Ерга ўхшаш сайёралар

Астрономлар чексиз коинот қаърида она сайёрамиз — Ерга жуда ўхшаб кетадиган янги сайёраларни кашф этдилар. Мазкур кашфиёт НАСАнинг Кеплер космик телескопи ёрдамида амалга оширилди. Нотр-Дам ва Вашингтон университети олимлари тахминан бир йил муқаддам тўпланган маълумотларни таҳлил қилиб чиқишиб, шундай хулосага келишди: Kepler-62 юлдузи атрофида айланадиган иккита сайёра шундай кенгликда жойлашганки, уларда ҳаёт мавжуд бўлиши учун шароит етарли, деб тахмин қилиш мумкин. Яъни улар ўз Қуёшидан шундай масофада жойлашганки, у жой ўта исиб ҳам, ўта совиб ҳам кетмайди. Мазкур сайёраларда сув суюқ ҳолда бўлиши учун худди Ердагидек табиий шароит мавжуд. Уларни ҳажми ва тузилиши жиҳатидан ҳам Ерга қиёсласа бўлади.

Kepler-62 юлдузи Қуёш системасидан 1200 ёруғлик йили олисда жойлашган Лира юлдузлар туркумига киради. У бизнинг осмон ёритқичимиз — Қуёшга ўхшайди, бироқ ундан тахминан бир миллиард йил аввал пайдо бўлган. Шунинг учун ҳам хира ва қизғиш тусда кўринади, ҳажми нисбатан кичик. Мазкур юлдузлар туркумида бешта сайёра мавжуд бўлиб, астрономлар фикрига кўра, улардан фақат иккитаси ҳаёт мавжуд бўлиши учун қулайроқ ўринда жойлашган. Шу сабабли олимлар 62e ва 62f деб рақамланган бу сайёраларни Ер II ва Ер III, деб аташмоқда.

— Бу сайёралар орбитасига доир ўлчамлар улар шу чоққача назаримиз тушган барча фазовий объектлар ичида Ерга жуда ўхшаб кетади, дейишга асос беради, — дейди кашфиёт муаллифларидан бири, профессор Жастин Крепп.

— 62f сайёраси Ердан 1,4 баробар катта, — дейди астрономия профессори Э.Агол. — У ўзининг ёритқич юлдузидан бизнинг сайёрамиз Қуёшдан олаётган иссиқлик ва ёруғликнинг ярминигина олади. 62f сайёрасида бир йил 267,3 кунга тенгдир.

62е сайёраси ўз ёритқичига яқин жойлашган. У нисбатан иссиқроқ. Бу сайёра Ерга қараганда 20 фоиз кўп иссиқлик олади ва ҳажми ҳам Ердан 61 фоизга катта. Бир йил 122,4 кунга тенг. Модомики, бу сайёралар коинотнинг ҳаёт мавжуд бўлиши учун шарт-шароит нисбатан қулайроқ бўлган буржларида жойлашган экан, олимлар уларда ҳаётнинг, бинобарин, онгли ҳаётнинг ҳам мавжудлигини эҳтимолдан соқит қилишмаяпти. Бунинг учун, яъни ҳаётнинг юзага келиши, шаклланиши ва ривожланиши учун уларда вақт етарли бўлган.

Ер II ёки Ер III сайёрасида ёхуд бир йўла ҳар иккаласида ҳам тириклик бўлиши эҳтимол тутилмоқда. Шу боис бу сайёралар ҳозир алоҳида назоратга олинган. Kepler-62 юлдузлар туркумига Ердан ташқаридаги тамаддунлардан мужда ахтарувчи дастурлар билан жиҳозланган махсус телескоплар тўғриланган. Бутун вужуди кўз ва қулоққа айланган астрономлар яхши муждалардан умидвор. Ҳар ҳолда, ўзга тамаддунларни бутун ­коинот қаъридан ахтаргандан кўра, аниқ бир юлдуз туркумидан ­қидирган афзал-да.

2009 йил май ойида фазога чиқарилган Кеплер орбитал телескопи Сомон йўли галактикасидаги юлдуз туркумларини кузатиб бораётир. У ўзга сайёраларни бевосита эмас, билвосита усуллар орқали ахтаришга мўлжалланган. Яъни бу телескоп муайян бир юлдузнинг равшанлиги вақт ўтиши билан нечоғли ўзгаришини кузатиб боради. Юлдузлар гардиши бўйлаб бирор сайёра ўтадиган бўлса, албатта, уларнинг равшанлигида ўзгариш кузатилади. Астрономлар равшанликнинг тебранишига қараб сайёраларнинг мавжудлигини аниқлайди.

Кеплер телескопи ҳар 30 дақиқада 150 минг юлдузнинг ўлчамларини қайд эта олади. Бу астрономларни бир неча йиллик муттасил иш ва зарур маълумотлар билан таъминлаш деганидир. Чилида жойлашган Европа жанубий обсерваториясининг HARPS спектрографи Кеплер телескопи билан рақобатлаша олади. У юлдузларнинг ҳаракатланиш жараёнида юз берадиган меъёрдан четга чиқиш ҳолларига асосланиб сайёраларни ахтаради. Мабодо бирорта юлдузнинг ўз йўлдоши бўлса, йўлдош юлдуз атрофида айланаётиб унга таъсир кўрсатади, яъни тебранишга мажбур этади. Натижада юлдузнинг тезлигида ўзгариш кузатилади. Сайёраларни ахтарувчи аппаратлар мана шу тебранишларни аниқ қайд этади.

Олимларни фақат ҳажман Еримизга ўхшаш сайёраларни ахтариб топишгина эмас, уларда сув ва ўсимлик оламининг бор-йўқлиги ҳам қизиқтиради. Офтоб нурининг кўзгуда синишидан ҳосил бўладиган олачалпоқ шуъла ҳодисаси улкан уммонлар юзасида ҳам содир бўлади. Янги телескоп сайёралар сатҳидан қайтувчи шундай акс-нурларни ҳам қайд эта олади. Сувни бошқа хил суюқликлардан фарқлашда эса спектр таҳлиллари ёрдам беради. Ўсимликлардаги яшил ранг хлорофилл пигменти бўлиб, у инфрақизил суратларда яққол шуълаланиб кўринади.

«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2013 йил 18-сонидан олинди.