Колумбдан ҳам аввал Американи очганлар

Буюк аллома Абу Рай­ҳон Беруний мантиқий тафаккур кучи билан “Мадомики, Ер юзи думалоқ шаклда экан, шубҳасиз, унинг иккинчи ярим шарида ҳам қуруқлик бўлиши муқаррар”, деган илмий фараз орқали Колумбдан беш юз йил аввал Америка қитъаси мавжудлигига ишора қилгани олам аҳлига маълум.

Жаҳон илм-фани эса, Берунийнинг буюк илмий фаразини амалда тасдиқлаган Колумб­дан ҳам аввал ўша “сеҳрли диёр”га қадам қўйган кашшофларнинг номини маълум қилишда давом этмоқда. Яқинда ёзма ёдгорликларни ўрганиш бўйича Иллинойс университети тадқиқотчиси Жон Рускамп Америкага бундан 3300 йил бурун қадами етган хитойлик денгизчилар қолдирган тошбитикларни топди.

Бинобарин, эндиликда тарих дарсликларини яна қайта ёзиш фурсати келган кўринади. Шу чоққача Американи 1492 йили Колумб очган деб ҳисоблаб келинган бўлса-да, энди у иккинчи ҳам эмас, ҳатто учинчи ўринда тилга олинадиган бўлди. Негаки, бундан аввалроқ дунё илм аҳли Колумбдан 500 йил бурун скандинавиялик викинг (ҳарбий денгиз аскари) Леаф Эриксон уммон ортидаги ерларга қадам қўйган, деган хулосага келганди. Энди эса, викинглару итальянларни ҳам хитойликлар ортда қолдирмоқда…

— Бу тахмин хаёлимга бир неча йил аввал — Альбукеркадаги Миллий боғ петроглефларини кўздан кечираётганимда келганди, — дейди Жон Рускамп. — Шу чоққача тошларга чизилган ушбу сурат ва рамзий пиктограммалар Американинг туб жой аҳолиси бўлган ҳиндулар ва Испания­дан қитъага илк бор кўчиб келганлар ижоди бўлса керак, деб ҳисобланарди. Миллий боғдаги 25 мингта тасвир ичидан, айниқса, биттаси эътиборимни жалб этиб қолди. У менга ниманидир эслатди. Ва бирдан бу белги хитойликлар қайиғини англатувчи “Жоу” иероглифи эканлиги хаёлимга келди!

Шундан сўнг Рускамп Американинг турли ҳудудларидаги петроглифларни муайян бир тартибга солиш билан шуғулланади. Натижада Хитой иероглифларига айнан ўхшаш 84 пиктограммани таснифлашга муваффақ бўлади. Мазкур белгилар кўп ҳолларда бир-бирига ўзаро боғлиқ матнлардан иборат бўлиб чиқади. Масалан, Альбукеркадан 400 километр олисдаги Аризонадан топилган тошбитиклар ўқилганда: “Ўн йиллик сафар ва айрилиқдан сўнг биз Қуёш Уйига қайтдик ва яна бир-биримизни топдик”, деган матн пайдо бўлади. Рускамп шу ўринда хитойликларнинг машҳур “Шань Хай Цзин” (“Тоғ ва денгизлар китоби”) трактатида тилга олинган — Шарқий денгиз (Тинч океани)ни сузиб ўтиб, Қуёш чиқадиган олис ерга етиб борган сирли экспедицияни эсга олади. Улар Американи Қуёш Уйи деб атаган бўлсалар ажаб эмас! Яна бир ўзаро алоқадор матн қандайдир маросим ёки ўнгидан келган ов муносабати билан ўтказилган қурбонликдан далолат беради: “Биз Буюк Цзян Шан ва Само ҳомийси шарафига якдиллик билан итни қурбонлик қилдик”.

— Ҳаммаси бир-бирига тўғри келяпти, — дейди ишонч билан олим. — Цзян Шан — Шан сулоласининг учинчи подшоҳи. У милодий эрадан аввалги иккинчи мингйиллик охирида ҳукмдорлик қилган. Бу даврда итни қурбонликка сўйиш маросими улар орасида жуда оммалашган эди. Қолаверса, мазкур матн ўша давр Хитой сарой аҳлининг ўзига хос услубида битилган. Яъни, айнан шу пайтда подшоҳнинг номига “катта”, “буюк” деган маъноларни англатувчи иероглифларни қўшиб ёзиш урф бўлган.

Далилларга ишонмайдиган ўжарлар эса, ҳозир Америкага келиб-кетаётган хитой эмигрантлари тошларга шундай рамзий белгиларни ўйиб ёзишаётган бўлса-чи, деб шубҳа билдирмоқда. “Йўқ, бундай бўлиши асло мумкин эмас, — дейди олим. — Сабаби, биз тилга олаётган мазкур ёзув ҳозир буткул унутилган ва эрадан аввалги 1046 йили бўлган ҳарбий низолар оқибатида келиб чиққан Шан сулоласи инқирозидан сўнг йўқолиб кетган. Археологлар 1899 йили Аньян шаҳри атрофида олиб борган қадимшунослик изланишлари пайти топган матнлар орқалигина шу ёзувга дуч келинди. Орадан юз йилдан кўпроқ вақт ўтган бўлса-да, ҳанузгача бу ёзувга оид белгилар тўкис англаб етилгани йўқ. Фирибгарлар тор доирадаги олимларгагина маълум иероглифлардан фойдаланган бўлиши эҳтимолдан узоқ. Гап шундаки, бу қадимий ёзув услуби жуда ўзига хос бўлиб, унинг келиб чиқиши фол очиладиган тошларга бориб тақалади. Хитойда қадимда фол очиш қуйидагича амалга оширилган: башорат қилувчи коҳин бирор йирик ҳайвоннинг курак суяги ёки тошбақа косасини олиб, махсус металл таёқча билан унинг бирор жойини қиздирган. Натижада суяк юзасида ҳосил бўлган ёриқлар шаклига қараб, худолар берган салбий ёки ижобий жавоб аниқланган. Қулай бўлиши учун ёриқлар чизиғи қора ранг билан бўяб чиқилган. Ўша суякларнинг ўзи бу белгиларни ёзиб қолдириш учун “қоғоз” сифатида хизмат қилган. Коҳинлар фойдаланган рамзий белгилар замонавий хитой иероглифларидан кескин фарқ қилади. Бироқ Америкадан топилган тошбитиклардаги белгиларга улар тўла мос келади“.

Шундай қилиб, иероглиф ёзувлари пайдо бўлишидаги услубий ўзига хосликлар Ж. Рускампга хитойлик денгизчиларнинг Америкага борган вақтини аниқлаш имконини берди. Бу тахминан милодий эрадан аввалги 1300-йиллар бўлиб, Колумбнинг Янги Дунёда пайдо бўлишидан 2800 йил бурун эди.

Хўш, осиёлик денгизчилар янги қитъага қандай борган? Ахир орадаги масофа Колумб босиб ўтган масофадан анча узоқ-ку?! Шуни айтиш керакки, жонка деб аталувчи хитой елканли кемалари испан карракларидан асло қолишмаган, ҳатто кўп жиҳатдан афзал бўлган. Улар сув ўтказмайдиган оралиқ деворлари билан қурилган. Бирор бўлмани ўқ тешиб ўтганда ҳам кема ҳалокатга учрамаган. Колумбнинг “Санта Мария” кемаси сув сиғими 200 тонна, узунлиги 25 метр бўлиб, 70 кунда Америкага сузиб борган. Инглизлар махфий равишда хитойликлардан сотиб олган “Кхэйин” деб аталувчи илк жонканинг сув сиғими 800 тонна, узунлиги 45 метр бўлиб, у Атлантикадан 21 кунда сузиб ўтган. Фақат шуни айтиш зарурки, мазкур “Кхэйин” “Санта Мария”дан уч юз йил кейинроқ яратилган. Бироқ унга рақобатдош бўладиган кемалар ўша пайтдаги замонавий кемалар орасида ҳам йўқлигини инглизлар эътироф этишган. Жонканинг асосий қисмлари минг йиллар аввал яратилганини ҳисобга оладиган бўлсак, Тинч уммони орқали Америка қитъасига сузиб бориш хитойлик денгизчилар учун имкондан ташқари катта муаммо бўлмаган.

Шуни айтиш керакки, милодий эранинг 1000-йили Колумбдан 500 йил аввал Америкага қадам қўйган скандинавиялик Леаф Эриксоннинг жасорати 1960 йилга қадар — токи Ньюфаундленд оролидаги Л’Анс-о-Медоузда викинглар яшаган эллик-юз кишилик маҳалла-макон ҳақидаги археологик ашёлар топилгунча бу воқеа тан олинмасдан келинган эди. Эҳтимолдан узоқ эмаски, эрта бир кун 3300 йил муқаддам уммон ортидаги сеҳрли диёрга қадам қўйган ва ўзларидан ўчмас тошбитиклар ёзиб қолдирган хитойлик денгизчилар яшаган маконлар ҳақида ҳам археологик топилмалар учраб қолар. Ана шунда Ер юзи кенгликларининг инсон томонидан кашф этилиш тарихи янада ўзгача манзара кашф этиши шубҳасиз.

М.Эшмуродов тайёрлади.

“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси, 2015 йил 33-сон


Зиё истаган қалблар Telegram каналига марҳамат!