Етти хазина

Халқимизнинг маънавий ва маданий мероси шундай бой уммонки, унга қанча чуқур шўнғиганинг сайин янада ноёб жавоҳирларга дуч келаверасан. Буюк бобокалонларимиз дунё тамаддунига нафақат ўзининг илмий салоҳияти билан, балки юксак инсоний одоб-ахлоқи, маданияти билан ҳам катта ҳисса қўшганлар.

Табиат ва жамият бир-биридан ажралмасдир. Шуни чуқур англаган аждодларимиз табиатга эҳтиёткорлик билан муносабатда бўлган. Буни етти соҳани, жумладан, сигир (чорвачилик), асалари (асаларичилик), ипак қурти (ипакчилик), обжувоз (ёғ-мой ишлаб чиқариш), тегирмон (новвойчилик), ўрмон (дурадгорлик), товуқни (паррандачилик) бир-бири билан ҳамоҳанг тарзда бошқара олган доно, ишбилармон кишиларнигина бой, бек деб атаганлари мисолида ҳам яққол кўришимиз мумкин. Чунки, мазкур соҳалар бир-бирини тўлдириши билан бирга табиатни тозалаб бориш хусусиятига ҳам эга.

Масалан, сигирни (чорвачилик) олайлик. Ота-боболаримиз сигирга  рўзғорнинг қассоби ва баққоли, дея таъриф беришган. Маълумки, аждодларимиз азалдан асосан чорвачилик билан шуғулланиб келган. Дастурхонимиз ҳам асосан чорвадан олинадиган гўшт ва сут маҳсулотлари билан безалади. Ўрта асрларда Туронзаминга қадам қўйган Европа сайёҳларининг  ёзишича, туркий қавм жангчилари ўрта бўй, билаклари дуркун, зарби ўта кучли бўлиб, асосан гўшт маҳсулотлари истеъмол қилган.

Асаларини (асаларичилик) доно халқимиз оиланинг табиби дейишгани бежиз эмас. Маълумотларга қараганда, минг дардга даъво бир килограмм асални йиғиш учун асалари 2 миллионта гулдан нектар олар экан. Мамлакатимизда фасллар алмашинуви кескин кузатилиши туфайли кишиларда шамоллаш билан боғлиқ ҳар хил касалликлар тез-тез учраб туради. Шундай ҳолларда асалнинг ўрни бўлакчадир.

Ипак қурти (ипакчилик) — қизларнинг сепи. Ипак қурти ҳозирги даврда тўқимачилик саноатида кенг қўлланилиб келинмоқда. Шу ўринда асрлар давомида тўқилиб келинаётган миллий маданиятимизнинг бир қисмига айланган Марғилон атласлари ҳақида тўхталмасак бўлмайди. Бугунги кунда камалак каби товланиб турадиган атлас ва адрас матоларимиз янгича қиёфада халқаро майдонга янада кенг чиқмоқда. Чунки, ипак Европада шохона мато ҳисобланиб, Лондонда биргина «Тҳомас Пинк» бренд маркасида битта ипакдан тўқилган мавсумий кўйлак 170 фунт, «Маркс & Спенсер» дўконида 120 фунт баҳода сотилади. Шундай экан, фикримча, миллий атлас ва адрас матоларимизни ҳам халқаро бозорда бренд даражасига кўтариш долзарб вазифаларимиздан бирига айланиши зарур.

Обжувоз (ёғ-мой ишлаб чиқариш) — қозонимизнинг қайнаши учун беқиёс неъматлардан. Қадим замонлардан зиғир, кунжут ёғининг шифобахшлиги ҳақида кўп ва хўп гапирилган. Айниқса, дунёга машҳур паловимизни ёғсиз тасаввур этиб бўлмайди. Бугунги кунда дунёдаги исталган меҳмонхона ёки рестораннинг таомномасида миллий таомларимиз номини учратиш  оддий ҳолга айланиб бормоқда.

Тегирмон нонини халқимиз қадимдан истеъмол қилиб келган, азиз деб билган. Халқимиз уйига меҳмон келса, дастурхон ёзиб, аввало, нон қўяди. Ўғил Ватан хизматига отланганда сафар олдидан нондек бутун бўлгин, дея нон тишлатади. Ерга тушган бир бурда нонни ҳам кўзига суриб, олиб қўйишдек ўгитлар авлоддан-авлодга уқтириб келинади. Мамлакатимизда  жорий йилда 7 миллион тонна ғалла хирмони бунёд этилди. Ғалла аҳамияти жиҳатидан энг қадрли бойликларимиздандир. Бу билан ҳар қанча фахр­лансак арзийди. Бозорларимизда нон ва нон маҳсулотларининг турини кўриб, киши ақли шошади. Самарқанд нонлари мўъжизанинг ўзгинасидир.

Халқимиз ҳаётида ўрмоннинг (дурадгорлик) ҳам аҳамияти жуда катта. Зеро, дарахтни иморатнинг суяги, деб бежизга аташмайди. Дарахт атмосферани тозалашга хизмат қиладиган муҳим манбалардан саналади. Шундай экан, ундан оқилона фойдаланиш инсонийлик бурчларимиздан биридир.

Элимизда ажойиб анъана бор, фарзанд туғилса, яхши ниятлар ила унга атаб дарахт кўчати экишади. Бунинг замирида чуқур маъно-мазмун мужассам. Шунингдек, халқимиз азалдан ёғочга ишлов бериш орқали унга зеб бағишлаб келган. Ундан қурилишда, эшик ва ромлар, устунлар ясашда фойдаланилган. Қадимий шаҳарларимизда асрлар оша бизгача етиб келган нақшинкор устунлар, ёғоч ўймакорлигининг ноёб намуналарини кўриб аждодларимиз маҳоратига яна бир бор қойил қоласан киши.

Ҳозирги кунда бутун мамлакатимизда кенг миқёсда бунёдкорлик, қурилиш ишлари амалга оширилмоқда. Бунда қадимий санъат усталари  – дурадгорлар хизматидан ҳам кенг фойдаланилмоқда. Ўзида азалий қурилиш маданиятини мужассам этган замонавий бино ва иншоотларимизнинг эшик-ромлари, гумбазу устунларини,  санъат асарига тенглаштирсак, муболаға бўлмайди. Шу нуқтаи-назардан дарахтларни (дурадгорлик) бебаҳо хазиналаримиздан дейиш мумкин.

Товуқ (паррандачилик) — ҳам обиёвғон, ҳам дори-дармон. Ривоятларда айтилишича, ҳар куни тонг саҳар ер бўйлаб иккита фаришта ризқ сочиб чиқар экан. Хўроз эса одамлар ризқдан бенасиб қолмасин деб эрта уйғотишга чоғланар эмиш. Мана шундай эзгу ниятли паррандани боболаримиз етти хазина қаторига киритгани бежиз эмас. У нафақат шифобахш гўшти ва тухуми билан, балки ҳовлимизни турли хил зарарли ҳашоратлардан тозалаб туриши билан ҳам аҳамиятлидир.

Юқорида тилга олинган етти жиҳат шуниси билан қизиқки, улар бир-бири билан бевосита ва билвосита боғлиқдир. Сигирнинг «ўғити» далага сепилади, даладан олинган буғдойнинг дону сомони, кепаги товуққа, ҳам сигирга емиш. Ёки асалари ўсимликлардан бол йиғиш билан бирга уни чанглатишга ҳам хизмат қилади. Албатта, буларнинг барчасини бир бутун уйғунликда бош­қариш учун кишидан катта ирода ва ақл-заковат талаб этилади. Халқимиз тарихида ана шундай туганмас бойликка эга бўлишига қарамай, ҳокисор ҳаёт кечирган саховатпеша, доно инсонлар кўп бўлган. Араб сайёҳи Ибн Батута «Сафарнома» китобида шундай ёзади: «Мен дунёни кезиб, бундай одамлардан (яъни жавонмардлар) кўра эзгу ниятли ва эзгу хулқли кишиларни кўрмадим. Шероз ва Исфахон аҳолиси гарчи ўзларини жавонмардларга ўхшатсалар-да, аммо Хоразм ва Мовароуннаҳр жавонмардлари ғариб-мусофирларни сийлаш ва меҳмондорчиликда улардан баланд туради. Уларни Ироқда шотир, Хуросонда сарбадор, Мағрибда сукра дейдилар. Уларга тобе жойларда адолат расми шундай ривожланганки, уларнинг лашкаргоҳлари, уйлари остонасида олтин ва кумуш тангалар ерга сочилиб ётади ва эгаси топилмагунча ҳеч ким бу пулларга тегмайди».

Ҳожа Аҳрор Валий сиймоси мана шундай буюк шахслардан бири бўлиб, унинг кўплаб еру мулклари бўлса-да, аммо ўзини фақир ҳисоблаган. Чунки, у барча бойлигини бошқаларнинг манфаатлари ва эҳтиёжи йўлида сарфлаган. Шаҳар аҳолиси қашшоқликдан йиллик солиқни (250 минг динор) тўлолмади. Шунда Ҳожа Аҳрор Валий бу маблағни тўлаб, шаҳар аҳолисини ташвишдан халос этишдан таш­қари, яна тошкентликларга 70 минг динор туҳфа этди — халқ қишдан эсон-омон чиқсин, деб. Ҳожа Аҳрор Валий қурдирган мадраса ва хонақоҳларнинг сони йигирмадан ортиқ, вақфнома дафтаридаги мол-мулкларнинг сони 254 тани ташкил этади.

Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш жоизки, буюк аждодларимиз орасида ҳам маънан, ҳам моддий жиҳатдан бой инсонлар кўп бўлган. Бинобарин, мўътабар китобларда нақл қилинганидек, дунё шундай зотлар туфайли барқарор ва осойиштадир. Зеро, саховатпешалик ҳам етти хазинага татийди.

Бунёд Абдуллаев,
журналист