Уйғун Рўзиев. Ёғоч отлар (ҳикоя)

Қишлоқлар ўзгариб кетибди. Унча-бунча эмас, бутунлай ўзгарибди. Машина текис йўлдан шамолдай учиб бораяпти-ю, йўлда эмас, денгизда сузиб кетаётгандек сезаман ўзимни. Бу йўллардан жуда кўп юрганман. Айниқса, талабалик вақтимда шаҳардан Булоқбошига қатнайвериб, қатнайвериб шу йўлларнинг майда тошигача таниш бўлиб кетган эди. Ҳозир ўйласам, ўша вақтда нега бунча кўп қатнаганимни ҳеч тушунмайман. Бўлмаса шаҳардан қишлоққача йўл анча олис. Йўлкирага ҳам пулим зўрға етарди. Лекин ҳар ҳафта шанба келди дегунча оёқни қўлга олиб қишлоққа югурардим.
Ёзнинг жазирамасию қишнинг қаҳратонида автобус бузилиб қолиб, бу йўлларда кечаси билан қолиб кетган пайтларимиз ҳам кўп бўлган. Шундай бўлса ҳам бир амаллаб қишлоққа етиб олгандан кейин ҳаммаси бир зумда эсдан чиқарди-қўярди. Уйга бирров кирардим-у, дарров кўчага отланардим. Тўғри Ҳасанбойнинг устахонасига борардим. Институтда ўқиб юрган бошқа ўртоқларимиз ҳам албатта шу ерга келишарди. Устахона бизнинг йиғиладиган жойимиз эди. Ҳасанбой бизни кўриши билан ишини тўхтатиб, қора мойга ботган қўлларини чала-чулпа артиб, қучоқ очиб кўришар эди. У ишларини тугатгунча биз устахона ёнида ҳафта бўйи йиғилиб қолган гапларимизни гаплашиб ўтирардик. Кейин ҳаммамиз биргаликда ярим кечагача қишлоқ кўчаларини кезардик.
Биз — олти ўртоқ болалигимиздан бирга ўйнаб катта бўлганмиз. Мактабда ҳам бирга ўқидик. Ҳасанбойнинг отаси дурадгор уста эди. Қишлоқда деярли ҳамма уйларнинг томини шиферу тунукалар билан ёпиб берган. Лекин негадир ўзларининг уйининг томи лойсувоқлигича турар, ёғингарчилик кўп бўлган пайтларда чакки ўтиб кетарди. Айвонига эса ҳар йили кўкламда қалдирғочлар келиб ин қурарди. Қалдирғочларнинг полапонлари тухум ёриб чиққанида вижир-вижир сайрашардики, биз айвондан нари кетолмай қолардик.
Бир куни отаси Ҳасанбойга катталиги қўзичоқдек келадиган ёғоч от ясаб берибди. Буни кўриб ҳаммамизнинг ҳавасимиз келди. Бизга ҳам ясаб берсин, деб илтимос қилдик. Ҳасанбой отасининг олдига югуриб бориб бизга ҳам худди шундай ёғоч от ясаб беришини илтимос қилди. “Э, бу от фақат томоша қилишга ярайди, буни минолмайсизлар. Яхшиси, мен сизларга минадиган от ясаб бераман”, деди-да, толга чиқиб, узун шохларидан кесиб тушди. Теша билан у ёқ-бу ёғини чопиб, бинойидай каллаю қулоқларини чиқариб, ҳаммамизга биттадан чўп от ясаб берди. “Мана, болалар, бу отларни бемалол миниб юрсанглар ҳам бўлади. Қани, чавандозлардай бир чопиб келинглар-чи”, деди.
Биз ёғоч отларимизни миниб, сойга қараб чопдик. Чопаяпмиз-у, остимиздаги отлар худди ростакамдек туюлиб, ичимизга сиғмай ирғишлар эдик. Сойда роса чўмилдик. Отларимизни ҳам ювдик, чўмилтирдик. Кейин уй-уйимизга кетаётганимизда: “Отларимиз бир-биридан ажралмасин, бўлмаса бегонасираб қолади”, деб Ҳасанбойларнинг айвонида қолдирдик. Шу зайлда ҳар куни ёғоч отларимизни миниб ўйнаш учун Ҳасанбойларникига келиб, кун бўйи чавандозлик қиладиган бўлдик.
Ҳасанбойнинг отаси бевақт вафот этди. У аввалига оддий болтаю рандалар билан усталик қилиб юрган эди. Бир куни қаёқдандир электр станок олиб келибди-ю, ўша станокнинг симини симёғочнинг симига уламоқчи бўлганида ток уриб кетибди. Биз ўшанда эндигина биринчи синфни тамомлаётган эдик. Ҳасанбой буни ўз кўзи билан кўрган экан, қаттиқ қўрқибди. Кейин анча вақтгача ўзига келолмай юрди. Ҳасанбойнинг онаси жуда меҳрибон аёл эди, бизни жонидан ортиқ кўрарди. Ҳасанбойнинг хомуш юрганини кўриб, баъзан бирга ўйнагани уларникига чиқмай қўйсак, онаси бизларни сойданми, кўчаданми чақириб келиб, ёғоч отларимизни қўлларимизга тутқазарди. “Улларим, отларингни мининглар, Ҳасанжоним билан бирга ўйнанглар, жўраларинг бир ўзи -мунғайиб ўтирмасин”, дер эди ва сўнг бир бўлакдан устига сариёғ сурилган нон ёки бир сиқимдан туршак берарди. Биз хурсанд бўлиб, отларимизни чоптирар эдик. Ҳасанбойнинг оти секинроқ чопарди, аммо биз кўплашиб уни тезроқ чопишга ундардик. Шундан сўнг кўп ўтмай Ҳасанбойнинг ҳам оти тез чопадиган бўлди.
Ёз бошланиши билан Ҳасанбойларнинг ҳовлисидаги катта тут дарахтига маймундай чиқиб кетардик.
— Улларим, тўйгунларингча тут енглар. Сизларнинг қўлларинг, оёқларинг теккан шохларга барака тегади, — деб жаврарди Ҳасанбойнинг онаси.
Биз шохдан-шохга осилиб, қорнимиз ёрилай дегунча тут ер эдик. Қишлоқнинг кўп хотинлари ҳам ҳар куни тут ейиш баҳонасида шу ерга келишар, тутнинг соясида ўтириб чақчақлашишарди. Биз шохларни силкитардик, хотинлар дув тўкилган тутларни теришарди. Бошқа ҳовлиларда ҳам тутлар бор эди, лекин у ҳовлиларга ҳамма ҳам боравермас, хотинлар фақат шу ерга келишарди. Ҳатто пиллачилар қишлоқдаги ҳамма тутларни кесиб кетишганда ҳам Ҳасанбойларникига тегишмасди.
Ҳасанбойнинг онаси нега бизни бунчалик яхши кўрарди? Хотинлар нима учун шу ҳовлига келаверишарди? Ўша вақтларда буларни ўйлаб кўрмаганман, бу хаёлимга ҳам келмаган. Энди билсам, хотинлар бу ҳовлига фақат тут ейиш учун эмас, савоб учун келишган. Аслида ҳам одамни мева эмас, истара тўйдиради, одам одамнинг юзидан, кўнглидан озиқ олади. Мусичадай беозор Ҳасанбойнинг онаси яккаю ёлғиз ўғлининг ёлғизланиб қолмаслиги учун куйиб-пишган. Ёлғизлик одамни ё ёввойи, ё ўта қўрс, ҳатто ёвуз қилиб қўйиши мумкин. Ҳасанбой эса отасига ўхшаган оқкўнгил, онасига ўхшаган меҳрли йигит бўлди.
Биз мактабни тамомлаб, институтга ўқишга кириш учун шаҳарга отланганимизда онаси Ҳасанбойни ҳам бизга қўшди.
— Улларим, менинг Ҳасанжонимниям бирга олиб кетинглар. Бу ҳам сизлар билан бирга ўқисин, катта одам бўлсин, — деди ҳаммамизга оқ йўл тилаб.
Ҳасанбой қайси томонга қадам босишини билмай ўйланиб қолди. Уйда қолай деса, бир кун ҳам ажралмаган дўстларидан айрилиб қолади, биз билан шаҳарга кетай деса, бу ерда онасини ёлғиз ташлаб кетишга кўзи қиймайди.
— Мен шаҳарга кетсам сиз бир ўзингиз қоласиз-ку, ая, — деди у хомуш тортиб.
— Ҳечам бир ўзим қолмайман. Қўни-қўшнилар шу ерда, ҳаммамиз бир элмиз, бир-биримизга суянамиз. Сен жўраларингнинг қаторидан қолмасанг бўлди, болам.
Шундан кейин Ҳасанбой орқасига қарай-қарай биз билан йўлга тушди. Шаҳарда бир уйни ижарага олиб, ўқишга тайёрланишни бошлаб юбордик. Бетон уйга ўрганишимиз чунонам қийин бўлди-ки. Аммо на илож, кўникишга ҳаракат қилдик. Иссиқда ярим яланғоч бўлиб китоб ўқиймиз. Ҳасанбой шундай жазирамада ҳам эгнидаги кўйлагини, йўлга чиқаётганимизда онаси кийгизиб қўйган дўпписини ечмайди.
— Дўппинг тилладан ясалган бўлсаям ечиб қўй, биров ўғирлаб кетадими? — деймиз унга.
— Ай, қўйсанглар-чи, шаҳарнинг қуёши бегона, сояда ҳам бошингдан офтоб ўтиб кетиши ҳеч гап эмас, — дейди у ҳам ҳазилкашлик қилиб.
Бошимиз ёрилай деганда мияга дам бериш учун бироз вақт яқин атрофларни айланиб келамиз. Ҳовуримизни босиш учун гоҳида музқаймоқ еймиз, газли сув ичамиз. Ҳасанбой эса музқаймоқ ҳам емайди, газли сув ҳам ичмайди. У ижара уйимизнинг ошхонасидаги жўмракдан оқадиган сувни ҳовучига олиб ичишни хуш кўрарди.
У пайтларда ўқишга ёзма ва оғзаки имтиҳонлар топшириб кирилар эди. Биз, беш ўртоқ институтга қабул қилиндик. Бироқ Ҳасанбой киролмади. У имтиҳонлардан йиқилмади, аммо озгина бали етмагани учун мандат комиссиясидан қайтди. Ўзимиздан хурсанд эдиг-у, лекин унга жуда ачиндик. Ҳасанбой эса ғам-ғуссага ботиш ўрнига, аксинча, ўзида йўқ шод эди.
— Балки “завушнийга” уриниб кўрарсан? — дейман унга далда бериб.
— Эй, шаҳар деганларинг бизга тўғри келмас экан, жўра. Қишлақди боласига кенг дала-дашт, қир-адирлар яхши. Ҳамма шаҳарга кетаверса Булоқбошида ким қолади? Сизлар ўқиб, олим бўлсанглар бўлди. Мен сизларди қишлақда кутиб ўтираман. Билиб қўйинглар, ҳар сафар борганларингда бизникида тўпланамиз. Мен сизларди қишлақдаги камандирларинг бўламан, — деди Ҳасанбой.
Чиндан ҳам унинг айтганидай бўлди. Ҳар ҳафтанинг охирида қишлоққа борганимизда, албатта, Ҳасанбойларнинг уйида йиғилишамиз. Кейин Ҳасанбой уста бўлиб иш бошлади. Йўқ, отасига ўхшаган дурадгор бўлмади. Станокни деб отасини ток урганидан кейин бу ишдан унинг кўнгли совиган экан. Қишлоғимизда Қулмат амаки деган машиналарни тузатадиган уста бор эди. Ҳасанбой ўша одамга шогирд тушди. Айнан ўша устахона бизнинг учрашув марказимизга ҳам айланди. Қулмат амаки оламдан ўтгач, устахона Ҳасанбойнинг ўзига қолди.
— Ай, жўралар, қанийди тезроқ темир тулпорларда келсанглар-да, мен шу тулпорларди яп-янги гайкаларини бураб юрсам, тулпорларингга мени миндирсанглар, — дер эди Ҳасанбой устахонадаги эски машиналарни тузататуриб.
Ҳасанбойнинг онаси устахонага овқат кўтариб келганида бизларни кўриб ич-ичига сиғмай қувонарди.
— Улларим, Ҳасанжонимнинг тўйидаям ёнбошида бўлинглар-да. Куёвжўра бўлиб тўйни қиздирасизлар, — дер эди онаси орзуларини тўкиб-сочиб.
Ҳасанбой уйланиб, бола-чақали бўлганидан кейин онаси анча таскин топди. Набиралари унга овунчоқ бўлди. Ўша овунчоқларнинг бошларини силай-силай оламдан ўтди.
Биз ҳам ўқишни тугатиб, ҳар қайсимиз ҳар жойга ишга кетдик: биримиз Самарқандга, биримиз Тошкентга, биримиз Фарғонага, яна кимдир чет элга… Энди аввалгидай ҳар ҳафтанинг охирида тўпланиш, кўришиш йўқ. Мен қишлоққа ойда-йилда бир бораман, унда ҳам бирор тўй ёки маърака сабаб бўлса. Бошқалар ҳам шу. Ҳасанбой бўлса бизларни кутгани-кутган.
— Мендан камандир чиқмас экан. Ҳеч сизларди бир жойга тўплай олмайман-да, жўра, — дейди Ҳасанбой ҳар гал қишлоққа борганимда. — Яккам-дуккам келасизлар. Қанийди ҳаммаларингиз бир кунда келсанглар-у, бизди уйда жамул-жам бўлсак. “Олтовлон ола бўлса оғзидагини олдирар”, дейди машайихлар. Биз, олтовлон тугал бўлишимиз керак. Сизлар билан аввалгидай биргалашиб шиғил пишган тутди шохларига чиққим, ёғоч отларимизди миниб, кўчаларди чангитиб чопгим келади. Ишонсанг, ана шу ёғоч отларимизди ҳалиям асраб қўйганман, айвонда турибди. Эсдалик-да.
Ҳасанбой бизни ана шундай соғинарди. Биз ҳам Ҳасанбойни яхши кўрардик. Булоқбоши деганда энг аввал кўз олдимизга Ҳасанбой келарди. Энди, мана, ўша ҳеч кимга қаттиқ гапиролмайдиган, оқкўнгил “камандир”имиздан айрилдик. Қишлоққа бормаганимга ҳам анча бўлибди. Унинг бир йилдан буён хасталаниб юрганини ҳам билмабман. Энди эса унинг вафот этганини эшитиб, қишлоққа шошилдим. Йўл-йўлакай қанча манзараларни кузатиб келдим. Ҳамма ёқда ўзгариш, янги бинолар пайдо бўлибди, янги-янги иморатлар қуриляпти… Лекин Ҳасанбойнинг айвонидан қалдирғочлар аримайдиган уйи ҳамон ўша-ўша. Ҳовлига киришинг билан болаликни эсга солади. У уйини, ҳовлидаги ҳар бир нарсани атайлаб мана шу ҳолатида сақлагандек, назаримда. Фақат энди бу ҳовлида бизни эски дўпписини бошидан туширмайдиган болалик қадрдонимиз кутиб олмайди. Аммо ҳовлига қадам қўйишим билан бошқа бир манзарани кўриб, кўзларимга ёш қалқиди: уй олдида бизни бошига кўтариб катта қилган момо тут марвариддай меваларини кўз-кўз қилганча қучоқ очиб кутиб олаётганга ўхшарди.
Биз — беш ўртоқ Ҳасанбойларнинг ҳовлисига жам бўлдик. Бу ерга ҳаммамиз ўзимизнинг темир тулпорларимизда келдик. Лекин бу тулпорларга миниш Ҳасанбойга насиб қилмади. Биз уни “ёғоч от”га миндириб, елкамизда кўтариб, сўнгги манзилга кузатиб қўйдик.
Қабристондан қайтгач, яна Ҳасанбойларнинг ҳовлисига кириб, тут соясига тўшалган шолчага ўтириб, бирга ўтган дамларимизни эсладик. Иссиқдан чанқаган одамлар чой ичиб суҳбатлашишарди. “Бечора, қўли енгил уста эди. Ишни деб ўзини эсдан чиқарган-да. Касали ўтиб кетса ҳам билмай юраверган. Жигар нимжон нарса, эҳтиёт бўлмаса қийин. Каттароқ дўхтирларга кўринса, балки бирон давоси топилиб қолармиди. Лекин йўл-йўриқ кўрсатадиган яқинлари бўлмаганидан кейин… Кимга ҳам суянарди шўрлик”, дейишарди улар.
— Амаки, сизларга тут териб келдик, — деди ёнимга келган бир ўсмир. Қарасам, болалар бешта косада тут кўтариб туришибди. — Отам жўраларим келса тут териб беринглар, ейишсин, деган эди.
Оббо, Ҳасанбойгина-ей, охирги нафасини олаётганида ҳам ўртоқларини ўйлаганини қаранг. Биз косадаги тутни бир-бир чўқигандек бўлдик. Қолганини оқсоқолларга олиб боринглар, дедим-да, соғинч билан сой томонга ўгирилдим. Нарироқда бир тўда болакайларга кўзим тушди. Бири ҳойнаҳой Ҳасанбойнинг кенжаси бўлса керак, қуйиб қўйгандек ўзгинаси: юз-кўзлари, қулоқлари, ҳатто бошидаги эскигина дўпписини қийшайтириб кийиб юриши ҳам. Ҳасанбойнинг бўйи чўзилиб қолган бошқа ўғил-қизлари аза кийимида, мотамсаро қиёфада. Бу болакай эса уйларида нима бўлаётганини ҳам билмайди, ўртоқлари билан чопқиллаб ўйнаб юрибди. Улар ёғоч отларини миниб, у ёқдан-бу ёққа чопишади. Ана шу отларни ҳам танигандекман. Адашмасам, бу ўша — бизнинг болалик қадрдонларимиз, йиллар ўтиб, замонлар ўзгарса ҳам бир-биридан айрилмаган, маконини тарк этмаган, садоқатни унутмаган учқур ёғоч -отларимиз бўлса керак.

«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетаси, 2014 йил 24-сон