Ахборотни инсон бошқаради

Глобал маконда, минг-минглаб элу элатларга бўлинган заминни умумийлаштиришга киришган ахборотни ким бош­қаради? Тўғри, ўша мақолада бу сўроққа қисман жавоб бериб ўтилгандек эди, яъни ким унга эгалик қилса, ўша дунёни бошқаради, қабилида. Чиндан ҳам ахборотни жиловлай олган томон ахборот бугунги кунда бошқараётган дунёни ўз измига бўйсундиради. Яъни, митти қутича ичидаги гугурт донаси нечоғлик даҳшатлар содир этишга қодир бўлмасин, ташқарига чиққунча ҳеч қандай хавфга эга эмасдек. Шу каби мунозарали мулоҳазалар иккинчи мақолани ҳам ёзишга ундади.

Ахборотнинг хавфлилик даражаси кўп жиҳатдан уни тайёрлаб, омма эътиборига ҳавола этаётган оммавий ахборот воситалари ходимларининг тутган позициясига боғлиқ. Энг кўримсиз, энг оддий янгиликдан ёки хабардан ҳам улкан шов-шув ясаш мумкинлигини хорижлик журналистлар деярли ҳар куни амалда исботлашмоқда.

Бироқ ахборий жамиятлар вужудга келиши билан он-лайн тизими орқали истаган киши бемалол журналист ўрнини босиши мумкин бўлиб қоляпти. Интернетда бир сониялик муддатда миллионлаб одам мулоқот алмашишга, турли мазмундаги хабарларни жойлаштиришга ва тарқатишга улгуради. Бунинг учун у тегишли жойлардан ёки масъул мутасаддилардан рухсат ҳам сўраб ўтирмайди. Бинобарин, ундай жой ҳам, назоратчи ҳам йўқ. Эмин-эркин тарзда ички туйғуларни, бор муҳаббату нафратни шу дунёвий тўр-тармоқ орқали «тўкиб-солиш» имконияти яратилди. Бу нарса, ўз навбатида, ахборот оқимларининг сўнгги вақтларда мутлақо беқарорлашиб кетганини билдиради. Содда қилиб айтганда, ахборот ҳеч ким билан ҳисоблашмай қўйди. Аксинча, бутун бошли жамиятлар, институтлар у билан ҳисоблашишга, унга қараб эртанги кунининг қандай бўлишини белгилаб олишга мажбур бўлиб қолди.

Ўтган аср мўъжизаларидан бири сифатида кўпчилик томонидан тан олинган узлуксиз фаолият юритувчи «Си-Эн-Эн» номли янгиликлар канали ҳақида эшитмаган, унинг «қайноқ нуқта»лардан уюштирган оламшумул репортажларини ақалли бир маротаба кўрмаган замондошимиз бўлмаса керак. Унинг асосчиси бўлмиш медиа магнат Тед Тёрнердан АҚШда президент сайлови кампаниялари давом этаётган мавсумлардан бирида журналист: «Жаноб Тёрнер, сиз қисқа вақт ичида кўп сонли аҳоли яшайдиган Американи забт этдингиз. Президентликка номзодингизни қўйсангиз бўлмайдими?» — деб сўраганда у ярим ҳазил, ярим чин оҳангда: «Мен ахир бутун дунёга эгалик қиляпман-ку!» — дея жавоб берган экан.

Дарҳақиқат, 1980 йилнинг 1 июнида илк маротаба ўз дастурини эфирга узатган ва қисқа вақтда бутун Ер шарида довруғ қозонган «КНН» («Кабле Невс Нетворк») ор­қали Тёрнер мақсадига эришди, у ахборот воситасида дунёни бир оғиз каломига, унга «кийдирилган» видео­лав­ҳалари ва оҳанрабо мусиқасига маҳлиё қилиб қўйди.

Умуман, дунёда содир бўладиган ҳар қандай глобал ҳодиса, масалан, урушлар ортида турли манфаатларнинг тўқнашуви ётса, бошқа томондан ахборотнинг янги босқичга кўтарилишига асос бў­лади. Журналистларнинг мав­зуга ёндашувлари, фикр­­­­лари ва ҳаттоки шунчаки тахминлари ҳам бундай қалтис вазиятда аудитория учун энг сўнгги хулоса бўлиб қолиши ҳеч гап эмас.

Айнан тёрнер «Си-Эн-Эн» телетармоғини очган вақтда Буюк Британияга қарашли «Би-Би-Си» номли йирик «ахборот машинаси» рақобатчиларга бир уринишдаёқ «кишт» бериб юборарди.

Машъум Иккинчи жаҳон урушидаги қонли воқеалар, оддий аҳолининг тортган бемисл жабру жафоси, ҳали ўн гулидан бир гули очилмаган норасида гўдакларнинг аянч­ли қисмати акс эттирилган юзлаб лавҳалари, даставвал Англия Бош вазири Уинстон Черчилл тилга олган «совуқ уруш» пайтидаги экстремал хабарлар, яширин қуролланиш борасидаги информациялар эвазига кескин шуҳрат қозонган инглиз телетармоғи учун «Си-Эн-Эн» чинакам ташвиш туғдирди.

Қандай қилиб? Жуда ҳам оддий ва табиий вазият бунга сабаб бўлди, яъни кейинги сайёравий воқеликларда Американинг иштироки, фаоллиги кучайди. Нафақат Буюк Британия ҳамда бир вақтлар Африка қитъасининг қарийб учдан бир қисмини мустамлака қилишга қурби етган қудратли Франциягина эмас, бутун Европа ташаббусни тўлалигича океан ортидаги мамлакатга топширди.

Хўш, «сеҳрли диёр» ниманинг эвазига бу қадар тез ва муваффақиятли тарзда олий мартабага эришди? Энг илғор, энг даҳшатли қирувчи қурол-яроқ туфайли; жаҳон бозоридаги нарх-навони доллар белгилаши туфайли; энг яхши мутахассисларни ўзига оғдириб олгани учун; энг бой, улкан ва сифатли нефт захираларига эгалиги туфайли ва ҳоказолар… Турли-туман фикрлар, қарашлар, вариантлар туғилаверади. Буларнинг барчаси маълум маънода ҳақиқатга яқин. Аммо асос барибир битта — ахборот эвазига! АҚШ ахборотдан фойдаланишнинг энг сермаҳсул йўлларини топди, ишга солди — роҳатини кўрди. Кучли давлат учун кучли потентсиалга эга бўлган «ахборот ташувчи», «ахборот етказувчи разведка хизмати»… хуллас, истаган сўзингиз билан аташингиз мумкинки, «Си-Эн-Эн»га ўхшаган «қулочи катта, қўли узун, кўзи ўткир ва энг муҳими, тили бурро» оммавий ахборот воситаси керак бўлиши табиий эди.

Ўша америкача демократия ҳам, глобализацияю космополитизм ғоялари, америкача прагматизм мафкураси ҳам ахборот орқали хорижий мамлакатларга экспорт қилинди. Фан-техниканинг илғор ютуқлари самарасини кўрингки, ахборотнинг йўлини бирорта божхона хизматию реактив самолётлар ҳам тўсишга қобил эмас, у учун чегаралар мутлақо йўқ.

Агар «Би-Би-Си», юқорида айтилганидек, иккинчи жаҳон уруши йилларидаги сидқидилдан қилган хизмати учун шуҳрат қозонган бўлса, 1980-йиллардан кейинги воқеа-ҳодисалар «Си-Эн-Эн»га бағишланди гўё. 2005 йилнинг 1 июн куни телекомпаниянинг 25 ёшга тўлиши муносабати билан ўтказилган юбилейда Тёрнер жамоасининг муваффақиятига сабабчи бўлган бир қатор омиллар эсланди.

Биринчидан, компания дунёда илк бора дунё аҳолисини 24 соат давомида узлуксиз ахборот билан таъминлашга киришди ва уддалади. Бу томошабинлар ва тинг­ловчиларнинг ҳар бир сонияси ҳисобга олинганидан далолат берарди. Одамлар телевизор орқали эрталаб ҳам, тушлигу намозшомда ҳам, ярим кечаси ҳам «КНН» белгиси остидаги маҳсулотларни кўриши мумкин бўлди. Бугунги кун учун бунинг ҳайратланарли жиҳати қолмаган. Аммо ХХ асрнинг яқин 80-йиллари учун бу чинакам «шлягер» эди.

«Би-Би-Си», «Эн-Эйч-Кей» (Япония), «Дойче велле» (Германия), «ИТАР-ТАСС» (Россия), «Франц» (Франция) каби донгдор ахборот компаниялари бажаролмаган юмушни Тед Тёрнер бошчилигидаги хизматнинг амалга ошириши ва шунга мувофиқ мухлисларни ҳам энг кўп ушлаб туриш, банд қилиш, албатта, ижобий натижа бермоғи кундек равшан эди.

Айни кезда «Си-Эн-Эн» таркибига 14та турли мазмундаги янгиликлар етказувчи кабелли тармоқ ва Ернинг сунъий йўлдошлари орқали узатилувчи каналлар, 2та радиостанция, 6 та интернет сайти ва 37та хорижий филиаллар киради. Компания тайёрлаган хабарлар ва бошқа ахборий маҳсулотлар бир вақтнинг ўзида коинот бағрида муаллақ сузиб юрган 38та йўлдош сигнали ёрдамида 212та мамлакат ва ҳудудни «йўқлаяпти».

Иккинчидан, телекомпания 1991 йили январ ойида Форс кўрфазида юзага келган уруш тасвирларини биринчи маротаба кенг масштабда тўғридан-тўғри намойиш қилди.

Маълумотларга кўра, ҳаттоки АҚШнинг ўша пайтдаги президенти ҳам Ироқ — Қувайт уруши бошлангани ва энг қизиғи, америкалик ҳарбийлар томонидан Ироққа бомбалар(!) ташлангани тўғрисида разведка хизмати ёки бошқа махсус ташкилотлардан эмас, биринчи бўлиб айнан «Си-Эн-Эн»да тарқатилган янгилик орқали хабар топган. Ишониш қийин, бироқ бу бор гап. Шу йили Тед Тёрнер Ғарбнинг юзлаб машҳур ва таниқли оммавий ахборот воситалари томонидан «Йилнинг энг машҳур кишиси» дея эътироф этилди. Аслида бу ахборотга, журналист меҳнатига берилган баҳо эди.

Учинчидан, 2001 йили 11 центябрда Ню-Ёрк шаҳрида рўй берган «сешанба фожеаси» бошланишига бир неча дақиқалар қолганда яна биринчи бўлиб «Си-Эн-Эн» стрингерлари маълумот топишади ва видеокамераларни эгизак биноларга қаратишади. Биз кейинчалик дунёнинг барча телевидениесида кўришга муваффақ бўлганимиз — самолётларнинг биноларга келиб урилиши лавҳалари Тёрнер компанияси маҳсулотидир.

Бу нохушликни важ қилиб, бегуноҳ тўкилган қон хунини олиш мақсадида аввал Аф­ғонистонга, кейин Ироққа қарши уруш очган Жорж Буш ҳукуматининг ҳарбий ҳаракатлари яна бир ахборот компанияси — «Ал-Жазира»нинг шуҳрат қозонишига сабаб бўлди.

Гувоҳи бўлаётганингиздек, одамлар онгига бевосита таъсир ўтказаётган, уларнинг дунёқарашини, орзу-умидларини йўналтираётган ахборот маконига эгалик қилиш — ахборотни биринчи бўлиб тарқатган измида. Эндиликда одамлар ахборот билан одамларни(мамлакатларни) фатҳ этяпти, бошқараяпти.

Янги асримизнинг энг машҳур иборалари бўлиб турган «оммавий маданият», «ахборий жамият», ундан кейин бошланиши тахмин қилинаётган «билимлар жамияти» она-заминимизни шаффоф шиша идишга айлантириб қўйгандек. Унинг бир кичик жойига теккан тошдан ҳосил бўлган жаранг бир зумда акс садо каби бутун борлиғига тарқалади. Дарду ғам ҳам, шодлигу қувонч ҳам шу тарзда тез ёйилади. Шунингдек, ичкарисидаги жараёнларни ҳам ташқи томонидан туриб бемалол кузатиш мумкин…

Ахборот — энг тезкор қурол, шу жиҳатдан бугунги кунда ахборий ўйинлардан кўра хатарлироғини учратиш мушкул. Албатта, бу ҳамма ахборотдан шубҳаланиш керак, дегани эмас. Сизу биз информацион асрда яшарканмиз, ундан етарлича воқиф бўлмоғимиз, қиёсий фикрлар орқали ҳам психологик, ҳам мафкуравий иммунитетимизни мустаҳкамлаб бормоғимиз талаб этилади. Аниқроқ қилиб айтганда, ахборот асло ўз-ўзидан вужудга келмаслигини, унинг замирида ташкилотчиси бўл­миш куч — ўз давлатининг геотизимдаги катта миллий манфаатлари билан уйғунлашиб кетган барқарор сиёсати ётиши мумкинлигини доимо ёдда тутишимиз даркор.

Зоҳиджон Холов