Фурқат Алимардон. Оқибат (ҳикоя)

Ёзнинг илк кунлари. Жазирама тафтидан барча жонзотлар ин-инларига кириб кетган. Онда-сонда сув қидириб чуғурлашаётган чумчуқларнинг товуши эшитилиб қолади. Ғолиб бир пас қайрағочнинг соясида тин олиб, сув бошқарилган томорқаси томон юрди. Уларнинг қишлоғига сув жуда узоқдан келади. Шунинг учун экин-тикинларни вақтида сувлаб олмаса, зироат молларга емиш бўлишдан бошқасига ярамайди.
Ғолиб бошоғи хамир боғлаб қолган буғдойзорга яқинлашиб, жойида туриб қолди. Не кўз билан кўрсинки, эгатларда сув атиги бир неча қадам оқиб, тўхтаб қолган.
— Ия, бугун навбат бизники эди-ку! — деди у ажабланиб. Бугун сув олиш унинг навбати эди, бошқалар ҳам буни билишарди. Балки ариқдан сув келмай қўйдимикин? Ғолиб шу ўйда ариқ бошига югурди. Бундоқ қараса, сув кеча навбати ўтган қўшниси Маҳмуднинг томорқасига оқиб ётибди. — Ҳа, гап бу ёқда экан-да, деб у сувни ўзининг томорқаси томон буришга тутинди. Шу пайт узоқроқдан Маҳмуд:
— Ҳўв, Ғолиб сувни бир пас ёпмай тур, кеча пиёзни яхши сувлаёлмадим, — дея овоз берди. Ғолиб асабийлашиб:
— Сиз-ку бир марта бўлса ҳам сувлаб олдингиз, ҳали бизнинг буғдойнинг ярмига  ҳам сув боргани йўқ, агар ҳозир сувламасак дони пуч бўлиб қолади, кейин бир йиллик ризқимиз йўққа чиқади, — дея жавоб берди.
— Мабодо эртароқ суғориб бўлсанг, хабар қиларсан, — деб Маҳмуд ортига қайтди. Ғолиб эгатларни бир-бир кўздан кечириб чиқиб, уйлари томон йўл олди.
— Ҳа, болам, сув келмай қолдими? — деди онаси унга синчков тикилиб.
— Йўқ, келаяпти, фақат боя Маҳмуд ака сувни очиб кетибди, кимдир қараб турмаса бўлмайдиганга ўхшайди.
— Укаларинг ухлаб ётибди, отанг ишда бўлса, менинг иссиққа бошим оғрийди, —деди онаси. — Яхшиси, ўзинг тезроқ овқатланиб, ариқ бошига борақол. Маҳмуднинг ҳам инсофи бордир, кўрибди-ку, шундай иссиқда сарсон бўлиб юрганингни. Ғолиб онаси тайёрлаб берган чалобга нон тўғраб еб олди-да, далага югурди. Не кўз билан кўрсинки, сув яна Маҳмуднинг пиёзига бошқариб қўйилибди.
— Ҳе, ноинсоф, одам деган ҳам шундай бўладими? — деб у сувни ўзининг томорқасига бурди. Қўшнисининг уйига бориб «ҳўв Маҳмуд ака», деб қичирди. Уйдан Маҳмуд елка қисганча чиқиб келди.
— Нодонга уқтиришнинг иложи йўқ деганларидек, сизга ҳам тушунтириб бўлмас экан, қилаётган ишингиздан уялмайсизми, ака! — деди Ғолиб.
— Ука, худо урсин, мен тегинганим йўқ, манави ярамас болалар бориб очиб келибди, — деб Маҳмуд ўзи билан бирга чиққан ўғлига ёмон қараб қўйди.
— Майли, ўзингиз биласиз, инсофни ўзингизга берсин, — деб Ғолиб изига қайтди.
Орадан бир-икки ҳафта ўтди. Ғалла ўрими бошланди, Ғолиб ўроқни қўлига олиб, буғдой бошига келди. Буғдойзорнинг орасида нимадир қимирлагандай бўлди, секин бориб қараса, тўрт-бешта қўй-эчки пишиб турган бошоқларни териб еб юрибди. Синчиклаб қараса, Маҳмуднинг моллари экан.
— Эй, эганга ўхшамай ўлгурлар, буғдойни расво қилибсанлар-ку, — деб у молларни эгасиникига томон ҳайдади. Маҳмуд ўзини ҳеч нарса билмаганга олиб уйи ёнида сигарет чекиб турарди.
— Ака, одамда озгина инсоф ҳам бўлиши керак-да. Буғдойнинг уволидан қўрқмайсизми, — деди Ғолиб жаҳл билан.
— Сен менга бундай дағдагға қилма, мен ўзлариннинг қўйларинг деб ўйлабман, бўлмаса қараб турармидим, — дея Маҳмуд қўйларини қўрасига қамади.
Ғолиблар буғдойни ўриб, уйининг ёнига ташиб олди. Ғолиб:
— Нигора, сигирларни буғдойпояга боғлаб келинглар, фақат қозиғини яхшилаб қоқинглар, ер юмшоқ, тағин бўшалиб кетиб, қўшниларнинг экинларига зиён етказмасин, — дея тайинлади синглисига. Ғолиб ювиниб овқатланди, ўроқ ўриб чарчаган эканми, кўзи энди илинган эди, дала томондан аёл кишининг бақиргани эшитилди. Уйдан чиқиб қараса, Маҳмуднинг хотини Ойгул Ғолибларнинг уйи томонга қараб ўшқиряпти. Ғолиб ўша томонга югурди. Маълум бўлишича, уларнинг сигири бўшалиб кетиб, Маҳмуднинг пиёзини пайхон қилибди. Бундан жаҳли чиққан Маҳмуд, шўрлик сигирнинг қорнига паншаха тиқиб олибди. Ғолибнинг онаси ортиқ чидолмади. Қўлига таёқ олиб, қарғана-қарғана Маҳмуднинг уйига йўл олди. Лекин эри уни йўлдан қайтарди.
— Ёмон билан тенг бўласанми хотин, — деди у вазмин оҳангда. — Қўявер, Худонинг ўзи жазосини берсин.
— Мен мол дўхтирга телефон қилдим, ҳозир келади, — деди Ғолиб сигирнинг жароҳатига йод суртаётиб.
Саратон охирлаган паллада сигирнинг яраси битиб кетди, лекин дилдаги яралар ҳамон зирқирарди…
Яна умидбахш тонг отди. Маҳмуд саҳар чоғи уйқудан тураркан, кўнглида аллақандай ғашлик ҳиссини туйди. У одатдагидек, бир отим носни тили тагига ташлади. «Балки шунинг хумори тутгандир» — деб ўйлади ўзича. Аммо юрагидаги хижиллик тарқалмади. Юз-қўлини юваркан, хотинининг ҳар галги дийдиёси ҳам ўзига эриш туюлаётганини сезди. Хотини сузиб келган косадаги сутни бир-икки хўплашда ичиб бўлиб, ёнбошлаганча яна пинакка кетди. У туш кўрди, тушида тор йўлакдан қаёққадир шошганча кетиб борарди. Бирдан ҳаммаёқни зулмат қоплаб, ҳеч нарсани кўрмай қолди. «Ёруғлик, ёруғлик!..» — Маҳмуд ўзининг ваҳимали чинқириғидан қўрқиб уйғониб кетди. У атрофга олазарак тикилди, ташқаридан болаларнинг чуғур-чуғури эшитилиб турарди.
— Ойгул! — деб хотинини чақирди. Кечки овқат учун ҳозирлик кўраётган хотини югуриб келди:
— Нима, алаҳсирадингизми? Ким айтди сизга намозшомгача ухланг деб! Бундоқ ташқарига чиқиб, молларга қарасангиз бўлмайдими? — деди Ойгул қошларини чимириб.
— Қанақа намозшом? Ҳали туш ҳам бўлгани йўқ-ку? — деди Маҳмуд ажабланиб. Ойгул унга заҳарханда қараб қўйиб, яна ташқарига чиқиб кетди. Маҳмуд ҳовлига чиқди-ю, вақтнинг бир зумда ўтиб кетганига ҳайрон бўлди. Ботаётган қуёшга қараб турар экан, унинг кўнглига бирдан ярқ этиб Ғолибларникига бориш фикри туғилди.
— Хотин мен бироздан кейин қайтаман, қўшниникига бир ўтиб келаман. Саратондан бери аразлашиб юрибмиз, ярашиб, бир гурунглашиб келаман. Маҳмуд ишкомдаги етилиб пишган узумдан олиб, йўлга тушди. «Бу одамга нима бўлди ўзи?» — дея хаёл сурганча хотини унинг ортидан анграйиб тикилиб қолди.
Маҳмуднинг дабдурустдан уйга келганлигидан ҳамма ҳайратда эди. «Бу касофат яна бир балони бошлаб келди-ёв», деган фикр кечди Ғолибнинг хаёлидан. Бироздан сўнг ҳаммаси маълум бўлди. Маҳмуд қўлидаги узумни Ғолибга узатар экан:
— Ҳа, ука, ишларинг яхшими? Кўришмаганимизга ҳам анча бўлди-ёв, — деб қўйди. Ҳамма дастурхон бошига ўтиришди, дуодан сўнг Маҳмуд гап бошлади:
— Ака, янга, одам боласи шундай бўлар экан, қилғиликни қилиб қўйиб, хатосини кейин тушунаркан. Мен ҳам билиб-билмай сизлага озор етказдим, энди ҳаммамиз гуноҳкор бандамиз-да…
— Нимага ундай дейсиз ука, биз сиздан хафа бўлиб ўлибмизми, жондай қўшнимиз ахир, — деди Ғолибнинг онаси.
— Барибир мен сизларнинг олдингизда айбдорман, шунинг учун сизладан кечирим сўраб келдим, — дея Маҳмуд ерга қаради.
— Бундай деб бизни хижолатга қўйманг, Маҳмудбой, ундан кўра дастурхонга қаранг, — деди Ғолибнинг отаси жилмайиб.
— Майли, мен уйга борай, болалар ёш, хотин улардан бадтар қўрқоқ, учиниб-нетиб юришмасин тағин, — деб Маҳмуд ўрнидан турди.
Ўзида ажиб бир енгиллик сезган Маҳмуд уйига қайтар экан, йўлни худди кундузгидек аниқ ва равон кўриб борар, осмондаги ой борлиқни сутдай ёритарди.

«Ҳаёт» газетасининг 2014 йил 6-сонида «Қўшнининг пушаймони» номи билан чиққан