Машҳур сўзлар: “вақт”дан “тинчлик”кача

«Меҳнат қилиш» эмас — «дам олиш», «ечим» эмас — «муаммо», «аёл» эмас — «эркак» сўзлари ўз антонимларига нисбатан бир кунда одамлар томонидан икки марта кўпроқ талаффуз қилинади.
«Шахс». Жинсни англатмайдиган ушбу сўз шериги «нарса» билан энг кўп ишлатиладиган «лексик хомашёлар»дан саналади. Бу борада энг юқори кўрсаткич «вақт» сўзига тегишли: «соат неча бўлди?», «бошқа вақтим йўқ», «вақти келди», «вақт ўтди» каби. Машҳур Оксфорд луғатларини яратган олимларнинг фикрича, англосаксон дунёсида «time» сўзини ҳаётда қўллашда рекорд натижага эришилган. Унинг қаторига «айни пайт», «бугун», «шу ҳафта», «шу йил» ва ҳатто «бутун ҳаёт» каби вақт ҳамда пайтни англатувчи лекcик бирликларни қўшиш мумкин. Уларда яшашга бўлган иштиёқ сезилиб туради.

Бугунги кунда сайёрамиздаги энг кенг тарқалган тил инглизларники. У юзма-юз ва бошқа усуллар воситасида, масалан, интернет, телефон орқали сўзлашувда энг юқори ўринда туради. Онлайн-нашрлар, янгиликлар, бадиий ва илмий асарларнинг кўпчилиги ушбу тилда ёзилган. Оксфорд университетида худди шу ҳолатни ўрганиб чиққан мутахассислар замонавий атамалар, жумладан, смс, чат, смарт, ресет ва коол кабилар ишлатиладиган ҳудудларни ўрганиб чиқишиб, айни пайтда йирик луғатнинг 11-нашрини чоп эттириш арафасида турибдилар. Уларнинг мақсади тилнинг қай тарзда ўзгараётгани, унинг ривожланиш суръати қандайлигини аниқлашдан иборат. Тадқиқотчиларнинг эътиборидан интернет тили, неологизмлардан ташқари варваризмлар ҳам четда қолмаган. Охирги чиқарилган хулосаларга кўра, инглиз тили 1066 йили норманлар англосаксонлардан ерларни тортиб олгандаги ҳолатига нисбатан унчалик ҳам ўзгармаган. Сабаби — сўзларнинг  жуда кучли ўзакка эга эканлигидир. Улар осон «букилиш»и мумкин, аммо бу сўз асосига кучли таъсир қила олмайди. Шунинг учун ХХI асрдаги инглиз тили одами XI асрдаги аждодининг асарларини тушуниши унчалик қийин кечмайди.

Бугун биринчи ўринга вақт масаласи чиққан, шунинг учун ҳам ушбу сўз энг кўп ишлатиладиган лекцик бирликлар рўйхатида якка пешқадамдир. Иккинчи ўринда «шахс» (person), тўртинчи ўринда «йўл», «восита» ва яна бошқа кўплаб (инглиз тилида 18 та) маънони англатувчи «way» сўзи бораяпти. «Thing» («нарса», «предмет», «кимдир», «нимадир», «ҳеч нарса») — 6-ўрин. Эслатиб ўтамиз, у матнда бошқа маъно турларини ҳам келтириб чиқаради.

«Эркак» сўзи 7-ўринда бўлса, «аёл» 14-ўринда. «Уруш» 49-ўринда эканлигини эшитиб, хурсанд бўлишга шошилманг, чунки «тинчлик» 100-қаторда. Қизиқ томони — 16-позициядаги «иш» сўзининг антонимлари — «ўйин-кулги» ва «ҳордиқ» кабилар ҳатто дастлабки юзталикка ҳам кира олмаган. «Пул» 65-ўринда, «муаммо» 24-ўринда тилга олинса, «ечим» уларнинг қаторида йўқ. «Қўллар» «кўзлар»ни ортда қолдирмоқда — 10 ва 13-ўринлар. «Ҳукумат» сўзи энг кўп ишлатиладиган энг узун сўзга айланди.

Замонавий дунёда сўзларни қўллаш шундай кўриниш олган.

Саиджон Махсумов тайёрлади.
“Маърифат” газетасидан олинди.