Санъат Маҳмудова. Қиз қалби (ҳикоя)

Баҳор ҳавоси ёқимли, эшик-деразаларни очиб қўйиб, даҳлизда сабзи тўғраётган Адолат опа гоҳ-гоҳ бош кўтариб, қизининг чиройли, нозик қадди-қоматига қараб қўяди. Кўнгли яйрайди. Яна дилини қизғаниш туйғулари чулғаб олади. “Онам раҳматли: қиз болага дўппи от, йиқилмаса эрга бер”, дердилар, тўғри айтган эканлар, у сабзи тўғрашдан тўхтаб қизига гап қотади:
— Билиб қўй, ҳой қиз, коллежни битиришинг билан сени эрга бервораман. Қиз болани тенги чиқса — текин бер, деганлар.
Катта кўзгу қаршисида қалин сочини турмаклаётган Малоҳат индамайди. Бу гапга кўникиб қолган.
— Ҳа-а, аканг билан опангни куйдиргани ҳам етар. Энди сени… Агар яхшироқ жойдан совчи келса, сендан сўраб ўтирмайман, — Адолат опа худди ҳамма воқеага сабзи тахта айбдордай, қаттиқ-қаттиқ тақиллатиб, сабзиларни шокила-шокила қилиб тўғрай кетди.
Малоҳат бир кўнгли: “Яхшироқ жойдан совчи чиқмаса-чи, ойижон унда ўзимиз совчи бўлиб борамизми?” деб ҳазил қилмоқчи бўлди-ю, яна гап эшитиб қолишини билгани учун тилини тийди.
“Қизиқ-а, — ўйлади у кўзгудаги аксига кўз қисиб, — акам билан опамнинг “қилмиши” учун мен жазоланишим керак. Бу гапга нима дейсан, Камолжон?..”
Адолат опа пиёз арта туриб, кўзи ачишиб, яна такрорлади:
— Ўғлим дўхтирликни битиряпти, танлаб-танлаб қизларнинг сарасидан олиб бераман, деб керилиб юрсам, у Розия билан гаплашиб қўйган экан. Тўйни ҳам тўйга ўхшатмай, “вечер” қип қўяқолди. Маҳалладагилар ҳали ҳам таъна қилишади. Тағин уч кун ўтмай, етаклашиб Ангренга ишга кетишди. Ўғил боқиб, келинни хизматини кўрмай мен қолавердим…
Адолат опанинг кўнгли бузилди, томоғи ачишиб, кўзига ёш олди.
Кўйлагига ихлос билан дазмол ураётган Малоҳат энди жим туролмади:
— Вой, ойижоним-ей, ўзингиз яқиндагина бориб, келинойимни мақтаб келдингиз, заводда муҳандис экан, туппа-тузук яшашяпти, деб.
— Мен Розия келинойингни ёмон деяётганим йўқ, — Адолат опа ёнидаги сочиққа кўз ёшини артди. — Узоқдалиги ёмон. Биттаю битта аканг… Опанг-чи?! Опангга Бухорода нима борийди. Ўша бухоролик бошини айлантириб олиб кетди.
Малоҳат қиқирлаб кулиб юборди:
— Вой, ойижоним-ей, ахир институт уларга йўлланма берди-ку!
— Сен қиз, ақл ўргатма! — Адолат опанинг овози бўғилиб, астойдил хафа бўлди. — Ҳа, билиб қўй, бугун битирсанг, эртага тўй бошлайман… Ке, қўй борма, туғилган кунига ҳам…
Малоҳат югуриб келиб, ойисининг бўйнидан қучиб юзидан ўпди.
— Жо-он ойижон, ўргилай ойижон, мендан сираям хавотир олманг. Мен сизни энг ақлли қизингиз бўламан. Айтганингизни қиламан. Хўпми? Юбора қолинг?
Қизнинг момиқ қўллари, юзлари, майин овози онаизорнинг бахмал юрагини юмшатиб юборди.
— Майли, тез қайтгин, — деди сабзи-пиёзни йиғиштириб ўрнидан тураркан.
Малоҳат нозик қоматига ярашган белбурма қизил шоҳи кўйлакда лоладек товланиб чиқди-кетди.
Ғир-ғир шабада қайноқ дилга хуш ёқди. Баҳор келяпти, баҳор! Бунчалар чиройли фасл бу. Ҳадемай дарахтлар гуллайди. Мева тугади. Биз эса коллежни битирамиз. Ўшанда… ўшанда ойижонимнинг айтгани бўладими? Наҳотки?!
Малоҳат хаёл оғушида бораркан, ёнгинасида таниш овозни эшитиб тўхтаб қолди.
— Салом! — Камол шўх жилмайиб, энтикиб қўл узатди. Қиз шошиб қўл бердию, ичида ўзини койиб, яна дарров қўлини тортиб олди. Ҳалигина синфда бирга ўтирганди, яна саломлашишга бало борми?
Камол жилмайиб, худди соғиниб қолгандай қизга тикилар, кўзи-кўзига тушганда лов қизариб, ерга қарарди.
— Ҳм-м, нима қилиб юрибсиз? — деди Малоҳат кулиб, йўлида давом этаркан. — Тоғамнинг қизи туғилган кунига сизни айтмовди, шекилли…
— Базмга айтмаган, лекин сизни кузатиб қўйишимни тайинлаган, — ҳазил қилди Камол.
— Ҳо-о, ёлғончи…
Малоҳат жимгина бораркан, ойисини эслаб ваҳимага тушди. Бу йигитга бор гапни айтиб қўймаса бўлмайди.
— Мени кузатманг… Овора бўласиз, — деди қиз жиддий, — Мен… ота-она раъйи билан, фақат улар истаган кишига турмушга чиқадиган қизларданман…
Камол тўхтаб қолди. Ранги ўчди. Ҳазил қиляпти деб ўйлаб, базўр илжайди.
— Ростданми?.. Ҳеч ўхшамайсиз.
— Онам ҳам, бувим ҳам кўрмай-билмай эрга тегиб, туппа-тузук яшашяпти. Мен нима, яшай олмайманми?
— Ҳм-м, жуда қизиқ.
— Нимаси қизиқ. Акам билан опам ўзлари топишиб, турмуш қуришди. Лекин етти қават осмонга чиқиб қолишгани йўқ-ку. Қайтанга ойим хафалар.
— Инсон кўнгил қўйган одами билан яшаши керак, — Камолнинг овози титради…
Малоҳат унинг ҳолатини тушунса-да, индамади. Камол яна давом этди:
— Яна, билмайин босдим тиканни, тортадурман жабрини, деб юрманг!
— Ўз йўлимни топиб оламан! — Малоҳатнинг жаҳли чиқди. — Ана, Дилбарнинг уйи… Келдик. Синфдош сифатида кузатиб қўйганингиз учун раҳмат! Хайр!
Малоҳат чопиб кетди. Камол унинг ортидан қараб, алланечук юраги ачишиб, аччиқ туғёнда ўртанди.
 Дарахтлар гулга бурканган кунлар. Коллежда имтиҳонларга тайёргарлик бошланди. Малоҳат ўртоқлари билан кечгача дарс қилар, уйдаги гаплардан бехабар.
 Адабиётдан ёзма имтиҳонни аълога топширган Малоҳат Камолнинг “бироз қолинг, гапим бор” деганига қулоқ солмай, уйга қушдек учиб келди-ю, остонада тўхтаб қолди. Уч-тўртта бегона хотинлар. Дастурхон ноз-неъматга тўла. Малоҳат ғалати бўлиб кетди. Аёллар унга бошдан-оёқ тикилиб, айланиб-ўргилишди.
Малоҳат қандоқ ўз хонасига кириб борганини билмайди. Қизиқ, бу аёллар мана шу уйда қиз борлигини қайдан билишаркин? Камол! Нега шу топда кўз ўнгимга келдинг, Камол?! Нима? Сенга ҳеч қандай ваъда бермаган бўлсам. Мени тинч қўй, Камол. Хаёлимни банд қилма!
Қиз алланечук юраги ғаш бўлиб юриб, имтиҳонларни топширди. Ниҳоят, аттестатини олиб, қувонч билан уйга кириб келди.
— Ойижон, аттестат олдим! — У шундай деди-ю, онасининг гапини эслаб юраги шиғиллаб кетди. Адолат опа қизини бағрига босиб, табриклади. Юзларидан ўпди. Кейин курсига ўтириб қандайдир истиҳола билан гап бошлади.
— Энди… ой қизим, ширин қизим. Онангни ҳафа қилма. Ўша гап-гап. Биз даданг, амаки, холаларинг билан маслаҳатлашиб, бир жойга ҳалиги… сени…
— Ахир, ойижон! — Малоҳат чўчиб кетди. — Мен ўқишга бораман-ку!
— Гап қайтарма. — Адолат опа титрай бошлади. Кўзига ёш олди. — Улар сени ўқитишади. Ваъда беришяпти. Жуда яхши жой. Уй-жойини бориб кўрдим. Шундай қуда бўлса, деб юрардим.
— Ваъдага ишониб бўладими, ойижон. Ҳаётда кўряпсизу нима бўлишини.
— Ундоқ дема, жон қизим. Сен ҳам аканг, опангга ўхшаб мени куйдирма. Шундоқ қўшни маҳаллага — яқинимга тушасан. Куёв бечора қўйдек ювош эмиш. Ўзиям… бир нима бошлиқ экан. Жон қизим, мен бир орзу-ҳавас кўрай!..
Малоҳатнинг ҳуши бошидан учди. Нима қилсин? Наҳотки энди у ҳам онасини йиғлатса? Қани, бир таваккал қилсин-чи. Балки, уни бахт кутиб тургандир.
— Билганингизни қилинг, ойижон, фақат йиғламанг! — Малоҳат шундай дедию қўл силтаб, ичкари кириб кетди. Ўзини кароватга ташлади.
Адолат опа севинганидан ўзини қўярга жой тополмай қолди. Тўйга тайёргарлик бошланиб кетди.
Малоҳат ичига чироқ ёқса, ёришмайди. Кўнгли ғаш. Камолга айтсинмикин? Синфдошларига билдирсинмикан? Йўқ, айтмайди. Ғалаён кўтармайди. Шу пайтгача синфдошлар уни ҳар қандай муаммони ўзи ҳал эта оладиган қиз деб билишган…
— Кўп ўйланма, жон қизим. Майли, куёвни ўз кўзинг билан кўр. Гаплаш. Мен айтдим қуда томонга, биз унақа жуда эскичасига иш тутмаймиз, дедим. Эртага куёв хиёбоннинг олдида сени кутади. Чўчима, жон қизим. Куёв бола баҳоси йўқ эмиш… Ўз кўзинг билан кўргин, ҳали…
Малоҳатнинг кўзлари чарақлаб кетди. Наҳотки, у билан эртага учрашса? Қанақайкин? Кўз олдига келтирмоқчи бўлди. Нуқул Камолни тасаввур этаверди.
Эртасига Малоҳатни йигитнинг аммаси келиб, бошлаб кетди. Малоҳат худди иситма тутган одамдек қалтирайди, оёқлари орқага кетади.
— Ҳув ана, Малоҳатой, тол тагида, кепкали йигит, ўша! — деди аёл.
Ўрта бўйли, кўриниши салобатлигина. Фақат хиёл семизроқ. Қош-кўзлари ҳам попукдеккина шекилли.
— Мана, Акбар, Ширинингни олиб келдим, энди Фарҳод бўл! Мен кетдим.
Улар қўл бериб кўришдилар. Лекин Малоҳат негадир ўша аёл билан бирга кетгиси келиб, у томон бир талпинди-ю, яна сир босиб индамади. Ерга қаради.
— Юринг, — деди Акбар қиздан олдинроқ қадам ташлаб, — кино бошлангунча музқаймоқ олиб бераман.
— Йўқ, ёмон кўраман, — деди Малоҳат. Аслида эса музқаймоқ унинг жони эди.
— Э, юраверинг. Юрагим ўтдек куйяпти. Бугун иш кўп бўлди-да, — Малоҳат йигитнинг “юрагим куйяпти” деганида бутунлай бошқа маъно кутган эди. Лекин…
Йигит кета бошлади, Малоҳат ноилож унга эргашди.
— Мана, билетнинг энг қимматидан об қўйганман. Чиптадан хавотир олманг.
“Чиптангизни ўйлаганим ҳам йўқ”, деб юбормоқчи бўлди-ю, тилини тийди.
Кафеда Малоҳат стол четига ўтирди-ю, қўлини чаккасига тираб уҳ тортди. Негадир унинг дармони қуриб, томоғи қақраб борарди. Боши айланарди. Акбар ўзига ликопчага уйиб солинган ва Малоҳатга озроқ музқаймоқ олиб келди:
— Емийман, десайиз ҳам олавердим, ҳа энди қуруқ ўтирманг-да.
Малоҳат аранг илжайиб миннатдорлик билдирди.
Акбар қошиқни тўлатиб-тўлатиб, музқаймоқни лиқ-лиқ ютаверди. У ликопчага энгашганида ногоҳ оқ кўйлагининг қорайиб кетган ёқасига кўзи тушди қизнинг. Шу топ яна Камолни эслади. Унинг ҳамиша тоза кийиниши, чақмоқдек чақнаб туриши шундай ярашадики… Шими ҳамиша дазмолланган бўлади. Бироқ йиғинларда, ҳатто коллеж ошхонасида ҳам қизлардан ийманиб, нарсага қўл узатмасди у.
Малоҳатнинг музқаймоғи эриб, сут бўлиб қолди. Акбар “маза қилиб еб”, лабларини артмоқчи бўлди-ю, рўмолчасини тополмади. Қўли билан артиб қўя қолди.
— Эсизгина, емадиз-а, — у Малоҳатнинг ликопчасига ачиниб қаради. — Юринг, кетдик. Кино бошланиб қолади.
Жойларини топиб ўтиришди. Музқаймоққа обдон тўйган Акбар бир-икки марта кекириб юборди. Аммо узр сўрамади. Малоҳат бу қорақош, кўзлари йирик йигитнинг одобсизлигига тоқат қилолмаётганини сезиб қолди. Шу пайт шўх куй чалиниб, филм бошланди.
Малоҳатнинг қалби ҳаяжон билан куйга қўшилиб гупиллар, томирларида қон жўш урар эди. Ҳа, унинг ёнида йигити ўтирибди. Рўпарасида эса севги ҳақида филм бўляпти. Ҳали… Малоҳатнинг қўлларидан ушламоқчи бўлса-я! Йўқ-йўқ!
Малоҳат Акбарга бир қараб қўйди-ю, қўлларини мушт қилиб олди.
Экранда шод, бахтиёр қиз сочларини шамолда учириб, йигит томон чопиб борарди. Йигит худди кенг олам каби бағрини очиб, қулочларини ёзган эди.
Малоҳат елкасига нимадир ёпирилиб келаётганини сезди. Анави кинофилмдаги йигит каби қучиб олмоқчи шекилли, деб ғалати бўлди. Юраги қинидан чиқаёзди. Акбар унинг елкасига бош қўйиб олганди. Секин елкасини тортиб олди. Акбар бошини олдинга эгиб мудрарди. Ҳадемай, пишиллай бошлади.
Малоҳатнинг дод деб юборишига бир баҳя қолди. Ахир, мен қандай одамга дуч келиб қолдим? Қандай? Мен кетишим керак!
Қиз тишини-тишига қўйди. У кинони эмас, кино уни томоша қиларди. У ўртанарди. Ажабо, мен мана шу энг нозик дамларда, биринчи учрашувдаёқ ухлаб ўтирган кишига тегишим керак эмиш. Ҳали мен орзуларимни, шодликларимни, муҳаббатимни, туйғуларимни шу билан ўртоқлашишим керакми? Йўқ, йўқ, бу билан ҳеч нарсани келишиб бўлмайди, ҳеч нарсани!
У шу пайтгача дунёдаги ҳамма йигитлар ҳам Камолга ўхшайди, деб ўйларди. Йўқ. Камол ягона экан. Кечир мени, Камол!
Ниҳоят, филм тугади. Чироқ ёнди. Ғала-ғовурдан Акбар уйғонди. У ёқ-бу ёққа аланглаб, қизга кўзи тушди.
— Ие, узр. Мизғиб қолибман. Бугун иш кўп бўлди-да, биласизми, бугун базага…
Малоҳатнинг тинглашга тоқати йўқ. Шаҳд билан олдинга интилди. Ташқарига чиқишлари билан у Акбарнинг рўпарасида тўхтади. Ғазаб билан унга тикилди.
— Сиз билан ўтган икки соат вақтимга ачинаман. Хайр! — деди-ю, ўгирилиб олдинга тез-тез юриб кетди.
Малоҳат уйга худди биров қувиб келаётгандек, нафаси тиқилиб кириб келди. Ўзини ичкарига урди. Кароватга ўтирди-ю, ўкраб йиғлади.
Адолат опанинг ўтакаси ўттиз бўлинди. Орқасидан чопиб кирди.
— Ҳай, болам. Нима бўлди? Нима қилди сенга? Вой, шўрим!
Малоҳат кўзи тўла ёш, онасига қаради.
— Ойижон, мени кечиринг. Мен у тўнкага турмушга чиқолмайман. Йўқ, сира ҳам. Мен ҳам акам, опамга ўхшашни истайман…
У онасининг бағрига сингиб, тўйиб-тўйиб йиғлади. Қизининг кўз ёшлари онаизорнинг қалбини ўртаб юборди. Эҳ, онани яратмасин экан. Адолат опанинг кўзида ёш, қизининг пешонасини силар, уни қандоқ овутишни билмас эди…

“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси, 2015 йил 17-сон