7 мўъжиза: Олимпдаги Зевс ҳайкали

Олимпдаги Зевс ҳайкали Европа қитъасида қад кўтрган яккаю ягона қадимги дунё мўжизасидир. Эллададаги ҳеч бир ибодатхона юнонлар фикрича дунё мўжизаси номига муносиб эмас эди. Шунинг учун ҳам мўжизадек ардоқли бўлиш Эллададаги ҳеч бир ибодатхона, мақбарага эмас, Олимпдаги Зевс ҳайкалига насиб этди, холос.

Зевс Олимп учун бевосита боғлиқлик касб этган. Чунки эллинлар эътиқодига кўра, худди шу ерда у қонхўр падари Кронни енгиб ундан тахтни тортиб олган.

Қачонлардир фарзандларидан бири ундан тахтни тортиб олажаги ҳақидаги башоратни эшитгач, Крон барча болаларини —маъбуд ва маъбудаларни Олимп тоғидаги ғорга зиндонбанд этади. Фақат худолар онаси Реянинг шарофати билангина энг кенжа фарзанд Зевс Крон нигоҳидан пана оролга жўнатилган эди. Вояга етгач Зевс отаси билан қонли жангга киришади. Натижада ғалабага эришиб, оға-инилари ва опа-сингилларини тутқунликдан озод этади.

Олимпия ўйинлари ҳам худди шу муносабат билан уюштирилган. Бу ерда Элладанинг барча паҳлавонлари куч синашиб, ғалабани Зевсга бағишлаганлар. Коҳинлар мусобақалар пайтида қурбонликлар қилиб, маъбудлардан спортчиларга омад кулиб боқишини тилаганлар.

Зевсга атаб қурилган ибодатхона эса барча қурбонликлар маркази бўлган. Ибодатхона ичида барча маъбудларга аталган кичик бўлмалар бўлиб, марказий залда бош маъбуднинг боши шифтга етадиган улуғвор ҳайкали савлат тўкиб турган. Улуғ маҳоратдан ҳикоя қилувчи бу ҳайкал Юнонистондаги энг моҳир ҳайкалтарош, уста Фидий меҳнати билан қад кўтарган ягона ёдгорлик эмас эди. Фидий дўсти ва устози Перикл билан биргаликда Парфенондаги Афина ҳайкалини тиклаш ишларида ҳам қатнашган. Бироқ Периклнинг маҳоратига ҳасад қилувчи душманлар Фидийга ҳам панд беришади. Улар устоз-шогирдни ибодатхона ва ҳайкал безаги учун ишлатиладиган фил суяги ва олтинни ўмаришда айблашади.

Фидийнинг маҳорати уни ҳасадгўйлар туҳматидан сақлаб қолди. Афиналиклар бойлик билан тўланган гаров эвазига ҳайкалтарошни озод қилишади. Фидий Олимпга йўл олади. Бу ерда у олий маъбуднинг ҳайкалини тиклаш буюртмасини олади. Замондошларининг гувоҳлик беришларича, уста маъбуд қиёфасини яратиш устида узоқ мулоҳаза қилган. Танга пуллардаги, мақбаралар деворларидаги суратлардан унинг қай шаклда бўлиши лозимлигини режалаштирган.

Шундай қилиб ёдгорлик битади. Тарихчиларнинг ёзишларича, Фидий бошчилигидаги меъморлар гуруҳи Зевс ҳайкали учун қурган ибодатхонанинг баландлиги 64 метр, кенглиги 28 метрни ташкил қилган. Ибодатхона зали охиридаги тахтда ўтирган Зевснинг боши шифтга тегай деб турган.  Белигача яланғоч маъбуд ёғочдан ясалган бўлиб, териси фил суяги билан қопланган, кийими олтин парчалари билан безатилган. Бир қўлида ғалаба маъбудаси Никини тутган Зевснинг иккинчи қўлида ҳокимият белгиси улкан асо бўлган. Маъбудлар шоҳи шунчалик улуғвор кўринардики, Фидий ишини тугатгач, ундан: «Кўнглинг тўлдими, Зевс?» дея сўрайди. Шунда осмондан чақмоқ чақиб ибодатхонанинг мармар полида ёриқ пайдо бўлади. Зевснинг меъмор ишидан кўнгли тўлган эди.

Зевс ўтирган тахт фил суяги ва тилладан ишланган митти маъбудлар тасвири билан безатилган. Тахтнинг ён томонлари Фидийнинг қариндоши ва шогирди рассом Панен томонидан безатилган.

Вақт ўтиши билан Византия императорлари бу улуғвор ҳайкални Константинополга кўчиртиришади. Гарчи насроний бўлсаларда, улар бундай санъат асарига заҳмат етишини исташмаган. Ҳаттоки насроний мутаассиблар ҳам ҳайкалга зарар етказишга кўзлари қиймаган. Бироқ В асрда император Феодосий ИИнинг саройи ёниб кетди. Ёғоч Зевс ҳам олов ўлжасига айланди. Фақат куйиб кетган суяк парчалари ва тилла қопламаларгина Фидий машаққатидан ҳикоя қилар эди холос.

Шу тахлит дунёнинг яна бир қадимий мўжизаси ҳалокатга учради. Агар ёдгорликдан из ҳам қолмаса, у ҳақда афсоналаргина қолади. Кўп ҳолларда узоқ муддат тилдан тилга ўтиб янги шаклларга кирган муболағали афсоналар. Бу тақдир Зевс ҳайкалини ҳам четлаб ўтмагани, шубҳасиз.  ёдгорликнинг биз тасаввур қилганимиздек бўлганлигини билиш учун илкимизда ҳеч бўлмаганда, суяк парчалари бўлиши лозим. Археолог замондошларимиз Фидийнинг буюк маҳорати ҳақидаги афсоналарнинг ҳақиқатлигини билиш учун аллақачон изланиш бошлаб юборганлар. Олимпда қазиш ишларини олиб бораётган немис археологлари бу борада муваффақиятларга ҳам эришишди. Улар Олимп вилоятидан меъморлар тсехининг қолдиқларини топишга муваффақ бўлдилар. Бу ерда қадимги юнон ҳайкалтарошлари шогирдлари билан бирга катта-катта буюртмалар қабул қилиб, кечаю кундуз тер тўкканлари, шубҳасиз.  

Дунё мўжизалари ҳақида фикр юритганда турмуш тарзларини авлодларига мерос қолдира олган греклар маданияти билангина чекланиб қолмаслик зарур. Чунки, Зевс ҳайкали цингари тақдирга эга кўплаб ёдгорликлар Яқин Шарқ, Ўрта Осиё, Ҳиндистон, Хитой каби кўплаб минтақалардан ҳам топиб ўрганилмоқда. Улар ҳам ҳашамат ва улуғворлик борасида Зевсдан қолишмаган, уларни ҳам Фидий цингари ўз даврининг етук меъморлари тиклаган.

Шаҳобиддин Мусаев тайёрлади.