Математикани хушламаган буюк олим

Биласиз, Нобель мукофоти энг нуфузли халқаро мукофотлардан бири ҳисобланади. У бундан 112 йил муқаддам швециялик машҳур кимёгар ва муҳандис Альфред Бернхард Нобель васиятига биноан, унинг маблағлари ҳисобига таъсис этилган. Жамғарма 33 миллион 233 минг 792 швед кронаси миқдоридаги бошланғич сармоя билан очилган. Дастлабки мукофот миқдори 150 минг кронадан иборат бўлган. 2010 йилга келганда эса, жамғарманинг банкдаги маблағи 2 миллиард 966 минг крона (тахминан 450 миллион доллар)дан ошиб кетди. Энг муҳими, унга тушган ҳар йилги фойда беш қисмга бўлинади ва миллатидан қатъи назар, физика, кимё, физиология ҳамда тиббиёт соҳасидаги ўта муҳим илмий тадқиқотлар, оламшумул ихтиролар, энг яхши бадиий асарлар муаллифларига, шунингдек, миллатларни бирлаштириш, қулликни йўқотиш, ҳарбий қўшинлар сонини камайтириш ва тинчликни асраб-авайлаш ишларига улкан ҳисса қўшган кишиларга мукофот тариқасида тақсимлаб берилади. Бундай шарафга айрим шахслар ва фақат бир марта лойиқ кўрилади. Совриндорларни тақдирлаш маросими эса 10 декабрда, яъни Альфред Нобель вафот этган санада бўлиб ўтади. Мазкур мукофотнинг иқтисодиётга тааллуқли номинацияси 1969 йили Швеция банки томонидан жорий этилган. Шу боис унга ажратиладиган маблағ Нобель жамғармаси ҳисобидан тўланмайди

Табиий, энди ҳақли савол туғилади: хўш, Альфред Нобель ким бўлган? У нима учун ўз сармоясини оила аъзолари ёки қариндош-уруғларига мерос қилиб қолдиришни эмас, балки бошқа мақсадларга сарфлашни афзал кўрган?

Альфред Нобель 1833 йил 21 октябрда Стокгольм шаҳрида серфарзанд оилада туғилади. Нимжонлиги сабаб болалигида кўп касал бўлади. Унинг отаси Эммануэль меъмор, қурувчи ва кашфиётчи бўлса-да, чор-ночор кун кечирарди. Шу боис омадини синаб кўриш учун Россияга йўл олади. Пировардида Боку нефть саноатини ривожлантириш ишларида қатнаша бошлайди.

Альфред 9 ёшга тўлганида онаси Андриетте Алсел, акалари Роберт ва Людвиг билан бирга, отасининг олдига кўчиб боради. Шу ерда ёлланма репититордан сабоқ олади. 17 ёшида Германия, Франция ва Америка бўйлаб уч йиллик сафарга отланади. Парижда кимё фанининг янада пухтароқ ўрганади. АҚШда эса дунё аҳлига буғ машинаси ва зирҳли ҳарбий кема лойиҳаси муаллифи сифатида яхши маълум швециялик олим Жон Эриксон билан танишади.

У Санкт-Петербургга қайтганида отаси очган “Фондерн э ателье меканик Нобель э Фий“ компанияси анча гуркираб яшнаган, 1853-1856 йиллардаги Қрим уруши пайтида ҳарбий ўқ-дорилар ишлаб чиқаришга ихтисослаштирилган эди. Қирғинбарот тугагач, бу компания машиналар ҳамда пароходлар учун эҳтиёт қисмлар тайёрловчи корхонага айлантирилади. Бироқ буюртмалар озлиги туфайли тез орада инқирозга учрайди. Альфред ота-онасига қўшилиб, Стокгольмга қайтади. Акалари эса корхонани тугатиш ишларини ниҳоясига етказиш ва сарфлаган маблағларининг маълум қисмини чиқариб олиш илинжида Россияда қолишади.

Альфред Швецияда бор вақти ва билимини механик ҳамда кимёвий тажрибалар ўтказишга сарфлайди. Кўп ўтмай, учта ихтироси учун патент олади. Сўнгра чоғроққина лабораторияда тадқиқот ишларини давом эттиради. Негаки, ўша кезларда миналар фақат қора порох воситасида портлатиларди. Альфред унинг ўрнига янада кучлироқ қувватга эга суюқ нитроглицеринли детонатор яратиш устида тинимсиз изланади ва 1863 йили бу ишнинг уддасидан чиқади. Аммо детонаторни такомиллаштириш асноси лабораторияда фалокат рўй беради. Кучли портлаш туфайли саккиз киши, жумладан, Альфреднинг 21 ёшли укаси Эмиль ҳам ҳалок бўлади. Орадан ҳеч қанча ўтмай, отаси фалаж бўлиб қолиб, умрининг охиригача – саккиз йил тўшакка михланиб ётади.

Табиийки, аввал-бошда кўпчилик нитроглицеринли детонаторга шубҳа билан қарайди. Ҳатто, айрим кишилар уни амалиётда қўллашга қарши чиқишади. Шунга қарамай, Альфред 1864 йили Швеция темирйўллар давлат бошқармаси мутасаддиларини ўз ихтиросидан туннеллар барпо этишда фойдаланиш ҳар томонлама наф келтиришига ишонтира олади. Айни чоғда, янги маҳсулотни кўплаб миқдорда тайёрлашни йўлга қўйиш мақсадида “Нитроглицерин ЛТД” компаниясини ташкил этиб, алоҳида завод қуради. Компания фаолиятининг дастлабки йилларида у бошқарувчи директор, технолог, рекламалар бюроси раҳбари, идора бошлиғи ва ғазначи лавозимларида ишлайди. Вақти-вақти билан кўчма кўргазмалар уюштириб, ўз маҳсулотларини оммага намойиш қилади. Қарабсизки, компания мижозлари сафига Америка жанубидаги Марказий Тинч океан темирйўллари бошқармаси ҳам қўшилиб, нитроглицеринли детонаторлардан Сьерра-Невада тоғлари бўйлаб темир йўллар қуришда фойдалана бошлайди. Альфред кейинчалик ихтиросига бошқа мамлакатларда ҳам патент олади. Шунга кўра, Гамбург ва Америкада ўзининг “Альфред Нобель энд К” ҳамда “Атлантик джайэнт роудер К” номли илк хорижий компанияларини очади.

Тан олиш керак, портлатиш ишларида нитроглицеринли детонаторни қўллаш самарали бўлса-да, баъзан бахтсиз ҳодисаларни ҳам келтириб чиқарарди. Масалан, Гамбургдаги заводни кўз очиб-юмгунча ер билан яксон қилганди. Шунинг учун ҳам Нобель унинг хавфлилик даражасини имкон қадар камайтириш устида бош қотирди. Ахийри, суюқ нитроглицеринни кимёвий жиҳатдан мўрт ва ғовак жисмлар билан аралаштириш мақсадга мувофиқ, деган хулосага келди. Унинг ушбу йўналишдаги биринчи амалий иши суюқликни яхши шимадиган кизельгур (диатомит)дан фойдаланиш бўлди. 1867 йили патентлаштирилган янги маҳсулот “динамит“ ёки “Нобелнинг хавфсиз портлатгич кукуни” деб номланди. У Альп тоғларидан ўтган Сен-Готард поезд йўлларини қуришда, Ист-Ревер яқинидаги Хелл-Гейтда сувости чўққиларини йўқотишда, Грециядаги Коринф каналини қазишда, Дунай дарёси ўзанини тозалашда, Боку нефть конларини бурғулашда жуда қўл келди. Бироқ вақт ўтгани сайин Альфред тинчини йўқота бошлади. Сабаби, рақиблари унинг турли мамлакатларда рўйхатга олинган кашфиётларига оид технологик ишланмаларини ўғрилаб, шахсий эҳтиёжлари йўлида фойдаланишга ружу қўйишганди. Буюк кимёгар кўп вақтини ўзининг патентга эгалик ҳуқуқини поймол қилганлар билан судларда тортишиш билан ўтказарди.

ХIХ асрнинг 70-80-йилларида Нобель хусусий корхоналари тизимини асосан Европа давлатларидаги рақобатчилари билан картеллар тузиш, маҳсулот нархини пасайтириш, бозор талабини қондириш ниятида янада кенгайтирди. Шу тариқа миллий корпорацияларда тайёрланган динамит ва бошқа янги портлатгичлар дунё миқёсида сотилишига асос солди. Бу маҳсулотлар 1870-1871 йиллардаги француз-прусс уруши давридан эътиборан ҳарбий соҳада  ҳам ишлатила бошланди. Аммо Нобелнинг уларни ҳарбий мақсадларда тадқиқ қилиш борасидаги кейинги фаолияти корхона учун зарар келтирди. У асосий фойдани ўз ихтиролари туннеллар, каналлар, автомобиль ва темир йўллар қурилишида қўлланиши эвазига оларди. Шунинг учун ҳам сира тиним билмасди. Янги компаниялар ташкил этиш, софдил ҳамкорлар топиш, моҳир усталар ва малакали кадрларни ишга олиш масалалари билан шахсан шуғулланарди. Ҳар бир корхонанинг ўзига хос хусусиятлари ва имкониятларини чуқур ўрганар, янги лойиҳаларни режалаштириш ва амалиётга татбиқ этишга сидқидилдан ёндашарди. Илмий ишлари кўплигига қарамай, ўз номи билан аталувчи компаниялар ҳужжатларини синчиклаб кўздан кечирар, улардан нусха олар, бухгалтерия ҳисоботларини эринмай текширарди.

У 50 ёшида Гамбургдан Парижга келгач, илмий изланишларини давом эттирди. Бу ишга 18 йиллик ҳамкори – француз кимёгари Жорж Д.Ференбахни ҳам жалб қилди. Худди шу даврда яна оғир мусибатларни бошидан кечирди. Бир йилга борар-бормас вақт ичида ҳам онасидан, ҳам  кичик акаси Людвигдан жудо бўлди. Устига-устак, янги ихтироси – тутунсиз порохга тааллуқли патентини Италияга сотгани учун Франция ҳукумати зуғумига учради. Оқибатда лабораторияси ёпиб қўйилди, корхонасида балласт ишлаб чиқариш тақиқланди. Бундай тазйиқлардан чарчаган Нобель Францияни тарк этди. Италияга бориб, Сан-Ромеода қўним топди. Ўрта Ер денгизи қирғоғида жойлашган вилласида кичиккина кимё лабораторияси қурди. Унда синтетик каучук ва сунъий ипак олиш юзасидан тадқиқотлар олиб борди. У бу жойни, айниқса, иқлимини жуда ёқтирар, лекин бобо юртидан ҳаргиз кўнгил узолмасди. Шу боис Вермланддаги бир заводни сотиб олди-да, унинг атрофида янги лаборатория  ва бошпана тиклаб, яшай бошлади.

1896 йил ёзида олимнинг бошига яна кетма-кет кулфат ёғилди. Аввалига катта акаси  Роберт дунёдан ўтди, кейин ўзи юрак хасталигига мубтало бўлди. Шифокорлар маслаҳатига қулоқ тутиб, дам олиш учун тағин Сан-Ромеога қайтди. Ўша йили 10 декабрда эса миясига қон қуйилиши туфайли ҳаёт билан видолашди. Бу пайтда у яратган нитроглицеринли детонатор, жанговар снарядлар ва тутунсиз порох сингари портлатгич моддаларни ишлаб чиқарувчи корхоналар сони 93 та бўлиб, буюртмачиларга ҳар йили 66500 тонна маҳсулот етказиб бериш қувватига эга эди. Кўплаб компаниялар сармояларининг 20-30 фоизи унга тегишли эди.

Келишган, ўрта бўйли, қора сочли, тимсариқ кўзли ва соқол қўйиб юрадиган Альфред  европалик космополитларга ўхшаб кетарди. Француз, немис, рус ва инглиз тилларини ҳам яхши билар, уларни қадрларди. Ўз ғояларини саноат ва тижорат мақсадларида ишга соларди. Гарчи кейинчалик урушда кенг кўламда қўлланилган динамитни яратган бўлса-да, одамкушликка  тиш-тирноғи билан қарши эди. Шунданми, “Барча жанговар тўпларни борса-келмасга жўнатиш ёки одамзод ўтмиш хатоларидан тўғри хулоса чиқариб олиши учун кўргазмага қўйиш керак… Уруш даҳшатларнинг даҳшати ва энг мудҳиш жиноятдир. Менга қолса, бундай фалокатнинг олдини оладиган мўъжизавий машина яратардим”, деган гапларни кўп такрорларди.

Албатта, шу ўринда А.Нобель нима учун математикани ўз номидаги мукофотга лойиқ фанлар сирасига киритмагани кўпчиликни қизиқтириши табиий. Минг таассуфларким, бу ҳақда аниқ маълумот йўқ, фақат ҳар хил тахминлар мавжуд. Баъзи гап-сўзларга қараганда, у Анна Дезри исм-шарифли севгилиси математик Франц Лемарга турмушга чиққани учун бу фанни васиятномасида тилга олмаган. Бошқа бир фаразга кўра, у швед математикларининг раҳномаси ҳисобланмиш Миттаг-Лиффлерни хушламагани ва ёқтирган қизи София Ковалёвская ўша олимни ундан афзал кўргани сабабли математикадан юз ўгирган. Қандайлигидан қатъи назар, Альфред Нобель буюк кашфиётлари ила ўз номини тириклар хотирасига мангу муҳрлаб кетди. Васиятига асосан таъсис этилган энг нуфузли мукофот ўзининг фамилияси билан аталди. Бундан ташқари, кимёвий элементлардан бирига ва Стокгольмдаги физика-кимё институтига ҳам унинг номи берилди.

Альфреднинг Боку нефть конларини очишда фаол қатнашган акалари Роберт ва Людвиг ҳам катта шон-шуҳрат қозониб, турли мамлакатларда йирик компаниялари мавжуд бой-бадавлат кишиларга айланишди. Шу боис “Рус Рокфеллерлари” деган ном олишди. Кейинчалик Фарғонада ҳам нефть ишлаб чиқарадиган ширкат ташкил этишди. Уларнинг жияни Эммануэль эса Туркистон ўлкасида нефть саноатини ривожлантиришга катта ҳисса қўшди. Қисқаси, нобеллар сулоласи вакиллари ҳаётда ҳамда жамиятда ўз ўрнига ва юксак мавқега эга ажойиб инсонлар эди.

Абдунаби Ҳайдаров


Зиё истаган қалблар Telegram каналига марҳамат!