Магний етишмаганда…

Инсон организмда магний етишмаса иштаҳа йўқолиб, тана ҳарорати пасаяди, руҳий сиқилиш, асабийлик ҳамда томирлар тортишиши рўй беради. Бу микроэлементнинг камлиги, айни чоғда, уйқусизлик, бош оғриғи, қорин дамлаши, эрта қартайиш, камқонлик ва асаб билан боғлиқ муаммоларга ҳам сабаб бўлади.

Магнийнинг етишмаслиги юрак-қон томир тизими ишига таъсир кўрсатади. Айнан магний юрак ритмининг бузилиш хавфини камайтиради, липидлар алмашинувини яхшилайди, томирларда қон ивишининг олдини олади. Бундан ташқари, юрак ва қон томирлар ишини меъёрга солиб туради.

Организмда магнийга эҳтиёж ортиши кўп ҳолларда нотўғри ва самарасиз овқатланиш туфайли келиб чиқади. Магний ўсимликларга яшил тус берувчи хлорофиллнинг таркибий қисмларидан бири бўлиб, қўшимча равишда ишлов берилмаган ҳар қандай ўсимликдан тайёрланган таомда у мавжуд. Масалан, ёнғоқлар, дуккаклилар, ишлов берилмаган бошоқли ўсимликлар, шунингдек, кўкатлар, исмалоқ, соя, нўхат, денгиз маҳсулотлари, мол гўшти мазкур микроэлементнинг асосий манбаидир. Қаттиқ сувда ҳам юмшоқ сувга қараганда магний кўп.

Биз ҳозирги пайтда аъзои баданимиз учун зарур бўлган магний миқдорининг ҳаммасини сув ва таомлар орқали ололмаймиз. Демак, бунда дармондорилар ёрдам беради. Агар магний етишмаслиги билан боғлиқ муаммолар юзага келса, шифокор томонидан махсус дори препаратлари тавсия қилинади. Катта ёшдаги эркак ва аёллар бир кунда ўз вазнининг ҳар бир килограммига тахминан 4,5 мг. миқдорида магний қабул қилиши лозим. Ҳомиладорлик ва бола эмизиш даврида бу миқдор ошади. 15 ёшгача бўлган болаларнинг суяклари яхши ривожланиши учун улар катталарга нисбатан кўпроқ — ҳар бир килограмм вазнига 6 мг. миқдорида магний қабул қилиши даркор.

Шуни унутмаслик керакки, организмга калций қанчалик зарур бўлса, магний ҳам шу қадар зарур. Яъни магний камайса калций ҳам камаяди ёки калций камайса магний ҳам камаяди. Шу сабабли уларнинг нисбати ўзаро тенг мувозанатда бўлиши лозим. Калций тиш ва суяклар, тўқималар, асаб тизими, қон ҳаракати ва иммун тизими меъёрида ишлаши учун зарур.

Магний етишмаслиги кўп хасталикларга, шу жумладан, бириктирувчи ҳужайраларнинг кучсизланиши каби оғир касалликларга ҳам олиб келиши мумкин. Организмда магнийнинг етарли даражада бўлишини таъминлаш узоқ умр кўриш ва ҳамиша бардам, тетик бўлиш кафолатидир. Мушакларга кўп куч тушганда ҳам калций ва магнийнинг тўғри мувозанатдаги миқдори зарур бўлади. Магний организмга тез сингади ва суякларда калцийни яхши сақлаб туради, унинг бадандан чиқиб кетишига имкон бермайди. Қўшимча равишда қабул қилинган магний организмда калцийни самарали тарзда сақлайди. Венанинг варикоз касаллиги, узоқни яхши кўролмаслик, грижа (чурра тушиш), умуртқанинг қийшайиши, бириктирувчи ҳужайраларнинг кучсизлиги магний етишмовчилиги билан боғлиқдир.

Магний исмалоқда, шунингдек, сарсабил деб аталувчи кўп йиллик сабзавотда, буғдой кепаги, ёнғоқ, кунгабоқар пистасида, ловия, кўк олма ва салатларда, аччиқ бўлмаган кўк қалампирда кўп.

Таркибида магний бор маҳсулотлар (100 грамида мг. миқдорида):

Буғдой кепагида — 611

Ошқовоқ уруғида — 534

Кунжут уруғида — 351

Бодомда — 304

Кедр ёнғоғида — 234

Ер ёнғоқда — 185

Ёнғоқда — 169

Исмалоқда — 87

Ловияда — 63

Қуритилган хурмода — 59

Кунгабоқар пистасида — 58

«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2013 йил 25-сонидан олинди.