Марказий Осиёнинг ерости қасри

Юмуш билан бирор ерга отланганда пойтахтимиз аҳолиси ва меҳмонларининг аксарияти манзилга тез етиб бориш йўли сифатида кўпинча метрони танлаши шуб­ҳасиз. Чунки у ҳар қандай шароитда ҳам исталган жойига тез ва хавфсиз етиб олиш ҳамда ҳамёнбоплиги билан бошқа транспорт воситаларидан ажралиб туради. Метрога тушар экансиз, таш­қи табиат манзаралардан узилган ҳолда ер ости йўлида кишиларнинг яратилган шароитлар, безакларни кўриб, беихтиёр музейда юргандек сезасиз ўзингизни.

Бу ер режалар, хулосалар туғилиши учун яратилган макондай туюлади, назаримизда. Қулоғимизга ёқимли овоз бекат номини айтганда эса ундан дарҳол тушиб яна манзилимизга ошиқамиз. Шу он бир фурсат тўхтанг-чи, бу ер тақдим этган хотиржамлик сизга сирлидай туюлмайдими? Умуман, ҳар сафар Тошкент метрополитенига тушаётганингизда бу ажиб макон ҳақида нималар билишингизни бирор марта бўлса ҳам ўйлаб кўрганмисиз?

Қолаверса, Тошкентнинг бу жавҳарини хориждан ташриф буюрган меҳмонлар, жумладан, япониялик сайёҳ танишим энг тоза ва чиройли метро деб эътироф этиши ҳам бежиз эмас. Бу хусусида соҳа мутахассислари ҳавони намлаш тизими замон талаблари даражасида ишлаши таъминланган, яъни атмосферадаги ифлосланган ҳавони тортиб, паст ҳароратга тушириб, қишда иссиқ, ёзда салқин қилиб бера оладиган ускунага эга ягона метрополитенлигини таъкидлашганида биз ҳам таажжубимизни яширолмадик.

«Бурунги» янгилик

Метро йўллари шаҳарнинг ривожланиш режаларини, йўловчилар оқимларини, турар жой массивлари, ишлаб чиқариш, савдо ва дам олиш марказларининг жойлашувини, шунинг­дек, шаҳар муҳандислик-геологик шароитларни инобатга олган ҳолда қурилади. Бундан ташқари, шаҳар аҳолисининг 1 млн. кишига етиши метро қурилиши мумкин, деган хулосани беради. 1963 йили Тошкент аҳолиси сони 1 млн. кишига етди ҳамда ҳукумат раҳбарлари метро қуриш мурожаати билан «юқори»га чиқди. Бу орада бўлиб ўтган Тошкентдаги катта зилзила қурилишни бироз кечиктирди. Чунки барча маблағ ҳамда кучлар шаҳарни тиклашга сафарбар этилганди. Ниҳоят, 1971 йилда метро қурилиши бошлаб юборилди. Биринчи йўналиш, яъни Чилонзор йўналиши шаҳар аҳолиси ҳамда чилонзорликлар томонидан катта хурсандчилик билан кутиб олинди.

— Метро қурилиши қийин жараён, — деб эслайди узоқ йиллар давомида Тошкент метрополитенининг директори лавозимида ишлаган Шоиноят Шоабдураҳимов. — Ҳатто метронинг тагидан сув ўтганлиги боис, вагонлар паст тезликда юради, деган гап бор. Аслида, Тошкент шаҳри ерларида 18 метрдан 50 метргача чуқурликда ер ости сувлари Чимён тоғларидан Сирдарёга қараб оқади. Шаҳарнинг сейсмик фаол (зилзилалар кўп кузатиладиган) ҳудудда жойлашгани сабаби ҳам шунда. Шу боисдан ҳам 50-60 метр чуқурликдан 700 га яқин насослар орқали доимий равишда сув чиқарилиб, даражани нолдан пастда ушлаб туришга ҳаракат қилинади. Акс ҳолда, биз юрган ер ости йўли сувга тўлиши мумкин. Кичик зилзилалар натижасида пайдо бўлган соч толасидай ёриқлардан оқадиган сувлар бу гапнинг исботидир, аммо бу метро сифатсиз қурилган, дегани эмас. Мутахассислар бундай учраб турадиган носозликларни тезда аниқлаб, бартараф этишга ошиқадилар.

Марказий Осиёда ҳамон ягона, дунёда эса етакчи

Тошкент метрополитени бутун дунё транспортлари ассоциациясининг аъзоси бўлиб, дунё транспортларининг меъёрлари, йўл-йўриқлари, янгиликларидан воқиф бўлган ҳолда доимий равишда тажриба алмашиниб турилади.

Маълумотларга кўра, Тошкент метрополитени Ўзбекистондаги барча транспорт корхоналари орасида 13 маротаба биринчи ўринни, ҳамдўстлик мамлакатлари ўртасида ҳам 1-2-ўринларни қўлга киритиб келган. Айни кунда Марказий Осиё давлатлари ичида Тошкентдан сўнг Алмати шаҳрида метро қурилди холос. Аммо бу иш ҳам охирига етказилгани йўқ.

Метро бекатлари ва туннелларда юқори ҳарорат, зарарли газлар, чанг ва намлик мавжудлиги туфайли метро йўлларини шамоллатиб туриш зарур. Бу сунъий усулда, яъни вентилятор ёрдамида бажарилиб, йўловчиларга ёз мавсумида сал­қин, қишда эса илиқ ҳавони етказиб бериш таъминлаб турилади. Қолаверса, юртимизнинг ажойиб иқлими ҳам шуни тақозо этади. Бизнинг тупроғимиз соғ тупроқ ҳисобланиб, ундан кўп чанг чиқади, ёз кунларида 70-80 даражали юқори ҳароратни тортиб олиб вентилятор орқали 350-400 минг куб метр ҳавони камерага узатади, унинг ичидаги пуркагичлар билан чангни тушириб, музлатади ҳамда ҳаво намлантирилади. Ушбу қурилма айтиш жоизки, дунёдаги ҳеч бир давлатда йўқ бўлиб, унинг макети ассоциациянинг конференцияларида бир неча давлатларда намойиш этилган. Таъкидлаш лозимки, пойтахтимиз метрополитенининг дунё метрополитенларини доғда қолдирган жиҳат биргина шу қурилма эмас. Сейсмологик огоҳлантириш мосламасининг ҳам айнан Тошкент метрополитенида ишлаши мутахассисларни
нг эътирофига сазовор бўлган. Унинг ёрдамида зилзила оқибатида вужудга келган ҳар қандай носозликлар аниқланиб, бартараф этилади.

Бугунги кунда ишларнинг асосий қисми автоматлаштирилган марказдан туриб бош­қарилади. У ерда сантехника, вентиляция, насослар, энергия ва эскалаторлар, вагонлар диспетчери таъмирлашдан бошлаб ишлатишгача, ҳаракатлантиришдан тортиб тўхтатишгача мана шу марказда бошқарилади.

Бугунги янгилик

Метро қурилиши ва навбатдаги йўл ҳамда бекатларни ло­йиҳалаш ишлари давом этмоқда. Айни кунда Сирғали — Отчопар йўналишининг лойиҳаси тайёр ҳолда бўлиб, қурилиш ҳаракатлари бошланган. Бошқа барча йўналишларнинг бир-бирига уланиши учун яна бир неча йўналиш тармоғи ишга туширилиши лозим. Қорақамиш, Роҳат кўли, Қўйлиқ, Трактор заводи йўналишларининг боғланиши ҳам шулар жумласидан.

Йўловчиларга яна бир қулайлик яратиш мақсадида жетон солишда ишлатиладиган аввалги қалин темирли очиладиган қисқичлар ўрнига шохчали мосламалар ишлаб чиқарилиб ўрнатилди.

Маълумот ўрнида яна шуни айтиб ўтмоқчимизки, қулайлик ва хавфсизликни таъминлаш мақсадида яратилган 70-80га яқин ер ости йўллари (туннел) ни метро қурилиши ҳисобига бунёд этилган.

Бундан ташқари, метронинг эҳтиёт қисмлари борасидаги камчиликларнинг бартараф этилиши, яъни чет эл валютасига сотиб олиш ўрнига ўзимизда ишлаб чиқарилиши метрополитен учун катта ютуқ бўлди. Очиғини айтиш керакки, авваллари битта гайка ҳам ишланмаган заводда ҳозирда саккиз юз номдан ортиқ эҳтиёт қисмларини яратишга эришилди.

— Буларни ўзимизнинг оддий ишчилар, яъни машинист, токар, чилангарлар ихтиро қилган, — дея ғурурланиб гапиради метрополитен фахрийси.

Буюк маданият маскани

Авваллари машинистнинг ёрдамчиси ҳар бир бекат номини овоз кучайтиргич (микрофон) орқали айтиб кетган бўлса, ҳозирги кунда бу вазифани овоз ёзилган ленталар амалга оширади. Бу бежиз эмас. Негаки, сўзларнинг бехато, аниқ, тиниқ бўлиши, йўловчига тушунарли тарзда етиб бориши даркор. Бекат номини эълон қилишдан ташқари, ёш болали ва ёши катта йўловчиларга жой бериш, буюмларни унутиб қолдирмаслик каби эслатмалар чин маънода маданият тарғиботчиси ҳисобланади. Шу боисдан бўлса керак, метрода манзилдан адашган одамни учратмаймиз. Назоратчи диспетчерлар доимо ёрдамга шай. Япониянинг Токио, Германиянинг Берлин, Англиядаги Лондон, Хитойнинг Шанхай метроларида бўлиб қайтган суҳбатдошимизнинг таъкидлашича, дунё метрополитенларидан ҳеч бири Тошкент метросини дизайн ва тозалик борасида ортда қолдиролмайди. Жумладан, Россиянинг етакчи нашри бўлган «Известия» газетасида ҳам бизнинг метрога дунёда энг тоза метро сифатида таъриф берилган.

-Тошкент метроси музейга ўхшайди, — дейди япониялик меҳмон Мияке Рикако Ҳамид Олимжон метро бекатига ҳайрат билан тикилиб.

Кун чиқар мамлакатдан юртимизга ташриф буюрган сайёҳнинг фикрларида жон бор. Бекатларнинг кўриниши унга кўрк бахш этиш учунгина эмас, йўловчиларга ахборот беришга ҳам хизмат қилади.

Ҳар бир бекатнинг бадиий меъморчилик ҳамда ҳайкалтарошлик нуқтаи назаридан безатилиши рамзий равишда шу бекат номи ва услубини акс эттиради. Уларда маданий, монументал-декоратив ва амалий санъатнинг миллий анъаналари ўз аксини топганини кўриш мумкин. Бекатларнинг меъморий услуби бирор мавзуни ёритишга бағишланган, буни дейлик, Алишер Навоий бекати мисолида кўришимиз мумкин. Унда улуғ мутафаккир шоир ижодининг моҳияти акс эттирилган. Шу билан бир қаторда, Навоий шахсини нафақат ёшларга, балки чет эллик меҳмонларга ҳам яқиндан таништиради. Адабиётга меҳр ҳиссини уйғотади.

Бекатлар конструкция, дизайни ҳамда безаги билан бир-биридан тубдан фарқланади ва такророланмайди. Энг қимматбаҳо қурилиш материалларидан, яъни гранит, мармар, ойна, керамика (сопол) билан жиҳозланганлиги метронинг ҳашаматли ва кўркам бўлишига катта ҳисса қўшган. Устунларнинг салобати, ернинг асфалтдан эмас, мармар гранитлардан иборатлилиги ҳақиқий кошонани кашф этган.

Қолаверса, экран орқали намойиш этилаётган мусиқий ва реклама дастурлар инсонни кўнгил очишига, ахборот олишига кўмаклашади.

Эшиклар ёпилгунча…

«Эшиклар ёпилади, кейинги бекат…»дан то бекатимиз номини эшитгунимизча, беминнат транспортимиз бир неча юз минг киловатт электр-энергияни сарф қилади. Бунинг ортида эса қанча инсонларнинг меҳнати ётганини тасаввуримизга сиғдириш қийин эмас. Мукаммал тарзда ишлаб чиқилган механизмнинг бизни куттирмай соатдек бехато ишлашига, ҳали ҳамон кўркам ва салобат тўкиб туришига, шу ўринда, метрополитен бунёдкорларидан тортиб, жетон сотиб ўтирганлар, назоратчилар, машинистдан механизаторгача, ҳатто фаррошнинг меҳнати эвазига бунёд бўлган ва сақланиб келаётганини унутмасак бўлгани. Тошкент метрополитенининг кунига 300-350 минг одамга хизмат қилиши ҳақиқатан таҳсинга сазовордир. Унинг ходимларига эса бир он бўлса-да, кўнглимиздан миннатдорчилик туйғусини ўтказишимизнинг ўзи кифоя.

Мухлиса Мўминова