, олим олға сурган ғояни рад этди. Шу тариқа  оғриқсизлантиришга хизмат қилувчи янгилик узоқ вақт эътибордан четда қолиб кетди.

1844 йили Шимолий Американинг Хартфорд шаҳарчасида яшовчи кимёгар Колтон азот чала оксидининг фойдали хусусиятларини омма ўртасида такроран намойиш қилди. Шу асно сархушлантирувчи газни ҳидлаб, димоғи чоғланган бир йигит чунонам яйраб-яшнадики, ҳатто йиқилиб оёғини синдириб олганида ҳам оғриқдан зорланмади. Бора-бора бу газ барчага бирдек қувноқлик ато этадиган, одамни алланечук ҳаракатлар қилишга, ўзича нималарнидир ғулдираб-алжирашга ундайдиган воситага айланди. Алалхусус, сайёр артистлар, кўзбойлағичлар ва воизлар ўз чиқишларида ундан унумли фойдаланадиган бўлишди.

Бу ажабтовур манзараларнинг асл сабаби маҳаллий стоматолог Гораций Хорас Уэллсни бениҳоя қизиқтириб қўйди. Чунки у ҳар сафар чириган тишларни суғураркан, мижозларининг вой-войлашларидан юраги зир титрарди. Шу боис ўз жисмида синаб кўриш йўли билан сархушлантирувчи газ хоссаларини синчиклаб ўрганди. Охири у нафас билан бирга ичга ютилса, ростданам оғриқни қолдиришини аниқлади. Тахминини амалда исботлаш учун 1844 йилнинг 11 декабрида уйига ҳамкасби Жон Рингни таклиф қилди-да, сархуш қилувчи газни қўллаб, унга ўз тишини олдиртириб ташлади. Шу асно енгилгина санчиқни ҳис этди, холос. Айни йўсинда яна ўн бешта операция ўтказгач, “Тишни даволашда гуллаб-яшнаш даври бошланаяпти!” деган муқим хулосага келди. Бироқ бу кашфиёти билан нафақат тиш оғриғига, балки башарият асрлар бўйи чорасини излаган бошқа хил оғриқларга ҳам даво топганини хаёлига келтирмади…

У Бостонга келгач, кашфиётини қизғин тарғиб қилишга киришди. Шу шаҳарда азалий ҳамкасби ва шериги Мортон ҳамда доктор Чарльз Жексонга учрашиб, тажрибаларини ўртоқлашди, ютуқларини тиббиёт факультети пофессор-ўқитувчилари ва талабалари билан баҳам кўрди. Бир куни машҳур ботаник Уорреннинг таклифига биноан, Тиббиёт жамиятига ташриф буюриб, изланишлари самарасини кўпчилик кўз ўнгида яна бир карра кўрсатишга чоғланди. Шунда фавқулодда ҳодиса рўй берди. Тажрибага розилик берган мижоз дафъатан вужудини чулғаган кучли оғриққа чидолмай, дод сола бошлади. Боиси, Уэлсс бу сафар сархушлантирувчи малҳамни Колтон тавсияси бўйича тайёрлаганди. Инчунин, меъёрига етмаган наркоз қисқа фурсатда таъсир кучини йўқотиб, олимлар ҳафсаласини пир қилди. Хорас жамоат олдида мулзам тортиб, кулгига қолди.

Шу-шу Уэлссдан омад юз ўгирди. У ўзи яратган наркозни тиббиётга татбиқ этишга кўп уринса-да, барибир, ниятига эришолмади. Боз устига, бу усулнинг истиқболига, бошқаларни-ку, қўяверинг, ҳатто айрим таниқли шифокорлар ҳам ҳали-ҳануз шубҳа билдиришарди. Масалан, франциялик машҳур врач Вельпо 1839 йили операцияни оғриқсиз ўтказиш ҳақидаги орзуни ҳеч қачон ушалмайдиган хомхаёлга йўйди. Қолаверса, шу орада пайдо бўлган эфир ва хлорофор оғриқни босиши жиҳатидан сархушлантирувчи газдан анча афзал бўлиб чиқди. Дебочасига сил хасталиги ва ичак санчиқларини енгиллатишда инсон корига яраган эфирни 1846-47 йилларда америкалик шифокор Уоррен ва россиялик буюк жарроҳ Николай Пирогов наркоз сифатида ишлатиб, айро-айро ҳолда операция ўтказишди ҳамда иккиси ҳам ижобий натижаларни қўлга киритди.   

Табиийки, нозик таъб Уэлсс бу янглиғ рақобатларга дош беролмади. Азият чека-чека, бедаво асаб касаллигига чалинди. 1848 йил 24 январда эса оёғининг артерия томирини олмос билан кесиб, ўз жонига қасд қилди. Жафокаш олимнинг ишини кейинчалик ҳаммаслаклари  ҳисобланмиш Колтон ва Смит давом эттиришди. Иккаласи 1863 йилдан эътиборан сархушлантирувчи газни стоматологияда дадил ишлата бошлади. Уларнинг тажрибаси олдин Америкага, кейин Европага ёйилди. Бунда француз ва инглиз шифокорларининг ҳиссалари беқиёс бўлди. Улар янги наркоздан йирик ва жиддий жарроҳлик операцияларида, жумладан, кўкрак безларини кесиб олишда фаол фойдаландилар.

Ўтган аср бошида француз жарроҳи Вардроп оғриқсизлантиришнинг яна бир усулни топди. У суяк ўсмаси олиб ташланиши лозим бўлган аёлдан олдинига бир литрча қон олди. Аёл карахт ҳолга келгани боис операция муваффақиятли ўтди. Вардроп бу тажрибасини Ватерлоо яқинидаги жангда яралангалар тимсолида янада бойитди.

Хуллас, вужуд оғриқларига қарши курашган Уэлсс дил оғриқларини енголмади. Ўз меҳнатлари маҳсули ва роҳатини кўролмай, дунёдан армон-ла ўтди. Келгуси авлодлар эса унинг номини ҳам, илмий ютуқларини ҳам унутмади. Зеро, қачонлардир кимларнингдир хатоси, кимларнингдир лоқайдлиги туфайли маълум муддат сояда қолган, ўз соҳибининг умрига зомин бўлган кашфиёт бизнинг давримизга келиб, яна даволаш ишларида кенг қўлланиладиган бўлди. Қолаверса,  Нью-Йоркдаги қабристонлардан бирида анча бурун қад ростлаган ёдгорлик ҳозир ҳам қўр тўкиб турибди. Унга “Гораций Хорас Уэллс — анастезия асосчиси” деган ёзув битиб қўйилган. Хартфордда тикланган маҳобатли ҳайкал пойидаги тошга эса “Гораций Уэлсс — 1844 йили оғриқсизлантириш усулини яратган” деган мангуликка дахлдор ўйма сўзлар муҳрлаб қўйилган.

“100 великих врачей” китоби ва бошқа манбалар асосида Абдунаби Ҳайдаров тайёрлади.


Зиё истаган қалблар Telegram каналига марҳамат!