Нуҳ тўфони жумбоғи

Муқаддас китоблар орқали Нуҳ пайғамбар даврида ер юзини сув босгани хусусида ўқиганмиз. Эндиликда олимлар бу ­мислсиз тўфон ҳақиқатда ҳам юз берганини илмий жиҳатдан исботлашга ҳаракат қилишмоқда. Жаҳон уммонларидан минглаб километр олисларда денгизникидек шўр сувли кўлларнинг мавжудлиги Нуҳ тўфони қолдиқлари сифатида қаралмоқда.

Фаразлар кўп. Уммонлар юзасига астероид ёки комета қулаб, улкан тўфон пайдо бўлиши ёки ҳароратнинг глобал даражада исиши туфайли ер сатҳидаги музлар эриб, ҳаммаёқни сув босиши мумкин. Ёхуд ҳарорат кескин совиб, ҳосил бўлган музлар дарёлар оқимини тўсиб, денгизлардаги сув сатҳи кўтарилиб кетган бўлиши ҳам мумкин. Айрим олимлар эса Ер қутбларининг силжиши ёки ўрин алмашиши туфайли қуруқликда бир неча километрлик пўртана ҳосил бўлган, деб ҳисоблайди.

Бироқ яқингача ҳам таянишга арзийдиган жиддий илмий маълумот мавжуд эмасди. Яқинда Nature журналида шов-шувли тадқиқот натижалари эълон қилинди. Бу борада ақлга сиғмайди деб келинган фаразлар эндиликда реал ҳақиқатга айланмоқда. Нуҳ тўфони юз беришига сабаб бўлган сув ер қаърининг ўзидан чиққан деган фараз ақл бовар қилмайдиган ҳодиса эмас экан. Сайёрамизнинг ички қатламларида улкан сув заҳиралари мавжудлиги аниқ бўлиб қолди. Улардаги обиҳаёт билан Тинч океани каби ўнлаб уммонларни сувга тўлдириш мумкин экан.

Канаданинг Альберта университети олимлари Бразилиядан топилган ноёб олмос заррасини таҳлилдан ўтказиб, шундай хулосага келишди. Вазни граммнинг ўндан бир улушига тенг бу олмос 500 км. чуқурликдаги ер қаърида ҳосил бўлган. Энг муҳими: олмос таркибида рингвудит минералининг жимитдек кристали бўлиб, у пайдо бўлганидан бери шу ҳолича қолиб кетган. Г.Пирсон олиб борган геокимёвий таҳлиллар обиҳаёт ичида ҳосил бўлган рингвудит таркибида бир ярим фоиз сув мавжудлигини кўрсатди.

Ҳозирги илмий тасаввурларга кўра, рингвудит Ернинг ­улғайиш қисмига доир асосий унсур бўлиб, бир неча юзлаб километр чуқурликда мавжуд бўлади. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, Бразилиядан топилган рингвудит минерали таркибидаги бир ярим фоиз сув ернинг ўша қатламига нисбатан қиёслаганда тахминан ўндан ортиқ Тинч океани сувига тенг келади.

Бу ер қаърида катта сув заҳираси борлигини исботловчи ягона исбот. Бир неча йил аввал Вашингтон университетининг сейсмология бўйича профессори М.Вайсешин раҳбарлигидаги тадқиқотчилар ҳам ер остида катта уммонлар мавжуд, деган фикрни билдиришганди. Улар зилзилани аниқлашга доир сейсмограмма ёзувларини тадқиқ этиб, зилзила тўлқинларининг ер қобиғи ва мантия қатламида қандай ёйилишини кузатиб шундай хулосага келишган. Тахминан 600 минг сейсмограмма ёзувларини кузатиб, ҳайратга тушишган. Зилзила тўлқинларининг тарқалиш хусусияти Евроосиё материгининг шарқий қисмида ҳамда Шимолий Америка қитъаси остида катта сув ҳавзалари мавжудлигини кўрсатган.

— Бўйлама сейсмик тўлқинлар тебранишининг сўниш манзараси шундан далолат беради, — дейди профессор. — Сейсмик тўлқинлар сув бор жойга келганда, одатда, шундай тебранади.

Бундан аввалроқ Англиянинг Манчестр университети олимлари ҳам 1500 километр чуқурликдан отилиб чиқаётган карбонат кислота таркибидан денгиз суви изларини топишганда бунга ҳеч ким ишонмаганди. Энди бунинг боиси ойдинлашмоқда.

Сув ер қаърига қандай кириб қолган, деган савол туғилади. Бу ҳали маълум эмас, балки у сайёранинг ўзи билан биргаликда ҳосил бўлгандир. Эҳтимол сайёранинг ўзи битта катта уммондан иборат бўлган. Юпитернинг йўлдоши — Европа айнан шундай-ку!

Тахминларга кўра, ер қаъридаги сув вақти-вақти билан юзага чиқиб туради. Сўнгра яна изига қайтади. Илмий тил билан айтганда ер гидросфераси ўрин алмашади. Эҳтимол сайёра қобиғи ва мантия қатламида қандайдир сурилишлар рўй берар. Дарвоқе, уммонлар тубида шундай ғалати туйнуклар борки, сув 400 даража ҳароратда фавворадай отилиб туради. Шунданми, “қора кашанда”лар деб аташади. Жуда қадим замонларда ер остидаги сув ҳавзалари ўзан топиб, ёрилган қозондан отилган буғдай, юқорига ўрлаган бўлса-чи?! Ўшанда уммонлар сатҳи кўтарилиб, осмонда булутга айланган буғдан ҳосил бўлган шаррос ёмғир қирқ кечаю кундуз тинмасдан ёғиб, Нуҳ тўфони юз берган бўлиши мумкин.

«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетаси, 2014 йил 13-сон