Ҳеч нарсани билмаслигини билган буюк донишманд

Бу суд бўлиб ўтганига йигирма тўрт асрдан ошди. Шундай эса-да, ҳали-ҳануз башарият аҳлининг эсидан чиққани йўқ ва бундан кейин ҳам чиқмаслиги аниқ. Чунки у жаҳон тарихидаги ўта адолатсиз маҳкамалардан бири бўлди ва етмиш ёшли файласуфга ноҳақ ўлим жазосини раво кўрди. Шунга кўра, мангулик саҳифаларига энг мудҳиш хатолардан бири сифатида муҳрланди. Бу қаттоллик қурбони эса кейинчалик номи жамики авлодлар ва халқлар учун донишмандлик рамзига айланиб қолган даҳо Суқрот эди…

Дарвоқе, Суқрот милоддан аввалги 470-469 йилларда афиналик ҳайкалтарош Софриникс ва доя Фенаретта оиласида туғилган. Патрокл исмли иниси, Ксантиппа исмли хотини, уч нафар ўғли бўлган. Айрим манбаларда ёзилишича, у фақирона ҳаёт кечирган. Қачон қараманг, эски либос кийиб, оёқ яланг юрган. Кўп вақтини кўча-кўйларда, майдон-хиёбонларда одамлар билан гурунглашиб ўтказган. Ҳар қандай кишини ҳам чуқур ўйлантириб қўядиган жумбоқли саволлари билан суҳбатдошларини ҳайратга солган. Бошқа маълумотларга кўра, олибсотарлик орқали кун кечириб, учта ҳарбий юришда қатнашган. Баъзи адабиётларда Афинада аҳоли  сони камайиб кетишининг олдини олиш ниятида эркакларга ўз жуфти ҳалолидан ўзга аёлдан ҳам фарзанд кўришга рухсат берувчи қонун қабул қилингач, у иккинчи бор уйлангани эслатилган.

Энг ажабланарлиси, Суқрот умрида бирон нарса ёзмаган, барча фикр-ғояларини оғзаки баён этган. Унинг фалсафий таълимотига оид маълумотларни замондошлари ва шогирдларидан Ксенофонт, Афлотун, кейинроқ Арасту қоғозга туширган.

Қандайлигидан қатъи назар, Суқрот кўҳна Юнонистон ҳамда дунё педагогикаси, фалсафаси ва мантиқ фани ривожига улкан ҳисса қўшди. Аввало, ёшлар тарбиясини шарафли вазифа деб билди. Бу борада ўзига хос назария яратиб, тарбиядан кўзланган мақсад инсонни билимли ва юксак ахлоқли қилиб камол топтиришдан иборатдир, деган фикрни олға сурди. Шунингдек, таълим-тарбия жараёнидаги ҳар қандай ақидапарастликни кескин қоралади. Сабоқнинг маъруза ўқиш шаклидан воз кечиб, ҳақиқатга суҳбат ва мунозаралар йўли билан эришишни бош усулга айлантирди. Ўша даврда мавжуд нуқтаи назарларнинг ҳаммасини танқидий жиҳатдан талқин қилди. Педагогикада мажбурлаш ва зўравонликдан воз кечиш зарурлигини, билим беришнинг ягона воситаси ишонтириш бўлиши лозимлигини уқтирди.

Иккинчидан, Суқрот борлиқнинг вужудга келиши ва ривожланиши ҳақидаги фалсафий таълимот ҳамда воқеликни билиш ва унга асосланган тафаккур услуби – диалектика сўзини илк бор амалиётда қўллади. Уни бир-бирига зид, қарама-қарши фикрлар тўқнашуви орқали ҳақиқатни кашф этиш санъати сифатида баҳолади.

Учинчидан, милоддан олдинги V асрнинг иккинчи ва IV асрнинг биринчи ярмида Юнонистонда донолик ва чиройли сўзлашиш бўйича сабоқ берувчи файласуф-муаллимлар, лўндароқ қилиб айтганда, софистлар пайдо бўлишган. Улар муайян миқдордаги ҳақ эвазига одамларга мунозара олиб бориш, мухолифи мулоҳазаларидаги заиф томонларни топиб, зарба бериш, ўз бемаъни фикрларини бошқаларга ўтказиб, ғолиб чиқиш йўлларини ўргатишган. Бунда ўзлари жорий этган, мантиқ қонунларини атайин бузиб, ёлғон далилларга таянган ҳолда ҳийлакорона муҳокама юритишга асосланган фалсафий оқим – софистикадан фойдаланишган. Рақибни эсанкиратиб қўядиган мантиқий софизмни ҳамда анъанавий фикр ёки тажрибага зид фавқулодда мулоҳаза ёки ғалатидан-ғалати муҳокамаларни ўйлаб топишган.

Юнонистонда фалсафанинг асосий эътибори дунё муаммоларидан одамзод ва унинг маънавий олами муаммоларига йўналтирилгач, софистлар “Инсон ҳамма нарсанинг мезонидир!” деган ақидага ружу қўйишган. Улар яратган софизм эса чинни ёлғон, ёлғонни чин деб тушунтиришга ва мантиққа хилоф хулоса чиқаришга хизмат қилган. Таъбир жоиз бўлса, содда кишиларни тўғри йўлдан адаштирувчи, уларнинг қалбида ҳақиқат ва адолатга шубҳа уйғотувчи маккорлик қуроли вазифасини ўтаган.

Шу боис милоддан аввалги IV асрда яшаган Арасту софизмни “сунъий исбот”, унинг тарғиботчиларини “сохта донолик ўқитувчилари” деб атаган. Суқрот эса, софистлардан фарқли ўлароқ, ҳақиқатни баҳсли суҳбат орқали аниқлаш мумкин деган фикрни олға сурган. Тарихда биринчи бўлиб, инсонни фалсафий англаш масаласини ўртага қўйган. Айни йўналишдаги тадқиқотларининг мавзуси сифатида ахлоқий муаммоларни танлаган. Асосий эътиборни инсон онги ва тафаккурини таҳлил қилишга қаратган. Унинг таълимотига кўра, фалсафанинг асл моҳияти ўзликни англашдан иборат бўлиб, бу чинакам эзгуликка етишиш йўлидир. Эзгулик эса билим ёки донишмандлик аломатидир.

Бинобарин, Суқрот эзгулик ва яхшиликни беҳад улуғлаган, мўътадиллик, мардлик, донолик ва адолатни уларнинг энг муҳим омиллари ҳисоблаган. Файласуфнинг уқтиришича, мўътадиллик ҳар қандай вазиятда ҳам эҳтиросларни жиловлай билишда, довюраклик қўрқувни даф этиш ва хавф-хатарларни енга олишда, донолик жамиятда қарор топган қонун-қоидаларга бўйсунишда намоён бўлади. Донишмандлик эса яхшилик қилиш йўлларини ўргатиш, бошқаларни ундан баҳраманд этиш демакдир. Тўғри, ёмон киши ҳаргиз эзгуликнинг қадрига етмайди ёки унинг ғалаба қозонишига қаршилик кўрсатади. Бундай шароитда оқилона чоралар  қўллаб, душманни дўстга айлантириш, нодон, жоҳил ва фосиқ кимсаларни таълим-тарбия, панд-насиҳат орқали оқиллар ва яхшилар сафига қўшиш энг савобли амаллар сирасига киради.

Суқротнинг суҳбатлашиш ва баҳслашиш санъати бўйича иш тутиши, яъни борлиқ тўғрисидаги фалсафий таълимот ҳамда воқеликни билиш ва унга асосланган тафаккур услуби, ўзи яратган индуктив таълимотдан, аниқроғи, тўғри тафаккур юритишнинг асосий қонунлари ва шакллари ҳақидаги мантиқ фанига тааллуқли усулдан моҳирона фойдаланиши бошқаларда катта қизиқиш уйғотган.

Ҳа, айтганча, “Мен ҳеч нарсани билмаслигимни биламан!” деган сўзлар Суқротнинг ҳаётий шиори бўлган. Шу боис у мудом ақлли инсонларни излайди. Дастлаб давлат арбоблари билан ошно тутинишга интилади. Бироқ эларо машҳур амалдорлардан бири билан суҳбатлашаётиб, унинг манманлигидан ҳафсаласи пир бўлади. “Мен-ку, ҳеч нарса билмаслигимни билардим, у эса шуниям билмас экан!” дея афсусланади. Сўнгра ўша кезлар  замонасининг энг зукко кишилари саналган шоирлар даврасига ошиқади. Лекин уларнинг тимсолида ҳам ҳақиқий доноларни кўрмайди, билъакс, барчаси туғма иқтидорли фолбинлар сингари ва нима деяётганини ўзлари ҳам дуруст тушунмаган ҳолда ижод қилишининг шоҳиди бўлади. Алҳол, “Бу уларга доноликка даъвогарлик ҳуқуқини бермайди” деган муқим хулосага келади. Косибларни эса шоирларга менгзаб, “Улар касб-корларини яхши билишгани боис ўзларини ақлли ҳисоблашади”, дейди.

Зеро, Суқрот кўп вақтини баҳс-мунозаралар билан ўтказар ва ҳамиша ғолиб чиқарди. Мағлуб бўлганлар аламига чидолмай, уни ҳақоратлашар, мазахлашар ва калтаклашарди. Дўстлари нега уларга қарши чора кўрмаслигини сўрашса, Суқрот “Мени эшаклар тепаяпти, уларни судга беролмайман-ку!” дерди. Устига-устак, у давлат бошқарувининг адолатни бузадиган барча шаклларини кескин танқид қилган. Истеъдодли шогирдларидан Алкивиад, Критий ва бошқалар эса Афина демократиясига қарши кайфиятда бўлишган.

Мана шу билимдонликлари ва шаккокликлари Суқротга жуда қимматга тушади. Унинг таълимотидаги танқидий руҳ ўзларини оқилу доно ҳисобловчиларга ёқмайди. Айниқса, Афина ҳукмрон доираларини қаттиқ хавотирга солади. Масала жиддийлашгач, халқ орасида мавқеи тобора ошиб бораётган, одамлар кўзини очаётган файласуфга ҳукуматнинг ўзи қарши чиқади. Уни демократияга душманликда, ёшларни йўлдан уришда, фуқаролик меъёрларини бузишда ҳамда шаҳар аҳли азалдан сиғиниб келган худоларни менсимай, янги маъбудалар яратишда айблаб, судга беради.

Судда ажабтовур усул қўлланади. Косиблар номидан Анит, нотиқлар номидан Ликон, шоирлар номидан Мелет даъвогар сифатида сўзга чиқиб, ҳамкасбларини узлуксиз масхаралаб келгани учун айбдорга нисбатан олий жазо тайинлашни сўрашади. Суқрот эса ўзини ҳимоя қилиш ўрнига ғанимларини ва ҳакамларни баттар ғазаблантирувчи гапларни айтади. “Тағин мени ўлимга маҳкум этиб, Худо ўзларингизга берган эҳсондан айрилиб қолманглар”, дея уларнинг жиғига тегади. Қарабсизки, маҳкамада қатнашган 501 нафар судьядан 281 нафари уни айбдор деб топиш юзасидан овоз беради.

Ҳакамлар жазони белгилашаётганида Суқрот яна саркашлик йўлини тутади. Дебочасига, агар айби исботланса, арзимаган миқдорда жарима пули – 25 драҳма тўлашга рози эканлигини билдиради. Сўнгра “Аслида бу ишларим учун мени жазолашларинг эмас, Давлат кенгашида текин тушлик беришларинг керак… Чамамда, Тангри каминани уззукун шаҳар кезиб, сизларни уйғотиш учун юборган. Менга ўхшаганларни осонликча тополмайсизлар. Гапимга ишонсангиз, ҳаётимни сақлаб қоларсиз, аксинча бўлса, сўна чақиб, жаҳли қўзиган одамлар каби уриб ўлдирарсиз. У ҳолда Худо то менинг ўрнимга бошқа бировни йўллагунча умрингиз ғафлатда ўтади”, дейди.

Табиийки, бу қочиримли гаплар қасоскорлар қаҳрини жунбишга келтиради. Кейинги сафар қарши овоз берганлар сони 361 нафарга етади. Суқрот эса отдан тушса-да, эгардан тушмайди.

– Начора! – дейди суд ниҳоясида сўнгги сўзини айтаркан, изтеҳзоли оҳангда. – Энди мен ўлимга юз тутаман, сизлар яшамоқ учун тарқаласизлар. Лекин қай биримиз яхшилик сари йўл олишимиз ёлғизгина Яратганга аён!..

Инчунин, ҳакамлар кекса файласуфни ўлимга лойиқ кўришади. Суд тугагач, дўстлари унга ҳукм ижро этилгунга қадар қамоқдан қочишни таклиф қилишади. Аммо Суқрот кўнмайди. “Мен, – дейди сабабини тушунтириб, – умрим бўйи қонунларни, давлатни, ватанни ҳурмат қилиб, шу даражага етишдим. Баски, нега энди ажалга рўбарў бўлгач, уларни ташлаб қочишим керак?!. Агар қонун ва давлат ёмон бўлиб, мени қониқтирмаганида, олдинроқ кетишим ёки уларни ўзгартириш учун курашишим лозим эди. Мен эса бундай қилмаганман. Демак, энди қонун ва давлатга сўзсиз итоат этишим керак!”

У лафзига содиқ қолди. Бироқ жаллод томонидан қатл этилмади, балки ҳибсхонада ўз ихтиёри ила бир коса оғу ичиб, милоддан аввалги 399 йили дорилбақога рихлат қилди.

Алалоқибат, антик даврда ўз жамиятига сиғмаган файласуфнинг ҳаёти мана шу зайл аянчли якун топди. Афина улуси кейинчалик хатосини англаб етди. Пировардида суд ҳукми асоссиз эканлиги исботланиб, туҳматчилар жазоланди. Чунончи, Мелит ўлдирилди, Анит ва Ликон шаҳардан қувилди. Суқротга эса бронза ҳайкал ўрнатилди. Лекин ҳеч ким “Ҳой, биродарлар! Уни ёлланма даъвогарлар эмас, аслида кўпчилик овоз билан ўзимиз олий жазога маҳкум этгандик-ку! Бу қандай  бедодлик, ахир?!.” деган саволни хаёлига келтирмади.

Афсус, минг афсуски, инсоният кечмишида не-не табаррук инсонларнинг бошига етган, Суқротдек буюк даҳолар умрига зомин бўлган бундай фожиали ҳодисалар такрор-такрор рўй берган. Ўз алломаларини тириклигида хўрлаган, вафотидан сўнг кўкларга кўтариб, улуғлаган миллатлар ва халқлар жуда кўп бўлган.

Биз бундай воқеаларни ҳеч қачон унутмаслигимиз, ҳамиша ўтмиш хатоларидан тўғри сабоқ чиқариб яшашга ўрганишимиз даркор!..

Абдунаби Ҳайдаров


Зиё истаган қалблар Telegram каналига марҳамат!